Шеър қачон хавфли кўрилади? Ҳақиқат айтилган бўлсами? Йўқ, жамият рост сўздан чўчиса. Эл ёлғонлар ичра яшаса… Сиёсат беш-олти йил аввал ҳайдаб солган қўрқув одамларимиз ичига беркиниб, ташқарига қўрқа-писа мўралаб турганга ўхшаётир. Ёш шоир Нажмиддин Эрматовнинг «Маданият ва маърифат» телеканалида янграган шеъри атрофидаги баҳслар шундан далолат бермоқда. Фуқароларининг қалбида мутелик, тобелик, ҳадик бор мамлакат чинакамига мустақил бўлолмайди. Oyina.uz кузатган воқеликка муносабатлар ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Улуғбек ҲАМДАМ,
ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори, профессор:
Мен кўпгина ёш ижодкорлар қатори Нажмиддин Эрматов ижодини ҳам кузатиб келаман. Унинг «Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир» мазмунидаги, умуман, туркий элнинг армонию орзу-умидлари тўғрисидаги, бошқача айтганда, Шавкат Раҳмон, Ҳалима Худойбердиева ижоди руҳидаги шеърларини аввал ҳам қониқиш билан ўқиганман.
«Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир» шеърида акс этган мазмун бугун ўзбек жамиятининг катта бир қатлами ўйу ҳисларига ҳамоҳанг. Бирданига машҳур бўлиб кетиши сабабларидан бири – шу. Бироқ энг катта сабаби – унинг Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилиши, деб биламан. Шов-шув шу ерда. Йўқ, шеър бунга арзимайди, демоқчи эмасман, асло. Жуда ҳам арзийди. Гап шундаки, Нажмиддиннинг бундай оловли битикларини олдин ҳам ижтимоий тармоқларда ўқиганманда. Лекин улар яхши шеър бўлишига қарамай, бунчалик эътиборга тушмаган. Демак, яхши шеърни (умуман, ҳар қандай асарни!) қачон, қандай шаклда етказишда ҳам гап кўп экан. Агар шоир шеърини Фейсбок саҳифасида ёзма равишда эълон қилиб қўйганда эди, нари борса ўн ё ўн бешта баҳам кўриш (репост!) билан чекланарди. Ҳолбуки, у телевидениедан эълон қилинди. Эълон қилинганда ҳам шоир томонидан «бас» овозда ифодали тарзда ўқиб берилди. Ўзбекистон телевидениесини фақат «Жаннат»дан репортажлар қилишнигина билади», деб ишониб юрган томошабин бундай руҳдаги шеър намойишидан ҳайрону лол қолди. Шеър ўқиб берилаётганда оҳангига ҳамоҳанг бош қимирлатиб ўтиришларни мен асар моҳиятига етиш, уни тўлиқ тушуниш деб ўйламадим. Тушунилганда эди, жуда катта эҳтимол билан, бошлар тебранмас, билъакс, лаблар қаттиқ тишланарди. Қўрқувдан эмас, йўқ, туркий халқлар, шунингдек, ўзбек эли тушиб қолган фоже қисматни юрак-юракдан ҳис қилишдан, англашдан шундай қилинарди.
Шеърнинг, Бобур ҳазратлари таъбири билан айтганда, кичик бир «айбғинаси» ҳам бор. Ўқувчига умид бериб якунланишини кутгандим. Лоақал бир нур кириб келиши мумкин бўлган тирқиш қолдирилгандир, деб ўйлагандим. Чунки шеърга «Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир» деб ном ва нуқта қўйиш, элдан умидни узиш билан баробардек жаранглайди. Шоир бундай қилмаслиги керак. Шоирнинг бундай қилишга, сўзда таслим бўлишга, ҳукмдорлар ботмон-ботмон тортиб олган умиднинг сўнгги мисқолларини териб кетишга ҳаққи йўқ. Майли, унинг жисми таслим бўлсин, енгилсин, нобуд бўлсин, бироқ сўзи эмас, юраги эмас! У юртининг ҳеч кимнинг назари тушмаган гўшаларидан, элининг юрак пучмоқларидан миллатнинг қайта туғилмоғию қаддини тикламоғи учун керакли таянч нуқтасини топмоғи ва халқига кўз-кўз қилмоғи шарт! Унга қисмат мана шундай вазифани юклаган. Шоир шунинг учун ҳам шоир. Таслимиятга чақиришга унинг маънавий ҳаққи йўқ. Унинг қўлидаги қалам бунга йўл қўймайди.
Ўйлайманки, Нажмиддин буларни жуда яхши тушунади, билади. Шеърнинг бундай тушкун кайфиятда якунланиши эса туркийларнинг бугунги аянч ҳоли учун чуқур бир қайғуга ботиш билан изоҳланади, дея ўйлайман. Қолаверса, Чўлпон бобо айтмоқчи, «Чечаклар унгуси кўзёшларимдан!». Нажмиддин ҳам эрк куйчиси бўлган устоз шоирга эргашиб ўз кўзёшларидан чечак ундиргиси келган бўлса, не тонг! Шоирга ва бундай шеърларни тушуниб, қадрлаб турган адабиёт мухлисларига омонлик тилайман! Адабиёт, шеърият яшамоқда! Бизчи?..
Фозил ФАРҲОД,
Ёзувчилар уюшмаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби:
Кечадан ижтимоий тармоқда Нажмиддин Эрматовнинг «Қақнус» шеърият клубида ўқиган шеъри муҳокама бўляпти. Ҳатто бунга сиёсий тус бераётганлар бор. Яхшиям, бугун 1930 йиллар замони эмас. Бўлмаса, «Маданият ва маърифат» телеканалини ёпиб, шоирни қатағон қилиб юборардик. Телевизор кўриб туринглар-эй! Ўткир шеърлар ўқилаётганига анча бўлди. Буни эркин сўз замонидаги оддий ҳол деб қабул қилинг!
Бугун ижтимоий тармоқда ҳам, ОАВда ҳам, адабиётда ҳам сўз айтиляпти. Мана, яқинда Президент Қашқадарёга борганида «Кўпчилик оммавий ахборот воситаларини «ёпиш»ни таклиф қилмоқда, лекин мен буни ҳеч қачон қилмайман», деганди. Қонунларга йўлдош тарзда бош раҳбар ҳам шундай дегач, ҳечам қўрқманг, ҳақ сўзни айтинг!
Аслиддин АЛИМАРДОН,
“Инсон ва қонун» газетаси ҳамда «Ҳуқуқ ва бурч» журнали бош муҳаррири:
Зиёлими, ўзини халқ овози санайдиган журналистми, блогерми бир жиҳатни эътиборга олиши керак. ОАВ бу – минбар. Сиёсий маҳкама эмас. Агар ҳар чиқишга сиёсий тус берилаверса, сиёсий бўлмаган фикр қоладими? Масалан, пазандалик эфирида бир ошпаз янгича рецепт асосида ширинлик тайёрлади ва унга «Туркий» деб ном берди. Буни ҳам сиёсийлаштириш мумкинми? Мумкин. Қизиқ, жуда қизиқ. Цензурадан нолиб, цензурасиз намойишга таажжубланишаяпти. Бу худди «Мен тоза ҳаво хоҳлайман, лекин фақат менга бўлсин»га ўхшамаяптими? Неки бўлса ҳам, маърифат тарафлар бир-бирини қўллаши, машъалани қўлдан қўлга ўтказиши керак. Улар чучмал, таажжуб оҳангидаги фикрлар билан халқни аросатда қолдираверса, ўша фикр ўзига зарба бўлиб қайтаверади.
Иқбол ҚЎШШАЕВА,
санъатшунос журналист:
Яқин кунларда Президент таклифи билан суратга олинган Абдулла Орипов ҳақидаги фильмнинг тақдимоти бўлади. Эшитишимча, асарда шоирнинг «Ўзбекистон» шеъри билан боғлиқ ғавғолар, таъқибу тақиқлар, хуллас, ШОИРнинг синдирилиши акс этган экан. Илоҳий қонуният шундаки, ижодкорга қилинган ҳар қандай таҳдид ўша замонга ўқилган тарихнинг АЙБНОМАсига айланади. Совет даврининг ютуқлари бўлмаганми? Бўлган. Бироқ ўша даврни Қодирийнинг, Чўлпоннинг, Фитратнинг маъсум қонисиз, забонсиз Ойбекнинг мунгли нигоҳисиз эслаш қийин. Шунинг учун ҳам бу тузумни кечира олмаймиз!
Истеъдодли шоир Нажмиддин Эрматовнинг биргина шеъри баҳонасида МТРК, «Маданият ва маърифат» телеканали ва шоир тақдиридан фол очаётганлар, сизларнинг ҳар хил тусмолу тахминларингиз фикрга кенг имконият берган ҳукуматга бўлган ишончсизликдан, ҳурматсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Сиёсий сўқирликни, мудҳиш хатони сизлар қиляпсиз! Бўлар-бўлмас қўрқувлар, таҳдидлар миллатни шарафдан мосуво қилади. Шарафсиз элнинг сарбони бўлишданда аянчлироқ кўргулик йўқ.
Нажмиддин Эрматовнинг шеърида буюк Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон ва Ҳалима Худойбердиева шеърга солган туркийлар қайғуси бор. Уни битта шахсга ёки фақат бугунги аҳли сарой сиёсатига боғлаб талқин қилиш жуда жўн, жуда тор ёндашув. Аслида, қип-қизил ғаламисликнинг ўзи. Сизнинг фитнангиз вақт ўтиши билан таъсирини йўқотади, лекин бу шеър эллик-олтмиш йилдан кейин ҳам ўқилади. Ишонаман, турк, озар, қозоқ, борингки, рус тилига ўгирилганда ҳам худди шу кайфиятни уйғотади. Ҳар хил изоҳларни, одамларнинг муносабатини кўриб, Ҳалима опанинг дарди ёдимга тушди:
Шукр, бугун озод сен, аммо тарқоқ сен, ёт сен,
Тарқоқми сен, инонки азал-абад барбодсен.
Жўровоз бўлолмасанг, якка-якка мунг, додсен,
Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим.
Рустам НИШОНОВ,
Иқтисодиёт Ассамблеяси ва Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси раис ўринбосари, тадбиркор:
Кеча ижтимоий тармоқларни ларзага солган шеърни қўллаб-қувватлашда ортиқча ҳиссиётга берилиб кетяпмиз. Камига, айрим сатрларни фақат бугун билан боғлаб, юзаки талқин ҳам қилинмоқда. Аслида, шеър икки йилча олдин ёзилган экан. Эътибор берилса, илк мисралар – «Кўк бўри кезган сарҳад итларга талош энди» (шу жумла маъносини бир кун ўйладим) Турк хоқонлиги даври билан бошланиб, давомида хонликлар замонидаги парокандалик ва сотқинликлар усталик билан ифодаланган. Айниқса, душманларга шаҳар дарвозаларини очиб бериши ва уларни «оға» сифатида кутиб олиши алоҳида эътиборга олинган.
Муаллиф адабиёт ва тарихдан чуқур билим эгаси сифатида битган кенг маъноли шеърни биз тор маънода тушуняпмиз. Шоирни, ижодий жамоани қўллаб-қувватлаяпмиз деб ўйлаб, аслида ўз орамизда нифоқ тарқалишига сабабчи бўлиб қоляпмиз. Бу ҳолат давом этса, яна қанчадан-қанча истеъдодларни бой беришимиз мумкин. Ташқи ёвуз кучлар «танк» билан кираётган жангга шундай ёшларимизни «қурол»сиз ҳолида елкасидан итармайлик. Аксинча, уларни асраб-авайлайлик. Шундай иқтидорларни юзага чиқаришга шарт-шароит яратаётган Президентимизни қўллаб-қувватлайлик.
Беҳзод ҚОБУЛОВ,
Тошкент вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби:
Бизнинг тарих шунчалик муҳташамки, шоирлар Ватанга қанча манзума айтса ярашади. Ва бизнинг ўтмиш шунчалар қароки, шоирлар Ватанга қанча ёзғирса, улар айбли эмас. Тарихимизда ютуқлар, ғалабалар қанча кўп бўлса, изтиробли кунлар, ютқизиқлар ҳам шунчадир. Ўзбек ўзининг узоқ ва яқин ўтмишидан қанча ғурурланса, шунча аччиғланиши ҳам керак. Бунга ҳақли.
Агарам шоир замон ва маконни ҳатлаб ўтиб, юрагидан кечган туйғуларнинг умумий моҳиятини ёзиб, шеърга солса, нечук биз уни айбласак? Аввало, Нажмиддинбек Эрматовнинг «Қақнус»да ўқиган шеъри айнан бир замон ва воқелик ҳақида эмас. Асар халқимизга, хусусан, ёшларга пессимистик кайфият бағишлайди, дейиш ҳам тўғри бўлмайди. Унда қачондир улкан материкнинг учдан иккисини идора қилган туркий халқларнинг жаҳон оиласидаги бугунги ўрнидан қониқмаслик туйғуси жанговар, жўшқин пафосда ифода қилинган. Бу пессимизм эмас. Ҳайқириқ. Юксакликка, ривожланиш ва катта парвозларга даъват. Мен шундай тушундим. Адабиётда, шеъриятда мантиқ – жўн тушунтириладиган ҳодиса эмас. Агар шоир: «Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен», деб ёзса, бу вазиятда у давлатнинг педагогика ва маънавий тарғибот соҳасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларига қарши чиққан бўлмайди. Ғараз кўзи билан қаралса, исталган шоирнинг алоҳида бир сатридан сиёсий хато топиш мумкин. Нажмиддинбек Эрматовнинг бу шеъри худди «Ўзбегим», «Ўзбекистон» сингари миллатнинг қалб хазинасидан жой олгуси, севимли ва умри узоқ асар бўлиб қолгуси. Яхши шеърнинг ўнлаб, юзлаб, ҳатто минглаб талқинлари учраши эса мутлақо табиий.
Ойина.уз қизғин муҳокамага сабаб бўлган шеърни тақдим этиб, сўнгги хулосани ўқувчининг ўзига қолдиради:
Кўк бўри кезган сарҳад итларга талош энди,
Кўтарилган бош эмас, биргина қуёш энди,
Учқун сочган кўзларнинг топингани ёш энди,
Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир.
Сарбадорлар қонини селлар ювиб кетгандай,
Миллат учун жон берар алпни девлар ютгандай,
Ултонтозлар кун санаб, э воҳ, шуни кутгандай,
Элнинг куни номардга қолганга ўхшаётир.
Юз эллик йил отангни отганни оға санаб,
Дили бузуқ келганнинг қадамига гул қадаб,
Ё, ҳақ, дея ёнганнинг мозорига тош қалаб,
Саройингга қарғалар қўнганга ўхшаётир.
Элдан чиқиб элидан ирганганлар кўрингай,
Ўз тарихин ўзгадан ўрганганлар кўрингай,
Ғужурию забони ўзгарганлар кўрингай,
Ўз фарзандинг ўзингни сотганга ўхшаётир.
Кечанг заволга дўнди, ҳайкалдай қотиб бўлди,
Сенинг бор насибангни бекларинг тотиб бўлди,
Бугунданку айрилдинг, эртангни сотиб бўлди,
Йўл кўрсатар маёғинг ўчганга ўхшаётир.
Бургут учган зовларда қузғун базм этмоқда,
Илдизингни кавшабон тўнғиз ҳазм этмоқда,
Эртангни белгилашга ётлар жазм этмоқда,
Қошиқ бутун, қиличинг синганга ўхшаётир.
Кечаги ёвқир нигоҳ бугун ерга қадалган,
Ватан кутган жасорат нон топишга аталган,
Бўйин эгик, қўл қадоқ, тиззаларинг қаварган,
Умид кўзёш шўридан сўлганга ўхшаётир.
Уйғотай деб келган ул баҳорлар бекор кетар,
Ҳар тонгда қуёш туртиб, ҳар шомда безор кетар,
Бўғзин йиртиб шоирлар минг ҳайқириб, хор кетар,
Аллоҳ, бу халқ шу ҳолга кўнганга ўхшаётир.
Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир.
апрель, 2021
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ