Осмонга мих қоққан улкан Алонқасор, Наврўз қачон келишини биладиган Қўйчибой, уруққа айланиб қоладиган Аёз... – кўклам мифлари нималардан дарак беради?


Сақлаш
22:09 / 25.03.2023 869 0

Йилбоши – Наврўз байрами қачон пайдо бўлгани ҳақида турли тахминлар юради. Айримлар беш минг йилга боради дейишса, бошқалар уч минг йилни айтади. Аммо шуниси аниқки, бу айёмнинг мазмун-моҳияти халқ оғзаки ижоди билан вобаста бўлиб кетган. Оyina.uz мухбири Алишер Файзуллаев фольклоршунос олим, филология фанлари доктори Шомирза Турдимов билан кўклам мифлари ҳақида суҳбатлашди.

 

Йилбоши – Наврўз байрами билан боғлиқ маросимлар жуда қадимга бориб тақалади. Унинг келиб чиқиш даврини одамзод йил фасллари алмашинувини англаб етган замонлар билан белгилаш тўғрироқ бўлади, назаримда. Масалан, уммонортидаги майя халқи тақвимида ҳам мазмунан бизнинг Наврўзимизга ўхшаб кетувчи Яшкин (ёш кун, янги қуёш) деган тушунчалар сақланиб қолган. Уларнинг тилида, маросимларида, орнаментларида туркий халқлар билан уйғунликни кузатиш мумкин. Бу бекорга эмас. Қизилтанлилар тахминан 20 минг йиллар олдин Олтойдан кўчиб кетгани айтилади. Демакки, Наврўз атрофидаги маросимларнинг ёши ҳам камида шунча бўлади.

 

Биламизки, йилнинг икки мавсумий ўлчами бор – бири қуёш билан ўлчанадиган, иккинчиси ой тақвими. Ундан ташқари бизда чорва йили ва деҳқон йили ҳисоби ҳам юритилган. Иккиси бир-бирига уйғун келади, аммо ўртасида 10 кунлик фарқ бор. Қачон ёзловга чиқиш керак, қачон тўл олинади, қачон, қандай қирқим қилиш керак – буларнинг бари чорва йили ҳисобида келтирилади.

 

Деҳқон йилида эса ёзги ва қишки тўқсон (кунлик) давр ва уларнинг ўртасидаги чилла алоҳида аҳамиятга эга. Эътиборлиси, қишки чилладан кейинги 20 кунликнинг ҳам ўз номлари бор: Аямажиз, Ахмон, Дахмон, Эзим, Қурбон, Маст, Наврўз. Халқимизда “Аямажиз тўқсондан уч кун илади”, деган гап юради. Яъни тўқсон бирдан тугаб кетмайди. Ундан кейин яна уч кун аёз давом этади. Бу муддат бир кун ёки икки кун ҳам бўлиши мумкин, лекин чегараси уч кундан ўтмайди.

 

Қадимда Қўйчибой ота деган ҳисобдон одам янги йилнинг қайси лаҳзада келишини биларкан. Унинг бу хислатини эшитган подшоҳ “Менга шу дамни кўрсат”, дебди. Шунда у ҳукмдорнинг ханжарини сўраб олиб, олдидаги катта тошга ботирибди. Тиғ харсангга ёққа киргандек осонгина кириб кетибди. Шунда донишманд “Ана шу дам Наврўз кирди”, дебди. Бундан бироз ажабланган ва аччиқланган шоҳ “Гапингни қандай исботлайсан?” деб сўраганда чол “Бўлмаса, ханжарингизни суғириб олинг”, деб жавоб берибди. Табиийки, подшоҳ қанча уринмасин, яроқ заррача қилт этмабди. Унинг “Энди буни қандай оламан?” деган сўровига, “Келаси йил шу дам, Наврўз келган пайтда оласиз”, деган экан ҳисобдон. Чунки фақат ўша дамдагина табиатдаги барча жонли ва жонсиз нарсалар бўшар, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтар, яъни ўлиб-тирилар экан.

 

Мифлар одамзоднинг табиат кучлари олдидаги қўрқувидан пайдо бўлган, деган гапга қаршиман. Чунки афсона моҳиятида рамз тили билан айтилган илмий ҳақиқатлар ётади. Айниқса, осмон ёритқичларининг ўрни, тартиби, ҳаракати ҳақидаги космогоник асотирларда. Сомон йўли галактикасининг “темир қозиқ”, “олтин қозиқ” дейилувчи Қутб юлдузи атрофида айланишини олайлик. Мифда айтилишича, Алонқасор деган улкан одам балиқ овлар ва ўлжасини осиб қўйиш учун осмонга қозиқни қоққан эмиш. Яна демишларки, Анкур ва Танкур деган иккита улкан (одам) бор экан, улар уришиб қолиб, ернинг у бошидан бу бошигача таёқ уриштириб боришибди, уларнинг таёғи чиннига ўхшаган силлиқ осмонни сидирган экан, шу таёқлар бир-бирига тегиб заҳа еган жойда самончининг йўли пайдо бўлибди. Бу изоҳловчи-этиологик мифлар ҳисобланади.

 

Сомон йўлининг бир бурчида Қамбар, бошқа бурчида Ҳулкар юлдузи туради. Ердан кузатаётган кишига Ҳулкар қишда кўринади, Қамбар юлдузи эса ёзда. Аммо улар ҳеч қачон бир-бири билан учрашмайди. Ёзги ва қишки чилла пайти эса умуман кўзга ташланмайди... Бундан келиб чиқадики, мифлар қўрқувдан эмас, катта билимдан пайдо бўлади, яъни инсон онги космик билимга улангани сабаб яратилади. Одамзод оламнинг тартиби, Наврўзнинг кириб келишию кетиш вақтини, юлдузлар ҳақидаги барча билимларни Улкан Билимдан олган.

 

Аждодларимиз йилни олти ой қиш, олти ой ёз деб иккига бўлган. 22 сентябрь – 21 март орасида Ой Ҳулкар билан тўқнашса, нимадир юз беради: қор, ёмғир ёғади, шамол туради, иссиқ-совуқ бўлади... Шунга кўра Қамбар тўғал, Ҳулкар тўғал ўтади, бу ой тақвимига ишора.

 

Бу ҳақдаги мифга кўра, қадимда ҳайвонлар йиғилиб машварат қилибди. Улар “Ҳулкар униб чиқиши ҳамоноқ қиш бошланаркан. Келинглар, уни навбат билан пойлаб ётамиз, унгани қўймаймиз”, дея кенгашиб олибди. Барча жонзотлар бирма-бир навбатчилик қилибди. Вақти билан эчкининг навбати етибди. У анча маҳал Ҳулкар чиқишини пойлаб ўтириб чарчабди. Сўнг “Бир ўтлаб келай, ҳали-бери кўринмаса керак”, деб кетиб қолибди. Навбатчилиги эсидан чиқибди, бир пайт қараса Ҳулкарнинг учи кўринаётган эмиш. Эчки югуриб келиб, туёғи билан босибди. Аммо Ҳулкар юлдузи унинг туёғини ёриб чиқиб кетибди. Шундан кейин эчкининг туёғи айри, шундан кейин қиш яна қайта-қайта келадиган бўлибди, дейилади.

 

Нима учун айнан эчки образи танланган, деган савол туғилади. Гап шундаки, ҳар бир фаслнинг юлдузи бўлгани каби, унинг ўсимлик, ҳайвон тимсоли ҳам бор. Ёзнинг ўсимлик тимсоли – бойчечак, таоми – сумалак, яъни уруғни кўкартириб, шарбатидан таом қилинади, ҳайвоний тимсоли – эчки. Боиси, серфарзанд бўлади. Бу менгзаш машҳур қўшиқда ҳам келади:

 

Ёмғир ёғалоқ,
Эчки чақалоқ,
Бойнинг қизининг
Қорни юмалоқ.

 

Қишнинг ўсимлик белгиси – уруғ, таоми – ёрма, яъни дон эзилиб, эт билан қўшиб пиширилади, маросими – кўпкари, ҳайвоний тимсоли – бўри. Шунинг учун ҳам кўпкарида улоқ чопилади. Яна бир эътиборли жиҳат: қишнинг инсоний тимсоли – йигит, баҳорники эса қиз саналади. Қишнинг ранги – оқ, ёзники – алвон. Кўринадики, буларнинг ҳаммаси тизимли, бир-бирини тўлдиради. Бу дегани рамзларнинг ҳеч бири тасодиф эмас, аксинча, асрлар давомида олиб борилган кузатувлар, тўпланган билимлар ҳосиласи.  

 

Узоқ йиллар баҳор киришига “Бойчечак” маросими ўтказиб келинган. Бунда кўклам инган пайти илк бойчечак қурбон қилинган. Сабаби, у “Ўтган йилги одамлар бу йил ҳам бор экан-да”, деб айтади дея ишонилган. Шунинг учун “Сенинг ниятинг ёмон”, деб биринчи бойчечакнинг бошини юлиб ташлаганлар. Бу маросим қўшиқларимизда ҳам акс этган:

 

Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар,
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.


Ушбу айтимда маросимнинг бутун кўриниши сақланиб қолган. Бу ерда ўлдириш деган тушунча бўлмай, балки ўлиб-тирилишнинг бир кўриниши тасвирланган аслида. Умуман, халқ оғзаки ижоди, қадим қўшиқларда жуда катта таг маъно ётади. Мисол учун,  “Кичкинажон кичкина” деган айтишувни биламиз. Аммо шу қўшиқни ёз билан қишнинг мунозараси, десам ишонасизми? Яъни қишнинг кетишни истамаслиги, ёзнинг зўр бўлиб рақибини енгмоқчилиги тасвирланади: қошингни қаро дейди, қалдирғочни кўрмадингми? Чумолилар чиқди, чумолининг белини кўрмадингми? Кейин қишни кетказиш учун айтим айтилади:

 

Кичкинажон кичкина, туядан ҳам кичкина,
Кичкинажон кичкина, биядан ҳам кичкина...

 

Шу тариқа қиш ҳамма нарсадан кичкина бўлиб боради. Охири уруғ бўлиб ер тагига кириб кетади, яъни кетказиб юборилади.

 

Бу каби мифларимиз шу вақтга қадар шунчаки яшаб келмаяпти. Йирик эпосларга, масалан, Гўрўғли туркум достонларига ҳам кўчиб ўтган. Бу маросимлар халқдан кўтарилиб кетмаслигининг сабаби ҳам шу туғилиб-ўлиш билан боғлиқ. Мифлар халқимиз ҳаётига шу қадар сингиб кетганки, ҳатто сезилмайди, бу ҳақда гапирилганда ҳайрон бўласан киши. Дейлик, бир бола туғилганда, оила қурилганда тўй қилинади, ўлим бўлганда ҳам. Тўғри, бу тўй деб номланмайди, аммо таг маъноси шу. Фасл циклини билдирувчи маросимлар ҳам худди шундай:  биринчидан, хотирада қолдириш, унутмаслик учун. Кейин бир фаслнинг сарҳисобини қилиб олиш учун. Йилбоши – Наврўз билан боғлиқ маросимларни йўқотиб бўлмайди.

 

Шомирза ТУРДИМОВ,

филология фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10347
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//