Кўзингиз, белингиз, оёғингиз, қорнингиз оғриса ҳам битта дори – диний блогер ва шифокорлар бизни алдашяптими?


Сақлаш
17:29 / 21.02.2023 776 0

Телеканалларда рекламалари доимий узатилган дори воситаси Самарқандда 20 га яқин боланинг умрига зомин бўлганидан сўнг бу соҳадаги муаммолар бирма-бир бартараф этилса керак, деб ўйлагандим. Дори-дармон мавзуси бир муддат жамоатчилик эътиборида бўлди ва катта шов-шувга айланди. Бутун бошли тизим бирма-бир элакдан ўтказилиши кутилди, танқид ҳаминқадар самара берди ҳам. Ўша компанияга тегишли барча тиббий воситалар сотувдан йўқотилди. Лекин бу айсбергнинг учи эди, холос.

 

Дори воситалари ўз йўлига, “минг дардга даво” деб пулланаётган биологик фаол қўшимчалар савдоси бир четда гуркираб ривожланмоқда. Жамоатчилик фаоллари, тиббиёт ходимлари бонг урса-да, инсонлар тақдири, саломатлиги билан боғлиқ салбий жараён тўлиқ назоратга олинмаяпти. Мазкур маҳсулотлар рекламаларида даволовчи дори воситаси сифатида талқин этилмоқда. Ачинарлиси,  БФҚни қўллаш  натижасида одамлар шифо топгани, соғлиги яхшиланганлиги ҳақидаги ҳаволалар берилмоқда.

 

2022 йил 8 сентябрдан янги таҳрирда кучга кирган “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг  35-моддаси билан овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасининг тартиблари белгиланган бўлиб, унга кўра БФҚлар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга, деган таассуротни уйғотмаслиги лозим. Уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганига, аҳволи яхшиланганига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни, жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорлик изҳорларини ўз ичига олмаслиги, соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги шарт.

 

Шунингдек, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги ҳам қонунда алоҳида қайд этилган.

 

Вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида болалар тасвиридан фойдаланилмаслик, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак. Қолаверса, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш ҳам тақиқланди.

 

Хўш, ушбу қонуннинг амалдаги ижроси қандай? Ўрганишларга кўра, аксар тадбиркорлар маҳсулотларини ҳамон эски услубда реклама қилишяпти. Энг қизиғи, бу каби қонунбузилишлар интернетда очиқ-ошкора давом этмоқда. Айниқса, биофаол қўшимчалар рекламаси ижтимоий тармоқда авж олмоқда.

 

Масалан, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи ҳамюртимиз “Avicenna’s LAB” компаниядан БФҚ сотиб олган. Мазкур маҳсулот “мўъжизавий” шифобахш хусусиятларга эга бўлиб, 3 ой доимий қўллаш беморнинг аҳволини яхшилайди, деб реклама қилинган. Лекин истеъмолчи 8 ой давомида ижобий таъсирини сезмаган.

 

Яна бир ҳол. Айрим “тадбиркор”лар маҳсулотлари рекламасини ҳамон рус тилида беришмоқда. Янгиланган “Реклама тили” бандига кўра, аввалгидек, рўйхатдан ўтган товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда логотиплар асл тилда кўрсатилиши мумкин. Рекламанинг ўзи эса давлат тилида тарқатилиши шарт.

 

Тўғри, бу тартиб рекламани давлат тилида жойлаштириш ва унинг мазмунини таржима қилиш талабига кўра материалларни фақат чет тилларда берадиган ахборот веб-сайтларига татбиқ этилмаслиги мумкин. Аммо саҳифалардаги реклама матнлари айни қоидага мос келмайди. Чунки биз ўрганган компаниялар веб-сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ўзбек ва рус тилларида иш олиб боришини кўриш мумкин.

 

Нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш ҳам тақиқланган ҳолда “Хималава” маҳсулоти нархи АҚШ долларида кўрсатилган.

 

Реклама тўғрисидаги қонунда яна бир пункт мавжуд. Дори воситалари таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорга ўхшаш инсонлар орқали тарғиб қилиниши мумкин эмас, аммо амалда бундан бешбаттар эканига ишонасизми? Машҳур диний имомлар, шифокорлар, таниқли телебошловчилар, актёр ва актрисалар ҳеч бир қаршиликсиз реклама “юзи” вазифасини бажаришмоқда.

 

“Алсафия” компанияси томонидан тавсия этилаётган “Honeymoon” асал маҳсулоти ва “Media grup” E-33 биологик фаол қўшимчаси ҳам қонуннинг худди шу бандига зид реклама қилиняпти. E-33 маҳсулотини 43 йиллик тажрибага эга Мурод Тўхтасинов ва Улуғбек Йўлдошев исмли тиббиёт ходимлари, “Honeymoon”ни эса диний уламолар, спорт шарҳловчилари, соҳа мутахассислари ҳам реклама қилаётганини қандай тушуниш мумкин?

 

“Алсафия” компанияси мутахассиси Камола Бадалованинг таъкидлашича, маҳсулот даво бўлмайдиган бирор дард йўқ. Эркаклар ва аёлларда учрайдиган барча касалликларни батамом тузатиб юборар экан. Афсуски, ушбу маҳсулотларнинг “аравани қуруқ опқочиш” тарғиботи ҳамон давом этмоқда. Масалан, E-33 ни етказиб берувчилар энди “Сидр шифо”, “Козалак маъжуни” каби биофаол қўшимчаларни минг дардга даво, деб тавсия этишмоқда.

 

Яқинда бир телеграм-гуруҳга кириб қолдим: NWORK – қора седана корпорацияси тавсия этаётган маҳсулотлар. Олий тоифали врач, нейрохирург Абдуҳолиқ Худойқулов қора седана маҳсулотлари ҳақида ташкил этган тренинг хабарини кўриб, шаҳар бедарвоза бўлса-я, деган хаёлга бордим.

 

Агар шу рост бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги нега дори воситаларидан воз кечиб,  беморларга мазкур маҳсулотни тавсия этмайди? Чунки улар дори воситаси эмас, биологик фаол қўшимча ҳисобланади.

 

Ҳа-я, ўрни келганда айтиб ўтиш лозим, анча-мунча таниқли уламолар, тиббиёт ходимлари оғзидан бол томиб мақтаётган “Honeymoon” маҳсулоти Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтмаган. Суриштирилса, биологик фаол қўшимчаларнинг аксари даво эмас, пул келтиради, унда ҳам албатта сотувчига. Бу иш билан шуғулланаётганлар ёпиқ телеграм-гуруҳларда бот-бот таъкидлашганидек, улар учун сизнинг, бизнинг саломатлигимиз муҳим эмас. Шунчаки тармоқли бизнес – яхши даромад манбаи.

 

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//