«Openbudjet»га овоз йиғувчилар кола, ёғ ва пулларни қаердан оляпти?


Сақлаш
18:09 / 29.03.2023 950 0

«Openbudget» ва унга овоз йиғиш жараёни айни кунларнинг асосий мавзуси бўлиб турибди. Одамлар маҳалласи / мактаби учун овоз йиғишда ҳар хил йўллардан фойдаланмоқда. Кимдир 2 та овоз учун 1 та пепси / кола таклиф қилаётган бўлса, бошқалари пайпоқ ва шунга ўхшаш кичик буюмлар билан ўзига жалб қилмоқчи бўляпти. Эҳтимол, Рамазон ойи бўлгани учундир овоз йиғаётганлар орасида ичимлик ўрнига нақд пул бериш ёки «пайнет»ни самаралироқ деб билаётганлар ҳам етарлича топилади. Дилни хира қиладигани, аксарият ҳудудлардаги мактабларда ўқитувчилар ҳам овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар янгради («скриншот»лар бунга далил); ҳатто Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг шахсан ўзи муносабат билдириб, муаллимларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўйилмаслигини эслатди. Овоз бериш жараёнлари 6 апрелга қадар давом этишини инобатга олиб, хулоса қилинса, «Openbudget» яна камида бир ҳафтача тренддан тушмайди.

 

Маълумот кўра, 1,5 трлн сўм ажратилган ва тасдиқланган 33 мингдан зиёд ташаббус учун 12 млн.дан ортиқ овоз тўплаб бўлинди. Бу мутлақо рекорд. Аввалги мавсумда жами 7,8 млн овоз тўпланган эди.

 

Жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатова Twitter саҳифасида ўринли бир саволни ўртага ташлади. Блогер шундай деб ёзади: «Openbudjet»га овоз йиғувчиларга, тарқатилаётган кола, ёғ ва ҳоказоларга ким пул беряпти, молиялаштирувчилари ким? Ижтимоий фаол фуқароларми? Шунақа фуқаролардан нега бирортасини танимаймиз?» Қуйида ушбу саволга берилган эътиборга молик жавоблар тақдим этилади.

 

Отабек Ортиқов: «Бир таниш ўқитувчим ойлигидан 2 млн сўм берибди».

 

Хушнуд Набиев: «Маҳаллада ўзига тўқ одамлардан пул йиғишиб олишяпти экан».

 

Шоҳжаҳон: «Синфдошимни маҳалласидаги эркаклар ҳар куни гузарда йиғилиб режа қилишади. Ҳозиргача 60 млн.дан кўп «расход» қилишибди. 800 млн.лик асфальтни ютиш учун. Маҳаллани ёши улуғлари, биздан шу қолади деб чекинишмаяпти экан».

 

Шуҳрат Шокиржонов: «Шу мавзуда мақола ёздим. Қурувчилар экан. Одамлар молиялаштиришга пул у ёқда турсин, текин СМСниям бермади отамнинг маҳалласида».

 

Шокиржоновнинг Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида «Ташаббусли буджет»даги қинғирликлар ҳақида сўз боради. Хусусан, унда кўчаларда кола, «пайнет» олдида пул тарқатувчилар маҳалла ё мактабнинг эмас, лойиҳани ютишдан манфаатдор қурувчининг одамлари эканлиги айтилган.

 

Жаҳонгир: «Акамнинг курсдоши Чироқчидан. Россияда юрган ёки амали бор одамлар билан боғланиб, ўзларига пул ташлаттиришар экан. Одам ёллаб, бирини Сурхондарёга, бошқасини Тошкентга жўнатишар экан. У бориб, овоз тўпларкан. Кўча, масжид, сув, мактаблар битибди».

 

Қаҳрамон Асланов: «Қисмини фаол бойлар беради, қисмини йиғишади ҳаммадан, бермаса ҳам бўлади».

 

 

Аброр: «Бизда халқ ўзи йиғяпти. Ҳозиргача 30 млн сўмга яқин йиғиб қўйишди».

 

Диёр Баҳромов: «Мен танишим билан гаплашиб, 3 млн.га симкарта олиб бердим маҳалламга. Шу билан жами олган симкарталаримизга 12 млн пул кетди».

 

Исмоил Юсуф: «Бугун бир дўстимдан сўрасам, асфальт учун овоз йиғишга қишлоқдагилар 1 млн.дан ташладик деди, шу пулга кола ва пепси олишаркан».

 

Суҳроб: «Openbudjet илк пайдо бўлган пайтларда, бир қишлоқнинг 9-10 млн.ча бюджетчаси бўлган. Қишлоқ фаоллари маслаҳатлашиб, бу пулга симкарта сотиб олишган. Натижа кутилганидек бўлган, кўчалар сифатсиз бўлсада астфалтланган».

 

Зафар Тўрақулов: «Халқ ва тадбиркорлар. Биз икки марта 4000 овоз билан ютганмиз. Харажатимиз фақат машинага бензин / газ, 2 та операторга сарфланган (2-3 млн). Ёшлар бирикиб бирдамликда ишлаб, 3,5 км асфальт бўлди. Унгача фаоллар Ленин давридан буён асфальт учун катталар олдида қатнаб ҳеч нарсага эришишмаган.

 

Энди эса ишга пул аралашди. Ҳар доимгидек 3000 овоз билан юта оламизми ёки йўқ – номаълум. Биз борича ҳаракат қилайлик-чи. Миллионлаб харажатлар қилинмаяпти-ку? Ўхшамаса, ҳам ачинмаймиз. Асосий даъвомиз битди».

 

 

Наврўзбек Эргашев: «Ҳамма ўзининг ойлигидан молиялаштиради. Ҳеч ким пул ажратмаган, на мактаб ва на касалхона, ҳеч қайда пул ажратилмади. Ўқитувчи, ҳамшираларнинг бўйнига юкланган, топиб келасан деб».

 

Элмурод Эрматов: «Шогирдим чет элда, маҳалласи openbudjetʼда ютиши учун 10 минг доллар берди. Яна беш минг бермоқчи. Ёнимдаги Қорақалпоқ маҳалласида Россияда ишлаб юрган йигитлар 15 минг жўнатишди. Халқ пул йиғди. Андижонда қурувчи пул берганини эшитмадик».

 

Инобат Аҳатова: «Бизни қишлоқда кўчамиздаги тадбиркорлар молиялаштиряпти, овоз йиғишни ташкиллаштираётган ёшларнинг контрактини ҳам тўлаб беришади ҳар йили».

 

Муштарий: «Маҳалла аҳолисидан йиғилган пуллар экан. Магазинларга эълон, ҳатто жойларга эҳсон қутилари ўрнатишибди. Ажойиб».

 

Бахтиёр Мирзо: «Ижтимоий фаол фуқаролар эмас. Ўша буюртмани ютиб олмоқчи бўлган қурувчилар. Улар молини сотиб бўлсаям «ҳомийлик» қилишади. Пулларини эса «сифат» билан чиқариб олишади. Бу аксиома».

 

Улуғбек Назиров: «Тадбиркорлар, қурилиш ташкилотлари. Фуқаролар бир тийин ҳам бермайди. Чунки уларда ишонч йўқ бюджетга».

 

Мирзаолим: «Кеча «Тинчлик» метродаги овоз йиғаётган йигитлардан шу ҳақда сўрагандим. Косон туманида йўл қурилиши учун ҳаракат қилишаётган экан. 30 ёшлар атрофидаги йигит ўзим бошладим, деди. Маҳалладаги аҳоли, қишлоқдошлар пул беришган экан».

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10788
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//