Туркийда нашр этилган биринчи китоб, арман қипчоқ тилида ёзилган насроний битиклар – ўзбек тадқиқотчиларини кутиб ётган ноёб манбалар


Сақлаш
22:34 / 10.03.2023 1108 0

Арман қипчоқ тили, деган жумлани эшитиш дафъатан кишига эриш туюлади. Шу билан бирга, ўзгача бир қизиқиш ҳам уйғотади. Бу тил туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига мансуб ўлик тил саналади. XIV—XV асрлар давомида Қиримда туркий тилни она тили сифатида қабул қилган арманлар гаплашган. Уларнинг ўзлари бу тилни хыпчах тили (խըփչախ դիլի, χïpčaχ tili) тили ёки бизим тил, деб аташган. Бу тилда сўзлашувчилар ҳозирги Украина, Польша, Молдавия, Руминия ҳудудларида яшаган. Қипчоқлашган арманлар насронийлик динига эътиқод қилган ва Арман апостоллик черковига бўйсунган.

 

Қипчоқ тилида сўзлашувчи арманларнинг пайдо бўлиши масаласи ҳозиргача энг баҳсли мавзулардан ҳисобланади. Айрим манбаларда уларнинг асли арман эмас, балки келиб чиқиши дашти қипчоқ билан боғлиқ туркийлар экани айтилади. Тарихий жиҳатдан бу фикрнинг ҳам етарли асослари бор. Манбаларга кўра, салжуқларнинг доимий ҳужумларидан безор бўлган Гуржистон ҳукмдори Довуд IV 1118 йили Қипчоқ элининг хони Атруқ билан иттифоқ тузади ва унинг қизига уйланади. Шундан сўнг Атруқ картвелларни қўриқлаш учун 40 000 хўжаликли лашкарини ўз куёвининг ихтиёрига юборади. Бу одамлар қипчоқ тилида сўзлашгани аниқ, аммо улар бу ерга келгунча насроний бўлганми ёки йўқми, бу ҳақда маълумотлар учрамайди. Фақат шуниси аниқки, улар Гуржистонда яшаган даврда насронийлар қаторида эди. Айнан шу қипчоқлар Грузин ерлари билан бир қаторда арманларнинг айрим ерларини ҳам салжуқлардан тортиб олади. Довуд IV қипчоқларнинг бир қисмига арманлар кўпроқ яшайдиган Широқ ўлкасини беради. Арманлар эса уларнинг иқтисодий таъминотини ўз зиммасига олади. Шу тариқа қипчоқ турклари арман ёзувини ўзлаштирган, арман-григорян ва арман-апотоллик черкови таъсирига ўта бошлаган. Широқ ўлкасининг Артиқ туманида 1940-йилларда ҳам Қипчоқ қишлоғи ва Қипчакаван черкови бўлган (Мендикулова Г. М. Терпкий вкус кыпчакского письма // Отан тарихы. – 2003, № 2-3. – С. 180). Бу ном кейинчалик Арич қишлоғи ва Аричаван черкови деб ўзгартирилган.

 

Мўғуллар истилосидан кейин қипчоқларнинг кўпчилиги Олтин Ўрда томонларга қайтиб кетган. Айримлари эса Қирим ва Шарқий Европага кўчишга мажбур бўлган. Бунга Олтин Ўрда хони Брекехоннинг Миср султони Бейбарс билан бирлашиб, Хулагухонга қарши олиб борган сиёсати сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки Нўғай Ботир бошчилигидаги Дарбанд, Ширвон, Шемахи жангларидан кейин Кавказ ортидаги сиёсий вазият хатарли тус олади. Олтин Ўрданинг исломлашиши эса бу ерларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Натижада кўпчилик насронийлар ўз яшаш жойларини ўзгартиради.

 

 

Иккинчи версияга кўра эса, XI асрда арманларнинг бир қисми Салжуқийлардан қочиб Қиримга кўчиб келади ва бу ерда арманларнинг илк колониялари пайдо бўла бошлайди (Дашкевич Я. Р. Армяно-кыпчакский язык: Этапы истории // Вопросы языкознания – 1983, № 1. – С. 91–107). Маълумки, Қирим VII асрдан бошлаб хазарлар қўл остига ўтган ва бу ерда қипчоқ тили койне вазифасини ўтаган. Шу ўринда яна бир аргументга эътиборни қаратсак. Кўпчилик манбаларда “хазар” сўзи форсча “минг” деган маънони англатадиган сўздан келиб чиққани айтилади. Аммо бошқа бир версия ҳам борки, унга кўра ҳазар соф туркий сўз саналади. Айни сўз қараим иврит тилида קזר – кезер, қипчоқда кезар ёки ўғузда газар шаклида қўлланилган. М. Артамоновнинг фикрига кўра, бў сўз туркий каз ёки кез, яъни кўчманчи сўзининг кўплик шаклидир (Артамонов М. И. История хазар. Санкт-Петербург: 2001). Бизнингча, бу фикр анча ҳақиқатга яқинроқ, инчунин, бутун минтақага ҳарбий-сиёсий таъсирини ўтказиб турган халқнинг бошқа тилдаги сўз билан ўзига ном бериши мантиққа зиддир. Қолаверса, қ товушининг х га ўзгариши (қан – хан) ҳам туркий тилларнинг ва айнан хазарлар тилининг лексик хусусиятларига тўла мос келади (қуйига қаранг).

 

XIII асрдан бошлаб эса бу ерлар Олтин Ўрданинг Қирим улусига айлантирилган. Натижада икки асрлик билингвизм арманларнинг қипчоқ тилига ўтишига олиб келади. Немис тарихчиси Дирк Хёрдернинг фикрича, “Қирим арманлари гарчи маҳаллий татар тилини қабул қилиб, уни арман ёзувида кодификациялаган бўлса-да, диний эътиқоди ва миллий ўзлигини сақлаб қолган (Dirk Hoerder. Cultures in Contact: World Migrations in the Second Millennium. Duke University Press, 2002. P. 175). Арман қипчоқлари Қиримдан ташқари яна Қора денгизнинг шимолий ҳудудлари ва Польшада ҳам истиқомат қилган. Аммо тарих силсилалари уларнинг сақланиб қолишига имкон бермаган. Турли урушлар ва қатағонлар туфайли бошқа миллатлар билан аралашиб кетган. Қиримдаги арман-қипчоқлар эса Екатерина II нинг фармони билан 1778–79 йили Дон дарёсининг қўйи этагига кўчириб ўтказилади. Шунинг учун Ростов арманларининг қиёфасида қипчоқларга хос хусусиятлар кўпроқ кўзга ташланади.

 

Ҳозирги кунда Арман қипчоқ тилида сўзлашувчилар қолмаган бўлса-да, бу тил ҳақида етарлича маълумот бериши мумкин бўлган ёзма ёдгорликлар сақлантю қолган. Бу манбалар асосан XVI–XVII асрларда яратилган бўлиб, жами сони 112 тани ташкил қилади. Битиклар қаторида ҳозирги Украина ҳудудида жойлашган Каменец-Подольский арманларининг суд жараёнлари акс этган далолатномалар, Львов арманлари диний (Инжил асосида олиб бориладиган) судининг фуқароликни қайд этиш, касса ва туғилганлик ҳақидаги далолатномалари китоблари бор.

 

Польша ва Усмонли туркларнинг Цецор жанги (1620–1621) ҳамда 1621 йили Реч Посполития ва Усмонли турклар ўртасида кечган Хотин уруши воқеалари баён қилинган “Каменец солномаси” ҳам сақланган. Бу манба Авагерец Ованес томонидан ёзиб бошланган ва ўғли Гигором ҳамда неваралари Акоп ва Авксент тарафидан давом эттирилган.

 

Яна бир қўлёзма “Венеция солномаси” деб аталади. Унда энг зарур тарихий манбалар жамланган бўлиб, хусусан, XIII асрдан бошлаб арманлар Львовга келиб ўрнаша бошлагани, шу ерда арман епископларининг кафедраси, Биби Марям черковининг барпо этилгани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.

 

“Польша улуси солномаси” деб номланган яна бир йилномада XIV–XVI асрларда Польшада яшаган қипчоқлар ҳақида ҳикоя қилинади. Арманларнинг энг йирик илоҳиётшуноси, тарихчиси руҳоний Мхитар Гоша ёзган “Торе битиги” (“Судебник”), яъни диний қонун ва қоидалар жамланмасининг қипчоқ тилидаги таржимаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қонунлар китоби 1519 йили Польша қироли Сигизмунд томонидан тасдиқланган ва судларда фойдаланиш учун рухсат берилган. Унда арман-қипчоқларнинг эътиқодий масалалари билан бирга қипчоқ тили лексикасига оид кўплаб сўзлар ҳам сақланиб қолган.

 

 

Бугунгача етиб келган арман-қипчоқ ёдгорликларининг асосий қисмини диний мазмундаги китоблар ташкил қилади. Улар орасида Забурнинг 16 нусхаси, ибодат тартиблари ва дуолар тўпламлари, ваъз китоблари бор. Арман-қипчоқ тилига оид 5 та луғат ва бир нечта изоҳли луғатлар ҳам Забур, Таврот ва Инжилни осон ўқиш учун тузилган. 1618 йили Львовда Ованнес Кармаданенц томонидан арман қипчоқ тилида чоп этилган “Алғиш Битики”нинг ягона нусхаси Нидерландиянинг Лейден университети кутубхонасида сақланади. Замонавий босмахонада туркий тилда нашр этилган биринчи китоб – “Алғиш Битики” оддий насронийлар фойдаланадиган дуолар мажмуасидир.

 

Андрея Торосович “Фалсафа тоши сирлари” китобида турли соҳадаги тажрибаларини арман-қипчоқ тилида баён қилган. Мисол учун, яшил рангли атиргул, данаксиз шафтоли ва олхўрини қандай етиштириш ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган.

 

Арман қипчоқ тили лексикаси бўйича Андрей Гракавецнинг таҳлиллари ва тавсифлари ишончлироқ. У бу тилни ғарбий қипчоқ тиллари, хусусан, қараим, қиримчақ, қиримтатар, урум тилларига яқинлигини таъкидлаган. Аммо шундай бўлса-да, лисоний ўзига хос хусусиятлар ҳам бор. Унлилар сони 9 тани ташкил қилади (а, ӓ, е, ы, и, о, ӧ, у, ӱ); қ товуши х тарзида қўлланади. Сўз бошидаги ундошлар жарангсиз талаффуз қилинади (таш, кел). Ң (нг) ҳарфи сафланган (миң, сениң); портловчи аффиксал г, қ (хайтмага, бермӓгӓ, сатмахқа, тӧлӓмӓхқӓ) товушлари мавжуд; ч, ш ва аффикслар олдидаги л товуши турғун (хачлар, ишлӓр); унлиларнинг давомли тарзда юмшоқ ва лаб орқали оҳангдош талаффуз қилиниши кўзга ташланади. Морфологиясида жўналиш келишигида ка, -қӓ, -га, -ғӓ қўшимчалари; олмошларда маңа, саңа, аңар сўзлари; феълнинг ноаниқ формасида -мага, -мӓғӓ, -ма, -мӓ; феъл номида -ган, -ғӓн қўшимчалари ишлатилади. Майлда -гай, -ғӓй аффикслари қўлланади (қудағай, қирағай, кунгай). Ҳозирги замон -ыйыр, -ийир, равишдошлар -гынча, -гинчӓ, -мынча, -минчӓ, -гачох, -гӓчох қўшимчалари билан шакллантирилади (Гаркавец А. Н. Кыпчакские языки: куманский и армяно-кыпчакский. – Алма-Ата: Наука, 1987. – С. 130–136).

 

 

Арман қипчоқ тилига ўғуз тилларидан ҳам жуда кўп сўзлар ўзлашган. Мисол учун, уй – эв, у – ол, каби – киби шаклида талаффуз қилинади. Ака-ука, оға-ини ўрнига хардаш (қардаш) қўлланган. Отларга эгалик қўшимчаларининг қўшилишида ҳам турк тилининг одатий хусусиятлари кўзга ташланади. Ари – ариим (бегуноҳман), арисин (бегуноҳсан). Гапларнинг тузилишида турк тилининг характерли жиҳатлари сезилади: Сўрдим ки, не йерлисиз? Айттилар ки, Каменецлибиз! Бу, албатта, Усмонли туркларининг Қора денгиз ареалидаги мутлақ устунлиги билан боғлиқ. Қолаверса, гагауз халқи билан бақамти яшаш ҳам бунга ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин.

 

Арман қипчоқ тилини ўзбеклар тушунадими?

Арман қипчоқ тилини тушуниш учун қипчоқ тилининг лексикасини ва лингвистик хусусиятларини ўзлаштириш кифоя қилади. Албатта, ҳозир арман (балогир) ёзувини ўқиш қийин, аммо бу тилдаги манбаларнинг кирилча версияларини топса бўлади. 2003 йили Қозоғистонда “Арман Тўра битигининг қипчоқ-поляк версияси ва арман-қипчоқ суд ишини юргизиш (процессуал) кодекси” рус ва қозоқ тилларида нашр этилди (Торе битиги (Александр Гаркавец (рус тили), Ғайрат Сапарғалиев (қозоқ тили). – Алмата: Дешти қипчақ, Баур, 2003. – С. 792).

 

Арман қипчоқ лексикаси ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжаси лексикасига жуда яқин. Унда қозоқ ва қорақалпоқ тилларидаги каби ш товушининг с (тас, бас), ч товушининг ш (шеше, Шымкент) тарзида талаффуз қилиниши кузатилмайди. Аммо х ўрнига қ товуши (Ҳизир – Қидир), з ўрнига д товуши (Ҳизир – Хидир) ишлатилади. Қ ўрнига х товушини ишлатиш ҳам кузатилади (қипчақ – хипчақ). Бу шуни кўрсатадики, улар ҳам қан сўзини хан шаклида талаффуз қилган.

 

Арман қипчоқ тили қипчоқ диалекти базасида шаклланган ва й товуши ўрнига ж товуши қўлланилса-да, худди ўзбек тилининг қипчоқ шеваларидаги каби айрим сўзларда й товушини ўзгаришсиз қўллаш кузатилади (йол, юз). Мен, сен, о(л), биз, сиз, олар каби олмошлар тўлиқ қипчоқ лаҳжасидаги каби талаффуз қилинади. Ўғил сўзи ул ёки оғлан шаклида, қиз асосан хыз шаклида ишлатилади.

 

Арман-қипчоқ тилининг шаклланишида қипчоқ-булғор, қипчоқ-ўғуз, қипчоқ-нўғой гуруҳларининг барчаси иштирок этган. Чунки қипчоқларнинг катта қисми ўтроқлашмаган, доимий тарзда кўчиб юрган. Қирим эса ўз даврида пойтахт шаҳарлардан бўлган. Шунинг учун ҳам бу тилда ҳамма диалектларнинг таъсири сезилади.

 

Арман қипчоқ тили қадим қипчоқ тилининг тарихида маълум бир муддат муомалада бўлган, маълум бир ҳудудда юксалган ва таназзулга юз тутган тилдир. Аммо қипчоқ тили таназзулга юз тутган эмас. Милоддан аввалги Х асрдан то ХIХ–ХХ асрларгача бутун Евроосиё ва Шимолий Африкада койне вазифасини ўтаган. Кейинчалик эса ўз ўрнини замонавий қипчоқ тилларига бўшатиб берган. Ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжаси ҳам қипчоқ тилларининг марказий гуруҳига киради. Шу маънода арман қипчоқ тилидаги ёдгорликларнинг барча туркий халқлар қаторида ўзбеклар томонидан ҳам ўрганилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, мазкур қадим манбаларда бугунги ўзбек тили луғатини бойитиш учун ҳам манбалар етарлича. Уларни ўзлаштириш учун эса ўзбек тилшунослари арман қипчоқ тилини тадқиқ қилишни бошлаш керак.

 

Анвар БЎРОН,

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10356
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//