Адабиёт
Тилимизга давлат миқёсида махсус фармон асосида эътибор қаратилаяпти. Аммо, унинг жамиятдаги нуфузи, ўрни, обрўсини ошириш, ҳуқуқий мақомини белгилаш, том маънодаги давлат тили даражасига олиб чиқиш учун нима қилиш керак, яъни “Давлат тили муҳофазаси қандай бўлиши керак?” деган масала кўпчиликни ўйлантириши табиий. Бунинг учун эса тилимизни ҳар томонлама мукаммал ишланган қонун воситасида ҳимоялаб қўйишимиз керак бўлади. Маълумки, қонун – инсон, жамият ва давлат манфаатлари нуқтайи назаридан энг муҳим ҳисобланадиган ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва тартибга солиш воситаси. Демак, тилимизнинг мавқейи, мартабаси қонун орқали ҳимояланиши керак.
1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуни ўз даврида буюк ҳодиса бўлганлиги эътироф этилган. Лекин юртбошимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланиб ўтказилган тантанали йиғилишда қилган маърузасида таъкидлаганидек: “...бундан ўттиз йил муқаддам қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, такомиллаштириш зарурати сезилмоқда”.
Президентнинг мазкур таклифи норматив-ҳуқуқуий ҳужжат асосида алоҳида топшириқ сифатида белгиланиб қўйилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сонли фармонида “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига киритсин” деган вазифа қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти масъуллигида республикадаги таниқли олимлар, ҳуқуқшунослардан иборат ишчи гуруҳ томонидан янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Қонунчилик палатасига тақдим қилиниб, унинг муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди. Муҳокама жараёнларини жонли тарзда кузатишга ҳам муваффақ бўлдик, лекин мустақил давлатчиликнинг белгиси бўлган, миллатни миллат сифатида намоён қиладиган миллий тилимиз ҳимоясига аксарият депутатларнинг бепарволиги, уни ҳимоя қилиш тугул, қонуннинг энг асосий моддаларига қарши чиққанлиги жиддий эътирозларга сабаб бўлди, бир сўз билан айтганда, энг асосий қонунимизга беписандлик билан қаралди. Мана орадан тўрт йилга яқин вақт ўтишига қарамасдан, Президент фармони ижроси ҳанузгача таъминланмай қолинмоқда. Қонун лойиҳаси қаерда? Қандай ўзгартиришлар киритилди? каби саволларга жавоб йўқ. Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлар томонидан мавзу бўйича савол берилганида, бир сенаторимиз қонун лойиҳаси сенатда муҳокама қилинмаганини айтди. Кўриб турганимиздек, мавҳум ҳолатлар...
“Ўйчи ўйига етгунча таваккалчи ишини битирибди” деганларидек, бизнинг “халқпарвар” депутатларимиз лойиҳани эслашга ҳам уринмай, эсдан чиқарвориб юришганда, россиялик депутатлар ўз тили мавқейи борасида улкан тарихий миссияни амалга оширдилар. Жорий йилнинг 16 февраль куни Российа Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. 28 февраль куни эса Россия президенти томонидан имзоланди. Унда рус тилини қўллашни тартибга солишнинг меъёрий механизмлари ва уни ҳеч қандай қоидаларсиз ўзлашаётган хорижий сўзлардан ҳимоя қилиниши акс этган.
Табиий савол туғилади: Россия Федерациясида рус тили давлат тили сифатида мустаҳкам нуфузга эга бўлса, нега қонунни такомиллаштириш зарурати туғилди? Гап шундаки, рус тилига ҳам хорижий сўзларнинг кириб келиш кўлами жуда катта экан. Ҳатто рус тилида синоними мавжуд бўлса-да, ажнабий сўзларни қўллаш урфга айланган, натижада рус адабий тили бузилиб кетаётган экан.
Бизда-чи?! Бизда эса аҳвол улардан ҳам ёмон ҳолатда. Тилимизга хорижий сўз-атамалар ҳеч қандай тўсиқларсиз, миллий имло қонун-қоидаларини писанд қилмасдан кириб келаётгани хусусида мутахассислар тинмай бонг уриб келмоқда. Ҳукумат қарори билан шакллантирилган Атамалар комиссияси кириб келаётган хорижий сўзларни қандай принсип асосида истеъмолга киритиш, уларнинг тилимиздаги муқобил вариантини топиш бўйича бирор тайинли ҳаракат қилганича йўқ. Худди шундай муаммога бир аср аввал жадид боболаримиз ҳам дуч келган эдилар. Уларнинг олдида араб ва форс тиллари қоидалари асосида шаклланган бирикмалар, гаплар билан мураккаблашиб кетган, оддий халқ учун тушунарсиз ҳолатга келган адабий тилни соддалаштириш, чет сўзлардан тозалаш каби жуда мураккаб вазифа турган эди. Улар ўзбек адабий тилини соддалаштириш, халқ жонли тилига яқинлаштириш учун миллий грамматикага ёт бўлган араб, форс конструкцияларини чиқариб ташлаш, хорижий атаманинг ўзбек тилида синоними бўлса, уни қолдириб, ажнабий сўзни чиқариш, хорижий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратишда шеваларга мурожаат қилиш, шеваларда топилмаса, қўшни қозоқ, қирғиз биродарларимиз тажрибаларини ўзлаштириб, улардан сўз олиш таклифларини илгари сурдилар. Бу эса, қардош туркий халқлар билан илмий-маданий жиҳатдан янада яқинлашиш учун қўйилган муҳим қадам эди.
Яна Россиянинг янги таҳрирдаги қонунига қайтамиз. Қонун ҳужжатларига мувофиқ, мажбурий норматив луғатлар ва маълумотномалар жорий этилади. Айнан уларга мувофиқ рус тилининг давлат тили сифатидаги стандартлари белгиланиши керак. Шунга кўра, ушбу стандартларга мос келмайдиган сўз ва иборалардан фойдаланиш тақиқланади. Бундай амалиётнинг қўлланилиши миллий тилнинг софлигини сақлашга, нуфузининг янада ошишига хизмат қилади. Бизнинг янги таҳрирдаги қонунимизга ҳам айнан шундай моддалар киритилиши шарт деб ўйлаймиз.
Бир нарсани таъкидлашни истардим, биз жуда эҳтиёткор халқмиз. Бизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилади. Лекин давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 1 январдаги маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 84,4 фоизини ўзбеклар ташкил қилади. Шундай бўлса-да, хатти-ҳаракатимиз билан уларнинг тилини камситайотгандек бўлиб қолмаслик керак, давлат тили мавқейини ўйлаганда, мана шу омилларни инобатга олиш керак, деган андиша ҳаммамизда бор. Ўзбек тилини ҳимоя қилмоқчи бўлганлар миллатчига чиқарилади. Лекин гап Ўзбекистонда давлат тилининг мавқейини ошириш ҳақида кетяпти. Ёки мисол учун, Қозоғистон ёхуд Қирғизистонда ўзбек тилининг қўлланилиши масаласи эмас. Хоҳлаган давлатнинг қонунини кўринг, ўз тилини энг юқорига қўйиш биринчи планга олиб чиқилган.
Россия думасининг маданият бўйича қўмитаси раиси Елена Ямпольскаянинг таъкидлашича, ҳеч ким чет тилларини тақиқлашни ёки Россия Федерацияси қонунчилиги билан ҳимояланган ва рўйхатга олинган товар белгиларини бир кечада ўзгартиришни талаб қилмайди. Биз фақат Россияда яшаётганлигимизни айтяпмиз. Бизнинг давлат тилимиз бор, у рус тилидир. Шу холос. Ва ҳар қандай сабабга кўра ҳар қандай креативлик ёки ҳар қандай фантазия учун ёки бўлмаса мамлакат ҳудудида қандайдир савдо-сотиқни амалга ошириш учун рус тили манфаатларининг бузилишини қабул қилиш мумкин эмас.
Аввалроқ Ямполская уй-жой соҳасида хорижий номларни тақиқлашни таклиф қилган эди. “Мамлакатимизда турар-жой мажмуалари ва коттежлар қандай номланишига эътибор берганмисиз? Бу чексиз “клаблар”, “ҳаус”, “филд”, “ҳилл”, “форест”, “виллаж”, “стейтлар”, дейди у.
Айни вақтдаги биздаги энг катта муаммо, кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган ҳолат ҳам шу, яъни кўчадаги турли ёзувлар, эълонлар, янги қурилаётган турар-жойларнинг номланиши, улардаги давлат тилига бўлган эътибор масаласи. Юртбошимизнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда сўзлаган нутқида ҳам айни масалага алоҳида эътибор қаратилди: “Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради.
Чунки ижтимоий объектларга ном бериш – бу шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак”.
Биргина мисол. Яқинда хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув марказлари номлари инвентаризация қилинганда, қарийб 90 фоиз номлар ўзга тилда эканлиги маълум бўлди. Мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 мартдаги “Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 144-сонли қарори эълон қилинди. Қарор асосида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида номлаш хизмати йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Марказ томонидан тадбиркорлик субъектлари учун давлат тилида номлашнинг лингвистик меъёрлари ва методикаси асосида яратилган номлар захирасининг электрон дастурий таъминоти ишлаб чиқилди. Лекин бу соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина.
Яна бир муаммога эътиборингизни қаратмоқчиман, яъни таълим соҳасида давлат тилининг қўлланилиши. Бу масала ҳам эски қонунимизда алоҳида модда, унчалик тушунарсиз иккита гап билан ёзилиб қўйилган:
6-модда.
Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахсларга таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда ҳам умумий, ҳунар-техника, ўрта махсус ва олий маълумот олишни таъминлайди.
Энди бошқа давлатлар қонунларидан намуналарга эътиборингизни қаратамиз:
Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган таълим муассасаларида озарбойжон тилини ўқитиш мажбурий.
Ўрта махсус ва олий таълим муассасаларига киришда “озарбойжон тили” фанидан имтиҳон топширилади.
Арманистон Республикасининг барча ўрта махсус, олий таълим муассасаларида арман тилидан кириш имтиҳонлари ва арман тилининг ўқитилиши мажбурий ҳисобланади.
Умумтаълим ташкилотлари (мактаб, гимназия, лицей)да мажбурий тарзда давлат тилидан ёзма иш (синфдан синфга кўчиришда), битирув имтиҳонлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълимда кириш ва битирув имтиҳонлари ўтказилади (Қирғизистон).
Кўриб турганингиздек, амалдаги қонунимизда “давлат тилини ўқитиш мажбурий” деган жумланинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам аксар раҳбарларимизда “ўзбек тили нимага керак?” деган савол кўп такрорланади. Нимага керак? жумласи туфайли тилимиз мана шу аҳволга келди, бир пайтлар ўзга тилли гуруҳлар учун жорий қилинган Давлат аттестацияси олиб ташланди, ўқув соатлари қисқартирилди, ҳатто ўзбек тилини фан сифатида менсимаслик даражасига олиб келинди. Агар нимага керак? дейилмаганда, бошқа давлатлардаги каби таълим рус тилида олиб бориладиган йўналишларда ҳам давлат тилидан кириш имтиҳонлари қўйилган бўларди.
Ўтган давр мобайнида кўп хатоларга йўл қўйдик, кўп нарсани бой бердик. Давлатимиз раҳбарининг тилимиз тўғрисидаги фармони ҳам шунинг учун қабул қилинди. Энди ортга қараб қилган хатоларимизни тўғрилаш, йўқотганларимизни қайта тиклаш учун имконият туғилди, нимага керак? деган саволдан бутунлай воз кечиш пайти келди. Фармоннинг номини эсланг: “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “тубдан” сўзига алоҳида эътибор беринг. Демак, тилимизнинг нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш учун ҳаракат қилишимиз керак.
Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, бизнинг онгу шууримиз ҳали тўлалигича ўзгаргани йўқ, нимага керак? деган саволдан воз кеча олмаяпмиз, афсус. Ҳақиқатан ҳам, ким бўлишимиздан қатъи назар, хоҳ оддий фуқаро, хоҳ каттаю кичик лавозимдаги раҳбар бўламизми, она тилимизга меҳр-муҳаббат ҳисси бўлмас экан, “...миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур (А.Авлоний)” деган пурҳикмат жумлани онгимизга сингдирмас эканмиз, она тилимиз ҳимояси, нуфузи, мавқейи масаласи мавҳумлигича қолаверади.
Зеро, юртбошимиз айтганидек: “Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак”.
Давлат тилида иш юритиш асосларини
ўқитиш ва малака ошириш маркази директори,
филолофия фанлари номзоди
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ