Ўтган 2022 йил давомида нуфузли адабий нашрлар – “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Тафаккур” журналлари ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 300 га яқин шоирнинг шеърлари чоп этилган. Қуйида улардан айримларига тўхталиб ўтамиз.
Қутлибека Раҳимбоева шеърларида (“Шарқ юлдузи”, №1) бир умумий хусусият кузатилади – уларда юрагига, ўз ичига чекина-чекина, охири чекинадиган жойи қолмаган одамнинг кайфияти акс этган. Шоира ёзади:
Бирдан тикка турсам (ўйлаш ҳам ҳузур),
Толе манглайимни юборса силаб.
Кўринмай, билинмай ётибман ҳозир,
Дилимда денгиздай туғёнлар билан.
Шоиранинг “Ўзимга” шеърида лирик субъектдан ташқари яна бир “мен” бор, яъни “ўзим”. “Салом сенга, қадрдон ўзим” дея мурожаат қилади лирик “мен” “ўзим”га.
Шундай, ҳар кеч сен билан, ўзим,
То тонггача яшаб оламиз.
Шундан кундуз кетмаймиз тўзиб,
Нураб тушмас юрак қалъамиз.
Шеър – Қутлибека учун ўзининг бутунлигини тиклаб олиш, шахсиятининг яхлитлигини сақлаб қолиш йўли, деб хулоса чиқариш мумкинки, бу сўз санъатини ўз ҳаёти мазмунига айлантиролган ижодкорларга хос.
Одил Икромнинг “Қуш тили” шеърида (“Шарқ юлдузи”, №1) шундай мисралар бор: “Бўғзимда қалтираб турибди бир сўз, Fилофида қолиб занглаган тиғдай”. Бу сўзлар бир қарашда ижтимоий муҳит таъсирида айтар сўзини айта олмаган одамнинг ҳолини эслатади. Шеърнинг давоми эса бошқа нарсани айтади:
Сўзингдан иқтибос келтиролмайман,
Сенга келтираман юракдан сужуд.
...Кимдан қўрқишимни англадим, аммо,
Қачон қўрққанимни эслай олмайман.
Назаримизда, бу ерда одамнинг ичидаги стержен ҳақида гап кетяпти, яъни нима яхшию нима ёмонлигини, ҳалолу ҳаромни ажратиб берадиган ички механизм – қўрқув ҳақида гап боради. Шунинг учун ҳам бу қўрқув метафизик характерда – у бор, лекин юрагимизда қачон, қандай пайдо бўлганини билмаймиз. Ва бу мангу мавзулардан бири, бундай мавзуларга эътибор кучайгани шеъриятимизнинг етуклигидан далолат.
Санобар Меҳмоннинг “Иқрор” шеъридаги (“Шарқ юлдузи”, №6) лирик қаҳрамон – ўз-ўзига, ўз кўнглига қайтаётган одам. Шоира ёзади:
Билдим, шу манзилда бошланар йўлим –
Қабул эт!
Мен сенга келяпман кўнглим!
Фақат бу шеъридагина эмас, умуман, шоиранинг барча шеърларида кўнгил одамини кўрамиз, унинг лирик қаҳрамони – фақат кўнгилдагина тўлақонли яшай олиши мумкин бўлган одам. Санобар Меҳмон шеърларида кечинма, сўз, оҳанг, ритм уйғунлигини ҳис қиламиз. Бу шеърларни ўқиётганингда ўз қалбингни кимдир таржима қилиб бераётгандек туюлади. Шунинг учун ҳам Санобар Меҳмон шеърларини шарҳлаш таржиманинг таржимасига ўхшаб қолади.
Салим Ашур – сўз қўллашда, ҳолат, кайфиятни ифода этишда анча тажрибали шоир. “Доскага қаранг...”, “Китобларнинг қатида” номли шеърларида (“Шарқ юлдузи”, №6) ўспирин йигитчанинг илк муҳаббат кечинмалари самимий ифода этилган. Бироқ "Қишлоқдаги сингилларим" шеърини ўқигач бир мулоҳаза туғилди. Одатда ҳаёт адолатсизлик қилган кишиларга муносабатда уларга ачиниш билан мақтов аралашиб кетади. Гўё шу мақомни бошқаларга ибрат, ўрнак қилиб кўрсатилади. “Қишлоқдаги сингилларим” шеърида ҳам шунга ўхшаш ҳолатга дуч келамиз.
Сизга мадад бўлгаймикан йиғлоқ шеърим...
Оёқларни илитарми калишингиз.
...Шон-шарафга белагайсиз элингизни,
Меҳнат – мерос, буколмайди белингизни,
... Бургутлардан олганмисиз шахдингизни,
Матонатда сиздан метин енгилади,
Сизни бутун Ўзбекистоним билади!
Мен бу шеърда тасвирланган ҳолатни ўқувчилик, талабалик давримда бошдан кечирганман. Ўша вақтга қайтишни, мана шу шеърда тасвирланган аёлларнинг ўрнида бўлиб қолишни умуман хоҳламасдим. Шеърдаги патетика билан ҳолат мос келмай қолган.
Муҳтарама Улуғованинг “Аллоҳдан ўзгага дилингни берма” номли туркум шеърларининг (“Шарқ юлдузи”, №7) аксариятида онасини соғинган, вақтида қадрига етмагани учун сўнгсиз ўкинч-изтиробдаги лирик қаҳрамоннинг кечинмалари акс этган. Шоиранинг “Ўзимга савол” шеърининг лирик қаҳрамони гўё ўз-ўзини огоҳлантираётгандек:
Қочиб, қўрқиб юрганинг йўқми
Кеча айтган ҳукминг, сўзингдан?
...Севаман деб айтмоқлик осон,
Осон ҳатто оддий нафасдан.
Оғиздан чиққан сўз, айниқса, ёзилган сўз ўзини ҳимоя қила олмайди, деган гап бор. Шунинг учун ҳам шоира “Тик боқмоққа бўларми ҳаққинг Ҳукми қаттиқ эртанги кунга?..” дея ўзини сўроққа тутади.
Мадина Норчаевада борлиқни образли тарзда қабул қилиш ва уни бетакрор бир шаклда ифода этиш қобилияти бор экан (“Шарқ юлдузи”, №7). Унда бир пайтнинг ўзида рассомнинг нигоҳи ва шоирнинг қалби мужассам. Лирик “мен” кимгадир ниманидир исботлашга уринмайди, унда ғалати бир киборона (кибрли эмас) хотиржамлик бор. Бир шеърида бунинг сирини очади:
Ибтидода олган омонатим – дил,
Уни сендан асраб қолсам бас, ҳаёт.
Ўз қалбининг дахлсизлигини сақлаб қола олган одамгина дунё ва замоннинг ғавғоларига шу тарзда оғир-вазминлик билан қарай олади. Бошқа бир шеърда Мадина Норчаевани шоир қилган дард – “зил турмушдан елкалари яғир бўлган падар”га ҳамдардлик экани ойдинлашади. Шоиранинг шеърларини ўқиб бир хулосага келдим. Назаримда, “Излам” туркуми ортидан кўтарилган баҳслар Мадина Норчаева ва у каби шоирларни адолатсиз равишда сояда қолдиргандек. Туркумдаги ҳар бир ижодкорнинг шеърларига алоҳида баҳо бериш керак бўлади.
Гулноз Мўминова шеърларида турланмайдиган, тусланмайдиган лирик қаҳрамоннинг қатъияти, чуқур эътиқоди акс этган.
Бугун хўп сахийман
Одамларга имкон бергум
Мендан кетишлари учун
Қадр-қимматини бошқаларга боғлаб қўймаган, ўз-ўзича қимматини тасдиқлай оладиган одамгина шундай йўл тутиши мумкин.
Шаҳриёр Шавкатнинг шеърларидаги (“Шарқ юлдузи”, №9) лирик қаҳрамон бир вақтнинг ўзида тарихда ва бугунги кунда яшаяпти. У қадим боболар ва момолар кўксидаги исённи, жасоратни тирилтиришни истайди, бунинг имконсизлиги шоир сўзини тобора кескинлаштириб бормоқда.
Хивичда битмаган ишини
қиличда битирган момолар,
"Ўғлимни қайтар" деб ёвларга
ялиниб юрибсиз, водариғ!
Воҳид Луқмоннинг лирик қаҳрамони – ўзини тафтиш қилаётган одам (“Шарқ юлдузи”, №10). Шоир ёзади:
Ёлғон гапирмоқлик, хушомад – касбим,
Кўксимда кўпчийди юрагим кири.
Шеърнинг давомидаги “Тиллар тугилгандек одимлашар жим, Кексайиб қолгандек гўёки ёшлар” сатрлари менга университетдаги ўқишни битириб эндигина мактабда иш бошлаган пайтларимни ёдга солди. Шаҳар халқ таълими бўлимидан келган услубчи аёлнинг гапи эсимда: “Ишлаётганингизга эндигина бир йил бўлибди, аммо худди ўттиз йил ишлаб чарчаган одамнинг кайфияти бор сизда”. Кейинчалик бу гапни кўп ўйлаганман. Ўша йиллардаги мактабнинг аҳволи шу даражада эдики, бир йилдаёқ одамни ўттиз йилга қаритиб юборар эди. Воҳид Луқмоннинг лирик қаҳрамони тилидан айтилган юқоридаги мисралар биз яшаган ҳаётнинг яққол ифодаси, дейиш мумкин.
Негадир кўплаб шоирларнинг шеърларида ичкари, яъни инсон қалби ҳамда ташқари – у яшаётган муҳит орасидаги масофага, фарққа эътибор қаратилган. Жумагул Сувонованинг бир шеърида шундай мисраларни ўқиймиз (“Шарқ юлдузи”, №10):
Ичкарида сўнгсиз уруш,
Жангу жадал авжида.
Ҳақиқат ва ёлғон турар,
Дўсту душман тарзида.
Ташқарида омон-омон,
Ҳақ ва ноҳақ баробар.
Муҳиддин Абдусамаднинг “Она, юриб-юриб оёғим толди” (“Шарқ юлдузи”, №10) деб бошланадиган шеърини ҳам Воҳид Луқмон ва Жумагул Сувонова шеърлари билан ёнма-ён қўйиб, улар билан бир контекстда тушуниладиган бўлса, инсонни минг бир бўлакка бўлиб ташлаётган воқелик қиёфаси ойдинлашади.
“Борса келмас” йўлда кетди ёшлигим,
“Борса гумон” йўлда юрагим тентир.
“Борса келар” йўлда юрган шодлигим,
Онажон, гар билсанг у фақат сендир.
Инсонни бўлиниб яшашга мажбур қилаётган сабаблар кўп. Шеър эса шоирнинг бутунлигини тиклаб олиш, бутунлигини сақлаб қолиш йўлидек туюляпти менга. Муҳиддин Абдусамад бир тўртлигида шундай ёзади:
Эҳтимол бир куни ёзарман, ҳозир
ёзганим кўнглимни ҳеч тўлдирмайди.
Мени тўғри тушун, мадҳ этмаганим –
сени севмаслигимни билдирмайди.
Худди шу жойда шахсиятни, бутунликни сақлаб қолишнинг яна бир йўли айтилган: жим туриш – мадҳ этмаслик. Сўз қадрини йўқотган жойда сўзни қадрлайдиганлар сукут сақлашади. Юқоридаги тўртликни ҳам шахсий контекстда – аёлга муҳаббат изҳор этиш маъносида, ҳам ижтимоий контекстда – Ватанни мадҳ этиш маъносида тушуниш мумкин.
Ойдиннисо шеърлари (“ЎзАС”, №36) шоиранинг аввалги шеърларидан фарқланади, лирик қаҳрамондаги руҳми, кайфиятми – нимадир ўзгарган. Шоиранинг сўз танлашда, фикр, кечинма ифодасида маҳорати ортган, лекин лирик “мен”нинг кайфияти тушкунликка мойилдек кўринади. Албатта, буни камчилик деб қарамаслик керак. Бир шеърида “Ўрганмоғинг учун бахтли бўлишни Сен бахтли қилишни ўрганмоғинг шарт!” деб ёзади. Эҳтимол, аксинча бўлиши керакдир, яъни одам бошқаларни бахтли қилиши учун аввало унинг ўзи бахтли бўлишни ўрганиши керакдир...
Шуҳрат Ориф – анча машҳур ва қалами чархланган шоир. Лекин бир шеърида (“ЎзАС”, №49) шундай мисралар бор:
Йиғладинг худди Момо Ҳаво каби,
Хўрсиндим хўрсингандек Одам Ато.
Одатда образни кўз олдимизда ёрқин гавдалантириш учун ўхшатиладиган нарса ўқувчига таниш бўлиши керак. Мен Момо Ҳавонинг йиғлаганини, Одам Атонинг хўрсинганини кўрмаганман, қандай қилиб шеърдаги ҳолатни тасаввур қилишим мумкин? Эҳтимол, мисрани контекстдан юлиб олмаслик керак, деган эътироз бўлар. Мана, кейинги мисралар:
Пичирлаб нимадир демоқчи лабинг...
Бизга раҳми келди гуноҳнинг ҳатто!
Гуноҳнинг раҳми келиши деганда нима назарда тутилганини тушуниш қийин. Шу ерда Шуҳрат Орифнинг ўтган йили эмас, аввалроқ чиққан бошқа бир шеъридаги мисра ҳақида ҳам мулоҳазани айтиб ўтамиз.
Мен асли одаммас, ёр эдим...
Одам аввало одам бўлади, ундан кейин ёр. Ёр тушунчасини одамликдан ажратиб бўлмайди. Бу ерда кутилмаганлик эффекти учун мантиқ қурбон қилинган. Навоийга солиштириб кўринг, Ширин айтади:
Менга не ёру не ошиқ ҳавасдир,
Агар мен одам ўлсам ушбу басдир.
Жонтемир ва шеър ёзмайдиган Расул Кушербоев
2022 йилда “Тафаккур” журнали бир қатор ёш шоирларнинг – Жонтемир, Тилланисо, Шаҳриёр Шавкат, Мадина Норчаева, Раҳмат Бобожон, Маҳфуза Имомова, Кумуш Абдусаломованинг шеърларини чоп этибди. Ёшлар ижодига, умуман, ҳар қандай ижодкор асарларига муносабат билдириш учун уларнинг матбуотда чоп этилган асарларининг ўзигина етарли эмас. Ҳозирда, ёзилмаган қоидага кўра, ижодкорларнинг асарлари тоифаланган ҳолда эълон қилинмоқда: бир қисми расмий матбуотда чоп этилади, телевидениеда ўқилади, иккинчи қисми китоб бўлиб чиқади, унга ҳам сиғмагани интернетда айланади.
Жонтемирнинг “Тафаккур” журналида ва “Излам” туркумида чоп этилган китобидаги шеърлари асосида унинг лирик қаҳрамони ҳақида айрим мулоҳазаларни айтиш мумкин. “Тафаккур”да чоп этилган “Тавалло” шеъри туйғуларнинг шиддатли оқими билан ўқувчи руҳиятни тўлқинлантириб юборади. “Тавалло”да зулмнинг, адолатсизликнинг барча кўринишларига биратўла нафратини, ғазабини изҳор қилаётган лирик “мен”ни кўрамиз. Бироқ шоирнинг китобини мутолаа қилиш давомида лирик қаҳрамондаги норозилик, исён ва инкор кўп ўринларда меъёридан, ҳаддидан ошиб кетгандек туюлади. Бунинг боиси нима бўлиши мумкин?
Жонтемирнинг лирик қаҳрамони унда норозилик уйғотган жамиятни ислоҳ қилиш учун ўзи ҳеч нарса қилмоқчи эмас, айни пайтда унда ҳеч нарса қилмаётган қўрқоқлар, лаганбардорлар, ношудларга қарши нафрат, ғазаб, инкор тобора кучайиб бормоқда. Ўзи ҳеч нарса қилмаётгани учун ўзидан норозилигини ўз-ўзидан яшириш, буни кўрмаслик учун ҳам исёнини, нафрат ва ғазабини ташқарига, бошқаларга қаратаётган одамдек таассурот қолдиради.
Жамиятда нимадир ўзгариш қилишга бошқа одамлар масъул, ҳар ҳолда, Жонтемирнинг лирик қаҳрамони эмас, дейлик, Расул Кушербоев. Шоирнинг ҳаётий позициясидаги заиф томон шу тарзда ўзини фош қилиб қўймоқда. Жонтемирнинг лирик қаҳрамони каби ҳамма нарсадан хафсаласи пир бўлиши ва инкор этиш учун жамиятни ислоҳ қилиш ишига ҳеч бўлмаганда Расул Кушербоев даражасида қайта-қайта уриниб кўрган одам бўлиш керак. Парадокс шундаки, ижтимоий ҳаётда фаол бўлган Расул Кушербоев шеър ёзмайди, Жонтемирнинг лирик қаҳрамони эса бошқалардан кутаётгани ижтимоий фаолликни ўз зиммасига олишни истамайди.
Тилланисо ва игнасини йўқотган одам ривояти
Тилланисонинг шеърлари сабаб кўтарилган баҳсдан кўпчиликнинг хабари бор. Унинг шеърларида эътирозга сабаб бўлган учта нарсани айтиш мумкин:
Биринчиси – “Мен бир фалонийман” деган мисраси.
Иккинчиси – Яратган ҳақидаги қалтис гаплар айтилган шеъри. Бу ерда “борликка”, “йўқликка” қофиялари ишлатилган шеърини назарда тутяпмиз.
Учинчиси – ҳожатхона билан боғлиқ ассоциация юзага келтирадиган шеъри.
Тилланисо мухлислари орасида ҳақиқатгўй, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аямай тафтиш ва фош эта оладиган ижодкор сифатида танилган. Унинг учун энг муҳим қадрият – инсон эрки, инсон эркининг дахлсизлиги, назаримда. Бу борада, албатта, унга эътироз йўқ. Аммо унинг ўзи қадрлаган нарса учун қилаётган исёни менга бир ривоятни эслатади.
Бир одам кўчада кетаётса, бошқа бир киши симёғочдаги чироқ остида ниманидир қидираётганмиш. Биринчи киши: “Биродар, нимани қидиряпсан?” деб сўрабди. Нариги киши: “Уйда игнамни йўқотиб қўйдим, шуни қидиряпман”, деб жавоб қилибди. Сўраган одам ҳайрон бўлибди: “Игнани уйда йўқотган бўлсанг, уни кўчадан қидирасанми?” Униси жавоб берибдики, “Уйим қоронғи бўлгач, кўчадан қидираман-да”.
Тилланисо ҳам игнасини йўқотган жойидан эмас, ўзига қулай бўлган бошқа жойдан қидираётгандек. Унинг эркини чеклаган бандалардан норозилигини бошқа томонга қаратган ва ҳаяжоннинг таъсирида Яратган ҳақидаги қалтис гапларни айтиб юборган.
“Ҳожат ушутиш...” билан боғлиқ, “кичик ҳожатни англатувчи” сўз ишлатилган шеърига келсак, бу ҳам юқорида тавсифланган психологик механизмнинг натижаси. Шоира барча қолипларни бузиш, парчалаш истаги таъсирида жамоат жойида, мулоқотда қўллаш ножоиз бўлган сўзларни қўллаган, гўёки бу билан у қолипларни парчалайди. Аслида унинг эркини чеклаётган нарсалар бошқа, лекин шоира диққатини ўша нарсаларга эмас, мулоқотнинг элементар қоидасини бузиш томон қаратади. Ҳар ҳолда мулоқотнинг бу оддий қоидаси билан қўйилувчи тақиқ туфайли одам эрксизликдан қийналиб кетмайди. Шунга кўра, унинг шеърларидаги исён исён эмас – исён иллюзияси, холос.
Тилланисонинг бу тарздаги исёни менга ўн йиллар илгари Россияда бўлган бир воқеани эслатади. Феминистик панк-рок гуруҳи бўлган, номини айтмайман, иштирокчиларидан бирини айтишим мумкин – Надежда Толоконникова. Бу гуруҳнинг аъзолари ғалати кийиниб олиб, черков меҳробига чиқиб сиёсий қўшиқ айтишади. Яъни ижтимоий адолатсизликка қарши исён қилишади, ўзлари қадрлаган қадриятлар учун майдонга чиқишади, бироқ айни пайтда ўзгалар қадриятларини камситиб қўяётганидан бехабар бўлишган. Бу дегани – мақсад йўлида воситани танламаслик дегани. Мақсад йўлида воситани танлаб ўтирмайдиган, бемалол ҳукм мақомидаги қоидаларни бузадиган, қолипларга риоя қилмайдиган архетип мавжуд – бу трикстер. Трикстер турланувчан, қиёфасини ўзгартириши мумкин бўлган тип. Тилланисонинг “Мен бир фалонийман” деган мисрасини ҳам турланувчан қиёфанинг эътирофи ўлароқ тушуниш керак бўлади.
Тилланисо ва бошқа яна бир неча шоирлар шеърлари ҳақида ниҳоятда қарама-қарши фикрлар айтиляпти, томонларни умуман муросага келтиришнинг иложи йўқ. Чунки томонларнинг ҳаммаси ҳақ. Акром Малик кўрган ва кўрсатган қиёфани Тилланисо ва Жонтемирга хайрихоҳ кишилар ё кўрмайди, ёки кўрса ҳам кўз юмишади, кечирса бўладиган нарса деб қарашади. Айни пайтда бир ижодкордаги кечирилган қиёфани бошқа бир нотаниш ижодкорда кўриб ҳазм қилолмаслик ҳолатлари кишини ўйлантириб қўяди. Шунинг учун ҳам Абдулатиф Абдуллаев “Мени сизнинг торлигингиз ва кенглигингиз ҳайрон қолдиряпти” деб изоҳ ёзди бир постга. Нафақат ижодкорларнинг ўзида, уларга баҳо берувчиларда ҳам баҳолаш мезонлари силжиб кетяпти, аниқроғи, қўшалоқ мезон билан ёндашиляпти. Истасак-истамасак, шеърни қабул қилувчисида ҳам турланишга мойиллик борлиги аён бўлиб қоляпти.
Ва баъзи хулосаларимиз...
Кузатишларимиз асосида, ҳозирги ўзбек шеъриятида учта асосий оқим бор, деган хулосага келиш мумкин.
Биринчи тоифа шеъриятнинг лирик қаҳрамонини “ўз ичига чекинган, ўзини тафтиш қилаётган одам” деб таърифлаш мумкин. Бу шеъриятда турланишга мажбур қиладиган ижтимоий воқеликда парчаланиб кетаётган, ўзлигини шеър орқали бутунлаб олишга интилаётган лирик субъект бор. Шоир шахсияти турланмаяпти, парчаланиб кетяпти ва шоир шеърда ўзини яна бутунликка келтириб оляпти.
Иккинчи тоифа шеъриятни эса оддийгина қилиб “маддоҳ шеърият” деб атаймиз. Бу тоифанинг айрим вакиллари вақти-вақти билан кўнглини бўшатиб олиш учун нимадир яхши шеърлар ҳам ёзиб туришади, шунинг учун бу тоифа шеъриятда турланувчан тип – трикстер ўринлашган. Ўз вақтида февраль инқилоби ғояларига ишониб хафсаласи пир бўлган Чўлпон “Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку” деб ўкинади ва бошқа йўл излайди, табиийки, бугун ҳеч ким Чўлпонни турланувчанликда айблай олмайди. Ҳозирги замон “маддоҳлик шеърияти”нинг лирик қаҳрамони эса у қутбдан бу қутбга чексиз равишда сакрашга мойил. Бу тоифа шоир учун шеър бир томондан манфаатга эришиш воситаси бўлса, иккинчи томондан шеър унинг учун ўзини оқлаб олиш майдони ҳамдир. Шу боис бу шеъриятнинг лирик қаҳрамонини турланувчан тип деб ҳисоблаймиз.
Учинчи тоифа эса ўзини “маддоҳ шеърият”га қарши қўяётган, "ҳақиқатчи" шеърият. Бунда бир пайтнинг ўзида ғазаб, нафрат, шиддат, исён, норозилик кайфиятлари кўрилади. Бу шеъриятнинг яхши намуналари ҳам, саёз кўринишлари ҳам мавжуд. Битта жиҳати борки, унинг бир қанотида азалий ва ўзгармас қадриятларга ҳам беписандлик билан қараш сезилмоқда. Юқорида айтганимиздек, бу унда бир неча қиёфали лирик субъект, яъни трикстер архетипи кўринишидаги образ мавжуд, деган хулосага олиб келади бизни.
Парадокс шундаки, асосий лирик субъекти турланувчан тип – трикстер бўлган “маддоҳ шеърият”га ўзини қарши қўяётган “ҳақиқатчи” шеъриятнинг бир қанотида ҳам ўз мақсади йўлида восита танлаб ўтирмайдиган персонаж (трикстер) пайдо бўлган. Бунинг боиси шундаки, одам ўзи қарши курашаётган қутбнинг хусусиятларини ўзлаштириб олишга мойил бўлади. Худди триллер фильмларда “ёвуз руҳ”га қарши курашаётган кишиларнинг танасига ҳам “ёвуз руҳ” кириб олгани каби ҳолат юз беради.
Иккинчи тоифадаги, яъни “маддоҳ шеърият” расмий матбуот ва телевидениени эгаллашга интиляпти ва, табиийки, бу йўлдаги уринишлари самарали. “Ҳақиқатчи” шеърият эса, асосан, ижтимоий тармоқларда айланяпти. Шунинг учун, юқорида айтганимиздек, ҳозирги ўзбек шеъриятига матбуотда чоп этилган шеърларга қарабгина муносабат билдириш чала хулосага олиб келади. “Ҳақиқатчи” шеъриятнинг бир қанотидаги лирик қаҳрамоннинг турланувчанликка мойиллиги бу шеърият намуналарининг қаерда қайси қисми эълон қилинишида ҳам кўринади: расмий матбуотда унинг бир қиёфаси, китобларда бошқа бир қиёфаси, ижтимоий тармоқларда, айниқса, фейсбукда тағин бир қиёфаси намоён бўлмоқда.
Юқоридаги таснифдан ташқари яна бир хулоса шуки, ўз халқидан нолиш садомазохизм кўринишига ўтиб кетган ҳозирги кунда биз – “фейсбук бандалари” шеърни ўқувчи сифатида эмас, истеъмолчи сифатида ҳазм қиляпмиз. “Ҳақиқатчи” шеъриятдаги лирик қаҳрамоннинг нафақат халқ, балки ўзининг ҳам бирор нарсага қодир эканлигига ишончи, умиди йўқ. Ўз-ўзига ишонч йўқлиги ёки қилаётган кичкина сифатли ишларининг аҳамиятига паст баҳо бериш бутун халқнинг ҳолидан қониқмаслик шаклида бўй кўрсатмоқда. Ҳар ҳолда, бир шоир айтганидек, “Мендан бошланар ВАТАН” – ХАЛҚ шоирнинг “мен”идан бошланади.
Эҳтимол, кимдир: “Охирги ўттиз йил ичида туғилиб-ўсган, тарбияланган авлоддан бундан ортиғини кутмаслик керак, кутишга ҳаққимиз йўқ” дея эътироз билдириши ҳам мумкин. Лекин ҳозирги ёш бўғин шоирлар ҳимоясига айтиладиган бундай гаплар айни пайтда уларга берилган баҳо ва ҳукм ҳам бўлади.
Машҳура ШЕРАЛИЕВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ