Салмоғи 40 миллиондан ортиқ кишини қамраб олган ўзбек тили борган сари сўзлашувчилари кўпайиб бораётган тиллардан бири сифатида кўрилади. Сўзлашувчиларнинг деярли тўртдан уч қисмини ўз ичига олган она юртимиздан ташқари қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Қозоғистонда бу тилда сўзлашувчи ерли турғунлар 5 миллионга яқин салмоққа эга. Кунгай томондан қўшнимиз Афғонистонда эса 5–6 миллион киши ўзбек тилини ўз она тили деб билиши айтилади. Шунингдек, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой ва бошқа ўлкалардаги ўзбекларнинг сони 1 миллиондан ошади.
Минг йиллар бўйи “турк тили”, “хоқония туркчаси”, “чиғатойча”, “чиғатой туркчаси” деб аталган ушбу тил эгалари ўз тилини “ўзбекча”, “ўзбек тили” деб юрита бошлаганликларига юз йилдан ортиқроқ вақт бўлди.
Хўш, туркий тиллар орасида деярли 70–80 миллион киши томонидан сўзлашиладиган Онадўли туркчасидан кейин иккинчи ўринда турувчи ўзбек тили қайси томонлари билан дунё тилчиларини ўзига тортиб келади. Бу бўйича қизиқишларимиз сўнгида изланувчилар ўзбек тилининг шу каби ўзгачаликларига урғу берганликларини кузатдик:
1) Деярли минг йилдан бери бу тил эгалари узликсиз ўлароқ ёзма адабий тилни ишлатиб келадилар. Бундан саккиз юз йилча бурун ёзилган “Қисса-и Рабғузий” асарини туркий эллар орасида бугунги ўзбек ва уйғур ўқувчиси қийналмасдан тушуниб ўқиши бунинг кичик бир ўрнагидир;
2) Ўзбек тили туркий тилларнинг 3 та йирик тармоғи – қарлуқча (ўзбек, уйғур), қипчоқча (қозоқ, қирғиз, татар, бошқирд, қорақалпоқ, нўғой, қумий, қорачой-болқор) ва ўғузча (Озарбайжон ва Онадўли турклари, туркман, гагауз) лаҳжаларнинг барчасини у ёки бу кўламда ўзида қамраб олган. Улардан биринчиси ўзбекларнинг адабий тилининг негизи – ўзаги ўлароқ юртимиз турғунларининг деярли барчаси томонидан қўлланилганидек, иккинчиси – қипчоқ лаҳжасида сўзлашувчиларнинг салмоғи вилоятларимизнинг бир қанчасида, айниқса, юзлаб қишлоқларида анча юқори экани билинади. Учинчи лаҳжа – ўғузча эса Хоразм юрти (воҳанинг Ўзбекистон ва Туркманистон қисмлари) да ҳамда Бухоронинг Олот ва Қоракўл туманларида кенг қўлланилади;
3) Дунёнинг деярли барча элларида бўлгани каби тилнинг ички ўзгаришларини ўзбек тилида кузатса бўлади. Сўзлашувчиларининг сезиларли бир бўлаги унлилар уйғунлиги (сингармонизм) ни сақлаганига қарамай, фонетикаси анчагина ўзгачаликка эга ўзбек адабий тили шу томони билан бошқа кўплаб туркий тиллардан ажралиб туради. Минг йиллар бўйи ўзга тилларда сўзлашган эл-улуслар билан қўшни ва аралаш яшаш бугунги кун адабий ўзбекчасида ва айрим шаҳар турғунларининг сўзлашув тилида ўзгариш ясаган. Бу эса деярли юз йилдан бери дунё тилчиларининг қизиқишларини ўзига тортиб келади;
4) Араб ва форс тиллари билан қанчалик чуқур алоқага киришмасин, улардан бир неча юзлаб, минглаб сўзлар ўзлаштирмасин, ўзбек тили барибир туркий тиллар орасида эски туркий туб сўзларни яхши сақлаган тил ўлароқ ўз ўрнига эга. Унда қариндош-уруғчилик атамалари, кундалик турмуш ва уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқ, иш қуроллари кабилардан ташқари иш-ҳаракат билан боғлиқ минглаб феълларнинг бугунги кунда ҳам эски туркча кўриниши сақланиб қолган.
Юқорида “қариндош-уруғчилик билан боғлиқ атамаларни ўзбек тили яхши сақлаб қолган” дедик. “Ота-она”, “ака-ука”, “опа-сингил”, “тоға-жиян” каби энг яқин кишиларимиз учун қўлланиладиган, айримларининг негизи Турк хоқонлиги (552–744) чоғига, айримлари эса Қорахонийлар (942–1212) чоғига бориб тақаладиган туб туркий сўзларнинг бугунги туркий тилларда қанчалик сақланиб қолганига кўз югуртирадиган бўлсак, бу борада уларнинг бизнинг тилимиз билан беллаша олмаслигига таниқ – гувоҳ бўламиз. Туркий эллар орасида, масалан, яқин қўшниларимиз – қозоқлар ва туркманларда кўплаб ўзига хос қариндош-уруғчилик атамалари бор, бироқ уларда бу каби сўзлар ўрнини бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар, ё бўлмаса, бундай сўзларнинг эски туркча чоғида – минг йиллар бурун оз қўлланилган турлари ишлатилаётганига кўзимиз тушади. Ўрнак учун: туркманлар “она”ни “эже”, “ота”ни “қақа” десалар, қозоқлар эса улардан бирини кўпинча “апа”, иккинчисини “аке” деб чақирадилар. Онани “анне”, отани “бобо” дейдиган онадўлилик турк қардошларимиз “ака-ука”, “опа-сингил”, “тоға-жиян” сўзларини “ағабей-қардош”, “абла-кичик қиз қардош”, “дойи-йиян” деб бирмунча бошқачароқ кўринишда қўллайдилар. Қозоқ бовурларимиз “жиян” сўзини яхши сақлаб қолган бўлсалар-да, “тоға” ўрнига мўғулчадан ўзлашган “нағаши” сўзини қўллашлари бизни тонг қолдиради. Тўғри, ўзбек тилининг турли шеваларида қариндош-уруғчилик атамаларининг айримлари бирмунча бошқачароқ кўринишда, юқорида қардош эллар ўрнагида келтирилган сўзларга ўхшашроқ кўринишдаги сўзлар ишлатилади.
Қизиғи шундаки, “ота-она”, “ака-ука”, “опа-сингил”, “тоға-жиян” каби эски туркий сўзлар шу ёки шунга яқин кўринишларда биргина биз ўзбекларда эмас, туркий бўлмаган эл-улусларда ҳам бир неча юз йиллардан бери қўлланиб келинади. Қўшни тожикча ва Покистоннинг урду тили бунинг ёрқин ўрнагидир. Бундан беш юз йил бурун Бобурийлар томонидан Ҳинд ўлкасига туркий қўшинлар билан бирга олиб борилган бу сўзлар бугунгача ўша юртларда сақланиб қолиши ўз-ўзидан бўлмаган. Юз йиллар бўйи она юртдан узоқда, бир-бирига ёт кўплаб тилларда сўзлашувчи бир ўртам – муҳитда қолган элдошларимизнинг ўз уруғ-урпоғига мерос қолдирган сўзларидир бу!
Юқорида урғу берилганидек, туркий тиллар орасида ўзбек тили ўзга тиллардан кўплаб сўз ўзлаштирган тилдир. Бироқ бу дегани тилимиз ўзлигини, она сўзларини йўқотди дегани эмас. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, айрим туркий тилларда ўзлигини йўқотиб, бирор ёзма асар тугул, бирор бир эртак ёзишга ёки ўз урпоқларига қўшиқ, ё бўлмаса, чўпчак айтиб беришга ярамай қолган тиллар ҳам учрайди. Нима бўлса-да, ўзбек тилида бошқа тиллардан ўтган деярли ҳар бир сўз ва атаманинг икки-учталаб тенги – муқобили борлиги кишини қувонтиради. Буни Ўрхун-Энасой битиктошларида учрайдиган 1,5 мингта сўздан 80–90% и, “Девону луғатит-т-турк” (Туркий сўзлар девони) даги сўзларнинг эса ундан ҳам кўпроқ улуши унчалик ўзгаришга учрамасдан сақланиб келаётгани кўрсатиб турибди. Қуйида “Девон”дан ўрнаклар келтириб ўтамиз.
Бундан деярли минг йил олдин – XI юзйилликда қоғозга туширилган ва негизи энг эски чоғларга тақалувчи сўзларни ўзида қамраб олган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” (Туркий сўзлар девони) асари бугунги туркий тиллар ўтмишини ёритувчи ўхшаши йўқ ёзма манба ўлароқ изланувчиларни ўзига тортиб келади. Буни кейинги юз йилга яқин вақт кесимида “Девон”нинг немисча, Онадўли туркчаси, ўзбекча, инглизча, уйғурча, форсча, қозоқча, русча, қирғизча, хитойча каби ўнлаб тилларга бирин-кетин ўгирилиб чоп этилиши ҳамда асар билан боғлиқ юзлаб йирик изланишлар, минглаб мақолалар нашр қилинишининг ўзиёқ кўрсатиб турибди. Айниқса, 1950 йиллардан бугунги кунгача “Девон”нинг Онадўли туркчаси [Atalay 1941–1944; Erdi, Yurteser 2005; Ercilasun 2014], ўзбекча [Муталлибов 1960–1963; Болтабоев, Исабеков 2016; Содиқов 2017], русча [Ауэзова 2005; Рустамов 2010] ва бошқа бир неча ўгирмалари кун юзини кўрган бўлиб, уларнинг ҳар бирида эски туркий сўзлар билан боғлиқ юзлаб чигалликларга аниқлик киритилаётгани кўзга ташланади. Қанчалик қийин, қанчалик талатўпли йиллар бўлишига қарамай, 1960-йилларда “Девон”нинг бошқа туркий тиллар орасида биргина ўзбек тилида чоп этилиши ва кўплаб туркологларнинг ана шу ўгирмага таяниб туркий сўзлар бўйича изланишлар олиб борганликларининг ўзиёқ ўзбек тилшунослигининг улкан ютуғига айланди.
Маҳмуд Кошғарий асаридан ўрин олган деярли 8000 мингга яқин туркий сўз бугунги туркий тилларда у ёки бу кўринишда сақланиб қолган бўлиб, уларнинг сезиларли бир бўлаги ўзбек тилида бундан минг йил олдин қандай қўлланилган бўлса, унчалик ўзгармасдан шундайлигича ишлатилиб келинади. Қизиғи шундаки, асарда туркий тилларнинг ўзак адабий тили ўлароқ тилга олинган “Хоқония туркчаси” (Қорахонийларнинг иш юритиш ва ёзишма тили)га тегишли сўзларнинг кўпчилиги бугунги ўзбек ва уйғур тилларида, Кошғарий томонидан “туркларнинг йирик бир тармоғи” деб эслаб ўтилган “ўғуз турклари” билан боғлиқ сўзлар Онадўли туркчаси, озарбайжонча, туркманча, гагаузча ва ўзбек тилининг Хоразм – ўғуз тармоғида кенг кўламда сақланиб қолган кўзга ташланади.
Шунга ўхшаш “Девон”да чигил (қарлуқ, яғмо, арғу), ўғузлар сингари туркийларнинг кўп сонли бир тармоғи ўлароқ эслатилган қипчоқларнинг бугунги издошлари – қозоқ, қирғиз, татар, бошқирд, қорақалпоқ, нўғой, қумиқ, қорачой-болқор, қараим ва қиримчақ тилларидаги сўзларнинг кўпчилиги “Девон”даги сўзлар билан деярли бирдай. Шунингдек, Маҳмуд Кошғарий қоғозга туширган минглаб сўзларга туркий тилларнинг бошқа тармоқлари – олтой, хакас, тува, шор, телеут, саха (ёқут) тилларида дуч келсак, эски туркий сўзларнинг сезиларли бир бўлагини эса Эрондаги халачча, қашқайча, Хитойдаги сариқ уйғурча ва салорча каби туркий тилларда учратамиз.
“Девон”ни ўзбек тилида чоп этган билга олимларимиз ҳар бир сўзга синчковлик билан ёндашганлар ва уларни бор бўйича кўрсатишга тиришганлар. Уларнинг хизматларини қанча улуғласак шунча оз. Айниқса, С. Муталлибовнинг бу эзгу иши бугунгача изланувчиларнинг қўлидан тушмайдиган асарга айланганиданоқ кўриниб турибди. Шу билан бирга, асарнинг илк ўгирмасидан бугунгача ўтган 60 йилдан ортиқ вақт кесимида “Девон”даги сўзларнинг ўқилиши, туб англами ва сақланиш даражаси билан боғлиқ кўплаб изланишлар кун юзини кўрганини, улар орасида туркиялик изланувчиларнинг ишлари тенгсиз эканига урғу берсак-да, ўзбек тилидаги сўзларнинг асардаги сўзлар билан солиштирган ишлар анча озлигидан ўкинамиз.
Яқин йилларда “Девон” устида бирмунча изланишлар олиб бориб, ундаги сўзларнинг бугунги туркий тиллардан қай бирида қай йўсинда сақланиб қолганига тўхталганимизда шунга таниқ бўлдикки, минглаб сўзларнинг биргина ташқи кўриниши эмас, англам (маъно) бўйича ҳам ўзбек тилида анча яхши сақланганига кўзимиз тушди. Қизиғи шундаки, биргина сўзлар эмас, балки эски турк жамиятига хос кўплаб анъаналарнинг қандай бўлса, шундай кўринишда ўзбек жамиятида сақланиб қолгани кўзни қувонтиради. Ўрнак келтирадиган бўлсак, Маҳмуд Кошғарий “исриқ – исириқ; болаларнинг бошларига тошадиган яраларни ёки кўз тегишидан болаларни даволаганда айтиладиган сўз; [исириқни] тутатилади ва боланинг юзига тутунини “исриқ-исриқ” (“э жин, эс-ҳушингни йўқот!” деб тутилади” деб ёзган бўлиб [ДЛТ 1960, 1: 125], қозоқлар “адираспан”, Онадўли турклари эса “юзарлик” деб ишлатадиган “исриқ” сўзи ва у боғлиқ анъаналар бугунги кунда кўпроқ ўзбекларда учрайди. Ўғуз турклари “исриқ” тутатиш билан боғлиқ ирим-сиримларни деярли унутган бўлсалар, ўзбеклар, хоҳ йирик шаҳарларда яшасин, хоҳ чекка қишлоқларда – бу анъанани “Девон”да қандай келтирилган бўлса, шу кўринишда қўллаб келадилар.
Шунга ўхшаш қизиқ бир ўрнак. Маҳмуд Кошғарий “тилку – тулки. Бу сўз билан қиз боладан киноя қилинади. Бирон хотин туққанда доядан “тилкуму туғди азу бўриму – тулки туғдими ёки бўрими” деб сўралади. Яъни, қизми ёки ўғилми демакдир. Қизлар алдоқчи ҳамда ялинчоқ бўлганлари учун тулкига, ўғил болалар ботирликка асосан бўрига ўхшатилади” [ДЛТ 1960, 1: 404]. Бу анъана туркийларнинг кўпчилигида, айниқса, қозоқ, татар, озарбайжон ва Ондадўли туркларида деярли сақланиб қолмаган, бироқ ўзбекларнинг барчаси уй-ичи ва кўча-кўйда бўлсин, туғруқхонадан кўзи ёриган қариндошини кўргани борганда бўлсин, туғруқдан кейин “бўрими, тулки?” деб сўраши одат тусига кирган.
Қуйида “Девону луғати-т-турк”да ўрин олган, бироқ ўзбекча ўгирмаларида унчалик аниқ берилмаган ёки кўздан қочирилган эски туркча сўзларнинг ўзбек тили ва шеваларида қай кўринишда сақланиб қолганига б- ундоши билан бошланувчи айрим сўзлар ўрнагида тўхталиб ўтамиз:
1. “bağram qum – кичик тепалар кўринишида йиғилган қум (қумтепа)” [DLT 2014: 211]. “Девон”нинг ўзбекча ўгирмаларида бу сўз бирикмаси “Эланган қум. Майин қум” дейилади [қар. ДЛТ 1960, I: 447]. Бизнингча, айрим туркий тиллардаги, шу жумладан, ўзбек тилидаги “barxan” сўзи билан эски туркчадаги bağram битта негиздандир. Ўзбек тили изоҳли луғатида “бархан(лар) – саҳро ва чўлларда шамол таъсири (кучи) билан пайдо бўладиган кўчма қумтепалар” деб очиқланади [ЎТИЛ 2006: 172]. Асарнинг туркча ўгирмасида “кичик тепалар кўринишида йиғилган қум” [DLT 2014: 211], қозоқчасида “қум даласи, қум денгизи” деб ўгирилиши билан бирга бу сўз “бархан” маъносида қавс белгиси орасида бериб ўтилади [ДЛТ 1998: 543].
2. “baẓïç – ишком; badïçlïq yïğaç – ишком ёғоч” [ДЛТ 1960, I: 461]; “токларга ишком ва сўри қилиш учун тайёрланган ёғоч” [ДЛТ 2017: 198]. Бизнингча, бу сўз ўзбек шеваларида “väliş (вәлиш) – ишком (токларни кўтариб қўйиш, тараш, ёйиш учун ишлатиладиган сўри)” (Фарғона водийси) ва воҳаларимиз (Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё)да қўлланиладиган шунга ўхшаш väyiş / vayiş сўзлари билан битта негиздан бўлса керак [қар. ЎХШЛ 1971: 60-61]. Эски туркчада сўз боши ва сўз ўртасида d – ẓ - y алмашинуви кўзда тутиладиган бўлса, badïç ˃ vayiş ўзгариши юз берган дея оламиз. “Девон”да бу сўзнинг baẓïç – badïç кўринишларида турлича берилиши ҳам бу қарашимизни кучайтиради. Бу сўзнинг негизида эски туркча ba- “боғламоқ” феъли ётиб [қар. ДТС 1969: 76], ундан baẓïç ясалган деб қарашга ундайди. Шунингдек, уни суғдийча βδ’yẓ “ўрама, ўрамоқ, боғламоқ” сўзи билан солиштирса бўлади [қар. Gharib 1995: 100]. Суғдий тилда сўз бошидаги айрим ундошларнинг кейинчалик бирмунча ўзгаришга учраб, βδ’yẓ сўзи väliş кўринишини олган деб қарашга туртки бўладиган ўрнаклар дуч келамиз: сўз бошида β ˃ v, f, сўз ўртасидаги δ ˃ l. Ўрнак учун: β’zδ’ – Фазли (Қашқадарё вилояти Касби туманидаги қадимий қишлоқ) [Нафасов 2009: 266]. Бизнингча, иккинчи қараш тўғрироққа ўхшайди. Чамаси, туркийлар суғдийча βδ’yẓ сўзини baẓïç кўринишида ўзлаштирган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, бу сўз туркий тилларда шу ёки шунга яқин кўринишда сақланиб қолмаган.
3. “bala – қуш боласи. Шунингдек, йиртқич ва бошқа ҳайвонларнинг боласига нисбатан ҳам истиора равишда қўлланади; ишларда одамга ёрдам берадиган ёрдамчи. Бу сўз кўпинча деҳқончилик ишларида ёрдам беришга қўлланади” [ДЛТ 1963, III: 250-251]. Бу сўзнинг иккинчи маъноси ўзбек тилида “malay – 1. хўжайин ёки бошқа бировнинг хизматларини бажарувчи киши, хизматкор. 2. Бировнинг манфаати учун кўр-кўрона хизмат қилувчи одам” сўзига тўғри келади [қар. ЎТИЛ 2006: 533].
4. “baldïz – хотиннинг синглиси. Эрнинг синглисига baldïz дейилмайди, сингил дейилади” [ДЛТ 1960, I: 426]. “Девон”нинг кўрсаткичида бу сўз “baldïz – хотиннинг синглиси (болдиз)” деб келтирилган [ДЛТ 1967: 54]. Кўплаб ўзбек шеваларида (Тошкент, Жиззах, Хоразм ва б.) “bаldïz – қайнсингил (хотиннинг синглиси)” маъносида учрайди [ЎХШЛ 1971: 335; Тўйчибоев, Қашқирли 2012: 199]. Қозоқча ва бошқа туркий тилларда бу сўз шундай англамда кенг тарқалган бўлса-да, қозоқчанинг айрим шеваларида “балдиз – қайнини, қайнука” кўринишида ҳам ишлатилади.
5. “bat – тез, дарров” [ДЛТ 1960, I: 461]. Бу сўз бошқа туркий тилларга қараганда ўзбек тилида“båt (бот) – орадан кўп вақт ўтмай ёки ўтказмай, тез”, “båt-båt (бот-бот) – дамба-дам, тез-тез, бирин-кетин” кўринишларида яхши сақлангани кўзга ташланади [ЎТИЛ 2006: 327–328]. Шунга қарамай “Девон”нинг ўзбекча ўгирмаларида бунга эътибор берилмаган. Қирғизчада “bat”, уйғурчада “pat – “тез, тез орада, яқин” cўзларидан ташқари [Юдахин 1985: 116; DLT 2014: 140, n. 594], туркий тилларнинг кўпчилигида бу сўз сақланиб қолмаган.
6. “başmaq – тўпиқ” [ДЛТ 1960, I: 433]. “Девон”нинг туркча ўгирмаларида бу сўз “бошмоқ (оёқ кийим)” деб берилган [DLT 2014: 162, 578]. Асар ўзбекча нашрининг кўрсаткичида унинг “başaq” кўринишига шу маънода “бошмоқ” деб очиқлама берилган [ДЛТ 1967: 59]. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “бошмоқ – кигиз этик, пийма; умуман оёқ кийими” деб очиқланган [ЎТИЛ 2006: 342]. Туркий тилларнинг бир нечасида “оёқ кийим тури” маъносида қўлланиладиган [ЭСТЯ 1978: 93-94] бу сўз “Девон”нинг ўзбекча ўгирмаларида “тўпиқ (ўғузча сўз)” деб келтирилган [ДЛТ 1960, I: 433]. Асарнинг кейинги ўгирмаларида ҳам бундай очиқламанинг қайтарилиши [ДЛТ 2017: 185] ўзбек тилида бу сўз сақланмаган деган қарашни келтириб чиқаради. Бундай ёндашувлар айниқса, “Девон”нинг туркча, қозоқча, қирғизча ёйинларида ва асар бўйича олиб борилаётган айрим изланишларда кўзга ташланади [Осоналиева 1972: 97–99; ДЛТ 1998; DLT 2014; ]
Қизиғи шундаки, ўзбек шеваларида “päşmäk (пашмак) – туянинг товони» (Қашқадарё в., Муборак т.) кўринишида учрайди [Нафасов 2011: 225].
7. “bazğan – темирчилар қўллайдиган болға” [DLT 2014: 7, 190]. “Девон”нинг ўзбекча нашрларида бу сўз “ясси бурунли” деб янглиш ўгирилган [ДЛТ 1960, I: 56; DLT 2017: 20]. “Девон”нинг 1940- йиллардаги Б. Аталай ўгирмасида бу сўзнинг “Мерсин (оғочининг) емиши” кўринишидаги очиқламаси инглизча Данкофф-Келли нашрида “smith’s hammer” (темирчилар болғаси) деб тузатилган [DLT 1985b, III: 69; DLT 2014: 190, n. 802]. Шунга қарамай асарнинг қозоқча нашрида “Мерсин оғочининг емиши (меваси)” деб янглиш ўгирилган [қар. ДЛТ 1998, I: 44]. Бу тузатиш асарнинг кейинги туркча “demirci çekiçi” ва русча ўгирмаларида «кузнечный молот” (темирчи болғаси) деб ўгирилгани кўзга ташланади [қар. DLT 2014: 190, n. 802; ДЛТ 2005: 62]..
Ўзбек тилида “båsqån (босқон) – темирчиларнинг катта, оғир болғаси”, “чилангарлар кўрасидаги кўрага ҳаво ҳайдовчи ва кўмирнинг ёнишини кучайтирувчи қурилма” деб очиқланади [ЎТИЛ 2006: 327]. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, туркий тиллар орасида бу сўз кўпроқ ўзбек тилида сақланиб қолган.
8. “bäläk – совға, туҳфа. Сафар қилувчи одам ўз яқинларига олиб борадиган ёки бирор бир ердан бошқа бир ерга келтирилувчи совға” [ДЛТ 1960, I: 366; ]. Бу сўз туркий тилларнинг айримларида учраб, ўзбек тилида сақланиб қолмаган, деб қаралади. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, ўзбек тилида форс ёки араб тилидан кириб келган сўз ўлароқ билинадиган “palak [päläk] – осмон гумбазига ўхшаш доира шаклидаги гул нақшлар билан қопланган, одатда уй деворларига безак учун осиб қўйиладиган каштачилик буюми”нинг [ЎТИЛ 2008: 206] негизи бу сўзга бориб тақалмасмикан деб қарашга ундайди. Чамаси, келинлар янги тушиб борган куёв уйига “совға” ўлароқ “палак” олиб бориши шу англамни ташувчи эски туркча “балак”ка бориб тақалади.
9. “beçkäm – белги, нишон. Ипакли нарса ёки ёввойи сигирнинг думини ботирлар уруш кунларида жанг белгиси тарзида тақиб оладилар. Ўғузлар уни парчам дейдилар” [ДЛТ 1960, I: 446]. Бу сўз туркий тилларнинг кўпчилигида деярли сақланмаган. Афғонистон ўзбеклари шевасида “beçkäm – байроқ” деган маънода ишлатилади.
10. “bez – эт билан тери орасида (маълум сабаб билан) пайдо бўладиган шиш” [ДЛТ 1963, III: 134]. Ўзбек тилида “bez – инсон танасининг яллиғланиши натижасида тери билан эт орасида дўмпайиб чиққан шиш” деган маънода учрайди [қар. ЎТИЛ 2006: 208]. Бошқа туркий тилларда бу сўз деярли сақланиб қолмаган.
11. “bergü / bärgü – қарз” [ДЛТ 1960, I: 403]. Бу сўз ўзбек тилининг Шимолий Хоразм шеваларида “bergü – қарз” [ЎХШЛ 1971: 50], Қарши шевасида “bergülik – ўзга кишига бериладиган нарса, ҳақ” ўрнида ишлатилади [Нафасов 2011: 36].
12. “bertindi – заифланди, бўшашди” [ДЛТ 1963, II: 276]. Бу сўз билан битта негизга эга сўз ўзбек тилининг қарлуқ шевасининг бир неча тармоқларида (Наманган, Фарғона, Олмос, Тошқўрғон, Каркидон) “bertmaq – шикастланмоқ, лат емоқ” кўринишида учрайди [ЎХШЛ 1971: 50]. Онадўли туркчасида “bertilmek” сўзи учраб, у “Девон”даги сўзга яқин келади. Асарни бу тилга ўгирган изланувчилар “bertindi - et darbe vb. şeylerden dolayı bertildi ve onda (elde) zayıflık ve durgunluk belirdi” (эт зарба ва бошқа нарсалар туфайли бертилди ва унда (қўлда) заифлик ва чарчоқ сезилди) кўринишида очиқлаганликлари ҳам буни кўрсатиб турибди [қар. DLT 2014: 302].
13. “bi – бу сўзнинг böy шакли ҳам бор. Бир хил қурт-қўнғиз” [ДЛТ 1963, III: 224]. “Девон”нинг 2017 йилги ўгирмасида “böy – бир турли ўргимчак. Бу сўзнинг bög варианти ҳам бор. Тўғриси шудир” деб очиқланган [ДЛТ 2017: 370]. Ўзбек шеваларида “biy – ўргимчакнинг заҳарли бир тури”, “böy – қорақурт” (заҳарли ўргимчак) кўринишларида учрайдиган [қар. ЎХШЛ 1971: 55; Нафасов 2011: 41] бу сўз “Девон”нинг ўзбекча ўгирмаларида шу кўринишларда ўрин олмаган. Туркий тиллар орасида қирғизча “böy”, “böyön”, “böyü” “böö” сўзлари шу маънода ишлатилади [Юдахин 1985: 150]. Анадўли туркчаси шеваларида “bö”, “böy”, “böye”, “bög” сўзлари “қурт, чаён, илон” ва шунга ўхшаш зарарли яратиқлар учун қўлланилади [Derleme Sözlüğü 1993: 755-756, 773].
14. “bïçğuç – қайчи. Бу билан ҳар нарса кесилади”; “bïçğu - нарсаларни кесувчи асбоб” [ДЛТ 1960, I: 421; ДЛТ 1967: 67]. Бу сўз ўзбек тилида “bïçqï – қўл арра”, “рïçqï – кичик арра” кўринишларида учрайди [ЎХШЛ 1971: 53, 221]. Ушбу сўзлар билан боғлиқ ўлароқ ўзбек шеваларида “biçkiç - бичувчи, кийим бичиш билан шуғулланувчи”, “biçimçi” атамалари келиб чиққан [Нафасов 2011: 45].
15. “biçin – маймун: biçin yïlï – маймун (мучали) йили” [ДЛТ 1960, I: 387]. Ўзбек тилининг Хоразм шевасида “biçin (yïlï) – маймун (мучали) йили” деб юритилади [ЎХШЛ 1971: 180]. Қозоқчада бу сўз “meşin jïlï” ўлароқ қўлланилади.
Тўхтам
Орадан деярли минг йил ўтган бўлишига қарамай, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” асарида учраб, кундалик турмушда кўп қўлланиладиган кўплаб сўзларнинг ўзбек тилида деярли қандай бўлса, шундай кўринишда сақланиб қолгани олқишларга арзигулик. Тўғри, айрим сўзлар бугун кундалик турмушда қўлланилмаслиги ёки уларнинг ўрнида ёт сўзларнинг ишлатилаётгани ҳоллари кўп. Шунга қарамай “Девон”да келтирилган бир неча минглаб сўзлар бугунгача етиб келгангани туркий тилларнинг, айниқса, ўзбек тилининг қанчалик кучга, теран илдизга эга тил эканини кўрсатади. Минг йиллардан бери турли тилларда сўзлашувчи эл-улуслар билан қўшни ёки аралаш яшаб, уларнинг тилларидан кўплаб сўзлар ўзлаштирганига қарамай ўзбек тилининг “Девон”даги сўзларни энг кўп сақлаган туркий тиллардан бири ўлароқ билиниши ўз-ўзидан бўлмай, бу тутум минг йиллар кесимида элимиздан Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий, Заҳирриддин Муҳаммад Бобур, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари тил жонкуярлари чиққанлиги ва чиқаётганлиги билан очиқланади.
Ғайбулла БОБОЁР,
тарих фанлари доктори, профессор
Қўлланилган адабиётлар:
1. ДЛТ 1960, I – Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов. 1- том. – Тошкент: Фан, 1960.
2. ДЛТ 1963, II – Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов. 2- том. – Тошкент: Фан, 1963.
3. ДЛТ 1963, III – Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону луғотит турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов.
4. ДЛТ 1967 – Девону луғотит турк. Индекс-луғат. Ғ. Абдураҳмонов ва С. Муталлибовлар иштироки ва таҳрири остида. – Тошкент: Фан, 1967.
5. ДЛТ 2005 – Кашгари, М. Дивану лугат ат-тюрк [Текст] / М. Кашгари; пер., предисл. З.- А. М. Ауэзовой. – Алматы: Дайк-Пресс, 2005.
6. ДЛТ 2010 – Махмуд ал-Кашгари. Диван лугат ат-турк (Свод тюркских слов). В 3-х томах. Т. 1. Пер. с араб. А.Р. Рустамова под ред. И. В. Кормушина [Текст] / Махмуд ал-Кашгари. – М., 2010.
7. ДЛТ 2016 – Кошғарий, Маҳмуд. Девону-луғати-т-турк (Туркий сўзлар девони) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталлибов. Нашрга тайёрл. Ҳ. Болтабоев, Б. Исабеков. Масъул муҳаррир.: Ҳ. Дадабоев. – Тошкент, MUMTOZ SO‘Z, 2016.
8. ДЛТ 2017 – Кошғарий, Маҳмуд. Девону-луғати-т-турк (Туркий сўзлар девони) / Нашрга тайёрловчи Қ. Содиқов. – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2017.
9. Жўраев 1969 – Жўраев Б. Юқори Қашқадарё ўзбек шевалари. – Тошкент: Фан, 1969.
10. Киргизско-русский словарь. Составитель К.К. Юдахин. Книга 1. А – К. – Фрузе, 1985.
11. Марқаев 2021 – Марқаев К. Ўзбек этнонимлари. – Қарши: Intellekt, 2021.
12. Нафасов 2009 – Нафасов Т. Қашқадарё қишлоқномаси. – Тошкент: Муҳаррир, 2009.
13. Нафасов 2011 – Нафасов Т. Қашқадарё ўзбек халқ сўзлари луғати. – Тошкент: Муҳаррир, 2011.
14. Нематов, Расулов – Нематов Ҳ., Расулов Р. Ўзбек тили систем лексикологияси асослари (Олий ўқув юрти талабалари учун қўлланма). – Тошкент: Ўқитувчи, 1995.
15. Ойноткинова, Миндибекова, Юша 2018 – Ойноткинова Н. Р., Миндибекова В. В., Юша Ж. М. Миф и ритуал тюркских народов Южной Сибири (алтайцев, хакасов, тувинцев). – Астана: Ғылым баспасы, 2018.
16. Осмоналиева Б. Об отражении лексики киргизского языка в словаре Махмуда Кашгари «Дивану лугат-ит-тюрк» // Советская тюркология,1, 1972. – С. 97-99.
17. Тўйчибоев, Қашқирли 2012 – Тўйчибоев Б. Қашқирли Қ. Зоминнинг тил қомуси. - Тошент: Akademnashr. 2012.
18. Тұрсынова, Бидола 2016 – Тұрсынова М.А. Бидола П. Түркі тілдері лексикасын салыстыра зерттеу тәжірибесінен // Ұлы Дала» I-ші гуманитарлық ғылыми форумының материалдары – Материалы I форума гуманитарных наук «Великая Степь». – Астана: Международная Тюркская Академия, 2016. – Б. 319-327.
19. Қазақша – орысша сөздiк / https: // sozdik.kz.
20. Қалиев 2014 – Қалиев Б. Қазақ тілінің түсіндірме сөздігі. – Алматы, 2014.
21. Ўзбек диалектологиясидан материаллар. В. В. Решетов таҳрири остида. – Т., 1961.
22. ЎТИЛ 2008 – Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. Шукрона – Ҳ. А. Мадвалиев таҳрири остида. Тошкент, 2008.
23. ЎХШЛ 1971 – Ўзбек халқ шевалари луғати. Масъул муҳаррир Ш.Ш. Шоабдураҳмонов. Тошкент: Фан, 1971.
24. ЭСТЯ 1978 – Этимологический словарь тюркских языков: Общетюркские и межтюркские основы на букву 'Б' / Сост. Э.В. Севортян. – Москва: Наука, 1978.
25. Tog‘ayev 2019 – Tog‘ayev T. Turkiy yozma yodgorliklar tilidagi so‘zlarning o‘zbek shevalarida qo‘llanishi // Oltin bitiglar – Golden scripts, 2019/3. – Toshkent, 2019. – B. 107-127.
26. Arıkoğlu 2005 – Arıkoğlu E. Örnekli Hakasça – Türkçe Sözlük. – Ankara, 2005.
27. Derleme Sözlüğü 1993 – Türkiye’de Halk Ağzından Derleme Sözlüğü. II B. 2. Baskı. – Ankara: AÜ Basımevi, 1993.
28. DLT 1941 – Divanü Lugat-it-Türk Tercümesi. Çev. B. Atalay. Cilt III. – Ankara, 1941.
29. DLT 1941, facsimile – Besim Atalay. Divanü Lugat-it-Türk Tıpkıbasımı “Faksimile”. – Ankara, 1941.
30. DLT 1943 – Divanü Lugat-it-Türk Tercümesi. Çev. B. Atalay. Cilt IV. – Ankara, 1943.
31. DLT 1985a – Divanü Lūgat-it Türk Tercümesi. Çev. B. Atalay. Cilt I-IV. TDK yayınları: 521–524. – Ankara, 1985.
32. DLT 1990 – Divanü Lugat-it-Türk. (Tıpkıbasım). Kültür Bakanhğı Yayınlan, Ankara, 1990.
33. DLT 2005 – Kaşgarlı Mahmud. Divänü Lugati't-Türk. Çeviri, Uyarlama, Düzenleme Seçkin Erdi, Serap Tugba Yurteser. İstanbul: Kabalcı Yayınevi, 2005.
34. DLT 2006 – Mahmud Kaşğari. Divanü lüğat-it-türk. I cild. Tərcümə edən və nəşrə hazırlayan: R. Əskər. – Bakı: Ozan, 2006.
35. DLT 2006 – Mahmud Kaşğari. Divanü lüğat-it-türk. II cild. Tərcümə edən və nəşrə hazırlayan: R. Əskər. – Bakı: Ozan, 2006.
36. DLT 2006 – Mahmud Kaşğari. Divanü lüğat-it-türk. III cild. Tərcümə edən və nəşrə hazırlayan: R. Əskər. – Bakı: Ozan, 2006.
37. DLT 2014 – Kaşgarlı Mahmud. Divänü Lugati't-Türk. Hazırlayanlar: Ahmet B. Ercilasun Ziyat Akkoyunlu. – Ankara, TDK, 2014.
38. Kırım Tatar Sözlüğü 2017 – Polatlı Kırım Tatar Türkçesi Sözlüğü. Hazırlayanlar D. Evirgen, C. Evirgen. – Ankara, 2017.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ