Уришишни ўргатмайдиган корейсча тарбия


Сақлаш
22:09 / 03.04.2023 755 0

Зинадан кўтариларканман, қия очиқ эшикдан қўшнининг товуши эшитилади.

 

«Анави иплос Самарни самокатинг билан ур!»

 

«Эшитдингми, яқин кеса, башарасига сол!»

 

Беш ярим яшар болакай эшик олдида «Хўп» дегандай бош силкитади. Самар дегани ким эди-я, қўшни болаларни бир-бир кўз олдимдан ўтказаман. Э, ҳа, нариги «дом»да турадиган Сурайёни ўғлику! Адашмасам, у ҳам беш ёш эди ёки тўртмикан? Ногаҳон қўшнининг товуши қулоғим остида жаранглайди.

 

“.... самокатинг билан ур!» “.... башарасига сол»…

 

Анча йиллар олдин Сувсоз даҳасида турардик. Қўни-қўшни баримиз ёш жувонлар, ҳаммамизда иккитадан бола, ўйин майдончасига чиқсак, бирпасда ғала-ғовур кўтарилади. Болаларнинг бириси йиғлаган, бириси бошқасини урган, қум сочган. Шу орада қўшни жувон бақира кетди: «Ур, сенам, қараб турма, ур!» Болалар томон қарайман, тўрт яшар ўғлим менга қараб мўлтирайди. Ўзидан бир ёш кичкина бола қўлидаги ўйинчоғи билан урган, шекилли, нима қилишни билмай жим турибди. Қўшни аёл эса ҳамон ўғлимга буюрмоқда: «Ур!» Аслида, у ўз ўғлини уришини сўраяпти. Ўзича адолат қиляпти шу тарзда. 

 

– Болалигидан ўзини ҳимоя қилишга ўргатмасангиз, эртага кўчадан калтак еб келади. Орада менга ҳам насиҳат қилган бўлади:

– Бўшанг бўлмасин, эртага оғзидаги ошини олдириб қўяди.

 

Қўшни жувоннинг айтишича, боғчада болалар бир-бирининг нонини олиб қўяркан. Йўқ жойдан шунчаки уришиб кетишаркан. Каттам шу муҳитда озми кўпми яшади. Аммо мен «Урса қараб турмада, сен ҳам ур», демадим, калтак еб келса, ичим ачиди, бироқ индамадим. Лекин муҳит барибир таъсир қиларкан. Ўғлим аста-секин «кўча» қоидаларни ўзлаштирди, урса жавоб қайтаришни ўрганди. Кейинроқ Кореяга кетдик, ўғлим корейс боғчасига қатнашни бошлади. Бир куни боғчадан олгани борсам, устози дўсти билан уришиб қолганини айтди.

 

– Бу нотўғри эканлигини тушунтирдим, дўстидан узр сўради, – деди боғча опаси жилмайиб. – Сиз ҳам айтинг.

Уйга қайтиш йўлида ўғлимдан сўрадим:

– Сени жазолашгандир.

– Йўқ, деди ўғлим. – Расм чизиб ўтирдим.

 

Ҳайрон қолдим. Айтишича, ёмон иш қилиб қўйган болаларни тарбиячи урушмас экан. Бошқа бир ходим олдига ўтқазиб, қўлига қоғоз-қалам бераркан, бола сурат чизиб ўтираркан. Бироздан сўнг тарбиячи расмда нима чизганини сўраш баҳона, боя нега уришгани ва бу яхши эмаслигини тушунтираркан. Кореяда ҳам гоҳи ўйин майдончага чиқамиз. Болалар тартибли ўйнашади. Бир бировига зарар беришмайди. Бир куни ёнимизга она-бола келишди.

 

– Акадан сўра, дейди қўшни жувон ўғлига:

– Ака, самокатингизни олиб турсам майлими?

Болакай онасининг гапларини қайтаради. Ўғлим беихтиёр самокатини беради. Қўшни болакай бир айланиб келади.

– Акага раҳмат айт: Раҳмат, ака.

Болакай такрорлайди.

 

Кузатиб туриб ҳайратланаман. Кореяда болалар бир-бири билан уришмайди. Бир-бирига озор бермайди. Корейслар болаларини юмшоқ кўнгил, бағрикенг қилиб тарбиялашади.

Менинг эса қулоғим остидан ҳеч кетмай жаранглайди бу гаплар: “...ўзини ҳимоя қилишга ўргатмасангиз, эртага кўчадан калтак еб келади.» “...эртага оғзидаги ошини олдириб қўяди.»

Яширмайман, анча пайт ана шу қўрқув чангалидан чиқолмадим. Бунга яна бир сабаб бор эди. Курсдош дугоналарнинг онлайн даврасида бир кун беихтиёр шу мавзуда сўз очилиб қолди.

 

– Қизим бошида роса қийналди, деди Хитойда бир неча йил яшаб қайтган дугонам. – Ўртоқлари ажратиб қўяркан, сумкасини тепиб, нарсаларини олиб қўйишаркан. Қизим жуда танг аҳволда қолди. Мактабга боргиси келмасди. Биз «бировга озор берма, уришиш яхши эмас», деб тарбиялаганмиз, ҳозир муҳит бошқа экан, одамлар ўзгариб кетибди. «Сени хафа қилдими, жойига ўтқазиб қўй, иккинчи гапиролмайдиган қилиб жон-жойига сол», деб ўргатиш керак экан. Руҳшуносга олиб бордим, у ҳам шунақа маслаҳат берди. Ҳозир қизим ўзини анча тиклаб олган, ўзини хафа қилдириб қўймайди...

 

Бола тарбияси нозик масала. Биргина хато эртага қимматга тушиши мумкин. Мен ҳалиям болаларимни ўша эски усул асосида тарбиялаяпман: «Бировга озор бериш яхши эмас. Ўзингдан кичкинани хафа қилма. Биров билан уришма, талашма. Атрофингдагиларга қўлингдан келганча яхшилик қил. Яхшилик қўлингдан келмаса, ёмонлик қилишдан тийил.»

 

Эҳтимол, хато йўлдадирман. Эртага боши деворга урилса, мендан хафа бўлар. Ҳаёт йўлида қоқилиб-қоқилиб ўз йўлини топиб олар. Бироқ бир нарсадан кўнглим тўқ. Бировга озор бермайди, бунинг ортида эса буюк эзгулик бор. Мен эртамиз эзгуликка тўла бўлишини истайман.

 

Рахшона АҲМEДОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10355
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//