“Қуманлар қомуси” қипчоқ халқлари орасида насронийликни тарғиб қилиш мақсадида ёзилган китобми?


Сақлаш
01:47 / 27.02.2023 917 0

Қипчоқ тилида ёзилган энг қимматли ёзма манбалардан бири “Қуманлар қомуси”дир. “Қуманлар қомуси” ёки “Кодекс куманикус” (лат. Codex Cumanicus) – 1303 йилда ёзиб тугатилган луғат бўлиб, унинг ягона нусхаси Венециядаги Авлиё Марк ибодатхонасининг кутубхонасида сақланади.

 

Қуманлар қомусининг бу ном билан аталиши тўғри эмас, чунки асарнинг ўзига “Bu tatar til” деб ёзилган. Аввал эслатганимиздек, Европада, жумладан Венгрияда ҳам қипчоқларни “қуманлар” деб аташган. Шунинг учун асарни биринчи бор кашф қилган венгриялик олим, асли қипчоқлардан бўлган граф Кун уни “Codex Cumanicus” деб номлаган ва асар шу ном билан илм аҳли орасида машҳур бўлган.

 

Қомуснинг асл нусхаси 82 варақ, яъни 164 бетдан иборат. Биринчи саҳифасида “1303 йил 11 июль” санаси қайд этилган. Бундан кўринадики, унинг ёзилиши ХІII асрнинг иккинчи ярмида бошланган ва XIV аср бошларида якунланган (Codex  Cumanicus   Cod. Marc. Lat. DLXIX   In faksimile heruasgegeben  mit einer einletung  Von K.Grönbech  – Kopenhagen, 1936, 82 v.).

 

Қипчоқ тилларининг энг машҳур тадқиқотчиси А.Гракавецга кўра, қўлёзма Қиримда, қирим-татар тилида ёзилган қадимий ёзма ёдгорлик ҳисобланади (Гаркавец А. Н. Кыпчакские языки. – Алма-Ата: Наука, 1987. – С. 18).

 

Асар икки қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисмида лотинча-форсча-қуманча луғат берилган. Шунингдек, қуман тилининг аффикслари ва уларнинг лотин тилидаги эквивалентлари, қуман тилидаги исмлар ва олмошларнинг турланиши ҳамда уларнинг лотин тилидаги таржимаси келтирилган. Лотинча-форсча-қуманча луғат қирқта мавзувий бўлимларга ажратилган.

 

Биринчи қисм “Италянча боб” ёки “Шарҳлар китоби” деб номланади, унда берилган лотин тилидаги сўзлар ва уларнинг  форсча-қипчоқча  глоссарийси эса амалий қўлланама вазифасини ўтайди.  Бу қисмда дин, савдо, осмон илми, ҳарбий, касб-ҳунар соҳа, давлатчиликка оид атамалар ва кундалик ишлатиладиган маиший сўзларнинг  маънолари, қуман тилининг грамматикаси ҳам келтирилган.

 

Иккинчи қисмда эса қуман-немис-лотин луғати берилган. Шунингдек, қуман тилидаги матнлар, қуман тилининг лотинча ёзилган қисқача грамматик тавсифи, италян тилида ёзилган шеърлар ҳам тақдим этилган. Бу шеърлар Петрарканинг асл қўлёзмаси ҳисобланади. Лотин  тилидаги битта феълнинг турланиши ва лотин тилидаги матн намунаси ҳам шу қисмдан ўрин олган.

 

Бу қисм “Немисча боб” ёки “Миссионернинг китоби” деб аталади. Чунки бу қисм  немис францисканлари (францисканлар (лотинча Ordo Fratrum Minorum; “кичик биродарлар ордени”) католик оқимидаги монахларнинг тиланчилик ва таркидунёчиликни, шу орқали Худога яқинлашишни  тарғиб қилувчи тариқати) томонидан тузилган бўлиб, унда турли хил диний матнлар тўплами, хусусан, Инжилдан парчалар, ваъзлар, афоризмлар, диний таълимотлар, ибодат қилиш тартиблари, хусусан, “Pater noster (Отче наш)”, Иймон тимсоллари, Ўнта муқаддас бурч ва “Ave Maria” берилган. Шунингдек, қипчоқ тилидаги топишмоқлар лотин ва немис тилларига таржима қилинган.

 

Китобнинг структуравий тузилиши таҳлил қилинса, биринчи қисми қипчоқ тилини ўрганиш, шу мақсадда дарсликлар яратиш; иккинчи қисми эса қипчоқ халқлари орасида насронийликни тарғиб қилиш мақсадида ёзилгани кўзга ташланади.

 

Қомуснинг биринчи қисми дастлаб машҳур шарқшунос, хитойшунос, академик Генрих Юлий Клапрот (1783–1835) томонидан француз тилига таржима қилинган. У ўзининг “Осиё ҳақида тадқиқотлар” мавзусидаги диссертация ишида қўлёзмани “Ф.Петрарка кутубхонасида сақланаётган лотин-форс-қуман луғати” деган ном остида нашр эттиради (Париж, 1828). Иккинчи марта лотин тилидан тўлиқ (иккала қисми ҳам) таржима қилинган “Қуманлар қомуси” Г.Кун томонидан  Будапештда, 1880 йилда нашр этилган. Нашр уч қисмдан иборат. Биринчи қисмда “Муқаддима” ва катта ҳажмли “кириш” қисми мавжуд. Кириш қисмида қуманлар тарихи, уларнинг бошқа халқлар (хазарлар, печенеглар, Турон пасттекислигининг бошқа уруғлари ҳамда руслар) билан муносабатлари, уруғлари таркибининг ўзига хос хусусиятлари (ономастика ва топонимикасига кўра), дини, ижтимоий-сиёсий тузилиши берилган. Иккинчи қисмга “Қомус”нинг матнлари ва уларнинг лотин тилига таржималари киритилган. Учинчи қисм қуманча-лотинча (2838 сўз), форсча-лотинча ва немисча-лотинча луғатларига бағишланган. Булардан ташқари нашрда қўшимчалари, тузатишлар  ва адабиётлар рўйхати ҳам мавжуд.

 

“Кодекс Куманикус” учинчи марта В.В.Радлов томонидан таржима қилиниб Санкт-Петербургда нашр этилган (1887). Бироқ, бу тўлиқ таржима эмас: унда Г.Кун нашр қилган нусхадан парчалар олинган, улар рус алифбосида транскрипция қилинган ва немис тилига таржима қилинган. Ушбу нашрнинг мундарижаси қуйидагича: 1) Муқаддима (унда қуман тилидаги 15 та топишмоқ таҳлил қилинган); 2) Қуман-немис луғати (2217 сўз); 3) Алоҳида бурилган жумлалар ва иборалар; 4) Қуманча матнлар ва уларнинг таржималари; 5) Сўзларнинг рўйхати (3024 сўз); 6) Тузатишлар (33 сўз).

 

1936 йилда даниялик олим К.Гренбек қўлёзманинг асл нусхасини (факсимиле) нашр эттирган. Бу “Қомус”нинг тўртинчи нашри бўлган. Мазкур  нашр кейинчалик ўз ўрнида, тадқиқотчиларга асл нусха билан ишлаш имконини берган ва баъзи сўзларни тўғри ёки нотўғри ўқиш ҳақидаги олдинги мунозараларга чек қўйган. “Қуманлар қомуси”ининг охирги, бешинчи нашри ҳам К.Гренбек томонидан тайёрланган. У “Қуман-немис луғати” номи остида махсус муқаддима билан нашр этилган (1942 йил, Копенгаген, 2728 сўз). Муқаддимадан ташқари, ушбу нашр қипчоқ сўзларининг орфографияси ва ортограммаси, қипчоқ тилидаги товушларни талаффуз қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, сўз ясалиши усуллари ҳақида батафсил маълумот берган. Бу ерда қипчоқ сўзлари лотин алифбоси асосидаги транскрипцияда берилган. Ҳар бир сўзнинг асл нусхаси қўлёзмадаги каби аниқ кўрсатилган. Шундай қилиб, К.Гренбекнинг нашри туфайли қуманча сўзларни ўқиш тамойиллари тартибга солинган ва бир шаклга келтирилган, бу эса кейинги тадқиқотларни сезиларли даражада осонлаштирди (http://atalarmirasi.org/ru/149-kodeks-kumanikus-kniga-kumanov).

 

Қуманлар қомусининг номланиши ажойиб. Унда қуман этноси тилга олинган. Хўш, бу қуман деганлари асли ким бўлган?

 

Ўрта асрларда Европа халқлари қипчоқ туркларини “қипчақ”, “қуман”, “қоман”, “қўман, “қун” деб, руслар эса “половец” яъни “дашт халқи” деб аташган (Евстигнеев Ю.А. Кыпчаки/половцы/куманы и их потомки: к проблеме этнической преемственности. – СПб: Астерион, 2011. 130 с.). Демак, дастлаб қуман этноним сифатида тилга олинган. Дарҳақиқат, туркий халқлар орасида бугунги кунда ҳам айни ном билан аталадиган этнослар кўп учрайти.  Мисол учун, Венгрияда Қуншаг ёки Қумания (венг. Kunság) деб аталадиган вилоят бор. Бу вилоятга венгерлар “қун” деб атайдиган қуманлар XIII асрда асос солишган. Олтойда қумандин деган халқ яшайди. Қумандинлар ўзларини қўмандин, қувадиг, қувондиқ деб аташади (Молчанова О.Т. Топонимический словарь Горного Алтая. – Горно-Алтайск: Горно-Алтайское отделение Алтайского книжного издательства, 1979. – С. 240.).

 

Қуман этноними бугунги кунда дунё туркологлари томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланган. Бунинг сабаби, албатта, биз таҳлил қилаётган “Кодекс Куманикус” билан боғлиқ. Ҳозирги кунда таркибида қу, қуман, қун, қумақ, қумиқ этнослари бўлган халқларнинг барчасида қомусни ўз номидан эълон қилишга интилиш кучли. Бунда қанчалик ҳақиқат борлигини аниқлаш учун айрим тадқиқотларга эътибор қаратиш керак бўлади. Аксарият олимлар қипчоқ, половец, қуман ва қунларни битта тушунча остида бирлаштиришади (Голубовский П.В. Печенеги, торки и половцы. Русь и Степь до нашествия татар. М., 2011. – С. 45.). Аммо, турколог Ю.А.Евстигнеев “Кыпчаки/куны/половцы/куманы – один этнос или четыре?” номли мақоласида уларнинг алоҳида этнослар эканини исботлаб берган ва қуманларнинг орол денгизи атрофларида яшаганини таъкидлаб ўтган (Евстигнеев Ю.А. Кыпчаки/куны/половцы/куманы – один этнос или четыре? Электронная библиотека Музея антропологии и этнографии им. Петра Великого (Кунсткамера) РАН. – С. 56. http://www.kunstkamera.ru/lib/rubrikator/03/03_05/978-5-88431-239-5/© МАЭ РАН.). Олимнинг фикрлари қуманларни геграфик жиҳатдан ўзбеклар яшайдиган ҳудудларга яқинлаштиради.

 

Албатта, Қуманлар қомусига “Bu tatar til” деб  ёзилган ва бу асар татар  тилида эканидан далолат беради. Қолаверса, кодекснинг лексикасида қирим-татар тилига яқинроқ ўғуз лаҳжасидан фойдаланилгани кўзга ташланади.

 

Bu bardï – izi yoх. (ol, kemädir).

 

У кетди – изи йўқ. (бу – кема)

 

(Гаркавец А. Codex Cumanicus. Кыпчако-половецкие тексты XIII-XIV вв. “Дешти Кыпчак, Баур”. – Алматы, 2006. – С. 17.).

 

Аммо туркий тиллар орасида татар тили энг кўп диалектларга бўлинишига ҳам эътибор қаратиш лозим. Биргина қипчоқ тилида сўзлашадиган татарлар ҳам мутлақо бир-биридан фарқ қилади. Қозон татарлари, қиримтатарлар, урумлар, барабин татарлари, алабуғат татарлари,  овул татарлари (астрахан нўғойлари), татар-мишарлар, астрахан ва сибир татарларининг тиллари турли гуруҳларга тегишли. Бугунги татар адабий тили ҳам қозон татар, мишар татар, тобол-иртиш, барабин татар ва Томск татарлари лаҳжасига бўлинади.

 

Қозон татар тилининг шаклланиши Олтин Ўрда маданияти билан боғлиқ. Ўзбек тили қипчоқ лаҳжасининг шаклланиши ҳам Олтин Ўрда маданияти билан боғланади. Шу фактни инобатга олсак, Қуманлар қомуси лексикасида ўзбек тилига қипчоқ лаҳжаси билан умумийликлар ҳам бўлиши мумкин.

 

Кодекснинг IV бобидаги айрим  топишмоқларга эътибор қаратамиз:

 

11- топишмоқ

 

Сенда, менда йўқ,

Сенггир тавда йўқ,

Утлу ташта (ғорда) йўқ,

Қипчақда йўқ.

 

(жавоби: қуш сути)

 

 

17– топишмоқ

 

Тав устида талашман

Таяғи бар беш батман.

 

(жавоби: тулкининг туми)

 

 

20 – топишмоқ

 

Сийир сирти,

Қўй қўнгачи.

 

(жавоби: этик)

 

 

39 – топишмоқ

 

Tap: артингда қарп!

 

(жавоби: эшик)

 

Бу топишмоқлардаги сўзлар таҳлили уларнинг айнан ўзбек тили қипчоқ лаҳжасига ўхшашлигини кўрсатади. Инчунин, лаҳжамиз Астрахан нўғой қарағашлари тили, алабуғат татарлар тили, қозоқ тили, қорақалпоқ тили, нўғой тили, овул татарлари (астрахан нўғойлари) тиллари билан биргаликда замонавий қипчоқ тилларининг марказий гуруҳини ташқил қилади (Сравнительно-историческая грамматика тюркских языков. Региональные реконструкции / Отв. ред. Э.Р.Тенишев. М.: Наука,. 2002.– С. 216-217.).

 

Қомуснинг лексикаси қипчоқ ва ўғуз тиллари синтезидан иборат. Аммо, унда қипчоқ тилининг мутлақ устунлиги сезилади. Шунинг учун ҳам асар қипчоқ тили ёзма мероси сифатида қайд этилган. Асарда айрим лексемаларнинг ўзбек тилида ҳозир мавжуд бўлмаган вариантлари учрайди:

 

Қутқардачи – қутқарувчи (Исус қутқардачи);

 

Ари (ару) – муқаддас; Бу ерда ару туркча тоза (пок) маъносида ишлатилган (ару Григорий).

 

Калапан – мохов;

 

Папаз – руҳоний  (Кристус алай айтти калапанлара; “барингиз, кўринингиз папазларға”);

 

Қин – азоб уқубат (Танингиз да кўрингиз барми анди қин, нечик менин қиним);

 

Танихлиқ – гувоҳлик (Ялған танихлиқ бермагил!);

 

Куничи – рашкчи, ҳасадгўй (Куничи бўлмағил!);

 

Ўпкаламакчи – зардали, баджаҳл (Ўпкаламакчи бўлмағил!);

 

Ўшакчи – ғийбатчи (Ўшакчи бўлмағил!);

 

Тирилик – ҳаёт (тирилик ағачи – ҳаёт дарахти);

 

Йазуқсиз – гуноҳсиз;

 

Тин (тын) – руҳ ( Ару Тин – муқаддас гуноҳ);

 

Қуманлар қомусининг таҳлили шуни кўрсатадики, аждодларимиз исломни қабул қилишидан олдин насронийлик динини ҳам қабул қилишган ва йиллар, асрлар ўтиши билан ислом динига ўта бошлашган. Аммо, барибир айрим халқлар, хусусан  чўқинтирилган татарлар, гагаузлар ва чувашлар насронийликни сақлаб қолган. Биринчи асрдан то ўрта асрларнинг охирларигача Инжил туркий тилда кўп  маротаба чоп этилган ва “Кодекс куманикус” диний мавзудаги ягона манба эмас (Арман қипчоқ тилидаги манбалар назарда тутилмоқда).

 

Қуман этноси Оролбўйи дастлаб ҳудудларида  истиқомат қилган ва уларнинг тили Олтин Ўрда адабий тилининг шаклланишида иштирок этган. Қуманлар қомусида ўзбек тилининг қипчоқ ва ўғуз лаҳжаларидаги сўзлар кўп ишлатилган.

 

Рус манбаларида қуманлар энг биринчи душман сифатида тилга олинади. Владимир Маномах айнан қуманлар билан жанг қилган (https://cyrillitsa.ru/past/178998-kumany-kem-po-proiskhozhdeniyu-byli-samy.html). Улар деярли барча манбаларда моҳир жангчи ва ботирлар сифатида тасвирланган. Шу ўринда Олтойда яшовчи қўмандинлар ҳақида фикр юритсак: Қўмандин сўзи қум, балки қўм ўзагидан ясалган. Сўзнинг куман шакли кўпроқ рус тадқиқотчиларининг ишларида, шаклан ўзгарган ҳолатда кўринади. Шундай экан, қуманлар ҳам ўзларини қўмонлар деб атаган бўлиши эҳтимоли бор, деган хулосага келиш мумкин.  Агар шундай бўлса, бу қўмондон сўзи айни ўзакдан ясалган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

 

Нима бўлганда ҳам, “Қуманлар қомуси” қипчоқ ва ўғуз халқларининг ўрта асрлардаги тарихи, маданияти, этнологияси, тили ва адабиёти ҳақида маълумот берувчи муҳим манба саналади. Уни сеники, меники қилиб бегоналаштириш эмас умумтурк мероси сифатида ўрганиш, тадқиқ қилиш керак бўлади.

 

Анвар БЎРОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//