
Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Президентимиз Шавкат Мирзиёевни аэропортда шахсан самимий қучоқ очиб кутиб олишидан тортиб, ташриф давомидаги ҳамроҳлиги ва кўрсатган юксак эҳтиромини кўриб тўлқинландик. Ана шу кузатишлар натижасида кўнгилдан бир қатор ўйлар ўтди.
Дунёда дўстлик, ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар борки, улар асосида нафақат турли касб-кордаги инсонлар, балки халқлар, давлатлар, Президентлар ўртасидаги муносабатлар ҳам кенгайиб, ривожланиб боради. Инсон эзгу ишлари ёйингки ёвуз ҳаракатлари билан қанчалар дунёга танилса, халқлар, миллатлар, Президентлар ҳам ана шу нуқтаи назардан оламга таниқли бўлади. Уруш оловларини ёқаётган, қанчадан-қанча одамларни хонавайрон қилаётган низолар, жаҳолат тўфонлари айрим давлатларни дунёда қанчалар беҳурматликда машҳур бўлишига сабаб бўлса, аксинча, ўз халқи, қўшнилари, дунё аҳлига яхшилик соғиниб, яхшилик тилаган давлатлар, халқлар, Президентлар шунчалар эъзозли, юксак эҳтиромларга сазовор бўларкан.
Бугун дунёда Ватанимиз ҳақида сўз кетганда, Президент Шавкат Мирзиёев номи тилга олинганда «Янги Ўзбекистон» деган ибора янграмоқда. Бу давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган бемисл янгиланишлар, ислоҳотлар самарасидир.
Тарихий сиймолар ва ё бугун дунёдаги давлат раҳбарлари фаолиятига назар солсак, уларнинг муайян қисми халқни бўйсундириш ҳисобига мамлакатни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Ўзбекистон Президенти эса, улардан фарқли ўлароқ, одамийлик сиёсати ила халқнинг қалбини забт этди.
«Халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилсин», «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», «Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, яратган ҳам биздан рози бўлади», деган халқчил даъватлар амалий ҳаракатга айланди.
Бугун дунё Ўзбекистонни эътироф этмоқда, эҳтиром кўрсатмоқда. Ҳаётимиз тубдан ўзгариб кетди. Бу ўзгаришларни санаш қийин, инсоф билан айтганда, санаб ҳам бўлмайди. Янгиланиш, барака нафаси кирмаган бирор соҳа қолдими? Ким ўйлаганди қўшни давлатлар билан «меҳр, ишонч, ҳурмат» асосида бугунгидай муносабатлар шаклланади деб? Ким ўйлаганди қўшни давлатлардан келин бўлиб тушган, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда яшаб, ўттиз йиллаб фуқаролик ололмай юрган минглаб инсонлар муродига етади деб? Шунча йил коррупция ботқоғига ботган олий таълимда адолатли қабул тизими яратилди. Йиллар давомида одамларни қийнаб келган ўйдим-чуқур, ёзда чанг, қишда лой бўладиган минглаб кўчалар асфальт қилинди. Конвертация очилди, эндиликда нақд пулни бемалол йигирма тўрт соат давомида кўчада банкоматдан ечиб олса бўлади. Аввал кун давомида атиги бир соат электр бериладиган қанча қишлоқлар чароғон бўлди. Туҳмат билан иши судга оширилган юзлаб фуқароларнинг шаъни адолат ила ҳимоя қилинди. 300 мингдан ортиқ инсон янги уй-жойли бўлди. Кредитлар, субсидиялар, имтиёзлар, экспортлар, янги-янги иншоотлар. Муқаддас ислом дини ва боқий қадриятларга эътибор, матбуот ва сўз, фикр эркинлиги, ёшлар тарбияси, китобхонлик ривожи, камбағалликни қисқартириш, илм фан, тиббиёт, маданият, рақамли технологияларни ривожлантириш...
Гап мақташ, мақтанишда эмас, назаримда, англаш, англатишда, шукроналикда. «Мана шу ўзгаришларда менинг ҳам ҳиссам бўлсин», дея белни боғлаб майдонга чиқишда. Қиладиган ишлар, муаммолар етарли, бошланган ислоҳотлар, азму шижоатлар давомли, чунки аҳоли сони тўхтовсиз ўсяпти...
Ўзбекистонга жаҳон ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар, нуфузли давлатлар ва уларнинг раҳбарлари томонидан кўрсатилаётган эъзоз ва эҳтиромлар ўз-ўзидан эмас. Бу буюк ўтмишли ва, насиб қилса, буюк келажакли давлат, бунёдкор халқ, ўша халқ дарди билан яшашни умрининг мазмуни деб билаётган Президентга кўрсатилаётган эътибордир.
Миср ва Ўзбекистон гарчи дунёда бир-биридан анча олисда жойлашган бўлсада, уларни нафақат ўхшаш улуғвор тарих, юксак маданият, қадриятлар, улуғ илм-фан намояндалари, балки икки давлатга хос шиддатли ривожланиш жараёнлари, жаҳонда тобора ортиб бораётган нуфузи, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва Мисрнинг Янги Республика дастури доирасидаги бунёдкорлик ва халқчил ислоҳотлар ўзаро яқинлаштириб турибди, деб айтишимиз мумкин.
Ана шу нуқтаи назардан ўзбекистонликларнинг Мисрга, мисрликларнинг Ўзбекистонга, бу икки ҳудудда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, янгиланишларга қизиқиши беқиёс, икки давлат Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас -Сисига ҳурматлари жуда катта.
Миср Президентининг давлатимиз раҳбарига кўрсатган юксак ҳурмат-эҳтироми замирида улуғ тарих ва илм-фан, маданият яратган халқнинг боқий мероси, буюк қадриятлари эъзозланган ҳолда янги Ўзбекистонни бунёд этаётган Президенти, меҳнаткаш халқига кўрсатган ҳурмат-эътибор ётибди. Ана шу жараёнда биз яна бир бор бугун Ўзбекистон эришаётган ютуқларнинг катта эътирофини кўриб турибмиз.
Миср ва Ўзбекистон халқлари руҳан ва қалбан бир-бирига жуда яқин. Аввало, бизни муқаддас ислом дини, муборак қадриятлар, ўхшаш анъана ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Албатта, нуфузи ва салоҳияти жиҳатидан Ўзбекистон ва Миср нафақат мамлакатлар ўртасида, балки икки минтақа орасида мустаҳкам кўприк бунёд этиш имкониятига эга. Айнан мана шу улуғ мақсад истиқбол учун янги марралар белгилагани муҳим аҳамият касб этди.
Савдо иқтисодий ҳамкорликни тамомила янги босқичга кўтариш, «яшил» энергетика лойиҳалари, икки давлатни боғловчи транспорт йўналишларини очиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш каби кўп муҳим масалалар қаторида маданий ҳамкорликни ҳам янги босқичга кўтаришга катта эътибор берилди.
Илм-фан ва таълим алмашинувлари, умумий тарихий ва маданий меросимизни биргаликда ўрганиш, ёшлар ўртасидаги ва ижодий алоқаларни кучайтириш, икки мамлакат шоир ва адиблари, санъаткорлари ва маданият арбобларининг ўзаро ташрифларини уюштириш каби ташаббуслар жуда муҳим. Маданият, маънавият бу халқларни яқинлаштириш, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда энг муҳим кўприклардан саналиши бежиз эмас. Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари даҳо аждодларимизга бутун дунё, жумладан, Мисрда ҳам катта ҳурмат билан қарайдилар. Дунёда машҳур Искандария кутубхонасида қанчадан-қанча улуғ аждодларимиз, замондош олиму фузалоларимиз асарлари, китоблари сақланади.
Айниқса, Президентимиз томонидан буюк аллома бобомиз Аҳмад Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббуси жуда катта аҳамиятга эга бўлди.
Қувайтнинг марказий босма нашрларидан бири – «Ал-Анба» газетаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга расмий ташрифи якунларига алоҳида эътибор қаратди. Мақолада Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари охирги йиллар давомида жадал ривожланиб бораётгани, ташриф давомида икки мамлакат ўртасида савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа йўналишларда қатор битим ва ҳужжатлар имзолангани алоҳида қайд этилди. Таъкидлаб ўтилганидек, ташрифнинг юксак эҳтиром, самимият, ўзаро ишонч асосида ўтгани шубҳасиз. Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йилда Ўзбекистонга қилган ташрифи, Ўзбекистон Президентининг Мисрга жавоб ташрифи давомида кузатилган янги руҳда янги муносабатлар самимиятини кўриш мумкин. Айнан ана шу руҳ икки давлат ўртасидаги кенг қамровли алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш сари йўл очди.
Бугун бутун дунёда «Шавкат Мирзиёев», «Халқ», «Миллат», «Қадр», «Меҳр» деган улуғ сўзлар бирлашиб, «Янги Ўзбекистон» деган қадриятга айланаётганини кўрмоқдамиз. Давлатимиз раҳбарининг Мисрга ташрифи, бу жараёнда кўрсатилган эъзоз ва эҳтиромлар бу хулосаларни яна бир бор исботлаб берди.
Минҳожидддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбари
Санъат
Санъат
Тарих
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ