
Абдушукур жўра, биз икки давр мафкурасини кўриб катта бўлибмиз. Ҳисоблаб кўрсам, ўша давр улуғининг ёшидан ҳам ўтибмиз. Улғайдик ҳам. 6-синфдалигимизда ўқитувчи сени доскага чиқарганда бир жўғрофий номни хато айтгансан. Сен аълочи бўлганинг учун Ҳасан домла қайтадан сўраган:
– Балки шу бошқачадир, ўйлаб кўр?
Сен бўлсанг қисиниб-қимтиниб бояги хато атамани такрорлагансан. Шунда домла “тўрт” баҳо қўймоқчи бўлганида ғоз туриб:
– Маллим, ахир Ленин ҳам хато қилган-ку, биз доҳийнинг олдида ким бўлибмиз! – дегансан.
Домла кўзлари қисилиб кулиб юборган. “Ленин қачон хато қилган?” деб сўрамаган ҳам. Эртанги дарсни яхшилаб ўқиб кел, деб ўрнингга ўтқазган. Эсимда йўқ, ҳойнаҳой келгуси дарсда мавзуни яхши ўқиб келиб “5” олгандирсан. Аммо, барибир Лениннинг “хато”си нимада эканини сир тутгансан. Ҳарчанд қистасак ҳам айтмагансан. Шунда кўпчилик учун сирли болага айланган эдинг. Мана, мактабни тугатганимизга ҳам қирқ бир йил ўтибди. Табиийки, шу давр ичида у саволни қайта сўрашга бирор фурсат бўлмади. Балки хаёлимиздан кўтарилиб ҳам кетгандир. Аммо, мактабни битирганимиздан ўн йил ҳам ўтмай Ленин сиёсатининг нақадар абсурд, балки разилона мақсадларга бурканганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўйди. Тарих бир-бир титилди. Большевизм раҳбарининг асл башараси ҳам очила борди. Сен айтгандай, Ленин оддий хато қилган эмас, жаллод сиёсатини юргизиб Романовларни қавм-қариндошию болаларигача қатл қилиб, қонли қиличини кўтариб дунёда Ленинизм деган қаттол тузум ўрнатди. Аввало, бойларнинг мулкини тортиб олиб йўқсилларга берамиз, деган баҳонада коммунистик партиянинг қаддини тиклади. Зўравон ва ҳукмрон сиёсат эгасига айлантирди. Инқилоб қилди, биринчи ва иккинчи жаҳон урушини бошидан ўтказди. 1937-1938, 1950-йилларда оммавий қатағон уюштирди. Ундан кейинги йилларда ҳам мафкуравий, сиёсий, иқтисодий зуғумни кучайтирса кучайтирдики, асло сусайтиргани йўқ. 80-йиллардаги “пахта иши”-чи? Минглаб ҳалолу ноҳалол маҳаллий раҳбарлар, оддий пахтакорлар жазога тортилганини кўзимиз билан кўриб, қулоғимиз билан эшитиб турдик-ку. Оталаримиз, оналаримиз оҳу фиғони ҳали ҳам ўчиб кетгани йўқ.
Сен айтган Лениннинг “хато”лари шулардир балки. Йўқ, дўстим, буларни “хато” дейиш камлик қилади. Зулм ва жаҳолатга ботирган қаттол тузум бу! Ленин деган “даҳо” барча халқларни коммунизм байроғини кўтариб чопган қизил партия остига бирлаштирмоқчи бўлди. Йиллар давомида бунга эришди ҳам.
Мактабимизнинг тарих ўқитувчиси кейинчалик директор бўлди. Юқори синф ўқувчиси Облоқул Пиримов бир куни директорни тўхтатиб, дабдурустдан сўроққа тутяпти:
– Э, бу домла, коммунизм келадиган вақт бўлди-ку. Минг тўққиз юз саксонинчи йилда, партиянинг йигирма олтинчи съезди арафасида коммунизм эълон қилинади, пул йўқолади, ҳамма тенг бўлади, деб айтгансиз.
Пиримов шу гапни айта туриб, ёнидаги юпун болаларга, яғири чиқиб кетган мактаб девори, полсиз зах ва лой ерига, уринган ўз поябзали ва директорнинг кўп йиллик ғижим камзулига кўзи билан ишора қилади. Кулади, пичинг қилади.
Домла айнан саксонинчи йил коммунизм бўлиши башоратини айтгани учун хижолат бўлиш ўрнига йигитни уришади. Партия сиёсати билан “ўйнашаётганликда” айблаб, урмоқчи ҳам бўлади.
Албатта, Пиримов кўп китоб ўқигани туфайли ушбу ғоя абсурд эканини яхши биларди. Умумғояга қарши чиқмоқ бефойда эканини ҳам биларди. Шу боис директорнинг пўписасидан чўчиб, ҳиринглаб қочади…
Парад уюштирилар, байроқ кўтарилар, барабан чалинар, парадда Ленин мақталган шеърлар ўқиларди. Муҳими, “порлоқ” келажакка ишонтирилар эди.
Ва, ўйлайманки, айни ўша саксонинчи йиллардан бошлаб партиянинг лафзсизлиги, ожизлиги кўзга ташлана бошлади. Ҳа, худосиз жамиятнинг нурай бошлаши айни саксонинчи йиллардан бошланган экан, энди ўйласам.
Ҳар қандай қудратли империя ҳам, агар адолат, иймон принциплари асосига қурилмас экан, кун келиб кунпаякун бўлади. Уни тиклашга қаратилган барча хатти-ҳаракатлар фойдасиз бўлиб қолаверади. Чунки афкор омманинг ушбу жамиятни тиклашга бўлган қизиқиши сўнади. Кишиларнинг онги ўзгаради, уларни эскича бошқариб бўлмай қолади, зулм, тажовузкорлик ҳам иш бермайди.
Жамиятга мафкура керак.
Биз мустақилликнинг истиқлол мафкурасини яратишга мажбурмиз. Бу шундай мафкура бўлсинки, одамлар эртанги куни фаровон, нурли бўлишига ишонсин. Ўғил-қизнинг олган қатра илми эртанинг мустаҳкам пойдеворига қўйган бир ғишт эканига, бошқа йўл йўқлигига бутунлай иқрор бўлсин.
Масалан, менинг онгимда бир шиор доим жаранглайди: “Илм, илм, илм!”
Биз илм олишни қадрлаш босқичига энди ўтяпмиз. Жуда секин, жуда қийинчилик, жуда кўп ноқисликлар билан.
Бундан ўттиз йил олдин энг катта ислоҳот мактабдан, ўқиш сифатини яхшилашдан бошланганида нима бўларди? Бугунга келиб қандай натижаларга эришардик? Тасаввур қилинг ахир! Илмга етарлича эътибор қаратилганида салоҳиятли олимлар хорижга кетмас эди. Мактабни, айни шаҳар мактабларини билимли эркак ўқитувчилар ёппасига ташлаб, тирикчилик ташвишига тушиб қолмас эди.
Биз илм нуфузи ва салоҳиятини ўз қўлимиз билан йўқотиб юбордик.
Энди унинг ўрни қачон тўлади?
Бундан 14-15 йил бурун “Ёшлар” телеканалида математика-физика фанлари доктори, профессор Фахриддин Бадалов ҳақида кўрсатув бўлади. Муаллифи – шоир Эшқобил Шукур. Кўрсатувнинг биринчи қисми эфирга кетади. Иккинчи қисми тақа-тақ тўхтатилади. Сабаби шуки, Бадалов мураккаб математик усулда самолётнинг ҳавода қаршиликка учраш фоизини маълум миқдорда камайтириш ихтиросини яратгани, бунга Америка илмий маркази қизиқиш билдираётганини айтади.
Хориж қизиқяптими, демак, олим ихтиросини сотмоқчи! Хиёнат бу! Йўқотиш керак! Тамом, вассалом.
Яна бир форишлик кекса математик, профессор Эгамберди Мустафоев Россияда чиқадиган илмий журналда чоп этилган мақоласи учун 20 минг доллар гонарар олади. Яна Россиядаги қайсидир академияга аъзо қилиб, йилига фалон минг доллар гонарар бериб туришади.
Энди ўйланг, Бадалов ё Мустафоевга ўзбек жамияти, илмий жамоатчилиги эътибор қаратганида, илмий салоҳиятини тан олганида бегона одам билан салом-алик қилармиди? Йўқ!
Мана, шундай нуфузли олимлар қадр топяпти. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Ўнлаб халқаро ва маҳаллий олий ўқув юртлари очилди. Илмий даражаси бор педагог ва олимлар катта маош билан таъминланяпти. Бу – зўр гап-ку ахир!
Энди мактабларимизда ўқиш сифатини ошириш учун чин саъй-ҳаракатлар қилмасак бўлмайди. Бу мақсад йўлида ҳам жиддий қадамлар ташланаётганидан хабардор бўлиб турибмиз. Мактаб таълимига эътибор эрта-индин албатта ўз самарасини беради.
Айни китобхонлик маданиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бошланганига беш йилдан ошди. Мазкур масалада Президентимизнинг учта қарори чиқди. Албатта, китобхонликка эътибор берилаётгани бор гап. Ахир, кўриб турибмиз. Айни пайтда, мазкур лойиҳаларни астойдил қўллаган ҳолда баъзи мулоҳаза ва таклифларни ҳам айтишга жазм этдим.
Китоб чоп этишни тизимлаштириш лозим. “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, “Шарқ”, Ғафур Ғулом номидаги нашриётлар кўп нусхали асарлар чоп этишга мўлжалланган йирик корхоналар ҳисоблангани учун уларни маълум маънода давлат тасарруфида ушлашга тўғри келади. Илгари шунга ўхшаш муқобил шаклда китоб сотиш механизмини йўлга қўйиш керак.
“Гулхан”, “Ғунча”, “Тонг юлдузи” каби болалар нашрларини давлат дотациясига ўтказмаса бўлмайди. Ахир илгари миллион нусхадан кам бўлмаган ададда чоп этилган ушбу газета ва журналлар тиражи мактаб ўқувчилари сони ошган сайин тобора пасаймоқда.
Бутун дунёда болалар нашрларига имтиёзлар берилган-ку.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ўрин тутади. Қарорга мувофиқ 2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши ўттизта лойиҳа учун танлов эълон қилинадиган бўлди. 2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар ҳамда болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг муайян миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади.
Модомики, гап китобхонлик ҳақида кетаркан, ўз-ўзидан тушунарлики, бадиий асарлар кўзда тутилади. Бас, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси” газеталари, “Шарқ юлдузи”, “Звезда востока”, “Ёшлик”, “Жаҳон адабиёти” журналлари ададини ҳам кўтариш керак. Ахир, бугунги кун ўқувчиси, адабиётдан дарс берадиган ўқитувчилар замонавий адабиётдан хабардор бўлиб туриш учун мазкур газета-журналларни етарлича ўқимаётганини қандай тушуниш керак?
Зотан, адабиётга бўлган эътибор миллат маънавияти билан чамбарчас боғлиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев маънавиятга боғлиқ ишларни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Мазкур соҳаларда бошланган улкан ишларнинг самарадорлиги, натижадорлигини таъминлашда биз ижодкорлар ҳам кўмакчи бўлишимиз даркор.
Абдушукур, жўра, мен ушбу мактуб бошида Ленинни эслаб, аслида мафкура ҳақида сўзламоқчи, сен билган ҳақиқатларни айтаман деб, бироз ўтлаб кетдим. Бунинг учун узр.
Лекин янги замон – ёшларникидир. Улар келажакни маърифатли қўлларда баланд кўтаришларига ишонгинг келади.
Сир эмас, мактабда ленинчи бўлганмиз, табиийки, Ленинга, Навоийга, Ибн Синога, Улуғбекка ўхшагимиз келгани ҳам рост. Замон, шароит бизни бошқа манзилларга йўлиқтирди. Сен Зармитан олтин конида шахтёрсан, Абдуолим солиқчи, Бойтемир – мактаб директори, педагог, мен эса… кўриб турибсан, нолимаймиз. Бу кунларга, бу ёшга етмаганлар ҳам бор-ку. Етказганига шукр!
Ие, дарвоқе, жўра, Ибн Сино ёшидан ҳам ўтибмиз.
Бизлар… кимларнинг ишини қилиб юрибмиз?
Қўявер, ризқимизни теряпмиз.
Собир ЎНАР,
ёзувчи
“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,
2022 йил 22 июль, 25-сон.
“Икки мафкура одамлари” мақоласи
Санъат
Санъат
Тарих
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ