Жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бўлган Бухоро, ўзининг тарихий обидаларидан ташқари ҳунарманд аҳолиси билан ҳам ажралиб туради. Шаҳарнинг «Эски шаҳар» ҳудудидан жой олган қатор дўконларда маҳаллий аҳоли ҳунармандчилик фаолиятини олиб бориш билан бир қаторда, ўзлари ясаган меҳнат маҳсулларининг савдоси билан ҳам шуғулланади. Дўконлар кўп, лекин ҳеч қайси маҳсулот бир-бирини такрорламайди.
Хусусан, Бухоронинг марказий Лаби-ҳовуз майдонида, Хўжа Насриддин афанди ҳайкали яқинида ҳам ажойиб бир манзил бор экан. Унинг яратилиш тарихи сизга ҳам қизиқ бўлса, ажабмас. Бу масканда қўлда ҳаракатга келтириш мумкин бўлган қўғирчоқлар – марионеткалар ясаб, сотилади. Улар оддий қўғирчоқ эмас, Бухоронинг тарихий шахслари, анъанавий шарқ эртаклари ва халқ қаҳрамонларини ўзида акс эттирган, кўпинча хориждан келган меҳмонларга тасодифан ўхшаш бўладиган қўғирчоқлардир.
Филологликдан қўғирчоқ устасигача
Мутахассислиги филолог бўлган Искандар Ҳакимов 25 йил муддат туризм соҳасида фаолият юритиб, кейинчалик, Ўзбекистонда дастлабки хусусий қўғирчоқ театрларидан бирини ташкил этган. Умри давомида касбини бир неча бор ўзгартирган устанинг қўғирчоқлар яратиш билан шуғулланаётганига эса яқинда 30 йил тўлади. Искандар Ҳакимов миллий қўғирчоқлар устаси ва Бухоро сувенир қўғирчоқларининг асосчиси саналади. Бундан ташқари, биз ушбу мақолада тилга оладиган «Ўзбекистон қўғирчоқ театрининг тарихи» номли экспозицияни ҳам ташкил этган.
Қўғирчоқ устаси экскурсоводлик фаолияти даврида кўплаб туристлар билан ишлаб шуни англаганки, меҳмонларга нафақат тарихий обидалар-у, юз йиллик тарих ҳақида гапирувчи рақамлар, балки, Бухоронинг миллий маросимлари ва урф-одатлари ҳақидаги маълумотлар ҳам қизиқ.
Эски шаҳар ҳудудидаги чойхона олдидан ўтган туристлар эса у ерда тайёрланаётган миллий таомлар ҳидидан «маст» бўлган. Туристлар чойхонада анъанавий ош ва бир пиёла кўк чой устида турли маросим ва бизнинг миллий одатларимиз ҳақидаги ҳикояларни мириқиб тинглагач, кўпинча миллий тўйлар ҳақида саволлар берган. Шундан кейин Искандар ака «Бухороча тўй» этнографик театрини саҳналаштириш учун материаллар йиға бошлаган.
Ғоянинг амалиётга татбиқ қилинишида эса унга дўсти Илҳом Раҳмонов ёрдам беради. Театр учун сценарий Искандар Ҳакимов томонидан ёзилса, қолган ташкилий ишларни дўсти амалга оширади. Улар биргаликда бир нечта этнографик театрларни саҳналаштиришга муваффақ бўлсалар-да, изчиллик бўлмагани учун, театр тарғиботи бироз оқсайди. Қолаверса, 25 тадан кўп иштирокчини ўз ичига олган гуруҳ йиғиш ҳам мураккаблик келтириб чиқарган. Шундан кейин улар ижодий жамоа билан хайрлашиб, тўй-маросимларнинг оғзаки ҳикоясига қайтишга мажбур бўлади.
Ўзбекистондаги биринчи хусусий қўғирчоқ театри
Театр намойишини камроқ артистлар иштироки билан ўтказиш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб юрган Искандар Ҳакимовда қўғирчоқ театри ташкил қилиш ғояси пайдо бўлади. Бироқ, авваллари қўғирчоқлар билан ҳеч ишламаган одам сифатида мақсадни реалликка кўчириш бироз ўйлантириб қўяди. Унга Бухоро Қўғирчоқ театрининг бош рассоми Эркин Жўраев ҳақида айтишади. Рассом Эркин Жўраев, Искандар аканинг ғояларини қўллаб-қувватлайди ва ишга театр бош режиссёри Бўрон Акобировни ҳам жалб этади. Шу тариқа, Бухородаги илк хусусий қўғирчоқ театрининг асоси шаклланади.
Қўғирчоқ театрлари тугатилгач, кўпинча хорижлик меҳмонлар артист ва қўғирчоқлар билан яқиндан танишиш мақсадида, саҳна орти ижодкорларига юзланган. Унда турли саволлар ичида доимий такрорланадигани — «Бу каби қўғирчоқларни қаердан сотиб олиш мумкин?» деган сўроқ бўлган. У вақтда шаҳарда марионеткалар савдоси бўлмаган. Искандар эса бир неча бор театрдаги ҳамкасбларига анъанавий қўғирчоқлар тайёрлаш таклифини беради.
Театрнинг ажралмас қўғирчоқ-қаҳрамони ва унинг ҳаётдаги прототипи
Бир куни Искандар аканинг қўғирчоқ ясаш фаолиятини йўлга қўйишига сабаб бўлган воқеа юз беради:
Санъатшуносни зудлик билан ишга чақиришади. Бунга сабаб эса театр якунига етгач, япониялик меҳмон бир қўғирчоқни қўлига олиб, қайтармасликка қарор қилади. Унга кўра, саҳнада роль ижро этган қўғирчоқ япониялик томошабинга жуда ўхшаш бўлади. Бир гуруҳ одамлар орасига етиб келган Искандар Ҳакимов қўғирчоқни маҳкам қучоқлаб олган, бутун вужуди билан уни қайтармасликка ҳаракат қилаётган қизни кўради. Искандар таржимонлар орқали қизга қўғирчоқни қайтариши зарурлиги, у қаҳрамонсиз театр ўтказиш қийин бўлишини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Бироқ, уринишлар самарасиз кечади. Япон қиз бошини кўтарганида эса улар бир-бирига қанчалик ўхшаш эканига Ҳакимовнинг ўзи ҳам тан беради ва қўғирчоқни қайтариб олиш имконсиз эканини тушунади. Шундан кейин у ҳамкасбларига ушбу қўғирчоқни қизга сотиб, театр учун янгисини ясаш таклифини беради. Ва айнан ўша кеча Искандар Ҳакимов янги касб эгаллашга қарор қилади.
Қўғирчоқларни ясаш босқичлари ва зарур хомашёлар
Тайёр қўғирчоқларга бир қарашда унинг ясалиши ҳам оддий туюлади. Бироқ, қўғирчоқ усталари ўзида рассом, ҳайкалтарош ва дизайнерлик кўникмаларини умумлаштирган бўлиши зарур.
Қўғирчоқларни ясаш жараёнида ҳайкалтарошлик учун махсус пластилин, қоғоз, ун, қум қоғоз, сув-эмульсионли ва ёғли бўёқлар, гуашь, бўяш ва чизиш учун чўткалар, картон, ёғоч, турли ипак, велюр ҳамда пахта матолар, хомсурп ва бошқалар зарур бўлади.
Аввалига, эскиз чизилиб, махсус пластилин ва лой билан қўғирчоқларнинг бош қисми ясалади ва гипс ёрдамида икки қисмли шакл қуйилади. Шундан сўнг, клейстер (ун ва сув билан тайёрланган клей) ёрдамида майда қоғоз бўлаклари форма устидан 10-12 қаватгача ёпиштириб чиқилади.
Кейинги кун аввалдан тайёрланган қўғирчоқ қисмини қолипдан ажратилиб, ортиқча қисимлари кесилади ва қум қоғозда силлиқланади. Сўнг, 2 қатлам қоғоз ёпиштирилиб, қайта силлиқлангач, махсус бўёқ билан қопланиб, яна силлиқланади.
Бундан кейин эса 5-7 кунгача вақт талаб этадиган жараён бошланади.
Жараён узоқ, бироқ уларга сарфланадиган аниқ муддатни айтиш мураккаб, сабаби, юқорида айтилган қуритиш ва бошқа кутиш талаб этиладиган вақтларда бошқа қўғирчоқлар устида ишланади. Яъни, бир вақтни ўзида бир нечта қўғирчоқ устида ишланади. Умумий қилиб, бир ойдан 3 ойгача муддат талаб этилади дейиш мумкин.
Ясаш жараёни туюлгани каби осон бўлмагани, сарфланадиган хомашёлар ҳам кўп бўлгани сабабли ва асосийси, меҳнат, талант ва анчагина вақт талаб этилгани боис қўғирчоқларнинг нархи етарлича қиммат.
Қўғирчоқларнинг хориждаги «чиқишлари»
Устахонада «дунёга келган» қўғирчоқлар ўша хонадагина қолиб кетмай, у ерга келган хорижий меҳмонлар томонидан сотиб олинади. Баъзан 2 та, 4-5 талаб харид қилинса, баъзи туристлар тўлиқ коллекцияни ватанига олиб кетишга қарор қилади.
Бундан ташқари, Искандар Ҳакимов ва унинг шогирдлари томонидан яратилган қўғирчоқлар коллекцияси бир неча давлатни, Европа мамлакатларини «кўришга» ҳам улгурган. Улар турли мамлакатлардаги кўргазмаларда муваффақиятли иштирок этган. Баъзилари эса хориждаги музейлардан ҳам ўрин олган.
Шу тариқа, ўзбек қаҳрамонлари, ҳунармандчилиги ва халқ эртаклари дунё миқёсида эътиборга тушиб, оммалашишига ушбу қўғирчоқлар, аниқроқ айтадиган бўлсак, уларни «дунёга келтирган» Искандар, Зокир усталар ва уларнинг шогирдлари сабаб бўлиб келмоқда.
Аввалига, Искандар уста фақат халқ қаҳрамонлари ва эртаклари асосида қўғирчоқлар яратган бўла, кейинчалик шогирди Зокир устага ўзи истаган қўғирчоқларни ясаб, уларга ном бериш имконини беради. Энди қўғирчоқлар қаторидан Хўжа Насриддиннинг турли даврлардаги кўриниши, Али бобо, совет ва армян театри актери Фрузик Мкртчян, россиялик телебошловчи Леонид Якубович, физик Алберт Эйнштейн, «Хўжа Насриддин Бухорода» фильмидаги астролог Гусейн Гуслиялар ҳам ўрин олган.
Энг қизиғи, ҳали-ҳануз тахминий ясалган қўғирчоқлар, музейга ташриф буюрган туристларга кутилмаганда ўхшаш бўлиб чиқади. Уста эса уларни суратга олиб, қўғирчоқ олдига жойлаб қўяди. Бундан ташқари, махсус колонкада миллий мусиқаларни қўйиб, қўғирчоқ ижросини ҳам амалга оширадилар. Бу жараён, табиийки, бошқа турист ва маҳаллий ташриф буюрувчиларнинг ҳам диққатини тортмай қолмайди.
Матн ва фото Муқаддас Мусаева.
Oyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ