Абдулла Қодирий ижоди билан таниш бўлган китобхон борки, унинг Жулқунбой, Калвак Маҳзум, Думбул, Муштум, Овсар каби ўнга яқин тахаллуси борлигини яхши билишади. Аммо адибнинг ижоди билан чуқурроқ шуғулланадиган бўлсак, унинг элликдан ортиқ(!) тахаллуси борлиги ойдинлашади.
Ўзбекистон миллий энциклопедиясида келтирилишича, “Тахаллус” арабча “қутулиш, халос бўлиш” деган маънони билдириб, бирор ижодкор (шоир, ёзувчи, олим, санъаткор, журналист) ёки сиёсий арбобнинг ўзи учун танлаб олган иккинчи номини англатади. Тахаллуслар, одатда, ижодкорлар томонидан ўз ижодини таъкидлаб кўрсатиш, ўз исм-фамилиясидан қониқмаслик ёки бирор хавф-хатардан, таҳликадан қочиш мақсадида қўлланилади. Бундан ташқари, уни халқ тўқиб қўймайди (халқ қўйса, лақаб бўлади), муаллифнинг ўзи танлайди. Хўш, Абдулла Қодирийнинг элликдан ортиқ тахаллусда ижод қилиши сабаблари нимада эди?
Ўзимизни қизиқтирган саволга адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” китобидан жавоб топиш мумкин. Унда ёзувчининг ўткир тили ва аччиқ ҳажвиялари ҳаммага ҳам ёқавермагани, шу боисдан душманлар орттиргани айтилади. Қодирий ўз таржимаи ҳолида “Мени бойлар, эшонлар кўра олмас эдилар. Чунки мен уларни ишчи тилидан чаққан ва сирларини очувчи душманлари эдим”, деб ёзади. Шундан кўриш мумкинки, Қодирий душманлардан, таҳдидлардан сақланиш учун ҳам турли тахаллуслардан фойдаланган. 1983-йилда чоп этилган Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” китобида келтирилган маълумотларга кўра, Қодирий “Муштум” ва кейинги йилларда турли газета-журналларда босилган ҳажвий, танқидий мақолаларида элликдан ортиқ тахаллус қўллаган. Уларнинг айримлари очиқ (халққа маълум), айримлари яширин (мустаор) имзолар бўлган. Ҳабибулла Қодирий бу тахаллусларнинг аксариятини ўзи билган, баъзиларини хабардор кимсалардан сўраб, баъзиларини эса мақолаларнинг услуби ва мазмунига қараб аниқлаган. Улар қуйидагилар: Жулқунбой, Жирқинбой, Ж-бой, Жу-бой, У-бой, Ж, Жулқунбой Совринбой ўғли, Мулла Жулқунбой, Жулқинчитир, Думбулбой, Жулбулбой жияни, Думбулбой ўғли, Думбул девона, Думбулниса, Домладумбул, Жиян, Жиянингиз Муштум, Калвак Маҳзум, Калвак маҳзум жияни, Калвак маҳзум Шоший, Тошпўлат, Тошпўлат тажанг, Алимов, А.Қ, Бойқуш, Индамас сўфи, Йўловчи, Кампир, Карнайчи, Колхозчи, Газнитчи, Лакаланг маҳзум, Мавлон куфур, Муштум, Сани худо, Телба, Овсар, Чин дўст, Чирманда ботир, Чи чора, Шапак маҳзум, Шоший, Шилғай, Боғбон, Қақилдоқ хўжа, Матбуот ариси, Мошхўрдачи, Шаккок, Мулла эшонбой, Ғўсхўр, Мулла Мушфиқий.
2017-йил чоп этилган “Абдулла Қодирий” тўпламининг 5-жилдида жами 37 та тахаллус келтирилган бўлиб, улар орасида “Отам ҳақида” китобининг 1983-йилги нашрида қайд этилган 51 тахаллусдан фақат 33 таси (Жирқинбой, Ж-бой, У-бой, Жулқунчитир, Думбулбой, Жулбулбой жияни, Калвак маҳзум, Тошпўлат, Тошпўлат тажанг, А.Қ, Бойқуш, Индамас сўфи, Кампир, Карнайчи, Колхозчи, Газнитчи, Лакаланг маҳзум, Мавлон куфур, Сани худо, Телба, Чин дўст, Чирманда ботир, Шапак маҳзум, Шоший, Боғбон, Қақилдоқ хўжа, Матбуот ариси, Мошхўрдачи, Ғўсхўр, Мулла Мушфиқий, Абдулла Жулқун, Абдулла Муштум, Жулқун) учрамайди, аммо 11 та тахаллус (А.Қодир, Абудумбул, Бемаза маҳзум, Гўзиматчи, Думбул, Ж-й, Ж-Қ, Мулла Жулқун, Мухбир, Совринбой, Совринбой ўғли) қўшилган. Биринчи китобдаги “Алимов” тахаллуси эса кейинги нашрда “Жўра Алимов” тарзида киритилган. Бунинг сабаби ҳақида адибнинг невараси Хондамир Қодирийга мурожаат қилганимизда қуйидагича жавобни олдик:
– Бобомиздан қолган асарларни ўқиш, у кишининг услубини ўрганиш, китобларни тайёрлаш натижасида шунга амин бўлдимки, Қодирий услуби ўзига хос ва бетакрор. Унинг сўз танлаши, жумла тузилишларига қараб, “Отам ҳақида”га келтирилган айрим тахаллуслар тахминий киритиб юборилган, деган хулосага келдик. Ҳатто Боис Қориев тадқиқотларида келтирилган тахаллуслар ҳам баҳсли, деб ҳисоблайман.
Ўз даврида тахаллусларни аниқлаш бўйича қатор тадқиқотлар олиб борган ва ўзи ҳам Олтой, Боис, Қоризода, Ёш қалам, Тилчи, Эшитгучи тахаллуслари билан ижод қилган Боис Қориев (1903-1977) матбуот саҳифаларини бирма-бир варақлаш, шахсий хотираларни тиклаш ва суриштиришлар натижасида жиддий ютуқларга эришган. 1967-йил “Ўзбек тили ва адабиёти” журналининг 1-сонида Боис Қориев тадқиқотларига асосланган “Адабий тахаллуслар ҳақида” мақоласи эълон қилинган ва унда Абдулла Қодирийнинг 33 та тахаллуси келтирилган. Аҳамиятлиси шундаки, тадқиқотда тахаллуслар алифбо тартибида келтирилган ва уч қисм(доимий, ўткинчи ва қисқартирилган)га бўлиб чиқилган. Унда Алимов, Жулқунбой, Шоший адибнинг доимий, Бойқуш, Думбулбой, Думбулбой жияни, Думбулдевона, Думбулниса, Думбулбой ўғли, Ж-бой, Жарқинбой, Жиян, Жиянингиз Муштум, Индамас Сўфи, Йўловчи, Калвак маҳзум жияни, Калвак маҳзум шоший, Кампир, Карнайчи, Колхозчи, Лакаланг маҳзум, Мавлонкуфр, Мулла Жулқунбой, Муштум, Овсар, Санийхудо, Чиндўст, Чирмандаботир, Чи чора, Шапалоқмаҳзум, Шилғай ўткинчи (вақтли), А.Қ, У-бой эса қисқартма тахаллуслар сирасига киритилган.
Қодирий билан замондош бўлган Боис Қориев адибнинг ўғли санаб ўтган Жирқинбой, Жу-бой, Ж, Жулқунбой Совринбой ўғли, Жулқунчитир, Жулбулбой жияни, Домла думбул, Калвак маҳзум, Тошпўлат, Тошпўлат тажанг, Бойқуш, Газнитчи, Телба, Шапак маҳзум, Боғбон, Қақилдоқ хўжа, Мошхўрдачи, Шаккок, Мулла эшонбой, Ғўсхўр, Мулла Мушфиқий тахаллусларини руйхатга киритмайди. Назаримизда, унинг тадқиқотлари анчайин асосли кўринади. Сабаби, улар орасидаги Жирқинбой тахаллуси шоир, драматург ва педагог Рафиқ Мўминов(1900-1951)га, Газнитчи тахаллуси эса Газетхон шаклида журналист ва таржимон Аъзам Айюбов(1904-1938)га, Газетчи шаклида Босит Сиддиқов(1900-1938)га, Шаккок – Ҳилмизода (Боис Қориев шундай келтиради, аниқлаш имкони бўлмади)га, Мулла Мушфиқий тахаллуси эса Мулла Мушфиқ тарзида маърифатпарвар шоир Ҳожи Муин(1883-1942)га, шоир, ёзувчи, журналист Ғози Юнус(1889-1942)га тегишли. Бундан ташқари, Ҳабибулла Қодирий тахаллус сифатида санаб ўтган Калвак маҳзум, Тошпўлат, Тошпўлат тажанг Қодирий асарлари қаҳрамонидир.
Бироқ, “Абдулла Қодирий” тўпламининг 3-жилди – “Диёри бакр”да адибнинг юқоридаги рўйхатларда учрамайдиган Ж-б, М.Абдулла Қ, М.А.Қ, Мазлум (Эски шаҳарлик), Эски шайтон, Мирза соврин каби тахаллусларда эълон қилинган асарлари ҳам киритилганки, улар тахаллуслари сонини янада оширади. Ана шуларни инобатга олиб, бугунги кунгача Қодирийнинг 36 тахаллуси аниқланган экан, дейиш мумкин. Кўринадики, “кулдириб йиғлатади, йиғлатиб, кулдиради”ган “фельетонлар қироли” Абдулла Қодирийнинг тахаллусларини махсус ўрганиш ва янги маълумотларга эга бўлиш қодирийшунослар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Дарвоқе, Абдулла Қодирий қайси тахаллусдан қандай вазиятда ва қайси мақолаларида фойдаланганлиги ҳам алоҳида мавзу...
Холиёр САФАРОВ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ