Сўнгги кунларда ёшлар ва катталар ўртасида маънавият тушунчаси борасидаги баҳслар кучайди, ижтимоий тармоқлар, телеканаллар орқали турли фикрлар билдирилди. Oyina.uz зиёлиларнинг бу борадаги айрим мулоҳазаларини йиғиб, эътиборингизга тақдим этади.
Шаҳноза Соатова,
Адлия вазири маслаҳатчиси, блогер:
– Маънавият ҳақида гапириб ҳеч кимни маънавиятли қилиб бўлмас экан. Масалан соғлик-соғлик деб маъруза қилсак ҳамма соғлом бўлиб қолмайди, ё пул-пул деяверсак бойиб кетмаймиз. Шу категорияларнинг пайдо бўлиши ва кўпайишини таъминлайдиган амалий, сифатли ва ҳамма қилаётган ишларни қилиш керак.
Яхши билим, яхши китоб, яхши фильм, яхши санъат асари, адолатли муносабатлар – умуман мияни сифатли мазмун, фикрлар билан тўлдириб одамни ахлоқли, маданиятли ва эзгу қилиш мумкин. Маънавият деявермайлик, таълим, санъат, маданият ва эркин фикр ҳақида гапирайлик – маънавият шунда пайдо бўлади.
Мактабларда маънавият, миллий ғоя, ватан туйғуси каби предметлар умуман самарасиз, у кўзланган мақсадга олиб келмаган. Шу предметларни киритиб, шунча йил ўқитиб, самарадорлигини ўрганмаган, бу борадаги услубларни ва умуман сиёсатни замонга мослаб таҳрирлаб бормаганлардан ҳисоб сўралиши керак. Ёшлар, тармоқ фойдаланувчилари аксари ватанпарварлик ва маънавиятни асли йўқ чўпчак, тўқима ғоя деяпти.
Бу борадаги нотўғри ва самарасиз пропагандани тўхтатинглар, ўзгартиринглар. Ахир одамлар маънавият ўзи нима, деб сўраяпти қачондан бери. Оддийгина қилиб “бу сенинг номоддий оламинг, ички маданиятинг, тафаккуринг, ахлоқинг” деб тушунтириб беролмагансизлар.
Аксар ёшлар маънавият деганда ахлоқ полицияси, цензура, этак ўлчовчилар, узундан узоқ бетаъсир маърузалар, катта-катта хатбошилардан иборат “ғишт” китоблар, зал тўла бир хил кийинган одамлар иштирокида ўтадиган қолип сценарийли тадбирлар ва сохта ватанпарвар маддоҳларни тушуняпти.
Ражаб Рўзимуҳаммад,
публицист:
– Шу кунларда яна маънавият тушунчасига тошлар отилиб, ундан жирканиш кераклиги ғояси авжига чиқа бошлади. Аслида маънавият ростдан ҳам бизга керакми ўзи, нима учун керак?
Айниган одамки бор бизга ҳамма нарсани чеклайдиган маънавият керак эмас, дея соч юлиб додлашмоқда. Маънавият эса ҳеч нарсани чекламайди. Эркинлик керак бизга дея, ёзғиради яна бир бошқаси. Аслида маънавият инсон эркини мустаҳкамлайдиган бир тушунчадир.
Футбол бўйича Қатарда жаҳон чемпионати бўлиб ўтаётган бир пайтда, ижтимоий тармоқларда Японияликлар ўйин тугагач, ўриндиқларни тозалаб кетишгани хабари тарқалди. Ҳамма мақтади. Бу японларнинг маънавий тарбияси жойида эканидан далолатдир аслида.
Бугун бизда маънавият сургунга учраётган экан, миллатнинг маънавий тарбияси нима бўлади, деган саволга ҳеч ким жавоб беролмайди.
Блогер дўстим Зафар Солижонов қайси ютуқ маънавиятники дея кўрсата оласизлар, деган саволни берибди. Балки, шу кунга қадар бизда маънавий тарбия дея нотўғри тарғибот юритилган бўлса керакки, шу кўринишдаги фикрлар авж олмоқда.
Лекин, қаердаки, ватанпарвар инсонни кўрсангиз билингки, ўша туйғуни маънавият шакллантириб берган. Аслида ватанпарварлик туйғуси ғойиб бўлиб бормоқда. Қийналган, пулсиз ва ночор қолгану, лекин номусини сақлаб, машаққатларга чидаб келаётган қиз ва аёлни кўриб қолсангиз, уни маънавий тарбия ушлаб турибди.
Маънавиятни ютуқларини маънавиятчилар санайверсину, мен унинг камчиликларини санаб ўтмоқчиман. Маънавий тарбия тарғиботи билан суст шуғулланилаётгани натижасида:
ватанпарварлик туйғуси бизни тарк эта бошлади;
сал қийинчилик баҳона фоҳишалар кўпайиб, файзу барака қоча бошлади;
миллат ичкарисида аҳиллик ғойиб бўла бошлади;
ёлғон, иғво, ғийбат ва фитна ўзбекнинг энг оғир касаллигига айланди;
маънавий тарбияси жойида бўлмаганидан кейин нафс ҳукмронлиги бошланди. Бозорларда виждонсиз сотувчилар нархларни оширганидан оширади, қурувчиси сифатсиз ишларни бемалол амалга оширади, халқ мулкини хотиржам талон-тарож қилади, бир-бирини Аллоҳга қасам ичиб алдайди, қассоби эшак, ит гўштини мол гўштига аралаштириб сотади, она жигаргўшаси бўлмиш гўдакни арзимаган пулга бамайлихотир сотиб юборади, йилига бир неча ўн минглаб оилалар ажрашиб кетади, хиёнат ювса кетар даражасида, на отанинг ва на онанинг қадри қиммати бор, на-да ўқитувчининг...
Дарвоқе, ўз жонига қасд қилиш ҳам маънавий-руҳий тарбия етишмаслигидандир. Буларнинг бари нотўғри шаклланган дунёқараш ва маънавий тарбиянинг йўқлигига бориб тақалади.
Юқорида айтганим японлар дунёдаги энг маънавиятли халқ. Ахлоқ ва одобга риоя этиб, дунёнинг энг ривожланган мамлакатига айланишди. Ахлоқ ва одоб – бу маънавият дегани. Ахлоқ ва одоб бўлса илм ривожланади. У йўқ одам илмсиз одамдир.
Шундай экан, беш ўнта одам билан маънавий тарбияни бизга кераги йўқ деб ўтиришларини хотиржам, лоқайд тинглаб ўтирмасдан, унинг самарали ва замонавий методларини ишлаб чиқиш ва миллатни юксак ахлоқий ва маънавий тарбиясини, дунёқарашини жойига қўйиш керак.
Хуршид Йўлдошев,
файласуф:
– Илгари “Миллий истиқлол мафкураси” деган нарса бўларди. Кейин “истиқлол”ни олиб ташлаб, “Миллий мафкура” деб айтила бошлади. Бироз ўтгач, миллий мафкура “Маънавият”га айлантирилди. Адашмасам, И.Каримовнинг “Юксак маънавият - енгилмас куч” китоби чиққандан кейин бу сўз роса урф бўлди.
Ўша “Миллий истиқлол мафкураси”нинг асосий ғоялари орасида толерантлик ва плюрализм ҳам бўларди. Булар нималигини изоҳлаб ўтирмайман. Хуллас, бу икки ғоя, яъни толерантлик ва плюрализм либерализм ғояси бўлган. Жамиятда плюрализм – ғоявий, эътиқодий, маданий турфа хиллик бўлиши индивидуализмни тақозо қилади. Яъни жамиятда ягона маданият, турмуш тарзи ҳукмрон бўлмаслиги керак, ҳар бир шахс ўз қобилиятини намоён қила олиши керак. Ана шу плюрализм ва индивидуализмдир. Миллий мафкурани ёзаётганлар буни англаганми, йўқми, билмайман. Лекин ўша вақтда унинг таркибида либерал ғоялар бўлган.
Парадоксал ҳолат шундаки, ўша миллий мафкура бузғунчи ғояларга қарши қуролдир, деб ҳам айтишарди. Табиийки, бу гап плюрализмга зид. Ғояларни бузғунчи ва бунёдкорга ким ажратиб беради ва бу вақтда ягона ғоя монополга айлантирилмаслигига ким кафолат беради?
Шундай қилиб, ўша миллий мафкура ичдан зиддиятли эди, либерал ва консерватив ғоялар беўхшов шаклда аралашиб кетганди.
Кейин “Маънавият” мафкураси пайдо бўлди. Бу мафкура аввалги миллий мафкурадан фарқли ўлароқ, анча миллий биқиқ эди. Плюрализм ва толерантлик умуман тушиб қолди, эътибордан четда қолди. Бунинг ўрнига одамлар учун нима маънавияту нима маънавиятсизлигини уқтира бошлашди. Аммо бундай фарқлашнинг аниқ мезонлари йўқ эди. Борган сари бир хиллаштириш, янгича, турфа хил маданий белгилардан қочиш бошланди. Энди сиз маънавиятли бўлиш учун тахминан ўтган асрнинг 60-йилларида шаклланган қадриятлар асосида яшашингиз керак эди. Кам сондаги “мақбул” либосларни киясиз, муайян тор диапазондаги мусиқаларни эшитасиз. Маданий ассортимент камайтирилди.
Ана шу тоқатсиз маънавият ва ривожланиб келаётган диний радикализм қўшилдию, жамиятимиз мутлақо мунофиқ, тоқатсиз бўлиб қолди. Одамлар ўзгаларнинг кийимию эътиқоди, шахсий ҳаётини муҳокама қилишга ўч бўлиб қолди. Аввал ҳам шундай эди, жамоавий халқларга хос бу. Аммо бу хусусият анча зўрайди.
Маънавият мафкураси шахсий ва ижтимоий ҳаётни фарқламайди. Масалан, чилим чекиб ўтиришингиз ҳеч кимга зарар бермайдиган шахсий масала бўлса ҳам, буни ижтимоий-ахлоқий масала сифатида кўтаради. Натижада, одамлар нафақат жамият билан боғлиқ ишларда, ҳатто ўзларининг ўта шахсий ишлари учун ҳам бошқаларнинг назорати, тафтиши ва танқидига учрайди. Шу жиҳатдан, маънавият мафкураси жамиятни тоталитар жамиятга айлантиради (жамиятнинг шахс устидан тотал-ялпи назорати).
Хуллас, мустақиллик бошидан бери давлат тарғиб қилаётган мафкура тоқатсиз мафкурага айланиб келди. Ва мана ҳозир унинг диний радикализм билан туташ нуқтасига яқинлашяпмиз. Иккисининг қўшилиши биз учун яхшиликка олиб бормайди.
Шарофиддин Тўлаганов,
журналист:
– Мисрдами, Спарта давлатидами, қадимий ёзувда “ёшлар айниб кетаяпти” дея айтилган экан. Ёшларнинг айниши билан бўлган муаммо қадимда бўлган, ҳозир ҳам бор ва кейин ҳам бўлади.
Бир кекса киши айтган экан: “Биз ёшлигимизда катталар соқов эди, ҳозир ёшларнинг қулоғи кар”. Яна бир гапни Нурали Қобулнинг китобида ўқидим. “Бир аҳмоқ қудуққа ташлаган тошни юзта доно олиб чиқа олмайди”.
Ҳозир ижтимоий тармоқлар жамиятни эгаллаб бўлди. Мана шундай вазиятда Маънавият тарғиботчилари жойларга бориб эски усулда маърузалар қилиш билан бир қаторда ижтимоий тармоқлар орқали ҳам маънавият тарқатишлари керак. Аммо уларнинг айримларигина ижтимоий тармоқда фаолият юритади.
Маънавият керак, ахлоқ керак. Ота-боболаримиздан мерос қолган қадриятлардан фахрланишимиз керак. Шу билан бирга замондан ҳам ортда қолишимиз керак эмас.
Саъдулло Қуронов,
ёзувчи:
– Маънавиятчилар ёшлар уларга ортиқ эргашмаётганини англаши керак! Деярли ҳеч ким кўрмайдиган кўрсатувда чиқиб “маънавият, маънавият” дейиш ечим эмас. Қайтага бу маънавиятсизликни урчитади. Ақлли стратегия қўллаш зарур. Ўйлашимча, ёшларнинг ўз ташаббуси билан асос солинган лойиҳалар бу йўналишдаги ҳаракатлардан самаралироқ, кўламлироқ.
Нега шундай лойиҳаларни кўпайтириш, уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмайcиз? Дину диёнатли, илмли, ахлоқли, жамиятда ўзига яраша мавқега эга тадбиркор, олим ёшлар кам эмас. Улардан фойдаланиш керак. Бундай гапирма, соқолинг ўсган, кийиминг қийшиқ демай телеканалларда шуларни гапиртиринг, ёшлар кўради, эргашади!
Бахтиёр Менглиев,
тилшунос:
– Маънавиятнинг нотўғри тушунилиши ва тарғиботи уни инкор қилишга олиб келмаслиги лозим. Аввало, маънавиятни мафкурадан фарқлаб олиш керак. Мафкура – давлат сиёсати, устқурма (идеология). Бугун ижтимоий тафаккурда бу масалада чалкашлик кетяпти. Маънавият шахснинг (миллатнинг эмас) ички қиёфаси – виждони, инсофи, муҳаббати, эътиқоди ва амали, ахлоқи, нафсини тийиши кабилар. Маънавиятсиз миллат бўлиши мумкин эмас, маънавиятсиз шахслар бор. Маънавият инсонни ҳайвондан фарқлаб турадиган ҳодиса. Маънавиятни такомиллаштиришгина инсониятни қутқариб қолади.
Бекзод Абдиримов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари:
– Ёшлар жамият тақиқлаётган барча нарсаларнинг сабабчиси сифатида маънавиятни кўриши – нотўғри. Агар маънавият ёшларга ниманидир рад қилаётган бўлса, ёшларнинг ярим тунда бекор дайдиб юрмаслиги, турли хил маст қилувчи воситаларга ружу қўймаслиги, фоҳишалик, қиморбозлик, мақсадсизлик, жиноятчилик кўчаларига кириб қолмаслигини истаганидандир.
Никоҳ қуриш, фарзанд кўриш, оиладаги эркинлик масаласига келсак. Назаримизда, бу ерда оила қуришни истамайдиган ва оилани ўзига тўсиқ биладиган ёшлар йиғилган. Аслида никоҳ физиологик эҳтиёж бўлиб, ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр бўлганлар учун табиий ҳолат. Никоҳга тайёр бўла туриб ёшларнинг турмуш қуришни истамаслиги у бошқа масала.
Оилада тарбиявий муҳитнинг носоғлом бўлиши албатта ота-онанинг айбидир. Минг афсуски, бугун жамиятимизда бир неча миллионлик ё ота, ё онанинг оиладан узоқда бўлиши, фарзанд тарбиясидаги бўшлиқни келтириб чиқарди. Ота-онанинг фарзандга тарбия бериш бўйича билим ва кўникманинг мавжуд эмаслиги, бу билимни олишга бўлган хоҳиш ва тоқатнинг ҳам йўқлиги муаммоларнинг асосий сабабидир.
Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг, ўзбек жамиятининг онгидан коммунистик мафкурани сиқиб чиқариш учун, шунингдек, аждодлардан ўтиб келаётган бой, зарур қадриятлардан озуқа олган ва ҳуқуқий нормалар билан тартибга солиб бўлмайдиган одоб-ахлоқ, тарбия, эътиқод билан боғлиқ бўлган тушунчалар мажмуи маънавият тушунчаси асосида ривожлантирилди. Бу янги мустақил бўлган давлат учун ғоявий жиҳатдан зарур жараён эди.
Бу жараён янги ҳуқуқий ҳужжатлар воситасида замонга мослаштириб келинди. Худди, беморнинг касалига қараб даво чораси кўрилгани каби, маънавият мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ижтимоий-сиёсий муаммоларни бартараф этиш, мустақилликни мустаҳкамлашдек мураккаб вазифаларни бажарган бўлса, айни вақтда бугунги куннинг ҳам иллатларига қарши курашади. Бугунги кунда эса лоқайдлик, эгоизм, радикализм, “оммавий маданият”, виртуал оламга боғланиб жамиятдан узилиб қолиш сингари иллатлар, шу билан бирга, юртини севиш, уни ҳимоя қилиш, ўзбек халқининг миллий ғурурини кўтариш сингари масалалар жамиятнинг оғриқли нуқталарига айланган. Буларни даволовчи асосий восита эса маънавий тушунчалар билан бевосита боғлиқдир.
Oyina.uz
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ