Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёда икки ўқитувчи аёлнинг эркак киши томонидан дўппослангани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқидларга сабаб бўлди. Ойина.уз жамоатчилик фаолларининг мазкур масалага муносабатини бир жойга тўплади.
Гап нима ҳақда кетмоқда?
Сурхондарёдаги мактабларнинг бирида 2 аёл ўқитувчи эркак киши томонидан дўппосланди. Ушбу ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Шундан сўнг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати воқеа Узун туманидаги 31-мактабда содир бўлгани, ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, аёлларга қўл кўтарган эркак 34 ёшда ва унинг ўзи ҳам ўқитувчи. Эркак ўқитувчи қўлга олинган, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур воқеа 14 апрель куни содир бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам ҳолат юзасидан ахборот берди. Унга кўра, дўппосланган икки аёл ўқитувчи шифохонада даволанмоқда. Вазир рўй берган воқеани шахсан назорат қилиб турганини билдирди.
Воқеа жамоатчилик фаоллари томонидан ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.
Исроил Тиллабоев,
блогер:
– Мени бир нарса ўйлантиряпти. 18 апрелда жиноий иш очилибди, воқеа эса 14 апрелда бўлган экан. Бош прокуратура яхшиям инсоф қилиб воқеа қачон бўлганинию, иш эса қачон очилганини айтиб ўтиб кетибди. Наҳот шу кунгача у ўқитувчиларнинг ўзлари ёки оила аъзолари участка нозирига ёки бошқа тегишли масъулларга арз қилмаган?
Мен ишонмайман бунга, арз қилган деб ўйлайман. Лекин балки анави муштумзўрнинг кучи ёки «илтимоси» билан бу иш очилмай қолган ва ёки кейинчалик ҳам очилмайдиган бўлгандирки, воқеа акс этган видеони охирги нажот сифатида интернетга жойлашмоқда. Шундан сўнггина муштумзўр қўлга олинди, жиноят иши очилди, иш назоратига олинди.
Савол туғиладида, агарда видео интернетга чиқарилмаганда нима бўларди? Шундай жирканч иш жазосиз қолиб кетармиди? Воқеа яхшиям камерага тушиб қолган, тасаввур қиляпсизми энди, агар шу вазиятда, 4 кундан буён босди-босди қилиниб турган ишда мана шундай кучли далил бўлмаганда нима бўларди? Бу ҳақда ўйлашга ҳам қўрқасан киши.
Агар қонунлар белгиланган тартибда ишлаганида, муштумзўрга тегишли жазо берилиб, жабрдийдалар ҳимоя қилинганда эди, видео интернетга чиқишигаям, жамоатчиликнинг жунбушга келишигаям ҳожат қолмасди.
Хуллас, тергов жараёнида маҳалла нозиридан тортиб барча масъулларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) текширилиши керак. Улар адолатли бўлишмас, халқнинг ичига кириб ишламас экан, одамларнинг охирги нажоти яна интернет бўлиб қолаверади!
Афсуски, сўнгги вақтларда шу каби ҳолатлар ҳақида тез-тез ижтимоий тармоқларда бонг урилмоқда. Ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедовга кўра, аёлларга қилинаётган бу каби муносабатлар жамиятимизнинг юзидир.
Баҳодир Аҳмедов,
ҳуқуқшунос, блогер:
– Аёл кишига бунақа муносабат жамиятимизнинг юзи. Агар бу аёлларга жисмонан шикаст етказилган бўлса айрим қилмишлар белгиларини кўрсатмоқда. Бу ерда ёки қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш (ЖК 105) ёки қасддан баданга енгил шикаст етказиш (ЖК 109) каби жиноятлар бўлиши мумкин.
Жиноят кодексидаги яна бир модда ҳам мавжуд. Бу безориликдир (ЖК 277):
Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса, БҲМнинг 50 бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.
Агар баданга ўртача оғир шикаст етказилиб ёки ёш бола, қария, ногиронлиги бўлган шахс ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб содир этилса, жазо янада баланд бўлади.
Ушбу масалалар менинг тахминим холос. Асл воқеликни ҳуқуқни муҳофаза органлар ўрганиб чиқишади ва сўнгги сўзни эса суд айтади.
Аёллар ҳуқуқлари борасида доимо ўз позициясини билдириб келган «Сукут сақлама» лойиҳаси бу гал ҳам сукут сақламади. Лойиҳа аёлларни «кучли» жинс вакилларидан ҳимоя кутишни сўрамоқда.
«Сукут сақлама»,
ижтимоий лойиҳа:
– Болаликдан эркаклар ҳимоячи, аёллар эса ожиза, уларни ҳимоя қилиш керак деб бонг уришади. Бунда айнан ўша «ҳимоячи»лардан муҳофаза қилиш кераклиги айтилмайди.
Видеодаги ҳолат Сурхондарё вилоятида содир бўлгани айтилмоқда. Кўринишидан бу ўқитувчилар кенгаши. Видеода бир неча аёл ва икки нафар «кучли» жинс вакиллари. Айнан шундайлар аёлга қўл кўтарганни «йиртишга» ваъда беради тармоқларда.
Битта «мард» буни кутмаган аёлларга ташланиб, бемалол калтакламоқда.
Бошқаси уни юмшоққина четга олиб, гаплашиб, яна қайтиб келишмоқда. Кейин яна четга олиб гаплашишлар, сўнг тоза ҳаво кириши учун ойна очилмоқда, кейин шунчаки ўтириб олмоқда. Ваъда қилинган ҳимоя шундай кўринса керак.
Аёллар, буни борича қабул қилинг. Ўзингизни сиз ва Давлатдан бошқа ҳеч ким ҳимоя қилмайди. Давлат ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқиб бунга мажбур. «Кучли» жинс вакилларига ишонманг. Улар шунчаки мавжуд эмас. Худди сиз заифа бўлмагандек. Сизга қўл кўтардими? Калтакланганингизни дарҳол муҳрланг, 102 чақиринг, унинг ваъдаларига ишонманг ва раҳм қилманг. Зўравонликни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди. Қилмишларига жавоб берсин!
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳар бир ҳолатга ўз муносабатини билдириб келадиган Алишер Қодировнинг фикрича, аёлларни калтаклаган эркак ўқитувчи соҳадаги тасодифдир.
Алишер Қодиров,
«Миллий тикланиш» партияси раиси:
– Педагогика — томчилатиб тошни тешиш керак бўлган касб. Афсус, соҳада тасодифларни кўп эканлигини, бақироқ файласуф билан муштумзўр директор яна бир бор исботлаб беришди.
Бу зўравон директор аёлларга-ки шундай муносабатда бўлса болаларга муносабатини тасаввур қилиш қийин эмас.
Жазони суд ўйлайди, одам ҳақли равишда жамоатчилик қаҳрига учради, лекин… педагогликка ўқиш, мактаб ва боғчада ишлаш учун, қанчалар оғир бўлмасин, ўн марта ўрганиб кейин рухсат берадиган тизим бўлиши зарур. Бу соҳага зўравон ва сабрсизлар адашиб ҳам кириб қолмаслиги керак.
Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова ҳолатга муносабат билдирар экан, калтакланган аёлларда кечадиган туйғулар ҳақида ёзди.
Шаҳноза Соатова,
Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер:
– Калтакланган аёл ўзини қандай ҳис қилади?
Бир марта мени ҳам уришган, ҳали мактабда ўқиб юрган ўсмирлигимда. Ўша пайтда туйганларимни ҳануз унутолмайман.
(Таъкидлаш жоиз, мени эрим ҳеч қачон урмаган)
Агар мана бу видеода акс этганидек жамоат ичида, одамлар кўз ўнгида ва қариндош бўлмаган, жисмонан кучлироқ одам томонидан калтакланса, аёл (ёки ожиз инсон) нималарни ҳис қилади?
Биринчи, шок бўлади. Кутилмаганда бўлдида, ахир, урган отанг, аканг, эринг... бўлмаса (улар ўзи нимага уриши керак?), сени доим уриб юрган одам бўлмаса, келиб тўсатдан «тушириб» қолишини ўйламайсан ҳам.
Иккинчи, жисмоний оғриқ сезасан, лекин у кучли бўлмайди. Яъни ҳали бу оғриқни тўлиқ ҳис қилиш бўлмайди, шунчаки сигнал, лекин сен уни орқага ташлайсан, ҳозир бу муҳиммас.
Учинчи, алам бўлади. Ҳеч нима қилолмаслигинг, шу пайтда сени ҳеч ким ҳимоя қилолмаслиги, мана шу зўравон билан яккама-якка қолганинг ва энди бу фақат сенинг муаммоинг эканлигини англаш. Бу роса ёмон туйғу.
Тўртинчи, исён келади. Кучинг етиш-етмаслигини ўйламайсан, шунчаки, бу ҳолатга кўна олмайсан, нимадир қилгинг келади. Қўлингдан келганича қаршилик қиласан. Шунда кейинги муштлар ҳам тушиши мумкин. Лекин оғриқ алами биринчи мушт, туртки, шапалоқникидек бўлмайди.
Бешинчи, ақл уйғонади, тушунасанки, бари бефойда. Балки кимдир кўриб, камерага ёзилиб, жамоатчиликка ошкор бўлгани учун анави зўравонни вақтинча (15 суткага) қамашар ҳам. Жамоатчилик билмаса, шу ҳам йўқ. Лекин энди сенинг цинган ғуруринг, оринг, инсонийлигинг тикланмайди. Буни тушунасан. Синасан.
Ҳар сафар мушт еган жойинг оғриганида шу аламни туясан. Кейин жисмоний оғриқлар битиб, унутилиб кетганда ҳам, хотирангга бир чандиқ тушади – бот-бот эсингга тушаверади ва алам қилаверади.
Олтинчи, атрофдагилар хулоса қилади, афсуски, бу жуда зарарли хулоса бўлади. Зўравонлар баттар қутуради, мазлумлар баттар синади. Жамият таназзули шундай давом этади.
Зулм – бу бир лаҳзали акт эмас, бу акс-садоси ва оқибати узоқ давом этадиган емирувчи жараёндир. Олдини олиш самаралироқ, оқибатлари билан курашиш қиммат ва қийин.
Сурхондарёдаги мактабда калтакланган аёллар билан ҳамдардман. Энди бу билан сиз, яқинларингиз бир умрга яшайсиз. Биз ҳам! Бошқа такрорланмаслиги учун нима қилиш керак бўлса, барини қилиш лозим.
Шаҳноза Соатованинг постини улашар экан журналист Азиза Қурбонова, воқеалар хронологиясини санаб, лоқайдларни саволга тутди.
Азиза Қурбонова,
журналист:
– Мени қийнаб юборган савол: нега қолганлар ҳаракатсиз, нега қолганлар бу ифлосни ёқасидан тутмади?!
Камера борлигини билгани учун оқ кўйлакли ва бошқалар жим ўтирибдими?
Ўлдириб қўйгандачи? Ўшандаям камера ёки шу ифлос тирандан қўрқиб ўтиргани учун ўзини кечирадими шу лоқайдлар?
Платформа.уз телеграм каналининг фикрича, воқеа битта шахсга жазо бериш билан якунланмаслиги, вазият чуқур таҳлиллар қилиниши керак
Платформа.уз:
– Сурхондарёда зиёлиларнинг ўзаро жанжаллашгани, хусусан, эркак ўқитувчининг аёлларга қўл кўтаргани ҳар қандай шароитда ҳам оқлаб бўлмайдиган ҳолат.
Рўй берган ҳодиса битта шахснинг қилмиши учун жазо бериш билан якунланмаслиги керак. Аксинча қарични каттароқ олиб, педагоглар орасидаги маънавий муҳитнинг издан чиқишига сабаб бўлган омилларни таҳлил қилишга ундаши лозим. Ўқитувчиларнинг бундай агрессивлиги нима билан боғлиқ? Уларнинг руҳий аҳволи таълим тизимида ишлашига имкон берадими? Оилавий ҳолати, моддий имконияти қандай?
Кўп ҳолларда боғча мудиралари, мактаб директорларининг қўл остидагиларга қўпол муносабати, ортиқча босими ҳақида эшитамиз. Бундай муносабат ҳамон бор. Ва таълим муассасалари раҳбарлари асосан катталарининг талабини, топшириғини бажариш учун жамоага талабни кучайтиради. Бу талаб илм олиш сифатини оширишдан кўра ташкилий ишлар билан боғлиқлиги ачинарли.
Модомики ўқитувчи ўқитувчилигини қилмас, ҳақиқий касби билан шуғулланмас, қоғозбозлик ва фаолиятига тааллуқли бўлмаган топшириқлар ва ортиқча юкламалардан халос бўлмас экан, таълим сифати ва самарадорлиги ҳақида гапиришимиз бефойда.
Назаримда педагоглар, айниқса, директорлар психологик ва бошқа мезонлар нуқтаи назаридан кўрикдан, суҳбатдан ўтгани маъқул. Қолаверса, барибир ўқитувчиларга юкламаларни камайтириш ҳақида ҳам жиддийроқ бош қотириш зарур. Асаббузарлик кўпинча шу ва моддий шароитнинг етарли даражада бўлмаганидан келиб чиқади. Қарични кенгроқ олиб, таҳлил қилиш, тезкор чоралар қўллаш вақти келди.
«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова ёшлар орасида ўқитувчиликни танлайдиганлар кўп эканлигига эътибор қаратди. Унинг фикрича, бу каби ҳолатлар такрорланса статистика ўзгариши мумкин.
Феруза Мухамеджанова,
«Миллий тикланиш» партияси раиси ўринбосари:
– Яхши ҳам камера бор экан. Бўлмасам катта эҳтимол билан калтакланган аёллар индамасдан дардини ичига ютиб кетарди. Узру, ўзи мактабга шундай муштумзўрлар қандай кириб қолади??? Улар руҳий жиҳатдан соғмикан, деган саволлар туғиляпти.
Психолог ўқувчиларга керак деб юрардим.У биринчи навбатда ўқитувчиларга ҳам керакка ўхшайди!
Ҳақорат, босим, таҳқирлаш иш жараёнининг бир қисми бўлиши мумкин эмас. Асло!
Мактаблардаги таълим сифати энг аввало ўша ердаги ички муҳитни барқарорлигидан бошланади. Ҳуқуқ тартибот идоралари хулосасини кутмасдан ички муҳитни ўрганишни ташкил этиш керак!
Токи «ЭРКАК» кучини аёлда ёки ўқувчида синамасин.
Бугун айрим ҳолда мактаб ўқитувчиларимизни кўзидаги маъюслик, ҳорғинлик сабабини тушунгандекман. Ҳамма гап маошларнинг камлигида ҳам эмасга ўхшайди. Муаммо борган сари ички муҳитда, носоғлом рақобатда эканлигини кўрсатмоқда.
Мактаб ўта нозик, ўта муаммоли масала! Ва энг муҳим ривожланиш нуқтамиз!
Мактабда бошқарув тўғри йўлга қўйилган бўлганда ўқитувчилар ўртасида юзага келган зиддиятни олдини олса бўларди.
Ўқитувчилик ўзи шундоқ ҳам оғир касб. Германияда ўтказилган тадқиқотлар 800 минг ўқитувчининг атиги 10 фоизига соғ-саломат нафақага чиқиш насиб этишини кўрсатди. Қолганлари юрак-қон томир, руҳий асаб бошқа касалликларга дучор бўларкан. Шу боис дунёда ҳатто бу касбни соғлиқ учун хавфли ва зарарли касб турларига киритиш бўйича ҳаракатлар бошланди.
Ўзимизда эса ўқитувчи касбига конституциявий мақом берилаётган бир пайтда мактабларимизда нима бўляпти?!
Савол кетидан савол туғилаверади.
Мактабларимизда зўравонликни олдини олишга қаратилган дастурлар борми?
Мактабда зўравонликни бартараф этадиган тадқиқотлар мавжудми?
Мактабдаги маъмурий назоратни кучайтириш, ижтимоий психологик муҳитни барқарорлаштиришга, жамоани шакллантиришга қаратилган тренинглар ўтказиладими?
Агар шу саволларга жавоб бўлса вазиятни катта тўполонгача олиб бормасдан масалани жойида ҳал этса бўларди.
Хуллас, зўравонликни олдини олишда таълим сифати билан бирга мактабдаги бошқарув ва соғлом таълим муҳитини яратишга эътибор бермасак бўлмайдиганга ўхшайди.
Кеча ўзимизда ўтказилган сўров натижалари билан танишдим. Унда ёшлар шифокорлик касбидан кейин иккинчи ўринда ўқитувчи бўламан деган жавобини беришган.
Билмадим Сурхондарёдаги ҳолатлар такрорланса жавоблар ўзгариши ҳеч гап эмас!
Бундай мудҳиш воқеани такрорланмаслигига эса ҳеч қандай кафолат йўқ!
Рўза рамазоннинг 26-куни қайта ва қайта аёлларга қўл кўтарган зўравоннинг ва уни томоша қилиб турган бошқа «Эркак»ларнинг кечириб бўлмас ҳаракати билан эсимда қолди.
Худодан қўрқмаган қонундан қўрқармиди?!
Айрим жамоатчилик фаоллари аёлларни калтаклаган эркакка бериладиган жазони кучайтиришни сўрамоқда.
Наргиз Қосимова,
педагог:
– Ўзбекистонда ўқитувчилар бир тийинга олинмайди. Бу ҳолаткуя камерага тушибди. Тушмагани қанча? Бу ифлосга айнан ЎҚИТУВЧИни калтаклагани учун камида 5 йил бериш, умуман таълимдан четлатиш керак. Ўқитувчининг қадри мамлакатда тикланмас экан, таълим сифати паст бўлиб қолаверади.
Алишер Назар,
шоир:
– Икки нафар ожизани ожизлигидан фойдаланиб, урган, ҳақоратлаган, таҳқирлаган яратиққа Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан иш қўзғатилибди! Шу иш оддий безориликми? Бу модда билан нима қилиш мумкин? 15 сутка қамайдими? Агар ростдан ҳам безорилик деб квалификация қилинадиган бўлса, бу жиноятнинг маънавий тарафларини ҳам ҳисобга олиш керак. Бундай ишларга 15 сутка, 1 йил озодликни чеклаш ёки жарима тўлаш камлик қилади.
Сезяпсизми, сўнгги йилларда безорилик кескин кўпайиб кетди! Яқинда иккитаси кўчада йўл талашиб, итдай ғажишиб кетди. Биттасининг қўлида кичкинагина пичоқ! Одамлар ўртага тушса, «Қўйвор, шунга 500 доллар атадим», дейди. Бир жойига уриб олмоқчида, кейин 500 доллар билан қутилиб кетмоқчи! У бекорга айтмаяпти бу гапни!
Хуллас, дўстлар, аҳволимиз чатоқ! Қонунларни кучайтиринг, ўртоқ депутатлар! Тонг отди, уйғонинглар!
Мафтуна АБДУШУКУРОВА тайёрлади.
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ