Оила – инсоният яратилгандан бошлаб давом этиб келаётган башарият тарихининг ҳамма даврларида ҳам жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган. Ҳар бир жамиятнинг тараққиёти ва ўрнатилган тартиб-интизоми ундаги оилаларнинг мустаҳкамлигига ва фаровонлигига боғлиқ. Фарзанд оилада туғилади, камол топади.
Жаҳон тарихида ҳар бир мамлакатда ўз халқининг миллатга айланишида, давлат бўлиб шаклланишида ва юксак тараққиёт йўлига чиқишида Йўлбршчи деган шарафли номга эга, тарихда ўчмас из қолдирган буюк шахсларнинг хизмати катта бўлган.
Ҳар қандай тузум мамлакат раҳбарининг шахси, унинг феъл-атвори, хатти-ҳаракати, ўзига хос фикрлаш тарзи, дунёқарашига қараб шаклланади. Баъзан эса раҳбарнинг феъл-атворига, маънавий, сиёсий иродасига ва қобилияти сабаб кутилмаган жараёнлар бошланадики, у жаҳон тараққиёти ва инсоният тақдирини тубдан ўзгартириб юборади ва тарих саҳифаларида абадий қолади. Тарихда шундай қонуният мавжуд: ҳар бир Буюк Йўлбошчини маълум даврда тарихнинг ўзи тарбиялайли ва у миллат, халқ ва Ватанга раҳномалик қилади.
Француз файласуфи Анри Пуанкаре (1854–1919) миллат йўлбошчиларига шундай таъриф берган: “Буюк одамларнинг дунёга келиши – Буюк тасодифдир”. Буюк сиймолар тарих синовларига бардош бериб, тарихда ўз қадр-қимматларини топишган ва инсоният учун доимо ибрат намунаси бўлиб қолмоқда. Турон заминидан етишиб чиқиб, миллий давлатчиликни равнақ топтирган буюк сиймо, миллатимиз тимсоли Амир Темур ана шундай машҳур, буюк зот ҳисобланади. Ҳанузгача жаҳонга ўз таъсирини кўрсатаётган Марказий Осиё цивилизацияси асосчиси, Турон давлатининг султони Амир Темур (1336–1405) дунё тарихида одил ҳукмдор, моҳир давлат арбоби, музаффар саркарда, бемисл дипломат, олижаноб инсон, меҳрибон оила бошлиғи, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида XIV асрнинг охирги чораги XV аср бошларида Шарқу Ғарбда ниҳоятда машҳур булган. Зеро, Амир Темур тарихи бу бир шахснинг тарихи эмас, у бус-бутун миллат, мамлакат, демакки, жаҳон тарихидир.
Амир Темур даврида оилаларга алоҳида эътибор қаратилган. Амир Темурнинг буюк асари “Темур тузуклари”ни варақлар эканмиз, оила масаласига, фарзандлар тарбияси ва келажагига алоҳида эътибор берилганлигига гувоҳ бўламиз.
Буюк соҳибқирон Амир Темур оила қуриш масаласига давлат юмушларидек жуда жиддий эътибор берган. Буюк Соҳибқирон хусусан оила қуриш, фарзандларни уйлантириш ва келин танлаш ҳақида куйидаги фикрларни билдирган: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолатини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насабаси, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин тушурдим (Амир Темур ўгитлари, – Т.,1992, 58 бет.).
Амир Темурнинг бизга қолдирган меросларидан, Темур тўғрисидаги тарихий асарлардан ва кинофилмлардан олган таасуротларимизга таяниб Соҳибқироннинг умри фақат жанг-у жадаллар, дунёда тинчликни сақлаш, мамлакат ҳудудини кенгайтириш ва ободонлаштириш билан ўтган, деган хулосага келамиз. Лекин Амир Темур томонидан ўз даврида оилага катта эътибор қаратилганлиги бизни лол қодиради. Демак, Темур даврида ҳам “Оилага эътибор – давлатга эътибор” тамойили бўлган десак, ҳеч муболға бўлмайди.
Ҳар томонлама соғлом оила жамиятнинг бойлиги ва Ватан равнақининг асоси ҳисобланганлиги учун оилавий қадриятларни сақлаш, оиланинг тарбиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласи бугунги куннинг ҳам энг долзарб масалаларидан бири.
Мамлакатимизда оила институтини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 18 февралда ПФ-5938-сон фармони қабул қилинди. Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 31 декабрь куни “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 820-сон қарори қабул қилиниб, унининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:
1. Замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила – жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;
2. Никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлаш;
3. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантириш.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда, биринчи навбатда, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини ошириш, орзу-умидларини тўғри йўналтириш, эзгулик, оила ва Ватанга муҳаббат, уларнинг онгу шуурига инсоф, иймон, эътиқод, орият, оиладаги бурч, мажбурият, масъулият тушунчаларининг мазмун-моҳиятини сингдиришга эътибор қаратиш зарур. Бу борада, энг аввало, ота-оналар фарзандларининг биринчи тарбиячилари сифатида масъулдирлар. Бу масъулият эса ота-оналарнинг ўзларидан маънавий-маърифий етукликни, яхши сифатларга эга бўлишликни талаб этади. Ана шундагина улар фарзандини баркамол инсон қилиб тарбиялайди ва оилавий ҳаётга тўғри йўналтира олади. Буюк аллома Носриддин Рабғузийнинг фикрича, “Ота-она эзгу бўлса, унинг эзгулиги етти уруғ-аймоғига етади. Бунинг учун улар фарзандларининг кўз ўнгида шахсий намуна, ибрат кўрсатишлари керак бўлади”.
“Янги Ўзбекистон” сиёсатининг бош негизида ҳам, юртбошимизнинг ҳар бир чиқишларида ҳам миллат давомийлигини таъминлайдиган, жамият тараққиётини белгилайдиган оилаларнинг фаровонлигини оширишга ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Оила хусусида фикр билдирар эканлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Одамларимиз билиши керак. Оила муқаддас биз учун, оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз”, дея оиланинг нақадар ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаганлар.
Рамиз ЗОҲИРОВ,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ