Таниқли олим Виссарион Белинский «Халқларнинг ўзига хослиги уларнинг фикрлашида, атрофга, нарсаларга муносабатида, дини ва тилида, айниқса, урф-одатларида намоён бўлади. Бу хусусиятлар орасида урф-одатлар энг муҳими бўлиб, халқнинг энг характерли фазилатларини ўзида ифодалайди», дея таъкидлайди[1]. Чиндан ҳам миллатни, халқни ўрганарканмиз, унинг одатлари, анъаналарига биринчи бўлиб эътибор қаратиш лозим. Болалар фольклори ҳам элнинг урф-одатлари ва миллий удумларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Хусусан, қорақалпоқ халқида ҳам шундай. Диёримизда қорақалпоқ болалар миллий ўйинларининг хорижлик олимлар томонидан ўрганилиш жараёни ХИХ асрлардан бошланган. Айниқса, 1928-1929 йилларда Қорақалпоғистонда оренбурглик ўлкашунос, этнограф олим Александр Лавлентевич Мелков бошчилигидаги экспедиция гуруҳи бу борада қизиқарли илмий-тадқиқот ишларини олиб борган.
Экспедиция давомида қорақалпоқларнинг кундалик ҳаёти, турмушини характерловчи материаллар – эски уй буюмлари, миллий либослар, заргарлик буюмлари, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва чорвачилик, балиқчилик анжомлари, шунингдек, мингга яқин фотосуратлар тўпланган[2]. Жумладан, қорақалпоқ миллий болалар ва ўсмирлар ўйинлари ҳам тадқиқотчилар назаридан четда қолмаган. Мелков Қорақалпоғистоннинг шимолий туманлари Кегейли, Тахтакўпир ва Чимбой туманларида бўлиб, миллий ўйинлар: «Áwэлемен-дúwэлемен», «Ат-эшек», «Гúрес», «Қазан», «Ийт Қуйрıқ», «Арқан тартıс», «Óр-теке» ва «Қарақулақ» каби ўйинларидан фотолавҳалар олади. (Ушбу суратлар айни пайтда Россия Фанлар академиясининг Буюк Петр номидаги антропология ва этнография музейида сақланади[3]) Хўш, Мелков суратга олган ўйинларнинг кўриниши, ўйин қоидалари, уларнинг болалар тарбиясидаги ўрни қандай бўлган? Қуйида шуларни таҳлил қиламиз.
“Áwэлемен-дúwэлемен”. Бу ўйин кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган бўлиб, унда икки ёки ундан ортиқ болалар доира шаклида, оёқларини бир-бирига теккизган ҳолда олдга чўзиб, тизилиб ўтиришади. Улардан бири оёқларни изма-из:
Áwэлемен-дúwэлемен
Салқан ийттиń санı менен
Áwэз молла қайда кетти
Дузǵа кетти
Қашан келер
Жаз келер
Жаз келмесе
Гúз келер
Пáллáмпиш
Сен тур, сен шıқ! дея санайди.
Энг сўнгги «Пáллáмпиш, Сен тур, сен шıқ!» буйруғи айтилганда бармоққа тўғри келган оёқлар чиқиб кетади. Шу тариқа энг сўнгида кимнинг оёғи ўз ўрнида қолса шу бола ютган бўлади[4]. Маълум бўладики, бу ўйин болаларнинг тил бойлигини ошириш билан бирга, уларни чаққонликка, топқирликка ундайди.
Қазан (қозон) ўйини болалар орасида икки томонлама эшиги мавжуд айланма бурчакли ва ярим доира қозони бор майдон (чизиқ) орасида ўйналади. Ўйинда қозон чизиқларининг кенглигига қараб, бешга-беш, еттига-етти ва ўнга-ўн тарзида икки гуруҳга бўлиниб ўйнаш мумкин. Унда болалар тўртбурчакнинг энг юқори қисмига жойлашади. Улар рақиб гуруҳнинг хонасига очиқ йўл орқали кириб, белгиланган ерга оёқ босса, упай (очко) ёзилади. Бундан кейин ўйин яна бошланади. Қозонда туриб қолганларни ташқаридагилар тортиб чиқарса ҳам бўлади. Аммо, албатта, улар ўз хонасини қўриқлаб туради. Ўйинда ғолиб гуруҳ шу тариқа, яъни қайси гуруҳ рақиб хонасига кириб бориб, белгиланган ерга кўп маротаба оёқ босгани билан аниқланади[5].
«Арқан тартıс». (Арқон тортишув) Ўйинни бошлаш учун 8-12 метр арқон керак бўлади. Ҳакамлар томонидан қоқ ўртадан чегара чизиғи чизилиб, 6, 10 ва 15 боладан иборат икки гуруҳга бўлинган иштирокчилар арқонни қарама-қарши, яъни ўзлари тарафга бирлашиб тортади. Қайси гуруҳ арқонни ўртадаги чегара чизиғидан ўзлари тарафга ўтказса, шу гуруҳ ғолиб ҳисобланади. Ўйинни шу тарзда икки-уч маротаба қайтариб ўйнаш мумкин[6].
“Ийт қуйрıқ” (Ит думи) ўйинида ўйинчилар икки гуруҳга бўлиниб, икки «колонна»да бир-бирининг белидан қучоқлаб ушлаб туради. Ҳар гуруҳ сардори энг сўнгги ўйинчисини ушлашга ҳаракат қилади. Бунда «колонна» бузилмаслиги керак. Кўп ўйинчини чиқарган гуруҳ ғолиб бўлади. Ўйин болаларда бир бўлиб ҳаракат қилиш, дўстлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади[7].
«Ат-эшек» (от-эшак) болаларнинг чаққонлигини оширишга қаратилган. Ўйин шартига кўра, дастлаб икки жуфт бола ўртага бир чуқур қазиб, ундан 3 ёки 4 метр узоқликда туради. Кейин ўрик данагидек келадиган 4 тошни олиб чуқурга улоқтиради. Чуқурга тошларнинг биттаси тушса эшак, иккисида от, учтасида вазир, тўрттала тош ҳам тушса шоҳ бўлади. Ўйин шартига кўра, битта тош тушириб эшак бўлган боланинг белига фақат вазир мина олади. Икки тошни тушириб от бўлган боланинг белига шоҳ мина олади. Ўйин шу тақлид давом этади. Бу ўйин болалар ўртасида шоҳ-вазир ўйини деб ҳам номланади.
«Гúрес» – (кураш) халқимизнинг эскидан келаётган, мардлик ва ботирлик тимсоли бўлган миллий ўйинлардан бири ҳисобланади. Беллашув қоидаси бўйича полвонлар бир-бирининг чопони (чекмани), белбоғи, ёқа ва енгидан ушлаб, қо-л-оёқларини ишлатган ҳолда рақибининг ёвурини (орқаси)дан ерга теккизишга ҳаракат қилади. Миллий курашда ҳакам томонидан полвонларга «кураш!», «тўхта!» буйруқлари, «танбеҳ», «дакки» ёки «ғирром» огоҳлантиришлари, «чала», «ёнбош» ва умумий ғолибликни билдирувчи «ҳалол» даражалари берилади.
Мелков экспедицияси вақтида бу ўйинлардан ташқари бизга фақат ўйин атамаси маълум бўлган “Óр-теке» (Ўр-така) ва «Қарақулақ» (қорақулоқ), шунингдек, яна номсиз ҳаракатли ўйинлар расмга олинганки, улар ҳам эътибор беришга, таҳлил қилишга арзийди.
“Óр-теке” (Ўр-така) деб номланган суратда икки бола бир-бирига қарама-қарши ўтирган ҳолда, ўртадаги ерга кўзлари тикилгани акс этган. Ўйин номидан уни чорвачиликка боғлиқ ўйин бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.
«Қарақулақ» (қорақулоқ). Қорақулоқ бу – мушуклар синфига кирадиган йирик чўл мушуги (қора қоли) бўлиб, қорақалпоқ оилаларида итни ҳам шу ном билан атайдилар. Шу номли суратда қумликка йиғилган бир гуруҳ ўйинчилар ва ўртада тиззалаган ҳолда қўлларини енгига тиқиб букчайиб ўтирган бола тасвирланган. Боланинг чопони ичига солинган нимадир орқасида дўппайиб турганини, бошига рўмол билан икки ҳурпайган, қалин қора юнгдан ишланган «қулоқ» боғланганини кўриш мумкин. Бу ерда улар қорақулоқнинг икки қулоғи вазифасини ўтагани аниқ. Афсуски, бу ўйиннинг ҳам тўлиқ қоидаси маълум эмас.
Номи номаълум бўлган яна бир ўйин сурати одамни ўйга толдиради. Диний маросимларни эслатувчи ўйинда бир гуруҳ бола доира шаклида йиғилган. Ўртадаги болакай эса икки қўлини осмонга узатиб, ҳукм ўқиб турган киши сифатида кўриниш берган. Унинг оёқлари остида эса бошқа бир бола чалқанчасига ётибди. Даврани ўраб турган бошқа болалар ҳам қўлларини олдинга чўзишган. Бу ўйинни қайсидир диний маросимларни кўрган ёки эшитган болаларнинг катталарга тақлиди дейиш мумкиндир, балки.
Суратларда акс этган бу ўйинларнинг баъзилари ҳозир ҳам қорақалпоқ болалари ўртасида ўйналса, баъзилари ҳатто катталарнинг ҳам ёдидан кўтарилгани рост. Бунга сабаб фақатгина технологиялар ривожи, авлодлар ўртасидаги айролик эмас, балки уларнинг кам ўрганилиши, тарғиб қилинмаслигида ҳам дейиш мумкин. Миллий ўйинлар фақатгина оддий ўйин эмас, балки миллат боласининг руҳини, характерини, тарбиясини белгилашга кўмакчи экан, нега уларга бепарво бўлишимиз керак. Афсуски, бугун бу нарса жамият назаридан четда, сояда қолгандек. Бугун қўлига телефон «ёпишиб» қолган, бошини интернет ўйинларидан кўтармайдиган авлод эртага онлайн қимор ўйновчи, руҳи синиқ, ҳаракатсиз, интилишсиз болаларга айланмайди, дея оламизми? Шундай экан, миллий ўйинларимизни ўрганиш, фарзандларимиз ҳаётига қайтариш борасида ҳали кўп изланишлар олиб борилиши керак, назаримда. Чунки миллат боласининг тақдири ўйин эмас.
Чаржаубай ЭЛМУРАТОВ,
ЎзЖОКУ 2-курс магистранти
Фойдаланилган адабиётлар:
1.Б.Г.Белинкий. «Адабий орзулар», Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. Тошкент – 1977, 6-бет.
2.Áмирлан.С.Э. «Қарақалпақ балалар фольклорı úлгилериниń жıйналıw ҳáм жáрияланıw мáселелери». «Халıқ аwıзеки дóретиwшилиги миллий ҳáм улıwмаинсанıй қáдириятлар системасıнда» Халıқаралıқ илимий конференcия материалларı. Нóкис, 2015-жıл, 26-27 ноябрь. 97-99-бетлар
3.Экспонаты Кунсткамера (кунсткамера.ру)
4.К.Эсемуратов, П.Серимбетов. Қарақалпақ миллий ҳáрэкетли ойıнларıн úйрениw. Нóкис, Қарақалпақстан – 2005. 16-бет.
5.К.Эсемуратов, П.Серимбетов. Қарақалпақ миллий ҳáрэкетли ойıнларıн úйрениw. Нóкис, Қарақалпақстан – 2005. 16-бет.
6.К.Эсемуратов. Денетáрбиясı, Нóкис, билим -1994. 66-бет.
7.К.Эсемуратов. Денетáрбиясı, Нóкис, билим -1994. 63-бет.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ