Темурийлар даври матншунослигида ўтмиш меросга муносабат


Сақлаш
15:52 / 28.09.2021 1236 0

Темурийлар даврида матншунослик ҳам илмий-назарий, ҳам амалий жиҳатдан юқори босқичга кўтарилди: матн тузишнинг илмий принциплари ишлаб чиқилди, амалий матншунослик ҳам уйғун ҳолда ривожланди. Бу даврни ўзбек амалий матншунослигининг классик босқичи дейиш мумкин.

Темурийлар даври матншунослигида ўз даври асарларигагина эмас, ота-боболар томонидан яратилган классик ёзма меросга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтмишда яшаб ижод этган адибларнинг асарлари кўчиртирилди; шунинг билан бирга, классик манбаларнинг таянч матнини яратишга куч берилди.

Бу давр ёзув маданиятида ўтмиш анъаналарига, ота-боболардан қолган ёзувларга ҳам эътибор катта эди. Темурийлар давлатида тарихнавислик, бадиий адабиёт, таълим ва фан соҳаси, давлат девонхоналари ва хўжалик ишларида, расмий-дипломатик муносабатларда икки хил ёзув эски уйғур ва араб алифболари ишлатилган.

Туркий халқларнинг ёзув маданияти тарихида XIVXV юзйилликлар қадимги туркий ёзувдан араб хатига ўтиш даври саналади. Шунга қарамай, бадиий адабиёт, тарихнависликда, шу қатори давлат ҳужжатчилик ишлари, халқаро дипломатик муносабатларда уйғур хатининг мавқеи юқори эди. Қадимги турк ёзув анъанасини сақлаб, турк ислом дунёсида уйғур хатини сўнг бор қўллаган ҳам темурийлардир. Темурбек ўз салтанатининг расмий ишларида, ички ҳамда ташқи дипломатик муносабатларида, бадиий адабиёт соҳасида, билим кишилари орасида ота-боболардан мерос қолган уйғур хатининг кенг амал қилишига хайрихоҳлик қилди ва бунинг ижросига катта эътибор қаратди. Темурийлар даврида уйғур хати туркий ёзма адабий тилнинг етакчи, бутун бир салтанатнинг иш юритувчи расмий ёзувига айланди.

Эски ўзбек адабий тили ёзма меъёрларининг тартибга тушувида, тил функционал услубларининг такомиллашуви, матн тузиш ва китобат ишининг янги бир босқичга эришуви, унинг гуллаб-яшнашида уйғур хатининг ўрни катта бўлганини алоҳида таъкидламоқ керак. Ушбу ёзув мумтоз ўзбек ёзма адабиётининг сара асарларини, темурийлар яратган тенгсиз обидаларни бугунги кунимизгача етказиб келди.

Олтин Ўрда ҳамда Темурийлар давлатида уйғур хатининг кенг амал қилгани тарих китобларида ҳам қайд этиб ўтилган. Машҳур тарихчи Ибн Арабшоҳ “Ажоибу-л-мақдур фи навоиби Таймур” китобида уйғур хатининг тарихи тўғрисида яхши маълумот берган. Тарихчи ёзади: “Улар [чиғатойликлар Қ.С.] ўзларининг тилхат, мактуб, фармон, хат, китоб, битим, солнома, шеър, қисса, ҳикоят, ҳисоб, хотира ва девонга тегишли ҳамма ишларини, чингизона тузукларини шу ёзувда ёзадилар. Бу ёзувни яхши билган уларнинг орасида хор бўлмайди, чунки бу уларда ризқ очқичидир”. Ибн Арабшоҳ ушбу маълумотида давлат ишлари, хал­қаро дипломатик муносабатларда, тарихнависликда уйғур хатининг мавқеи юқори эканини кўзда тутган.

Ўша чоғлардан қолган туркий адабий асарларнинг қўлёзмалари уйғур ва араб ёзувларида. Ёдгорликларнинг эски, қадимий қўлёзмалари кўпроқ уйғур хатида битилган бўлса, кейинги давр­ларга тегишлилари араб хатидадир.

Уйғур ёзуви қўлланилмай қўйгач, хон ва бекларнинг кутубхоналари демаганда, кенг улус қадимги туркий ёзувдаги китобларни сақлашга уринмади. Шунинг учун ҳам уларнинг кўпи йўқолиб кетган. Эҳтимол, темурийлар замонида яратилган асарларнинг кўпроқ кейинги, араб хати билан кўчирилган нусхаларигина сақланганининг сабаби ҳам шундандир? Уйғур ёзувли ёдгорликлар кўп бўлмаса-да, ўша давр­нинг ёзув маданияти тўғрисида аниқ-таниқ хулоса чиқаришга имкон беради.

Ёзма манбаларга таянадиган бўлсак, Амир Темур кўзи тириклигида ўз ёрлиқларини, муҳим битигларини уй­ғур хатида ёздирган. Ана шундай манбалардан бири ўз даврининг улуғ обидаси сифатида тарихда қолган. Бу Темурбекнинг Тўхтамишхонга қарши юриш бошлаган чоғида тошга ёздирган битигидир.

Ёзма манбаларда Соҳиб­қироннинг чет мамлакатларнинг ҳукмдорларига ҳам уйғур хатида мактублар йўллагани ҳақида маълумотлар сақланган.

XIV–XV асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда китобат санъати гуллаб-яшнади. Ўша кезлар Язд, Ҳирот, Самар­қанд маданий марказларида уйғур хатида битувчи хаттотларнинг мактаблари юзага келди. Темурийлар бу ноёб касб эгаларига ғамхўрлик қилдилар, уйғур хати билан ёзувчи котиблар уларнинг оталиғида иш юритди. Чунончи, Ҳиротда кўчирилган уйғур ёзувли қўлёзмалар Шоҳрухнинг, Самарқандда Мирзо Улуғбекнинг, Яздда эса Мир Жалолиддин (Жалолиддин Мир Чақмоқ)нинг буйруғи ва оталиғи остида битилди.

Илк ўрта асрларда туркий тилда ёзувчи котиблар битигчи дейилган. Кейинчалик араб ёзувига ўтила бошлагач, уйғур хатида битувчи котиблар алоҳида ном билан атала бошлади. Маҳмуд Кошғарийнинг ёзишича, хон мактубларини уйғур хатида ёзувчи котиб илимға аталган. XIV–XV юзйилликларда эса уйғур хатида битувчиларни бахши деганлар. Бу сўз тарихий истилоҳ сифатида шу касб билан шуғулланувчи кишиларнинг отига ҳам қўшиб айтилган. Туркий ёзма манбаларда ўша даврда яшаб ижод қилган бахшиларнинг отлари ҳам қайд этилади. Масалан, Мансур бахши, Ҳасан Қора Сайил бахши, Зайн ул-Обидин бахши, Абу Малик бахшининг отлари маълум.

Темурийлар замонида битилган бебаҳо ёзма обидаларнинг айримлари ва, аниқ айтиш мумкинки, энг нодирлари кунимизгача етиб келган. Ана шундай нодир қўлёзмалардан бири Юсуф Хос Ҳожиб ёзган “Қутадғу билиг” маснавийсининг уйғур ёзувли нусхасидир. Уни Ҳасан Қора Сайил Шамс бахши кўчирган. Қўлёзма китоб ҳозир Вена миллий кутубхонасида сақланмоқда.

“Қутадғу билиг”нинг Ҳирот мактабида кўчирилгани темурийлар замонида ўтмиш адибларининг асарларига эътибор катта бўлгани, шунингдек, қорахонийлар даври адабиёти, эски туркий адабий тил ва ёзув анъанасининг давом этганидан далолат беради.

Асарнинг Ҳирот нусхаси, уйғур ёзуви бўйича мутахассисларнинг озлиги учунми ёки матннинг мураккаблигиданми, билим кишиларининг назаридан четда қолиб келмоқда. Ваҳоланки, бу нусханинг ўзига яраша ютуқлари оз эмас. Кузатувларга кўра, уйғур ёзувли қўлёзма бош­қаларига қараганда эскироқ нусхадан кўчирилган. Унинг бошқа нусхалардан фарқли ерлари кўп. Муҳими, ушбу фарқлар матнда йўл қўйилган хатолар эмас, мазмун билан боғлиқ. Унинг котиби қорахонийлар даври тилини жуда яхши билган, матнга билим ва уқув билан ёндашган. Қўлёзма қунт билан ўрганилса, асар ва унинг мазмуни билан боғлиқ кўп тугунлар ечилади, илкин нусха, яъни муаллиф варианти сари йўл очилади.

Ҳасан Қора Сайил Шамс ўз матнини ҳижрий 843, қўй йилида, муҳаррам ойининг тўртинчи куни (мелодий 1439 йилнинг 18 июнида) Ҳиротда кўчириб тугатган. Бу тўғрида маснавий тугагандан кейинги тарихда шундай қайд этилади: Tуганди Қутадғу китаби тарих секиз қирқ уч йилда, қўй йил муҳаррам айнинг тўрти Ҳаруда. Қўлёзманинг энг сўнгги варағида ҳам юқоридаги сана қайтарилади: Taрих секиз юз қирқ учта, қўй йил ахири, муҳаррам айнинг тўрт янгиси Ҳару шаҳринда битилди.

Ҳиротда бахшичилик мактабининг йирик намояндаларидан яна бири Абу Малик бахшидир. Унинг қўлидан чиққан нодир қўлёзма ҳозир Париждаги Франция миллий кутубхонасида сақланиб турибди. Бахши мазкур қўлёзмани ҳижрий 840 (мелодий 1436-1437) йили кўчирган. Қўлёзмага икки йирик асар битилган бўлиб, иккови ҳам форсчадан таржима қилинган: биринчи асар “Меърожнома”, кейингиси эса Фаридиддин Аттор қаламига тегишли “Тазкират ул-авлиё” асарининг туркий таржимасидир. Туркийда у “Тазкира-йи авлиё” дейилган.

Самарқанд бахшилари ичида Зайн ул-Обидиннинг довруғи кетган эди. Бахши “Ҳибат ул-ҳақойиқ” достонининг таянч матнини яратган. Муҳим жиҳати, темурийлар даври ўзбек матншунослигида матн тузиш принциплари, қиёсий матн яратишнинг илмий асослари тугал бир кўринишда ишлаб чиқилган эди. Чунончи, 1444 йили Самарқандда йирик давлат арбоби, адабиёт ва илм-фан ҳомийси, шоир Амир Арслон Хўжа Тархон буйруғи билан Адиб Аҳмад Югнакий “Ҳибат ул-ҳақойиқ” достонининг таянч матни тузиб чиқилди. Арслон Хўжанинг асарни қайта китоб ҳолига келтиришдан мақсади, адиб ўгитларининг хато талқин қилинишига чек қўйиш, уларни тузатиш ва асарнинг таянч, ишончли нусхасини яратиш эди. Таянч матн тузилгач, асарнинг кейинги нусхалари унинг асосида кўпайтирилган. “Ҳибат ул-ҳақойиқ” (“Атабат ул-ҳақойиқ”)­­нинг ушбу таянч матнини Зайн ул-Обидин бахши тузиб чиқди. Ушбу қўлёзма бизгача етиб келган асар нусхаларининг энг эскиси, тўлиғи ва ишончлисидир. Шунинг билан бирга, қўлёзма ўз даври китобат санъатининг ажойиб ёдгорлиги ҳам.

Зайн ул-Обидин бахши уйғур хати билан XV аср туркий адабиётининг йирик намояндаси Мир Ҳайдарнинг “Маҳзан ул-асрор” асари ҳамда ўттиз байтли қасидаси, Юсуф Амирий “Даҳнома”сини ҳам кўчирган. Кунимизда ушбу қўлёзмалар ўз даврининг қимматли ёдгорлиги сифатида ардоқланади.

Китобат тарихида Язд хаттотлик мактаби намояндаларининг ишлари айрича ўринга эга. Язд шаҳрида битилган ноёб қўлёзмалардан бири Мансур бахши қаламидан чиққан мажмуадир. Бу китоб ҳозир Британия музейида Or. 8193 кўрсаткичи остида сақланмоқда. Қўлёзма темурийлар давридан қолган уйғур ёзувли энг чиройли, шунинг билан бирга, китобат санъатининг ажойиб намуналаридан. Матн маҳорат билан кўчирилган, саҳифалари геометрик шакллар ва ислимий нақшларга бой. Уйғур ёзувли матн тўғри чизиқ бўйлаб ўн олти қатордан ёки турли геометрик шакллар орасига битилган. Мансур бахши ушбу китобни 1432 йили кўчирган эди. Мажмуага уйғур хати билан Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” достони, диний-фалсафий мазмундаги “Сирож ул-қулуб”, “Масъала китоби”, “Роҳат ул-қулуб” асарлари, Мансур бахшининг қасидаси, Мавлоно Лутфийнинг тўрт ғазали, Қамбар ўғлининг учта, Жавҳарий, Қосим, Саййиднинг биттадан ғазали ва бир нечта тўртлик битилган. Ҳошиясида эса Камол Исмоил Исфаҳонийнинг (XIII аср) форсий девони (араб хатида). Cўнгги икки бетининг ҳошиясига уйғур хати билан Рашидиддин Ватвот “Сод калима”сининг бир бўлаги кўчирилган. Мазкур узинди араб ва форс тилидадир.

Мансур бахши уйғур ёзуви билан “Бахтиёрнома” асарини ҳам кўчирган. Уйғур ёзувли мазкур қўлёзма ҳозир Оксфорддаги Бодлеан кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзма ҳижрий 838 (мелодий 1434) йили кўчирилган.

Уйғур хати темурийлар давлатининг расмий ёзуви ҳам эди. Темурийлар ўз ёрлиқларини, расмий ҳужжатларини, ҳатто чет элларга юбориладиган хатларини ҳам уйғур ёзувида битганлар. Уйғур хати девон ишларида, расмий-дипломатик ёзишмаларда кенг ишлатилган. Темурбек ўзи ёрлиқларини, қўшни элларнинг ҳукмдорларига йўллаган мактубларини уйғур хатида ва туркий тилда ёздирган, темурийларнинг шажаралари ҳам айни ёзувда. Темурбекнинг ўлимидан кейин Шоҳрух ва Мирзо Улуғбек, Абу Саид мирзо ва унинг ўғли Умаршайх мирзо ҳам ўз девонида, давлат ишларида қадимги туркий алифбони кенг қўллагани маълум. Бу ёзувни Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам яхши билган.

Темурийлар давлати, жамият ва давлат бошқаруви, халқаро дипломатик муносабатлар тарихини ўзида тамғалаган ёрлиқлардан айримлари ҳозиргача сақланиб қолган.

Умуман, туркий халқларнинг ёзув маданияти тарихида уйғур хатининг аҳамияти катта бўлди. Унинг тарихий тараққиёти давомида темурийлар даври муҳим босқич саналади. Қадимги турк ёзув маданияти узлуксизлигини таъминлашда, уйғур хатининг ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётдаги ўрнини белгилашда, расмий ва дипломатик муносабатлардаги мавқеини таъминлашда темурийларнинг хизмати катта бўлди.

Шу ўринда темурийлар даври ёзув маданияти, унинг қўшни элларга таъсири билан боғлиқ бир масала тўғрисида икки оғиз. XV юзйилликнинг иккинчи ярмига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросон билан Рум ўртасида адабий ва маданий алоқалар кучайди. Турк султонлари темурийларга эргашиб, ўз саройларида, адабий доираларда қадимги уйғур хатини оммалаштиришга катта эътибор қаратдилар. Буни юзага чиқариш ҳаракатида темурийлар мамлакатидан ўта билимли, уйғур хатини яхши билган етук бахшилар чақиртирилган. Замонасининг ана шундай етук ўқимишлиларидан бири Абдурраззоқ бахши эди. У асли самарқандлик бўлиб, кейинчалик турк султонининг чорловига кўра Истанбулга борган ва ўша ерда уйғур ёзувли матнларни кўчириш билан шуғулланган. Бахшининг исми-шарифи уйғур ёзувли манбаларда Шайхзода Абдулраззақ бахши ёки Абдураззақ Шайхзода бахши деб берилган.

Уйғур ёзувли нодир китоблар Абдурраззоқ бахшининг сўровига кўра Самар­қанд, Ҳирот, Язд сингари маданий марказлардан Истанбулга (Кустантанияга) олиб борилган. Масалан, “Қутадғу билиг”нинг 1439 йили Ҳиротда Ҳасан Қора Сайил Шамс бахши кўчирган нусхаси, “Ҳибат ул-ҳақойиқ”нинг 1444 йили Самарқандда Зайн ул-Обидин бахши кўчирган нусхаси Истанбулга олиб кетилгани манбалардан аён. Ҳатто “Қутадғу билиг” Ҳирот қўлёзмасининг охирги бетига уйғур ёзуви билан ушбу китобнинг Ҳиротдан Тўқатга, у ердан эса Абдурраззоқ бахши учун 879 (мелодий 1474) йили Истанбулга келтирилгани ёзиб қўйилган. Мана, ўша ёзув: Taрихқа секиз юз етмиш тўқузда йилан йил бу Қутадғу билиг китапни Абдураззақ Шайхзада бахши учун Истанбулда Тўқаттин Фанари ўғли Қози Али битиг йибарип келтурдилар. Mуборак бўлсун, давлат келсун, меҳнат кетсун (Тарих (ҳижрий) саккиз юз етмиш тўққизда, илон йили, бу “Қутадғу билиг” китобини Абдурраззоқ Шайхзода бахши учун Фанари ўғли Қози Али Истанбулдан хат юбориб Тўқатдан келтирдилар. Муборак бўлсин, давлат келсин, заҳмат кетсин). Бахши “Қутадғу билиг”нинг ушбу қўлёзмасидан нусха кўчирганми-йўқми, буни билмаймиз.

Абдурраззоқ бахши Истанбулда 1480 йили уйғур ва араб ёзувлари билан кўчирган ўта нодир мажмуа маълум. Қўлёзма Истанбулдаги Аёсофия кутубхонасида сақланмоқда. Мажмуага Адиб Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари, Мавлоно Лутфий ва Саккокий шеърлари ва бошқа бир қанча асарлар киритилган. Ундаги “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари, Мавлоно Лутфий ва Саккокий шеърлари икки хил ёзувда: уйғур хатида битилиб, ўқилиши тагма-таг араб ҳарфларида берилган. Муҳими, бахши ушбу мажмуани тузганда ундаги “Ҳибат ул-ҳақойиқ” матнини асарнинг уйғур ёзувли Самар­қанд қўлёзмасидан олиб кўчирган. Англашиладики, Абдурраззоқ бахши кўчирган асарлар, асосан, уйғур ёзувли қўлёзмалардан олинган. Ёзув анъанасини сақламоқ учун, шунинг билан бирга, асарни кўпчилик ўқий олишини кўзда тутган ҳолда, ўша замон туркий матнчилигида русум бўлган усулни қўллаб, матнларини икки хил ёзувда битган.

Бугина эмас, бахшининг сўровига кўра Истанбулга Лутфий ва Саккокийнинг уйғур хатида битилган девонлари ёки уйғур ёзувли мажмуалар ҳам келтирилган бўлуви керак. Абдурраззоқ бахши тузган мажмуадаги шеърлар кунимизгача сақланмаган ўша қўлёзмалар­дан (девон нусхалари ё мажмуалардан) олинган, дея тахмин қилса бўлади.

Шундай қилиб, темурийлар даври матншунослик амалиётида ота-боболар меросига катта эътибор қаратилди. Уларнинг шижоати ва фидоийлиги туфайли улкан ёзма мерос яратилиб, келгуси авлодларга сақланиб қолди.

Қосимжон СОДИҚОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//