Ўзбекистонда тадқиқотчиларга қўйилган талаблар орасида хорижий тан олинган ва ОАКдан рўйхатдан ўтган журналларда мақола чоп этиш мажбурияти ҳам бор. Бу ҳолат шу йўналишда хизмат кўрсатишга ихтисослашган нодавлат босма ва электрон нашрлар, илмий марказларнинг кўпайишига олиб келди. Электрон ва босма нашрлар маълум ҳақ эвазига мақолаларни чоп этишни таклиф қилса, илмий марказ мақомидаги ННТлар турли анжуманлар ташкилотчиси сифатида майдонга чиқмоқда. Текинга эмас, албатта. Журналлар ҳатто мақолани чоп этиш билан чекланмай, муаллифни кўкрак нишон ва медаллар билан тақдирлаш йўлини ҳам тутишган. Бу тадқиқотчи учун яхши рағбат бўлиши мумкин, аммо масаланинг иккинчи жиҳати бор: илмий журнал мақомини даъво қилаётганлар, ўзини илмий марказ, халқаро илмий уюшма каби жарангдор номлар билан атаётганлар фаолияти аслида ҳам шу мезонларга тўғри келадими? Улар халқаро ва ёки ҳечқурса маҳаллий даражада тан олинганми? Уларда изланувчининг мақоласи чоп этилса, таъсис этган мукофотлар билан тақдирланса ёки анжуман ғолибига айланса, қандай наф бўлади муаллифга?
Ўрганишлар давомида эътиборимизни тортган жиҳат, нодавлат ташкилот мақомидаги бу каби фирма ёки марказлар ўз эълонларида давлат ташкилотлари, олий ўқув юртларини ҳамкор сифатида таништирмоқда. Гўёки давлат мукофотларига номзодлар, устама олишни хоҳлаган ўқитувчилар, давлат стипендияларга даъвогар талабаларга мақолалари шу журналда чоп этилса, танлов ҳайъати томонидан тан олинишига урғу берилмоқда. Албатта, маълум ҳақ эвазига.
Аслида бу амалиёт дунё миқёсида анча кенг оммалашган. Масалан, аввалроқ Россиянинг мана шундай ташкилотларидан бир қанчаси Ўзбекистондаги мактаб ўқувчиларига ҳар хил йўналишда фахрий ёрлиқлар жўнатиши урф бўлганди. Ўқувчининг билимдонлигини “тасдиқлайдиган” бу жимжимадор “пдф ҳужжат” интернет орқали йўлланган ва бунинг учун қандайдир харажатлар учун “арзимас” ҳақ сўралади. Фарзандининг “ақлли эканини исботловчи ҳужжат”ни олиб, эл олдида кўз-кўзлаш истагида ёнаётган ота-оналар бу кичик харажатчага кўз юмиб тўлаб юбораверишади.
Болалар-ку, майли, бола дейсиз, ҳатто катталар ўртасида ҳам хорижий давлатларнинг номи чиқмаган ёки умуман амалда бўлмаган “ташкилотлари”нинг “фахрий профессори”, “академик” каби унвонларини сотиб олиб, омма орасида керилиб юришларига ўқтин-ўқтин гувоҳ бўламиз...
Бу амалиёт энди маҳаллийлашгандек, назаримизда. Мисол учун, Наманган вилоятида ташкил этилаётган “Тараққиёт бунёдкори” номли кўрик-танлов ҳам ана шундайлардан бири. Танлов ҳақидаги эълонга кўз югуртирсангиз, бир қатор давлат ташкилотлари, жумладан, Наманган вилоятидаги олий таълим муассасалари, сиёсий партиялар вилоят кенгаши, Ёшлар иттифоқи ҳамда Иқтидорли талабалар илмий-амалий маркази ҳамкор сифатида қайд этилган. Лекин Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят бўлими раҳбари Азизбек Тошматовдан бу ҳақда сўраганимизда, мутлақо бехабарлигини таъкидлади.
Қолаверса, шишириб ёзилган танлов эълонида на мақола чиқадиган журнал номи, на унинг таъсисчиси ҳақида тўлиқ маълумот мавжуд. Mурожаат учун қолдирилган манзил маъмури билан боғланганимизда юборилган мақолалар кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, ОАК рўйхатидан ўтган журналда чоп этилади, деган мазмундаги жавоб олдик. Бошқа маълумотлар эса тақдимот куни очиқланаркан. Айни шу тадбирда муаллифларга ташаккурнома, эсдалик кўкрак нишони ва гувоҳнома ҳам тақдим этилиши айтилди. Лекин кенгаш аъзолари ким, журнал номи нима, мукофотларни ким топширади, энг муҳими, бу танлов ғолиблиги қандай, кимлар томонидан аниқланади, неча нафар ғолиб бўлади, улар қандай имтиёзга эришади, каби саволларга жавоб бўлмади.
“O‘zbekistonda ta’lim” республика педагоглар журнали ҳам илмий, публицистик мақолалар, методик тавсиялар ва бадиий ижод намуналари чоп этишга ихтисослашган. Бу ойномада маълум ҳақ эвазига чоп этилган ижодий ишлар учун муаллифларга сертификат ва диплом тақдим этилади. Энг яхши муаллифлар йўналишига кўра, “Ta’lim fidokori”, “Iste’dod” кўкрак нишони ёки “Ehtirom” медалига тавсия этилади. Бундан муаллифларга қандай наф бўлади, бирор имтиёз мавжудми, сингари саволларимиз журнал ходимлари томонидан жавобсиз қолдирилди. Ажабланарлиси, номланишида халқаро даражада дея таърифланган, олимлар, докторантлар, талабаларнинг мақолаларини қабул қилиб, кўплаб тўпламлар чоп этилган журналда таҳрир ҳайъати йўқ. Буни қандай тушуниш мумкин? Демак, пулини берса, хоҳлаган мақолани эълон қилиш ва кўкрак нишони олиш мумкин, деганими бу?
Номзодлардан илмий мақола, расм, анкета юборишлари сўралган “Илмий салоҳиятни юксалтиришдаги хизматлари учун” танловида эса ҳужжатларни ташкилий қўмита кўриб чиқади, дейилган. Аммо қўмитаси ҳақида бирор жойда маълумот тополмайсиз. Ва бу “илм мусобақаси”да ҳам ўша эски ашула – маъқул деб топилган номзодлар эсдалик нишон, махсус гувоҳнома, қимматбаҳо совға, мақолалар тўплами билан тақдирланади.
Шу каби яна бир нечта танловларни кўздан кечириб чиққанимизда ҳолатлар, шартлар, мукофотлар бир хил эканига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, “Ta’lim sohasidagi xizmatlari uchun” танлови халқаро илмий-амалий МДҲ кўрик-танлови сифатида таърифланган бўлиб, иштирокчи ўз ишини инглиз, рус, ўзбек, қозоқ, қирғиз, украин, турк тилларида юбориши мумкин. Бунда ҳам ғолибларга ўша-ўша қуруқ нишону дипломлар топширилади.
“Research and publications” маъсулияти чекланган жамияти “Таълим тизимида инновацион ёндашувлар: муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этган. Эътирозли жиҳати, номзодлардан йиғилган маълум ҳақ эвазига ўтказилган бу анжуманда Сирдарё вилояти мактаблари ўқитувчилари ҳам иштирок этган ва тақдирлаш маросимига бориб-келиш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши кўрсатилган. Табиийки, бу каби расмий “тан олинишлар” ортидан илмий марказга ўқитувчиларнинг ишончи ортиши, танлову тадбирларида қатнашиш хоҳиши кучайиши аниқ. Иштирок этиш ўз йўлига, лекин номзодга нима беради бу?
Шу каби мулоҳазалар ортидан туғилган саволлар билан мутахассисларга мурожаат этдик. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Азимнинг маълум қилишича, бу каби танловлар орқали кўкрак нишон ва медаллар, жумладан, “Илм-фан ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этиш бўйича ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган. Матбуот котибига кўра, “Илм-фан ифтихори” ва бошқа кўкрак нишон ҳамда медалларни таъсис этиш юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига ҳеч қандай таклиф келиб тушмаган. Мазкур муносабатдан ҳам англаш мумкинки, вазирлик амалда бу каби нодавлат марказлар билан ҳамкор эмас. Энг муҳими, сохта журналларда мақоласи чоп этилган талаба ва ўқитувчилар ҳеч қандай имтиёзга эга бўлмайди. Кўкрак нишон ва медаллар ҳам расмий тан олинмайди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарафованинг таъкидлашича, тизимда илмий тадқиқот олиб бораётган олимлар, ёш тадқиқотчилар томонидан ёзиб, эълон қилинадиган илмий мақолалар савиясига жуда катта эътибор қаратилади. “Реклама ва ПРга асосланган ҳар хил газета ва журналлар ҳамда уларда эълон қилинадиган материаллар олимларимиз томонидан тан олинмайди. Илмда асос ва изланиш самараси бўлиши лозим. Бир сўз билан айтганда, Фанлар академиясининг турли нодавлат илмий марказлар ва журналларга эҳтиёжи йўқ. Улар билан ҳамкорлик ҳам ўрнатмаган”, деди у.
Бундай танловларда ғолиблик ва журналларда мақоласи чоп этилиши ўқитувчига устама учун имтиёз берадими, деган саволимизга эса Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова қуйидагича жавоб берди:
– Илгари ўқитувчи устама олиш учун, албатта, бирор журнал ёки газетада мақоласи чиққан бўлиши керак эди. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 823-сонли қарори бўйича педагогдан баҳоланаётган ўқув йилида оммавий ахборот воситалари, таълимга оид веб-сайтлардаги чиқишлари, илмий-методик журналлар ва турли анжуманларда мақола, тезис, концепция ҳамда истиқболли режалари билан қатнашиш орқали таълим-тарбия жараёнини янада яхшилашга оид ишлари бўлиши талаб этиларди. Эндиликда қарорга ўзгартириш киритилган ва бу талаб бекор бўлган. Ўқитувчиларга хизмат сафари харажатларини қоплаб бериш эса белгиланган тартибларга кўра амалга оширилади. Нодавлат ташкилотларнинг турли тадбирларида қатнашиш харажатларини давлат маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳолати қонунга зид ҳисобланади.
Кўриниб турибдики, биз юқорида санаган ва шунга эгизак жуда кўп танловчалар, норасмий журналларнинг аксар мақсади битта – ташкилотчиларнинг моддий манфаатдорлиги. Замона тилида айтсак, бу илм-фан ниқобидаги бизнес – “лохотрон”, холос. Уларнинг қармоғига илинаётганлар орасида номдор стипендиялар соҳиблари, илмий тадқиқот иши олиб бораётган билимли талабалар ҳам борлиги ачинарли. Илм йўлида алдов бўлмайди, дейишади. Чунки бундай сохтагарлик сизни ва илмингизни ботқоққа ботириши турган гап. Яхшиси, синалмаган отнинг сиртидан ўтманг. Тепкиси оғир келмасин.
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ