Автобусда ёнимда кетаётган аёл телефонидаги аудио ёзувни тинглаб борарди. Беихтиёр қулоғимга кираётган узуқ-юлуқ сўзлардан ёзув бирон-бир имом ёки уламонинг маърузаси эканини англадим. Манзилига яқинлашди шекилли, аёл эшикка қараб йўналди, шу лаҳзаларда телефонидан эшитганим “... агар шундай бўлса, қиёматда ҳам яланғоч жавоб берасиз” деган сўзлар бўлди. Сесканиб кетдим, астағфируллоҳ, Аллоҳ асрасин.
Шу онда ҳаммамизга жуда таниш бўлган ривоят “лоп” этиб ёдимга тушди: тушида тиши тушиб кетган шоҳ мулозимларидан бунинг таъбирини сўрабди. Ҳукмдор унга жавобан: “Шоҳим, ҳамма қариндош-уруғингиз вафот этиб, ўзингиз ёлғиз қоласиз”, деган аъёнга энг оғир жазони; “Қариндош-уруғингиз орасида сиз ҳаммадан узоқ умр кўрасиз” деган мулозимга эса катта бойлик инъом этилишини муносиб кўрибди.
Шукрларким, юртимизда виждон, эътиқод эркинлиги қонунлар билан кафолатланган; бу борада саволларимизга жавоб олиш, билмаганларимизни ўрганиш, ибодатларни адо этишимиз учун имкониятларимиз даҳлсиз. Ўз ўрнида амру маъруфлар, наҳий мункарлар учун шарт-шароитлар етарли. Фақат... юқорида телефон орқали маърузани эшитганда ривоят ёдимга тушгани сабаби шуки, диний мавзуда гапирганда айрим маърузачилар (улар орасида илмдорлар ҳам, бошқалардан эшитиб олганини ўзи англаб-англамай такрорлайдиганлар ҳам бор) шунақа оҳанг, шунақа сўз-ибораларни танлайдилар ва шариат йўлларини шунчалар тору танқис, оғир қилиб кўрсатадиларки, айрим тингловчилар бундан қаттиқ қўрқувга, ваҳимага тушадилар, ўзларини журъатсиз, амалларни бажаришга ожиз ҳис этадилар.
Танганинг икки тарафи бўлгани каби, воқеа-ҳодисалар, фикр-мулоҳазаларга ҳам турлича ёндашиш мумкин. Айтайлик, фалон-фалон нотўғри, ножўя ишлари учун инсон қиёматда яланғоч туриб жавоб беради, дейишнинг ўрнига, мисол учун дейман-да, инсоннинг либосли бўлиши қанчалар яхши, ўнғай, фазилатли ҳолат эканини чиройли изоҳлаб, шу ҳолатнинг акси бошига тушиб қолмаслиги учун нималар қилиш афзал экани ҳақида тушунтириш мумкин. Зеро, имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – деганлар. Чунки ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, инсонлар орасида келишмовчилик каби кутилмаган вазиятлар келиб чиқиши тарихда кўп кузатилган.
Муҳтарама УЛУҒОВА
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ