Келажакни бегоналар эмас, ўзимиз яратамиз


Сақлаш
19:45 / 26.04.2023 858 0

Мактабда адабиёт, тарих, географияни яхши ўқирдим. Чунки ўқитувчиларимиз мавзуни тушунтириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишар, қизиқарли ўтишарди дарсларни. Ўшанда “Устоз бўлсаммикин, кўп нарсани билишади, ҳамма ҳавас қилади уларга”, деб ўйлардим. Лекин юқори синфга ўтгач, муаллимларимиздан бирини ўғил бола синфдошларимиз бирлашиб дўппослашганини эшитиб қалқиб кетгандим. Кейин билсам бу одатий ҳол, катта синф ўқувчилари ўқитувчиларни у қадар ҳурмат қилишмас, аксар ота-оналар эса уларни менсишмас ҳам экан. Буни эшитиб ўшанда менда ғалати кайфият пайдо бўлгани, “Ҳеч қачон ўқитувчи бўлмайман” деганим эсимда. Бироз вақт ўтиб, муаллимларимиздан бири тирикчилик сабаб мактабдан кетди. Кейин бошқаси, сўнг яна бошқа бири. Улар олий маълумотли бўлсада, тайинли маош олмагани сабаб яхшироқ пул топиш учун мардикорлик ёки туманлараро таксичилик қилишарди. Гоҳо уларни эски, тўзғин кийимда қайгадир кетаётган ё йўловчи чақираётган ҳолда кўрардим. Салом бермоқчи бўлиб яқинлашсам, мендан кўзларини олиб қочаётганларини сезиб, тўхтаб қолардим. Назаримда, ўша вақтдаги аҳволлари учун собиқ ўқувчисидан уялишарди. Мен ҳам уларни шу кўйга солган жамиятимиздан, тузумимиздан, одамларимиздан, ўзимдан уялардим. Қани қўлимдан келсаю, уларни яна мактабга қайтарсам, яна қизиқ-қизиқ дарсларини эшитсам, дердим. Лекин қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Конституцияга киритилиши кутилаётган ўзгаришларни ўқирканман, ўқитувчилар билан боғлиқ модда (52-модда – Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади)ни кўриб, бирданига шу ҳолатлар эсимга келди.

Ўшандаги имконсизлигимга илож топилаётганига қувондим. Шу сабаб Бош Қомусимизга киритилаётган барча моддаларни яхшироқ ўргана бошладим. Шунинг баробарида хотираларим ҳам қатма-қат кўтарилиб келаверди. Мисол учун, аёлларга қилинадиган зўравонликларга кўриладиган жазолар ҳақидаги моддаларни ўқиб ичим ёришди. Болалигимда қишлоғимиздаги, қўшни маҳаллалардаги аёллар ўзига ўт қўйиб юборгани ёки ўзини осиб ўлдиргани ҳақида кўп эшитардим. Нега ундай қилишган деган саволимга, “Чидолмаганда” дерди онам ва ғамгин бўлиб қоларди. Балки уларга ёрдам беролмаганидан, балки аёлини қайта-қайта ураверган зўравон эрни ҳеч ким тўхтатиб қолмаганидан аччиқланар, афсусланарди. Конституцияга киритилаётган янги модда аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан бирга, уларни ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарашга кўмак беришига умид уйғонди негадир кўнглимда...

 

Ўсмирлик вақтидаги энг катта ярам дадамга туҳмат қилишган вақтлар пайдо бўлган. Янги ишга ўтганларида нимадир бўлдию, дадамни терговга чақира бошлашди. Гарчи айбсиз бўлсаларда, одамлар бир зумда уларни жиноятчига чиқаришганди. Чунки “орган” ходимлари дадамга худди айбдорлардек муомала қилишарди. Ўшанда дадам, бобом, умуман оиламиздаги ҳамма жуда тушкун, жуда синиқ бўлиб қолгандик. Ҳозир ҳам эсласам, кўз олдимга дадам бобомнинг қўлини маҳкам қисиб ўтириб, “Хавотир бўлманг, ҳаммаси яхши бўлади, айбсизман” дейишлари келаверади. Шукрки, ростдан ҳам дадамнинг айбсизлиги исботланди, лекин ўша вақтда қилинган муомала сабаб, уларда қолиб кетган жароҳатни, одамларга бўлган ишончсизликни бугун ҳам ҳис қилиб тураман, жоним оғрийди. Билсам, бунақа жароҳатлар жуда кўп танишларимда бор экан. Ҳимояланмаган ҳуқуқлар, бажарилмаган мажбуриятлар, талаб қилинмаган ҳақлар сабаб эди буларнинг барига…

 

 

Янги таҳрирдаги конституцияни ўқиб, шу ўйлар кечди хаёлимдан. Буларни ёзарканман, “Аввал шунақа қийин эди, аммо бугун бошқача, ҳозир биз бошқача яшаяпмиз”, дейиш эмас муродим. Аслида ҳозир ҳам ана шу иллатлар жамиятимизда, ҳаётимизда бор. Ҳозир ҳам ўқитувчини индамасангиз, одам ўрнида кўрмайдиган нодон корчалонлар, зуғумдан тўйиб кетгани учун ўзини ўлдираётган аёллар, айбсиз бўла туриб, исботланмаган гумон сабаб синиб қолаётган тадбиркорлар бор. Нега? Боиси бугунга қадар ҳуқуқларимизга етарлича эътибор бермадик, “Барибир бўлмайди, каттанинг айтгани айтган, мазлум доим мағлуб” деган ақидани онгимизга сингдириб олдик, балки мажбуран сингдирилди.

 

Аммо референдум бу – янгиланиш бўлгани каби, бизга ҳам янгиликлар, ўзгаришлар зарур эди. Нафақат конституциямизда, балки онгимизда, фикрлашимизда, яшашимизда. Нега бу қадар тарғиб қилиняпти қомуснинг янги таҳрири? Нега керак бўляпти бизга бу янги таҳрир, янги моддалар? Бир карашда унчалик зарурати йўқдек туйилади бунинг, замон ўз зайлида давом этяпти, ҳаммаси яхшидек. Аммо, чуқурроқ ўйлаб қаралса-чи? Аслида ҳам шундайми? Аслида ҳам юртимизда ҳамма ўз ҳуқуқини, мажбуриятини биладими? Афсуски, бунга ижобий жавоб бериш бироз мушкул. Демак ҳар юртдошимиз билиши керак ўз ҳуқуқи, нималарга мажбурмаслиги, бу заминда ҳар бир одам тенглиги, бошқа биров унинг конституцион ҳуқуқларига дахл қила олмаслигини. Мана шундагина жамиятда ривожланиш бўлади. Ўқитувчи мардикор бўлмайди, аёл шунчаки буюмга айланмайди, инсонлар эрки энг олий қадрият эканини тушуниб етишади. Бу халқ азал-азалдан жасоратли бўлган, фақат аллакимлар мана шу нарсани унутишимизни исташди. Бугун эса бу туйғуни қайта ҳис қилишимизга имкон бериляпти, назаримда, бундан фойдаланиш керак. Чунки бизга буюк келажакни ҳеч ким қуриб бермайди, унга ўз меҳнатимиз, ақлимиз ва ҳаракатларимиз орқали борамиз. Танлов эса доимгидек ўз қўлимизда. Мен эса ўз ҳақ-ҳуқуқларимга бефарқ эмасман.

 

Феруза НУРМАТ қизи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//