Шахсий дахлсизлик, цензурасизлик таъминланаётган, халқаро “Миранда қоидаси” кенгроқ жорий этилаётган Бош қомус – Янгиланаётган Конституциямиздаги муҳим ўзгаришлар нималар?


Сақлаш
21:33 / 06.04.2023 744 0

Бугун мамлакатимизда конституциявий қонун лойиҳаси атрофида кечаётган муҳокамалар муҳим сиёсий жараёнлардан бирига айланди. Халқимиз келажагига дахлдор мазкур ҳужжатни моддама-модда таҳлил қилиш, мазмун-моҳиятини англаш ва референдумда овоз бериш ҳар бир фуқаронинг сиёсий ҳуқуқидир. Ушбу ҳақиқатни аҳолининг турли қатламларига теран тушунтиришда Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлимлари раҳбарлари ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими раҳбари:

 

Буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг шоҳ асари “ал-Ҳидоя” энг мўътабар ҳуқуқий қўлланма сифатида саккиз асрдан буён бутун ислом дунёси, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия ва араб давлатларида энг муҳим ва ишончли манбалардан бири вазифасини ўтаб келмоқда. У ҳатто қўлланма сифатида исломий университетлар ўқув дастурларига ҳам киритилган. Юртдошимиз бу китобда ўз даврида ва кейинчалик ҳам мўмин-мусулмонлар дуч келадиган долзарб ҳаётий масалалар, жумладан, оилавий ва ижтимоий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноят ва жазо, инсоннинг бурч ва масъулиятига тааллуқли жуда кўп мураккаб муаммоларни исломий ҳуқуқ нуқтаи назардан ҳал этиб берди. Бурҳониддин Марғинонийнинг энг муҳим хизмати – вақт ўтиши билан диний соҳада вужудга келувчи муаммоли саволларга батафсил жавоб топиш, фиқҳий изоҳлаш ва мукаммал баён қилиш бўлди. Зеро, ҳар қандай қонуний асос ёки ҳукм маълум вақт ўтиши билан ўзгартириш, тўлдириш, изоҳлаш ёки янгилашга муҳтож бўлиб қолиши мумкин.

 

Худди шундай ҳолатни мамлакатимиз Бош қонунига киритилаётган ўзгартиришларда ҳам кўриб турибмиз. Мисол учун, унга давлат ва мамлакат тараққиётида салмоқли ўринга эга бўлган ўқитувчи касбига оид алоҳида модда қўшилмоқда. “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб номланган IХ бобнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дейилган.

 

Ёки 27-моддада қуйидагиларни ўқиймиз: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тильда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”. Яъни Конституцияга шахс эркинлиги ва дахлсизлигига оид бутунлай янги, замонавий модда киритилди, дейиш мумкин.

 

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирда қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўлиғича адолат принципларига асослангани билан аҳамиятли. Зеро, инсон қадри ва шаъни улуғ ҳисобланган Янги Ўзбекистоннинг Бош қомуси аввало халқаро ҳуқуқ нормалари, қолаверса, миллий ўзлигимиз ҳамда менталитетимизга мос ва хос бўлиши зарур.

 

Акрамжон МУҚИМОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилояти бўлими раҳбари, Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати:

 

Одамларимиз дунёқараши ва тафаккуридаги туб ўзгаришлар давр билан мутаносиб тарзда юз бермоқда. Асосий қонунимиз – Конституциямизда бу янгиланишлар ўз ифодасини топиши, унинг ҳар бир моддаси халқ манфаати, хоҳиш иродасини кўзлаши табиий ҳол. Шу нуқтаи назардан янги Конституцияда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши белгиланиб, инсон манфаатлари юқори ўринга қўйилаётгани барчамиз учун кутилган жараёнга айланди.

 

Янги Ўзбекистонда ўзаро муносабатларнинг асоси сифатида “Давлат-жамият-инсон” тамойили ўрнига, “Инсон-жамият-давлат” ғояси асос қилиб қўйилаётгани ҳам юқоридаги фикримизга ҳамоҳанг. Асосий эътибор инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилганини янги Конституциянинг ўзига хос жиҳати десак, муболаға бўлмайди. Мисол тариқасида аввалги Конституцияда “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” деб номланган IХ бобнинг 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”, дейилади. Янги Конституцияда эса бу боб “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб номланишининг ўзиёқ, унинг қамрови анча кенгайганини кўрсатади. Унда юқоридаги 37-моддага муқобил бўлган 42-модда билан танишарканмиз, жиддий ўзгаришларни кўрамиз. Хусусан, мазкур моддада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, шунингдек, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши мутлақо долзарб ва адолатли қўшимчалардан бири, назаримизда. Шу маънода, ишонч билан айтиш мумкинки, кўп миллионли халқимизнинг узоқ муҳокамаси ва таклифлари асосида тайёрланган Янги Конституциямиз мамлакатимизда келгусида “Учинчи Ренессанс”ни барпо этишда ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилади.

 

Лола САОДАТОВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари:

 

Бугунги одам кечагиси эмас, унинг онг-у тафаккури янгиланган, дунёқараши ўсган. Ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар солишни ўрганган. Таъбир жоиз бўлса, кун сайин янгиланиб, ўзгариб, такомил топиб бормоқда. Шундай экан, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини эски ақидалар орқали таъминлаш, лозим ўринда мажбуриятлари чегарасини белгилаш, ҳаётга тўғри, соғлом муносабатини шакллантиришнинг имкони кам. Бинобарин ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида беминнат хизмат қилиб келаётган Бош қомусимизни тубдан таҳрирлаш зарурати ана шу эҳтиёж тақозосидан келиб чиқди, десак хато бўлмайди. Қолаверса, суд-ҳуқуқ, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя йўналишларида бекор қилинган чекловлар, қўшни давлатлар билан янги ҳамкорлик уфқлари очилганининг Конституцияда муҳрланиши, мамлакатимиз аҳолиси 2040-йилда 50 миллионга етиши ва ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишидан келиб чиқиб, улар учун муносиб ҳаёт: барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарувга қаратилган ҳуқуқий пойдевор керак.

 

Янги таҳрирдаги Конституция эса шу заруратларга кўра, журналистларнинг эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлашга қаратилган нормаларни ҳам ўзида жамлаган. Табиийки, бу мамлакатимизда ахборот эркинлиги янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Собиқ Иттифоқдан қолиб кетган эскича, инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилувчи баъзи норасмий чекловлар туфайли оилада кимнингдир судлангани унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаб қўярди. Гарчи меҳнат қонунчилигига кўра, шахсларни яқин қариндошлари судлангани муносабати билан ишга қабул қилмаслик ҳолати ғайриқонуний деб ҳисобланса-да, айрим давлат бошқаруви органларига айнан шундай реал тўсиқ бор эди. Шу туфайли қанча ёшлар орзуларидан воз кечишган, ўзлари қизиққан касбда ишлолмаган ҳолатлар бор. Бу ҳол қариндош-уруғлар ўртасида низолар, норозиликларга сабаб эди. Янги лойиҳада “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас” деган конституциявий норма эса бу каби ноқулайликларга батамом чек қўяди.

 

Лойиҳани кўздан кечирар экансиз, шу каби инсон қадр-қимматига оид ҳуқуқий нормалар бир ипга тизилиб қарши олади: 20-моддада – Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. 23-модда – Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас. 25-модда – Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади. 44-модда – Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади. 58-модда – Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

 

Шунингдек, янги лойиҳада инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада ошганига мисол сифатида халқаро “Миранда қоидаси”, “Хабеас корпус” тартиби янада кенгроқ жорий этилаётганини келтириш мумкин. Жумладан, “Миранда қоидаси”га биноан ушланган шахс сукут сақлаш, сўроқ жараёнида адвокати иштирокини талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эгалиги содда тильда шахсга илк сониялардаёқ тушунтирилади(27-модда). Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин (28-модда). Шунингдек, ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга (31-модда) экани белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

 

Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституция ҳаёти фаровон, одамлари рози, қонун устувор жамият қуришга қаратилгани билан эътиборга молик. Шундай экан, ушбу жараёнга бефарқ бўлмаслигимиз, ўз фикримиз, нуқтаи назаримизни ифода этишимиз даркор. Зеро, гап биров эмас, ўз ҳаётимиз, эртамиз ҳақида бораётир.

 

Гулноза НАЖМИДДИНОВА.

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17368
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//