Янгиланаётган Конституция Ўзбекистон Қаҳрамонлари нигоҳида


Сақлаш
18:03 / 28.03.2023 879 0

Айни пайтда халқимиз орасида Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар кенг муҳокама қилинмоқда. Oyina.uz мухбири турли соҳаларда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Қаҳрамонларининг мавзу юзасидан фикрлари билан қизиқди.

 

Муножат ЙЎЛЧИЕВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон давлат консерваторияси кафедра мудири:

 

 

Янги таҳрирдаги Конституция узоқ муҳокамалардан ўтиб, кўплаб қўшимчалар билан бойитилганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Бу, албатта, унинг ҳар бир моддаси устида жиддий ишланганидан далолат беради. Бош қомусимизнинг XIV бобидаги айрим ўзгаришлар хусусида мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Аввалги Конституцияда ушбу боб “Оила” деб аталган бўлса, янги таҳририда янада аниқ ва батафсил қилиб, “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланди. Демак, оила эр-хотиндан ташқари фарзандлардан ҳам иборат эканига алоҳида урғу бериляпти. 76-моддада “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади”, деган нормалар акс этган. Ҳақиқатан ҳам,  ўзбек халқида оила неъмати доимо азиз тутилган, қўйди-чиқдилар ва ажримлар жиддий қораланган, эр-хотин ажрашса Аршнинг курсиси зир титрайди, дейишган. Оила тушунчаси бундан кейин ҳам бизда муқаддас бўлиб қолишига ишончим комил.

 

Инсон манфаатларидан келиб чиқиб, давлатимиз кейинги йилларда оилалар фаровонлиги ва мустаҳкамлигига эътиборни янада кучайтирмоқда. Айниқса,  имтиёзли кредит асосида уйлар берилаётгани ёки субсидиялар ажратилаётгани ёш оилалар учун катта кўмак бўляпти. Янги Конституциямизнинг ҳар бир моддасида халқимизга маъқул ва манзур  шу каби жиҳатларнинг кўплиги кишини хурсанд қилади.

 

Анорбой  ЭШМАТОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Жиззах вилояти фермерлар уюшмаси раиси:

 

 

Мамлакатимизда шу йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган референдум ҳар биримизнинг эртанги тақдиримизни белгилайди. Конституциянинг илгариги матни юристлар ва олимлар томонидан ёзилган бўлса, ушбу янги вариантини халқимиз ёзди, дея баралла айта оламан. Чунки кенг омма муҳокамасидан ўтди, аҳолининг фикр-мулоҳазалари ҳисобга олинди. Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Бош қомусимиз моддаларини солиштирганда 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпайганини кўрамиз. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Асосий қонунимиз қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 модданинг 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда.

 

Мамлакатимизда, юртдошларимиз онгида кейинги йилларда катта ўзгаришлар юз берди. Биз уларни бир қишлоқ, керак бўлса, ҳар бир фуқаро ҳаётида ҳам кўриб турибмиз. Бу эса ўз-ўзидан Конституциямиз мазмун-мундарижасини ҳам янгилашни тақозо этади. Шу маънода мазкур ислоҳот элимиз фаровонлиги ва юртимиз ривожи учун ниҳоятда зарур эди, десам адашмайман.

 

Муҳаббат ШАРОПОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати ўқитувчиси:

 

 

Самарқанд давлат университетини тугаллаб, ўзим ўқиган мактабда иш бошлаганимга эллик икки йил бўлибди. Очиғи, ўтган йиллар давомида устоз сифатида ҳаётимда, фаолиятимда яхши кунларни ҳам, ёмон кунларни ҳам кўрдим. Бир вақтлар пахта териш, чорвага пичан тўплаш, янтоқ чопиш каби ҳашарларга асосан ўқитувчилар жалб этиларди. Электр, газ ва коммунал тўловларни ундириш учун уйма-уй юрган пайтларимиз бўлган. Ойлик маошнинг камлиги, ўқитувчининг жамиятдаги обрў-эътибори ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

 

Шу ўринда Конституциянинг янги лойиҳасидаги 52-модда ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Ушбу моддага кўра, бундан буён Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнатига жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида қаралади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

 

Энди қолгани фақат ўзимизга боғлиқ. Ҳеч ким ўқитувчини далага ёки кўча супуришга мажбурлай олмайди. Унинг асосий иши илмини, тажрибасини, касбий маҳоратини ошириб, болаларга етарли даражада билим беришдан иборат бўлди. Муаллим ўз вазифасини кўнгилдагидек уддаласа, мактабларимизда, таълим тизимимиз ва ўз-ўзидан келажагимизда жиддий, ижобий ўзгаришлар бўлишига шубҳа йўқ. Бу борада эса бизга янгиланаётган Конститутциямиз мустаҳкам қалқон бўлишига ишонаман.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси