Матбуотнинг ислоҳотчилик ролини писанд этмаганимиз оқибатида ҳатто маиший муаммолар олдида эсанкираб ётибмиз! – 2022 йил публицистикаси хусусида мулоҳазалар


Сақлаш
20:32 / 21.02.2023 1398 0

2-мақола (боши 1-мақолада)

 

Биз овқатни еяпмизми ё овқат бизни?

 

Матбуотчиларимиз аудиовизуал журналистика кўпинча четлаб ўтадиган муаммо – умумий овқатланиш жойлари, емакхоналар мавзусини дадил кўтариб чиққан. “XXI asr” газетасининг 3-сонида журналист Аслиддин Алмардоновнинг “Овқатланиш жойлари: қачон тартиб ўрнатилади ёки хизмат кўрсатиш маданияти, гигиена, нарх-навони ким белгилайди?” деган салкам бир ярим (А2) саҳифалик мақоласи чоп этилган. Унда соҳага оид кадрларни тайёрлайдиган ўқув юрти йўқлиги, истеъмолчилар емакхоналардаги гигиена, хизмат кўрсатишнинг пастлиги, нарх-навонинг баландлигидан шикоя қилиши каби муаммолар таҳлил этилган. Мақолада таъкидланганидек, “Миллий журналистикамиз ижтимоий-маданий соҳанинг барча соҳаларига бирдек кириб бормаган. Инчунин, “ресторан танқидчилиги” йўналиши деярли эмбирион босқичида, десак хато бўлмайди. Зеро, қаерда танқид бўлса, муаммолар жамоатчиликка олиб чиқилсагина, ечим топиши – аксиома. Демак, замонавий тилда фуд журналистика аталаётган йўналиш ривожи айни кунларда энг зарур ва ниҳоятда долзарбдир”.

 

Гулзамон Акбар “Ҳуқуқи ҳимояланмаган тоифа” мақоласи орқали муносабат билдириб, овқатланиш корхоналари тизимида миллионлаб одамлар ишлаётгани, энг оғир юмуш беписанд саналган официантлар зиммасида экани, улар меҳнат шартномасисиз ишлагани учун соҳада қўнимсизлик, ноҳақлик авж олганини таъкидлайди (“XXI asr” газетаси, 5-сон).

 

“XXI asr” газетасининг 43-сонидан ўрин олган “Шашликдаги темир парчаси “Лабиҳовуз”даги қўрада обдан пишса-да, эримабди” мақоласида тизгинсиз, назоратсиз қолаётган емакхоналар тизими ҳақида. “Қайсар мижоз” каби сиз ҳам тармоқ қачонки алоҳида таҳлил, жиддий мониторинг қилинмас экан, бундай бошбошдоқлик, шармандагарчилик ҳолатлари ҳали-вери тўхтамаса керак, деган хулосага келганингизга шубҳа қилмайман.

 

Ижтимоий тармоқларда тез-тез тарқалаётган фалон килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолингани ва фалон жойда овқатдан заҳарланиш содир бўлгани ҳақидаги хабарларга кўникдик. “XXI asr” газетасининг 28-сонида журналист Рўзимбой Ҳасаннинг “Инсоф ҳам қўшиб сотиляпти ёхуд лошхона-ошхоналардаги нарх-наво қачон назорат қилинади?” мақоласида тилга олинган емакхоналардаги қаллобликлар, халқнинг соғлиғи ва чўнтагини қуритаётган олғирларга, эҳтимол, анча олдин кўникканмиз... Бозор этимизниям, бетимизниям қотирди. Бозорчи элнинг болалари шундай бўлса керак-да?!

 

“Yoshlar ovozi” газетаси мухбири Шаҳруза Сатторованинг “Green Card” фаровон ҳаёт учун кафолатми?” мақоласида ҳар йили октябрь-ноябрь ойи келса миллионлаб ўзбекистонликларнинг АҚШга кетиш касали хуруж қилиши ҳақида ёзади: “Travel.state.gov” сайти маълумотларига кўра, 2017 йилда 1,8 миллион, 2018 йилда 1,7 миллион, 2019 йилда 466 480 нафар ўзбекистонлик “грин карта” учун ариза топширган”.

 

Нега кўпчилик ёшлар кетиш иштиёқида, деган саволга жавоб излаган мухбир ўрганишлари хулосасини шундай битади: “Турли тўсиққа учраган иқтидорли тадбиркорлар, маънавиятдан чарчаган ижодкорлар, ойлик маоши яшашига етмаётган шифокор ва ўқитувчилар, ўз келажагини Ўзбекистон билан боғлай олмаётган ёшлар шахсий ривожланиш, ишлаш учун етарлича эркинлик, шароитнинг йўқлигини, ўзи ва фарзандлари келажагини ўзбек жамиятида кўра олмаслигини, ишсизлик, иқтисодий факторларни муаммога сабаб қилиб кўрсатмоқда” (“Yoshlar ovozi”, 2022 йил 9 ноябрь).

 

Мақолада санаб ўтилган камчиликлар фуқаронинг давлатга ишончи йўқолаётганини англатмайдими? Ўтюрак Шаҳрузанинг “Бюджетни ўмарганга жазо йўқми?” мақоласини халқнинг нонини туя қилаётган амалдорлар жазосиз қолаётганига қарши исён дейиш мумкин (“Yoshlar ovozi”, 2022 йил 26 ноябрь).

 

Алвидо китоб! Ассалом жаҳолат!

 

Ўтган йил август ойида тарқалган бир нохуш хабар юзимизни ерга қаратди. Давлат тест маркази маълумотига кўра, 2022 йилда 1 миллион 73 минг 821 нафар абитуриент тестга кирган. Уларнинг 550 минг нафари (51,2%) ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 бални ҳам тўплай олмаган. “Yoshlar ovozi” мухбири Шаҳруза Сатторова “Бунга ким айбдор?” мақоласида (2022 йил 27 август) жамиятимиз, хусусан, ёшлар орасидаги саводсизлик, билимсизлик илдизига назар ташлайди.

 

Адашмасам, Туркистон ёшларини саводли қилиш масаласи ўтган аср бошидаги муаммо эди. Юз йилдан зиёдроқ вақт ўтди. Биз билан битта сайёрада яшаётган баъзи халқлар Ойга саёҳат уюштиришни режалаштираётган, бор билим ва имкониятини Марсни тадқиқ қилишга қаратган бир даврда биз янги авлоднинг саводи устида бош қотиряпмиз. Инчунин, филология фанлари номзоди, моҳир хаттот Раҳимбой Жуманиёзов жаҳолат ботқоғидан чиқиш йўли сифатида дунёнинг қатор давлатларида бўлгани каби юртимизда ҳам доимий фаолият юритадиган саводхонлик марказлари очишни таклиф этади (“Milliy tiklanish”, 2022 йил, 8-сон).

 

Филология фанлари доктори Илҳом Ғаниевнинг интернет, компьютер, телевизор каби “фикрий ялқовлик” элчилари энг яқин дўст, сирдош ва фикрдош бўлиши мумкин бўлган, тирик инсон нафаси уфуриб турган китоб ўрнини эгаллашга даъвогарлик қилаётгани ҳақидаги “Комилликка фикрлаш орқали эришилади...” мақоласини ўқиб, (“Ishonch”) Чингиз Айтматовни танимаган филолог олимга эмас, ундан сабоқ олаётган талабаларга ачинасиз.

 

“Milliy tiklanish” газетасининг 2022 йил 15-сонида гулистонлик Қаҳрамон Кўпайсиновнинг “Аччиқ асал ёхуд Абдулла Ориповнинг “Отабек ва Кумуш” романини ўқиган талаба ҳақида”ги мақоласини истиқбол эгаларининг маънавий-маърифий қиёфасига чизгилар дейиш мумкин. Куюнчак депутат шоир Ўткир Ҳошимов шеърларини ўқиган, Ўзбекистон мадҳияси муаллифи Эркин Воҳидов деб биладиган ёшлар кўпайиб бораётганига қайғуради. Кўпайсиновга сабр тилайлик, яхшилар!

 

Журналист, шоира Нурхон Элмирзаеванинг “XXI asr” газетасининг 15-сонида берилган “Magic city” ҳамма нарсани топишингиз мумкин, фақат саводдан бошқа” мақоласи ҳам шу мавзуда. Мухбирнинг “Йиллар ўтгани сайин саводхонлигимиз “гуллаяпти”! Бугун бошқа вилоят марказларини қўятуринг, азим Тошкентдай пойтахт шаҳарда ўзбек тилида бехато ёзилган жой номларию рекламаларни топиш қийин” деган мулоҳазасига қўшилмасликка асос йўқ. Нурхоннинг “Ошдан чиққан тош ёхуд кўрсаводликка етаклаётган китоблар хусусида” мақоласида (“XXI asr” газетаси, 43-сон) “Янги аср авлоди” нашриёти чоп этган “Театр” романидаги сон-саноқсиз хатолар мисолида ношир, муҳаррир, мусаҳҳиҳларнинг масъулиятсизлиги ўқувчиларни саводсизликка етаклаши кўрсатиб ўтилган.

 

“Milliy tiklanish” газетасининг 2022 йил 36-сонида Абдуғаффор Омонбоевнинг “Занглаган тилла калит ёхуд Абдулла Авлоний бобомизнинг “сотка” ишлатгани тилга олинган мулоқотдан кейинги ўйлар” сарлавҳали мақоласидан сўнг талаба-ёшлар, ўқувчилар ўртасида саводсизлик кўпайиб кетаётибди, деган нолишлардан ажабланмайдиган бўлдим. Нега десангиз, мақолада Абдулла Авлонийни билмайдиган маънавиятчи раҳбар ҳақида ҳикоя қилинади. Қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла юриб ваъз ўқийдиган айрим саводсиз тарғиботчилар афкор омманинг маънавиятга ихлосини қайтаряпти. Мақоладан кичкина бир иқтибос келтираман, у ёғини ўзингиз тасаввур этиб олаверасиз: “Эсимда, бундан бир йилча муқаддам Сирдарё вилоятининг чекка туманларидаги катта бир ташкилот раҳбари билан учрашганимда у менга яқинда туманда катта байрам тадбири ўтказилишини, унга пойтахтдан машҳур шоир ва ёзувчилар келишини, улар орасида, албатта, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ҳам бўлишини ғурурланиб айтиб қолди. Бу гапни эшитиб, тилим танглайимга ёпишиб қолаёзганди ўшанда”. Мақолада бир адибдан олий таълим масъул ходими Абдулла Қаҳҳорнинг саломатлиги ҳақида сўрагани ҳам ёзилган.

 

Таниқли олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Атамалар “атала” бўлмасин!” мақоласида келтирилган қуйидаги фикрда катта ҳақиқатларга ишора бор: “Асака автомашиналарининг мутлақ кўпчилигини қоракўз ўзбегим сотиб олиб минади. Лекин бирорта машинанинг йўриқнома китобчаси ўзбек тилида эмас, бу китоблар – ҳар йили минглаб машинани сотиб олишга ваъда бериб, ўз юртига экспорт қилдириб, сўнг шунча харажатга чув тушириб, ортга қайтариб юборадиган мамлакатнинг давлат тилида. Нега шунақа? Чунки шу завод раҳбарларининг ҳеч бири миллатпарвар эмас. Миллатпарвар бўлмаган одам ватанпарвар ҳам бўлмайди” (“XXI asr”, 2022 йил, 42-сон).

 

Ҳурматли олимимизнинг куюнчаклик билан битган яна бир мақола – “Шамолга совурилаётган... Шамол” халқ ҳаётига бепарво, лоқайд мутасаддиларга тутилган кўзгудир (“Ishonch”, 2022 йил 19 апрель). Мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ҳаёт-мамот масаласи бўлиб турган бир пайтда Зуҳриддин Исомиддиновнинг Қўқон шамолидан экологияга зиён етказмасдан энергия олиш мумкинлиги тўғрисидаги жўяли таклифига бепарво қараётганларни ким дейиш мумкин?

 

Салим Абдураҳмоновнинг “Ishonch” газетасининг 2022 йил 21 май сонида чоп этилган “Остонадаги орият” мақоласи иймон заифлашуви, орсизлик, олабайроқлик ортидан тортаётган жабру жафоларимиз ҳақида. Муаллиф эшак гўштини ошхонаю сомсахоналарга тарқатаётганлар, фойда учун “ўлиш”га ҳам рози даллоллар, тирикчилик деб молини отасига пуллаётганлар шу халқнинг фарзанди, шу жамиятнинг аъзоси эканини таассуф билан қайд этади. Ҳамкасбимизнинг “Давлат ривожи йўлидаги ҳар қандай тўсиқ, жамиятда учраётган муаммолар ортида тарбиясизлик, илмсизлик туради. Илмсизлар орасида бағритошлар кўп учрашини наҳотки билмасак?” деган фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ.

 

Оломон тегирмонига сув қуяётганлар уруғи сероб. Маҳбуба Каримова ижтимоий тармоқлардаги мулоҳазалар асосида “Zo‘r TV” баъзи савиясиз бошловчилари билан кўпчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётгани, сўз ва эфир масъулиятига мутлақо тупуриб қўйган Ҳалима Ибрагимова хатти-ҳаракатларига канал Бадиий кенгаши, АОКА ва бошқа мутасадди ташкилотлар томошабин бўлиб тургани ҳақида ёзади (“Milliy tiklanish”, 2022 йил 33-сон). Маҳбубахон, ёзганимга муносабат бўлмади деб куюнманг. Майнавозчилик қилиб, миллат устидан кулаётганлар ва уларнинг ҳомийлари “Milliy tiklanish” газетасини ўқимайди.

 

Депутат кимнинг дастёри?..

 

Савол риторик оҳангда қўйилди-а? Ҳа-ҳа, халқ вакили ҳамиша сайлаганнинг эмас, тайинлаганнинг қош-қовоғига қараб келган.

 

“Adolat” газетасининг 2022 йил 7 январдаги 1-сонида чоп этилган “Халқ вакилиман деб юрганимдан уялдим” сарлавҳали мақоладаги тасвирлар кўз ўнгимдан кетмай қолди. Жомбой туман кенгаши депутати Комила Умарова “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли билан учрашувдан олдин қишлоқнинг чекка ҳудудидаги хонадонларга бориб, турмуш тарзи билан танишгани ҳақида ёзади: “Бир хонадонда икки опа-сингил яшар экан. Иккиси ҳам қирқдан ошган. Боқувчиси йўқ, турмушга чиқмаган, яқинларидан фақат укаси бор. Уканинг ҳам топиш-тутиши ҳаминқадар, ўзининг рўзғоридан ортмайди.

 

Хонадоннинг ташқи кўриниши ночоргина. Ичкарига юзландик. Икки хона ва бир даҳлиздан иборат уйнинг на шифти – потологи бор, на гилам, на кўрпа-ёстиқ. Кираверишда тўшалган кичкина шолча – гилам эътиборимни тортди. Улар билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида бу шолча-гилам опа-сингил учун тўшак, эски кийим бошлардан қўлбола тайёрланган қоп эса ёстиқ вазифасини бажариши маълум бўлди. Бисотидаги битта катта кўрпа эса қўшнининг ҳадяси экан”.

 

Очиғи, республикамиз туманларида бундай абгор рўзғорлар кўплаб топилади, аммо Комилахонга ўхшаган депутат учраши амри маҳол. Халқ ҳаётига масъуллар шиорбозликка, дабдаба-ю асъасага берилмасдан Алишер Навоийнинг қуйидаги байтини қалбларига жо этишларини истардик:

 

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

 

Матбуот – миллат ойинаси

 

“Ishonch” газетасининг 2022 йил 21 апрель сонида Ҳусан Эрматовнинг “Газета нега керак?” сарлавҳали мақоласи чоп этилган. “Milliy tiklanish” газетаси ҳам кўчириб босган (2022 йил 29-сон) мазкур мақолада босма нашрлардек саводли ОАВ ҳозирча шаклланмагани, ўзини овоза қилишдан чарчамаётган пиарчиларнинг, ахборот хизматлари мутасаддиларининг аксариятида асосий муаммо матн тузиш, хатосиз ёзиш, фактларни тўғри жойлаштириш, муаммони тўғри талқин қилишда кўринаётганига урғу берилган. “Ishonch” газетаси ўтган тўрт йил давомида маориф соҳасидаги ўнлаб ўта долзарб муаммоларни кўтариб чиққан бўлса-да, лоақал бирортасига қониқарли жавоб бўлмаганидан куюнган бош муҳаррир бешта марказий газетада эълон қилинган “Ҳақиқатга тик боқинг, жаноб!” деб номланган мақолани ҳам Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири жавобсиз қолдирганини таассуф билан қайд этади.

 

Бутун дунёда матбуот аналитика, таҳлилга ўтганига, маърифатли жамиятларда кундалик нашрларга обуна кўпаяётганига эътибор қаратган Ҳусан Эрматовга кўра, газета керак эмас, деб бонг ураётганлар ҳақиқатдан қўрқувчилардир!

 

“Milliy tiklanish” газетасининг 2022 йил 15, 16, 17, 21, 27-сонларида “Кутинг!” рукнида “Миллий парламентимиз нега сукут сақламоқда?” сарлавҳали изоҳ берилган. Таҳририят парламент нашри – “Xalq so‘zi” газетаси бош муҳаррири Ўткир Раҳмат бонг урди, аммо депутатлар сукут сақламоқда. “XXI asr” газетаси орқали Норқобил Жалил муаммога кескин муносабат билдирди. Лекин жамиятнинг “бош” партияси “O‘zLiDeP” жим! “Ishonch” бош муҳаррири Ҳусан Эрматов масала моҳиятини ҳижжалаб тушунтириб берди, бироқ парламентимиз бу чиқишга ҳам ишончсизлик билан қаради... Наҳотки миллий парламентимиз учун миллий матбуот – жамиятда ижтимоий фикрни шакллантирадиган, онгу тафаккуримизни, қарашларимизни ўзгартирадиган асосий “қурол”нинг жангга шай ёки шай эмаслиги қизиқ бўлмаса. Эртага кеч бўлади. Чунки...” дея ёзди. Парламент салкам бир йилдан бери сукут сақлайди. Сукут аломати ризодир, балки?!

 

“Milliy tiklanish” газетасининг 2022 йил 15-сонида ЎзА мухбири Дилобар Маматованинг етти йилдан бери Германияда истиқомат қилаётган журналист Маърифат Нур билан суҳбати берилган. Кўп йиллар республика матбуотида ишлаган Маърифатхон Германияда ОАВ чин маънода тўртинчи ҳокимият эканини таъкидлайди: “Телевидениеда айтилган ҳар бир сўз қонун билан баробар. Бугун айтилди, эртага унут бўлди ёки жой-жойида қолиб кетди, дегани эмас. Яъни, Германияда матбуот катта маънавий қурол ҳисобланади. Бу ерда журналистлар хато қилишдан қўрқадилар, ҳар бир ишга виждонан ёндашадилар. Кўрсатув, эшиттириш, мақола ва хабарларда фақат инсон омили ҳақида гап боради. Журналистлар ҳукумат қабул қилган ҳужжатларни ҳам бемалол танқид қилишлари мумкин.

 

Бу ерларда у ёки бу матбуот турининг даври ўтди, энди у керак эмас, деган асоссиз гаплар айтилмайди. Ҳеч ким, ҳатто босма нашрлар, яъни газеталарни “ўлди”га чиқармайди. Ўзини ҳурмат қилган маънавиятли инсонлар газета ўқийди. Одатий иш кунларининг маълум дақиқаларини газета ва журналлар мутолаасига сарфлайдилар”.

 

“XXI asr” газетасининг 45-сонида “Обунага осилманг, “овчилар”!” мақоласи босилган. Жалил Карвоннинг (ҳойнаҳой, бош муҳаррир бўлса керак) долзарб ва жиддий мавзудаги кескин мулоҳазалари соҳадаги бўлинишлар ҳақида. Аввал ҳатто биттагина фото-суратгаям тўрт қатор тагсўзни эплаб ёзолмаган, бирор газета ё журналда ишлаб ҳайдалган ё саводи чиқмаган “журналист”ларнинг обуна мавзусидан фалсафа сўқиши танқид қилинган. Муаллифнинг “Не бўлди бу қавмга? Нега ОАВдан бошқа бирор соҳа вакиллари бу даражада бир-бирининг юз-кўзига лой чапламайди?” деган сўровида жуда катта ҳақиқатларга ишора бор.

 

Ҳақрост, бугун журналистикада бир-биридан мутлақо кескин фарқ қиладиган икки тоифа шаклланди. Бири мояна ва гонорар – қалам ҳақи билан кун кўраётган фидойилар, иккинчиси қонунлардаги “туйнук”дан устомонлик билан фойдаланаётган ўлпончи қаллоблар. Таассуфки, иккинчи тоифани ҳокимликлар, банк, молия идоралари раҳбарлари ва бошқа расмий маҳкамалар вакиллари кулча билан кутиб олади. “Саёҳат қилгингиз келса, мана, Дубайга чипта!” дея одоб билан қўл қовуштиради. Мақолани ўқиб, саводсиз, жоҳил, товламачи касларнинг ўзларини “Президент блогерлари” деб эълон қилиб, ялпи саводсизлик оловига мой қуяётганини қандай бартараф этиш мумкин, дея ўйланиб қолдим.

 

“XXI asr” газетасининг 47-сонида чоп этилган Сафар Остоновнинг “Газета ўқимай ҳам яшаш мумкин” мақоласи обуна ҳақида, газета-журналларнинг истиқболи ҳақида гоҳ хайрихоҳлик, гоҳ ғаразгўйлик, гоҳ худбинлик билан муносабат билдирилаётган бир даврда огоҳлик қўнғироғидай жаранглайди. Раҳматли Сафар ака айтганидай, “Газета бу – сиёсат, ғоя, мафкура, маърифат... Давлатнинг сиёсатини одамларга, одамларнинг хоҳиш иродасини давлатга, ҳокимиятга етказадиган восита”.

 

Ўткир Раҳматнинг “Ҳар кунги мўъжиза: у тизимли ислоҳотларга муҳтож” (“Xalq so‘zi”, 2022 йил 31 март), Норқобил Жалилнинг “Қаердасан, “тўртинчи ҳокимият?” Ёхуд матбуот учун чалинаётган огоҳлик қўнғироғи”, Ҳусан Эрматовнинг “Газета нега керак?” мақолаларида кўтарилган ўта жиддий, айтиш мумкинки, таҳликали вазият ҳамкасблар орасида муҳокама бўлди. Аммо... Ҳукумат бу умуммиллий масалага ҳамон панжа орасидан қараб келяпти.

 

“XXI asr” газетасининг 52-сонида Нурхон Элмирзаеванинг “Шармандали шахмат “ўйини” қачон тугайди?” сарлавҳали мақоласида 49-сонда берилган “Ёш истеъдодларни унутган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ёхуд туя гўшти еган шахмат финали қачон бўлади?” мақоласига Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи на эътироз, на жавоб бергани ҳақида ёзилган.

 

“Ishonch” газетасида эълон қилинган мақолалар номига бир эътибор қилинг-да. “Қонун ва қарор талаби қачон бажарилади?”, “Қарор қонундан устун бўла олади(ми?)”, “Фармон ижроси нега таъминланмаяпти?”, “Нега Президент қарорига амал қилинмади?”, “Президент қарори нега бажарилмаяпти?”, “Низом кодексдан устунми?”, “Комиловнинг хати ҳукумат қароридан устунми?”, “Нега шундай?”, “Шу ростми?”. Сарлавҳалар нима ҳақида сўзлаяпти?!

 

Халқимизда “Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама” деган нақл бор. Афт-ангоримизни чанг босган бўлса, тиниқ кўзгу – матбуотда нима айб?! Дасти дароз, худбин амалдорлар юздаги ғуборларни ювадиган қўлини қўли калта қаламкашнинг ёқасига узатиб нима топади?.. “Ёмоннинг кучи япалоққа етибди”, деган халқ қандай доно, а?!

 

Нурилло Нўъмонов “Тенгсизлик теоремаси” мақоласида Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ҳудудларда ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларнинг аксариятида ётоқхона йўқлиги, мактаб-интернатлар сони кескин камайиб кетгани ортидан чекка қишлоқда яшовчи камбағал оиланинг иқтидорли фарзанди ўзи яшаётган туман ёки қўшни тумандаги ихтисослаштирилган мактабга қатнаб ўқишга шароит тополмаслиги адолатсизлик эмасми, дея савол қўяди ( “Ishonch”, 2022 йил 100-сон). Мухбирнинг янги муассасалардаги ҳозирги вазият табақалашишнинг дастлабки, содда кўриниши эмасмикан, деган мулоҳазаси жуда ўринли.

 

Таҳририятга Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Д.Кенжаев имзоси билан хат келади. Хатда мақолада кўтарилган муаммоларга аниқ жавоб берилмасдан, балки “таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар агентлик томонидан ижобий қабул қилинишини маълум қиламиз”, дея маълумот берилган.

 

Газетанинг 2022 йил 2 декабрь сонида Шоҳрух Раҳимовнинг “Соатли бомба” мақоласи чоп этилган. Оркаш мухбир телевидениенинг даромад манбаи бўлган, аммо оила даврасида кўриб бўлмайдиган рекламаларга қачонгача тоқат қилиш мумкин, дейди. Мақолада миллий, диний қадриятларимизга зид реклама жамият марказига қўйилган соатли бомбага ўхшатилган. “Унутмайлик, қачондир у портлайди. Оқибати эса жуда оғир бўлади”, дея огоҳликка чақиради ҳамкасбимиз.

 

Мақола юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Саиджонов таҳририятга сип-силлиқ жавоб йўллайди. Уларни ҳам тушуниш мумкин. Чунки мақолада номлари келтирилган “Orbit”, “Palmolive”, “Relif”, “Kotex Ultra 2020”, “Prostaphytol”, “Escapel” каби маҳсулотлар рекламасини тўхтатиб қўйишга Агентликнинг қўли калталик қилади. Ишонмасангиз, кечқурун телевизорни ёқинг. “Соатли бомба” ишлаяпти.

 

Зуҳриддин Исомиддиновнинг дори-дармон бизнеси ва рекламаси ҳақидаги мулоҳазалари – “Наҳанглар овига монанд” мақоласини олайлик (“Ishonch”, 2022 йил, 46-сон). Муаллифнинг куюнишлари ҳам қумга синган сувдай беиз кетди. Йўқликка юз тутган мақолаларига юраги ачиган таҳририят 2022 йилда 236 та танқидий материални кўриб чиқиб, муносабат билдириш учун тегишли ҳокимлик, вазирлик ва ташкилотларга юборгани, қатор ташкилотлар масъулиятни ҳис этган ҳолда ўз вақтида муносабат билдиргани, лекин улардан ярмидан кўпроғи, яъни 119 таси жавобсиз қолдирилгани ҳақида ёзади (“Матбуотга муносабат шуми?”, “Ishonch”, 2023 йил, 9-сон).

 

“Ma’rifat” газетасида бош муҳаррир Ҳусан Карвонлининг “Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов диққатига” рукни остида “Денов шахмат мактабини тирилтиринг” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган (2022 йил 6 июль). Ҳамкасбимиз шахматга эътибор мамлакатимизда йилдан-йилга кучайиб бораётган бир пайтда Деновда кундан кунга пасайиб бораётганига куюнади. Муаллиф таъкидига кўра, “Денов шахмат мактаби қайд этаётган натижалари бўйича унча-мунча вилоятни ортда қолдиради, десак асло муболаға эмас!”

 

Сурхондарё вилоят ҳокими Т.Боболов журналист ҳасратини кўрмамиш, эшитмамиш бўлади. Вилоят раҳбари “Ma’rifat”га, мамлакат чемпиони бўлган деновлик шахматчилар ҳаётига қизиққанида таҳририятга икки энлик хат битган бўларди. Мақолага Денов тумани ҳокимлиги мужмал жавоб берган.

 

Матбуотга беписанд замонда журналист бўлиш – ўтиш даврида яшагандан ҳам оғир. Эл-юрт дарди билан яшайдиган ижодкор учун ёзган мақоласига эътибор қаратадиган раҳбарга дуч келиш – байрам.

 

“XXI asr” газетасининг 26-сонида журналист Холниса Раҳмонқулованинг “Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев диққатига!” рукнида “Зафарободда унутилган маҳалла бор...” сарлавҳали мақоласи чоп этилган. Муаммолар ботқоғига ботган “Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудидаги маҳаллалар аҳволини тасаввур этган одамнинг руҳи тушади. Йўл, чироқ, газ, сув муаммо бўлган бу ҳудудда ҳам янги Ўзбекистон фуқаролари, эртанги кунга ишонч билан қараётган юртдошларимиз яшаяпти, ахир! Мақолага Зафаробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати муносабат билдириб, кўрсатилган камчиликлар тузатилаётган жараёндан фото-суратлар юборади.

 

“XXI asr” газетасининг 2022 йил 25 март сонида “Бошдархондаги бошбошдоқлик қачон ечим топади?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинади. Сиркаси сув кўтармайдиган Самарқанд вилояти экология бошқармаси ва Оқдарё тумани экология инспекцияси масъуллари Бошдархон халқини ва таҳририятни бир ўтирик билан алдаб қўйишади. Газета 18-сонда “Сохта ҳужжат билан халқни алдаманг!” дея Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродовга мурожаат этади. Таҳририят Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Салихов мурожаатига ёлғон маълумот берган самарқандлик экологларнинг зарарли заводни оппоққа чиқаришдан нима манфаати бор экан, дея боши қотади. Хайрият, Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати таҳририятга жавоб йўллаб, мақоладаги ҳолатлар тасдиқлангани, “Юнусжон аҳли” МЧЖ фаолияти бўйича ҳужжатлар тўпланиб, судга даъво аризаси киритилгани маълум қилинади.

 

“XXI asr” газетасининг 2022 йил 42-сонида Транспорт вазири, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Илҳом Маҳкамовга “...Арз этайин эмди ёзиб номалар” сарлавҳали очиқ хат йўлланган. Чипта учун белгиланган нархлар инсон манфаатини кўзлайдими ёхуд корпоратив манфаатни, дея савол қўйилади. Мақола эълон қилингандан қирқ кун ўтиб келган жавобда барча саволлар, фалон пулга олинган чиптанинг умуман қайтариб олинмаслиги қонунчиликка қанчалик мос тушиши ҳақидаги сўров ҳам очиқ қолади. Газета 50-сонда Озод Ражабов муаллифлигида “Тили билан суяр, дили билан сўяр ёхуд атайин очиқ қолдирилган саволлар, қонунларга ошкора беписандлик ва авиакомпаниянинг “отписка”чилик “маҳорати” хусусида” деган иккинчи мақолани чоп этади. Мақолада “Uzbekistan airways” раҳбарлари очиқ хат муаллифини ёлғончига чиқаришга уринишгани ҳақида ҳам ёзилган.

 

Энди баъзи бир таклифларни айтиб ўтсам. Бугун нима ҳақда, қайси мавзуда таҳлилий мақолаларга эҳтиёж сув ва ҳаводай зарур? Биз бугун нима ҳақида ёзмай қўйдик? Нега ёзмаяпмиз? Мафкура, оила ҳақида, ёшлар, айниқса, қиз-жувонларнинг тобора чаласавод бўлиб бораётгани ҳақида кам ёзаётганимиз ўтган аср бошидаги жадид матбуотидан орқада эканимизни кўрсатади. Ички таҳдидлар – онг-тафаккурдаги мудроқлик, лоқайдлик ҳақида ёзмаётганимиз ўтган аср охиридаги матбуотга бўйлашолмаётганимизни билдиради.

 

Ўзбек тилини асраш, унга ҳурмат кўрсатиш ҳақида кўп ёзилди, аммо... Сўнгги уч йилдаги воқеалар кетма-кетлигини бир эслайлик: давлат тилини мамлакат миқёсида бир мартагина катта байрам қилган эдик, “икки бошли бургут” қўрқинчли қийқирди. Таҳдидни кўриб, таҳликага тушдик. Кейинги йиллар бу санани тор доирада, қулоққа шивирлаш билан нишонлашга ўтдик. “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун борлиги ҳам эсимиздан чиқиб кетди. 2021 йил 27 апрель куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлди. Кун тартибига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг “Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, жавоблар давлат тилида бўлсин”, деган 12-моддаси “Айиқ” жазавасидан қўрққан аксар депутатларимиз томонидан маъқулланмади. Шуйтиб, давлат тили ва унда сўзлашувчи эгни қисиқ халқ юзига навбатдаги тарсаки туширилди...

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан 2019 йилда ташкил этилган Давлат тилини ривожлантириш департаментининг тақдири 2022 йил охиридаги маъмурий ислоҳотлардан сўнг муаллақ қолмоқда. Жонсарак журналист Фозил Фарҳод ёзганидек, бизни асло кечирма, тилим! Бабенколар билан оғизбирчилик бор экан, кун кўрмаслигинг кўриниб қолди (“Ma’rifat”, 2022 йил 10 август).

 

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий, маданий, иқтисодий интеграция ҳақида деярли ёзилмайди. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлганимиз баҳонасида Туркий олам бирлиги, истиқболи ҳақида таҳлилий мақолаларга эҳтиёж катта. Бизнинг бирлашишимизга тиш-тирноғи билан қарши давлатлар матбуотида, расмий ахборот сайтлари ва сиёсатчилар каналларида бу мавзулар ўрганилмоқда.

 

Жиззахда қурилиши режаланган АЭС ҳақида кенг қамровли, таҳлилий мақолалар ёзилмагани учун халқ орасида “деди-деди” гап кўп. Президентнинг 16 январда ўтказган мажлиси – энергетик коллапс таҳлилини қаерда ўқишимиз мумкин?..

 

Публицистика, бу – кураш. Публицистика, бу – халқ минбари. Давлат, жамият муаммосиз бўладими? Оила муаммосиз бўлиши мумкинми? “Муаммони гапирма...” дейиш бу бандаи ожизнинг “камина инсоний иллатлардан пок...” дея даъво қилишига ўхшайди. “Hurriyat” газетасининг 46-сонида Ҳаким Сатторийнинг “Публицистика – жанговар жанр нега “йўлбарс терисини ёпинган” қўзичоқ ҳолига тушиб қолди” деган таҳлилий мақоласини бериб савоб ишга қўл урган. Ёзувчи оғамиз публицистикага беписандлик шўролар давридан бошланганини далиллайди: “Агар ўзбек адабиётида қатағон қилинган шоирлардек лаёқатли публицистлар бўлганда миллатнинг тақдири ҳам, адабиётнинг қиёфаси ҳам бошқача бўларди. Публицистика – сўз санъатининг қудратини инсоният бахту иқболига йўналтира оладиган ҳаётий жанр. Унда шеъриятга хос нафосат, насрга хос кўламдорлик, драматургияга хос шиддат бор”.

 

Ҳаким Сатторийнинг жабрдийда жанр бўлиб қолаётган публицистика ҳақидаги ушбу тадқиқот-мақоласини журналист кадрлар тайёрловчи барча олий таълим муассаларига тавсия этиш мумкин.

 

Жадидлар матбуотни бош ислоҳотчи, умум дарсхона, миллат тили, миллат ойинаси деб атаган эди. Бу ақидага қарши шўро ҳукумати бир умр курашди, истиқлол даврида ҳам унга ёвқараш қилиб ўтяпмиз. Матбуотнинг ислоҳотчилик ролини назар-писанд этмаганимиз оқибатида ҳатто маиший муаммолар олдида ҳам эсанкираб ётибмиз. “Матбуот – олабўжи” деган қараш кимдан мерос қолди – ҳайронмиз.

 

Ижтимоий тармоқлар ёнғин ўчириш хизмати вазифасини зўр уддалаяпти. Жамиятга эса муаммолар маддалаб кетмасидан бурун диққат қаратадиган, чин маънодаги таҳлилий журналистика ҳам керак.

 

Журналистларимиз мавзунинг долзарблиги, ҳаётийлигига мос халқ мақоллари, эртак ва маталлари, қўшиқ ва достонларимиздаги ўхшатиш, тасвир, киноялардан унумли фойдаланиши лозим. “Публицистика” сўзининг ўзаги “публикус” – омма экан, демак, муайян халқнинг жон томири, тарихи, қадриятлари, дини, анъана ва урф-одатларига асосланса, ниҳоятда қизиқ, жозибали чиқади, ўқувчини мафтун этиб, бир умр хотирасида сақланиб қолади. Бу омиллар ўз-ўзидан публицистик асарнинг ифода, услубий ўзига хослигини кўрсатади, энг муҳими, она тилимизнинг гўзаллигини, жозибасини намоён этади.

 

Публицистларимиз интеллектуал имкониятлари, ижодий салоҳиятини оширишга жиддий қараши лозим. Нега ўтган асрда довруқ қозонган, бизнинг кунларда “талоқ” қилинган фельетонни қўмсаймиз. Абдулла Қодирий ёзган фельетонлар беш йил бурун эълон қилинган айрим ҳикояларимизга қараганда жозибадор.

 

Матбуот – жамият кўзгуси. Жамият қандай бўлса матбуот ҳам шундай бўлади ёки аксинча. Фидойи журналистлар бир ота-онанинг болаларидай гап. Куюнчак қаламкаш битган мақоласи учун раҳмат ўрнига таҳқирланса, давлат ишларига ўринсиз аралашиш деб баҳоланса – урди Худо! Бундай жамиятнинг келажаги бўлмайди. Матбуот фидойиларининг ожиз банда ўлароқ бир орзуси бор. Қани эди, газета-журналдаги танқидий материалга беписанд муносабатда бўлган вазир ёки ҳоким Президент фармони билан вазифасидан озод этилса!

 

Бир олимдан “Халқимизнинг психологик портрети қанақа?” дея сўраганимда, у менга синиқ жилмайиб, “Биз бошқарилишга мойил халқмиз...” деган эди. Шундан бери кўнглимда “Бошқарувчи халқлар асли оби гил эмасмикан”, деган иштибоҳ бор. “Тепа”га қараб туришимиз бежиз эмас экан. Матбуотни ўгайлаш сиёсатини “тепа”нинг ўзи ўнгласин-да, ишқилиб.

 

Олим ТОШБОЕВ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

филология фанлари номзоди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//