Достон – роман каби мураккаб жанр. Мазкур жанрда ижодкордаги қувваи ҳофизанинг кучи, фикрнинг кўлами қай даражадалиги борича кўринади. Адабиётшунос олим Умарали Норматов шундай ёзади: “Яратмоқ, кашф этмоқ достон жанри табиатига ниҳоятда мос. Аслида, янги топилган, ниҳоятда зарур гап шоирга тинчлик бермай, қалбини туғёнга солганида, худди ўша жиловлай олиш қийин бўлган, кичик шаклга сиғмайдиган қалб туғёни кўпроқ достон шаклини тақозо этади”. Чиндан ҳам, “Сурат”, “Даврим жароҳати”, “Руҳлар исёни”, “Жаннатга йўл”, “Нидо”, “Хотирам синиқлари”, “Нега мен?” ва “Янги инсон“ каби машҳур достонларимиз ҳам ушбу жанрнинг шеърга сиғмаган ҳасрат эканини эслатади. Шеър тилига кўчган воқелик катта савол – катта оғриқ атрофида айланади.
Ёзувчилар уюшмаси шеърият кенгаши томонидан қўлимга берилган айрим достон ва фахрия-мадҳияларни мана шу мезон билан ўқиб чиқдим. Улардан бири муаллиф Замира Рўзиева “достон” деб айтган “Жон риштаси” тизмасини ёзувчи Муҳаммад Али “қасида” деб баҳолайди. Яъни, бу Андижон фарзандининг жонажон шаҳрига битган қасидаси экан. Лекин мазкур “асар” қасида билан фахриянинг қоришиғи. Назариётчилар “фахрия” жанрини шоир ўз истеъдоди ва фазилатларини мақтаб ёзган шеър деб айтади. Муаллиф фахру ифтихорга тўлиб-тўлиб она тупроғида туғилганлар билан бирга ўзини ҳам алқаб кетган “достон”да Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан то Андижон ҳокими Шуҳрат Қўшоқбоевичгача деярли ҳамманинг таърифу тавсифи қаламга олинган. Обод ва озод Андижоннинг тилга олинмаган ҳеч бир кунжаги қолмаган. Шоира ўзидан ҳам, ватандошларидан ҳам мингдан-минг рози. “Достон”даги ривожланиб борувчи сюжет линияси – мақтов! Балки сиз буни муаллиф бадиий нияти билан адаштиряпсан, дерсиз, лекин чиндан ҳам шундай. Мадҳлар ахийри ўзига либос-сўз топа олмай қолади ҳатто. Шоира ҳам ўзини ортиқ қийнамай, севгисини чапанилик билан шарт-шурт айтади-қўяди: “Андижон, мен сени яхши кўраман!” Шу сатрининг ўзи “достон”да ўн олти марта такрорланган.
Сиёсатхон қизинг пахтакор, деҳқон,
Ер илми ҳадисин олган билимдон,
Олтин юлдуз тақиб бўлди қаҳрамон,
Андижон, мен сени яхши кўраман.
Бундан кейинги бандда “эл сардори” Шуҳрат Қўшоқбой ўғли тилга олинади. Аммо мазкур фахриянинг ҳар бир бандига тўхталиб ўтирмасдан, фақат Мирзо Бобурга тегишли қисмига эътибор қаратсак:
Зардоби кечмишли, зардоби савол,
Бир диёр олдинда – Ҳиндистон отли.
Буюк Ганг мавжлари очар бунда фол:
“Бир ўғлон келади мард, адолатли”.
Демак, муаллифга ишонадиган бўлсак, Бобур мирзонинг қадамига Ҳинд диёри илҳақ бўлган экан. “Темурийзода заминимизни тезроқ истило қилса эди”, деб Ганг дарёси кўзи тўрт бўлиб урушни кутяпти! Мирзо Бобурнинг буюклигига ҳеч эътироз йўқ. Ўзига тик боққан, ўзини аёвсиз тафтиш эта олган камёб ШАХС. Ўйлаб кўрайлик, бундай зотлар бу тахлит муболағали мадҳларга муҳтожмикан? “Ҳар неники айладим хатолиғ бўлди”, деб ёзғирган инсонни ўшанда Ҳиндистон қучоқ очиб кутиб олганми? Гарчи Жавоҳарлал Неру “Бобур дилбар шахс эди”, деб эътироф этган бўлса ҳам, ҳатто ҳозиргача бу тарихий шахс ҳинд жамияти учун баҳсли сиймо, ахир. Биз тарихни таҳрир қилмасдан, борича қабул қила олсаккина, буюкларимизга яқинлаша оламиз. Абу Райҳон Берунийнинг аждодлари билан мақтанган кимсанинг ота-боболари тирик, ўзи эса ўликдир, деган маънодаги ўгити айнан бизга тегишли.
Бобур мирзо ҳам фақат Андижонда туғилгани учунгина шоира унинг шуҳратига эҳтиёж сезади. Ҳолбуки, глобаллашув даврида дунё “улкан қишлоқ”қа айланиб бораётган кезда “самарқандлигу андижонлик” қобиғида қолиб кетган, бўлинмас ЎЗБЕКИСТОН маслагига зид маҳаллийчиликнинг бу йўсиндаги маданий тусига халқ шоирларининг хайрихоҳлиги бизнинг энг ожиз томонимиз. Ваҳоланки, Нажмиддин Эрмат, Хуршид Абдурашид, Суҳроб Зиё ва Шаҳриёр Шавкат каби ёш ва ёвқур шоирлар тафаккурдаги бу биқиқликни ёриб, ТУРКИЙ ДУНЁ нигоҳи билан оламни идрок эта бошлаяпти. Зебо Мирзонинг Турон замини дарду дунёси акс этган “Кишан кийма...” шеъри ҳам катта бир достонга асос бўла олади. Токи, шоир ўзини борлиқнинг бир парчаси билиб, банибашар қайғусига юрагидан дарча очмас экан, у шоирнинг миллати маҳдудлик, Ватани маҳалла бўлиб қолаверади.
Замира Рўзиева ижодидаги сакталиклар Зуҳрабегимнинг ёзганларида ҳам йўқ эмас. Ўтган аср совет маданиятидан қолган бир иллат ҳануз ўзбек киносида ҳам, адабиётида ҳам учрайди – бугун билан тарихни бақамти қўйиб, доруломон кунлар учун салламно айтиш. Ўтмиш фақат замонага беҳад шукроналар айтиш учун зарурдек. Робиндранат Тагорнинг доно гапи бор: “Қуриган дарёга ўтмиши сабаб раҳмат айтмайдилар”. Ижодкорнинг “Мангу руҳлар суҳбати”да “мангу руҳлар” – Амир Темур, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Абдулатиф ва Мирзо Бобурнинг гурунги ёзилган. Замира Рўзиева Андижонни қанчалик алқаса, Зуҳрабегим ҳам Соҳибқирон Темур ва Бибихоним руҳи билан гўзал Самарқанд кўчаларини кезганча, бугунги гулгун ҳаётни кўкка кўтаради.
Бибихоним Амир Темурга айтяпти:
Олампаноҳ, тинчланинг,
Адолат топди қарор.
Бугун элга бош сиздек
Фидойи, мард ҳукмдор.
Мустақиллик барчага
Келди қадами қутлуғ...
Совет даврида партияни, замонни мадҳ этиш одатга айланган бўлса, бугун очиқчасига шахсга сиғинишга даъват этиляпти. Ва бу даъват асарда пропаганданинг жўнгина, бетаъсир тилида ифодаланган. Баландпарвоз кўтаринкилик эса кучайгандан-кучайиб бораверади...
Соҳибқирон изидан
Авлодлар бораётир.
Оллоҳ улар кўнглига
Эзгулик солаётир.
Ўзбекнинг ўғлонлари
Ҳар ишда ибратлидир,
Бу юртнинг фидолари
Метиндек қудратлидир.
Йигирма йилдирки, айнан шунақа қофиябозлик, шиорнамо иллюзиялар шираси ўзбек шоирининг жамиятдаги мавқеини туширишга хизмат қилиб келяпти. Лирик мушоҳада, яъни ҳиссий тафаккур ўрнини ҳиссий кўпириш, бўм-бўш бўёқдорлик эгаллади. Интеллектуал ҳалоллик ўз ўрнини сиёсатдон бебурдликка, субутсизликка бўшатиб берди.
Зуҳрабегимнинг ёзганлари орасидан Саид Аҳмад ва Саида Зунуновага бағишланган “Садоқат ва матонат” достони анча самимий, анча жонли туғилган. Ўзига яқин замондошлар, ўзига яқин туйғуларни қаламга олаётганда шоира қийналмайди. Биз фақат шу асарда одам ҳақидаги тоза ҳаяжон эпкинини, йилт этгани фикр учқунини, муносабатни кўрамиз.
Хорланди, зорланди, бош эгмай аёл,
Жуфти ҳалолини кутди туну кун.
Қўл соатин сотиб, олди машинка,
Кўнгли ярим, аммо юраги бутун.
Бу мисраларда оригинал ташбеҳлар, ҳақиқий достонларга хос фикр туғёнлари йўқ, лекин улар ясалган, яшалмаган сатрлар ҳам эмас. Бироқ туйғулар оқимида сузаётган муаллиф қаҳрамонлари мурод-мақсадига етиши биланоқ ҳасратдошдан маддоҳ воизга айланади-қолади:
Талотўп кўчалар тумандай тарқаб,
Чексиз зулматларни ёритди қуёш.
Бугунги кунларга шукрона айтар,
Нуроний отахон кўзларида ёш...
Юртимда Истиқлол ғалаба қилди,
Тўйларда ёзилди оппоқ дастурхон.
Аждодлар истаги бўлди ижобат,
Ўзбекнинг довруғин эшитди жаҳон.
Биз ёзарканмиз, эҳтиёт бўлишимиз керак – Адабиётдаги ёлғон ва ўринсиз муболағалар акс таъсир қилиб, халқ хотирасининг ковакларига бекиниб ётган оғриқларни ковлаб чиқаради. Сиз билиб-билмай илоннинг бошини босасиз. Бу тарздаги “фидойиликлар” ҳукумат ва жамият ўртасидаги жарликни янада кенгайтириб, янада чуқурлаштиради.
Тожмаҳал обидасига бағишланган “Муҳаббат қасри” фахрияси эса “бахтнинг пешонасидан ўпган” шоиранинг олам-олам ҳаяжонидан иборат. Йўл очеркининг қофияга тушган пафосли шакли, деса ҳам бўлади.
Диллашиш айлади насиб,
Ўпдим бахтнинг пешонасидан.
Илҳомландим ҳаяжон босиб,
Муҳаббатнинг кошонасидан.
Ғулом Эгамшукурнинг Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Адабиёт” нашриётида чиққан “Қоғозлар ҳайқириғи” китобидаги “Мангу армон”, “Уруш манзаралари”, “Кўринмас майдон” қийқимлари ҳам “достон”лар рўйхатида бор. “Мангу армон”га “достондан парча” деб изоҳ берилган. Қизиқ, семизгина китобнинг ичида тугал достон учун жой йўқмиди? Тушунишимча, тугалланмаган бу ёзишмалар азбаройи достон ёзиш истагидан туғилганга ўхшайди. Ғаладонда қолиб кетган қораламаларни эслатади. Асарда тирноққа зор одамнинг дунёсига мўралашга ҳаракат қилинган-у, лекин у дарднинг бўйига бўй бўла олмаган. Ёзиқларни ўқиркансиз, савол туғилади – шоирнинг бадиий нияти нима? Мазкур қораламаларда одамнинг юрагини титкилашдан мақсад не? “Уруш манзаралари” эса бугун урушнинг ҳақиқий турқини кўрган одамлар учун шунчаки иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги чизгилар сифатида ўтиб кетади.
Чекимга биров билиб, биров билмаган асарлар баҳонасида ҳозирги ўзбек шеъриятининг биргина қиррасига кўз югуртириш тушди. Яна бир карра амин бўлдимки, бугун асл адабиётни, ҳақиқий дардни, баланд ҳайқириқни газета ва журнал саҳифаларидан эмас, цензурасиз олам – интернет дунёсидан топиш мумкин.
Тенгиз Абуладзенинг “Илтижо” фильми финалида ҳақиқат учун курашишдан толиққан шоир мағлубиятни бўйнига олади. Шоир ҳақиқат тимсоли эди. Ҳақиқат қочаётган маҳал Фариштани – Эзгуликни дорга осадилар. Шоир қуролини ерга қўйган он Фариштани Иблис никоҳига олади... ва улардан маймунлар туғилади. Бизда адабиёт одамларининг чалғиганига, чекинганига кўп бўлди. Мангу қонуният шундаки, жамиятнинг жон томирига қўлини қўя олмаган шоирнинг некбину чучмал сатрлари, ёрқиндан-ёрқин мисралари ҳам энди бу халққа керак бўлмайди. Жамиятнинг ўзи қаттол таҳрирчига айланади.
Иқбол ҚЎШШАЕВА
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ