Бугунги одамзодни бир сўз билан номлаш керак бўлса, балки “ТОМОШАБИН” деб аталса, нотўғри бўлмас. Зеро, у яратилганидан бери ўтган миллион йиллардан буён, ҳозиргига ўхшаб, ҳеч қачон бу амалга ёппа берилмаган эди. Одамзодни бу ишга жалб этиш учун яқинда Қатарда ўтган футбол чемпионатига ўхшаш оммавий томошаларни ўйлаб топиш ҳам шарт бўлмай қолди. Боғча боласидан тортиб тўқсонни қоралаётган мўйсафидгача юмушидан ортинди дегунча томошабинликни бошлайди. Ким телевизор, ким айфон, ким ноутбук экранида визуал саёҳатга шўнғийди. Иши – юмушининг ўзи томоша бўлган қанча янги касб эгалари бор!
Гапнинг нишаби қаерга қараб кетаётганини зийрак ўқувчимиз аллақачон англади: шунча томоша ичида одамлар эътиборини ўзига жалб этиш ҳеч бир оммавий ахборот воситасига осон кечмаяпти. Мақсадга эришмоқнинг эса не-не йўл-усуллари ўйлаб топилмаяпти дейсиз.
Улар орасида эркинлик деганини, ҳеч истиҳола қилмай, шармандалик, беорлик тарзида тақдим этаётган ОАВлар қанча! Жазоси битта тузатиш эълон қилишу бир оғиз узр айтиб қўйиш-да, деган тушунча билан тирикчилигини ўтказаётган бундай воситалар эгалари Лут қавми йиллар давомида кўрсатиб улгурмаган “мараз томоша”ларни (Ғафур Ғулом ибораси) кун узоғи неча бор ўзи саҳна ортида сақич чайнаб ўтириб намойиш қиляпти...
Мамлакатимизда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат телеканалларининг сони ҳам номини дабдурустдан эслаб айтиб бўлмайдиган даражада кўпайиб улгурган. Эфир вақти туну кун давом этадиган аксарият бу каналларнинг бадиий-эстетик савияси, профессионал даражаси хусусида муҳокама юритиш бугунги суҳбатимизнинг мақсади эмас.
Мақсадимиз боя эсланган миллиардлаб томошабин – харидорнинг бири сифатида миллий телебозорда бизнинг дидимиз, қурбимиз етган “Маданият ва маърифат” телеканали хусусида икки оғиз эътироф айтишдир.
Илоҳим кўз тегдирмасин: ташкил бўлганидан то шу кунга қадар мазкур телеканалда дастурлар “сетка”сини тўлдириш учунгина тайёрланган, шунчаки вақт ўғирлашдан бошқага ярамайдиган кўрсатув, бадиий ёхуд ҳужжатли фильмлар, архивлардан олинган ёки шу кунларда саҳналарда ўйналаётган хашаки спектаклларни деярли кўрмадик. Томоша қилганимиз кўрсатувлар, интервьюлар, фильм ва спектакллар, репортаж ва лавҳаларнинг аксарияти бизнинг ё ақлу тафаккуримизга, ё бадиий-эстетик дидимизга, дунёқарашимиз ва кайфиятимизга недир ижобий таъсир ўтказа олгани билан ёдимизда, ғайришууримизда ўрнашди.
Дейлик, Гулмира Мусажонова муаллифлиги, Жамшид Худойқулов режиссёрлигида тайёрланадиган “Мен билган ҳақиқатлар” кўрсатувининг ўзи ҳозирга қадар чакана ноёб лавҳаларни сизу бизга тақдим этдими? Адабиёт ва санъатимиз, фан ва маданиятимизнинг кўрсатувга лойиқ топилган вакиллари билан ташкил этилган сокин, теран суҳбатлардан тингланган абадий ҳақиқатларни тўла идрок этса, халқ, миллат қанчалар юксалади.
Ёхуд “Биргаликда ўқиймиз”да (Сафарали Қурбон муаллиф, Бойназар Мадраҳимов режиссёр) кечаётган жаҳон сўз санъати ва миллий адабиётимизнинг энг сара намуналари таҳлили ва талқини нафақат оддий ўқувчи, омма, балки соҳа мутахассислари учун ҳам нечоғлик фойдали!
Ўтган йилнинг нуфузли танловларида ғолиблар қаторида эътироф этилган “Қақнус” кўрсатуви (Воҳид Луқмон лойиҳа раҳбари, Азиз Асроров режиссёр) тарих, замона ва келажак оловларидан тирик ва тобланиб чиқадиган чинакам ижодкорлар меросини қайта идрок этишга чорлаши баробарида, оммани қорин тўйғазиш ва тирикчиликнинг мингдан бир ташвишларидан бошқа бош қотиришга арзигулик муаммолардан огоҳ этмоқда.
Худди шу гапни “Фикрлаётган одам” (Зебо Ҳасанова муаллиф, Нажот Қосимов режиссёр), “Тундаликлар” (Зебо Мирзаева муаллиф) каби лойиҳалар хусусида ҳам малолсиз айтиш керак.
Муаллиф Иқболой Қўшшаева ҳамда режиссёр Аброр Қодиров томонидан эфирга тайёрланаётган “Биргаликда кўрамиз” кўрсатуви жаҳон кино санъатининг ҳозирга қадар ва бундан кейин ҳам узоқ муҳокамаларга сабаб бўладиган ноёб картиналари таҳлилидан баҳраманд этяпти. Зеро, ҳар қандай санъат дурдонаси ҳар бир халқ ва замон интеллектлари нигоҳида ўзгача маъно ва жилва кашф этишига шу лойиҳа орқали гувоҳ бўлиш мумкин...
Албатта, “Маданият ва маърифат” телеканали ижодий жамоасининг қиладиган ишлари, изланишлари ҳали олдинда. Жумладан, телевидение ва унда тайёрланадиган материаллар ўз номи билан КЎРИЛАДИГАН нарса бўлиши лозимлиги устида жиддий бош қотиришга тўғри келади. Бугунги томошабинни узоқ давом этадиган, яккама-якка ёхуд давра суҳбатларида ўртага ташланадиган энг оҳорли гаплар, ғоя ва фикрлар билан ҳам экран қаршисида узоқ тутиб туриб бўлмайди. Ўша суҳбатлар фони шундай оригинал, узукка кўз қўйгандек жойига тушадиган ранг-баранг тасвирлар билан тўлдирилиши лозимки, бунинг учун кўрсатув муаллифлари, айниқса, режиссёрлар бошқача иштиёқ ва ғайрат кўрсатишлари талаб этилади.
Мана шу йўлда ижодкор дўстларимизга куч-қувват, фидойилик ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз.
Раҳмон ҚЎЧҚОР,
филология фанлари номзоди, адабиётшунос
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ