Кўзбўямачиликнинг чеки борми, дея ғазабнок тикилган қора кўзларни матбуот юпата оладими? – 2022 йил публицистикаси ҳақида айрим мулоҳазалар


Сақлаш
02:46 / 21.02.2023 1094 0

1-мақола

 

17 февраль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий публицистика кенгашининг йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда ўтган йили чиққан бадиий публицистик китоблар, матбуот ва интернет материаллари муҳокама қилинди. Филология фанлари номзоди Олим Тошбоев республикамизнинг бир неча газеталарида нашр этилган мақолаларни таҳлилга тортди. Қуйида ушбу маърузани айрим жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

 

Матбуот нашрлари кун сайин ҳукумат ва жамоатчилик эътиборидан четда қолаётган бир даврда публицистиканинг муҳимлиги ҳақида маъруза қилиш эриш туюлмасмикан? “Чекингга тушса, чекчайма”, дейди халқимиз. Мен кўрган ўнта газета 2022 йилда кўпроқ қуйидаги мавзуларга эътибор қаратди:

а) Қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорлари ижро этилмаётгани;

б) Пойтахт экоманзарасининг бузилгани;

в) Республикамиздаги йўлларнинг аҳволи ва йўллардаги бахтсиз ҳодисалар;

г) Мамлакатда қишга тайёргарликнинг қониқарсизлиги;

д) Таълим ва муаллимга эътибор;

е) Газеталар ва танқидий мақолаларга муносабат.

 

Авваламбор, бугунги кунда энг долзарб мавзуларни дадил кўтариб чиқаётган бош муҳаррирлар Норқобил Жалилов, Ҳусан Эрматов, Ҳусниддин Бердиев, Ҳусан Нишонов, Ҳамза Абдуллаев, Абдурасул Жумақулов, Миродил Абдураҳмоновга миннатдорлик билдирмоқчиман. Шунингдек, ўтган йили самарали ижод қилган барча ҳамкасбларга келгусида ҳам ғайрат тилайман.

 

Қон ютаётган қонунлар

 

“Yoshlar ovozi” газетасининг 8 октябрь сонида берилган Шаҳрибону Раҳматова, Беҳруз Ражабовнинг “Ўзбекистонда қонунлар ишлайдими? Ёхуд Тошкент кўчаларидаги реклама ёзувларига назар” мақоласида 2022 йил 7 июнда қабул қилинган ва 7 сентябрдан кучга кирган “Реклама тўғрисида”ги қонунда реклама давлат тилида берилиш шарт дейилган бўлса ҳам, бу норма амалда ишламаётгани ҳақида сўз юритилади. Мазкур газетанинг 26 октябрь сонида чоп этилган Шахруза Сатторованинг “Қоғозда бор, амалда йўқ қонунлар: имконияти чекланганлар кўчаларга сиғмаяптими?” мақоласида ногиронлар ва имконияти чекланганлар кўчада ҳаракатланиши учун деярли шароит йўқлиги ҳақида ёзилган: “Ўзбекистонда ногирон инсонлар 760 минг нафарга яқин. Тошкент шаҳрининг ўзида 45 минг нафар имконияти чекланган инсон бор, норасман эса 70 мингдан кўпроқ. Лекин кўчаларда имконияти чекланган инсонларни деярли учратмаймиз. Гўёки улар уйга “қамалиб олган”. Аслида эса кўчада ҳаракатланиш учун уларга етарлича шароит яратилмаган, оддий дорихонага ҳам киролмайди”. Шахрузанинг “Кўчада қолаётган “келажак” мақоласида республика бўйича 149 минг талаба ётоқхонага муҳтожлигини таъкидлаб, мазкур муаммога Президент эътибор қаратгани, аммо давлат раҳбарининг талабалар ётоқхоналарини қуриш бўйича берган топшириғи амалда деярли бажарилмаётгани айтиб ўтилади (“Yoshlar ovozi”, 2022 йил 24 август). Яна шу муаллиф қаламига мансуб “Қонунлар бузиш учун ёзиладими?”, (“Yoshlar ovozi”, 2022 йил 23 июль), “32 йил фақат байрам қилдик...(ми?) ёхуд “Реклама тўғрисида”ги янги қонун ҳам ижросиз, назоратсиз қонунлардан бири бўлиб қолаверадими?” каби мақолаларида ҳам қонунлар ижросидаги лоқайдликлар ҳақида сўз боради.

 

“XXI аср” газетасининг 36-сонида Ҳалим Сайиднинг “Савол жуда оддий: Президент қарори нега бажарилмаяпти?” сарлавҳали мақоласини ўқиб, ижро тизими нега бунчалик издан чиққан, деган саволга жавоб тополмайсиз. Куюнчак мураббий Президентнинг 2022 йил 11 майдаги “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари бажарилмаётганига кескин эътироз қилади: “Президент қарори кўзбўямачилик ёки PR учун чиқарилмайди! Давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда мактаб кутубхонаси фонди учун маблағ ажратиш зарурлиги уқтириляпти!!! Кутубхона фондини ривожлантиришга ажратиладиган маблағлар эса Сизнинг шахсий мулкингиз эмас, жаноб ҳокимлар!.. Керакли маблағларни топиб, тўғри йўналтириб, халқ таълимига оид газета-журнал шаклида шахсий назоратингиз остида мактабларнинг ғариб ҳолга келиб қолган кутубхонасига етказинг! Бу – Президент топшириғи!”

 

Назаримда, вазирликлар, ҳокимликлар ва турли идоралар Ўзбекистон қонунлари, Президентнинг фармон ва қарорларини бажармаслик, тинка қуритар мажлислар ўтказиш бўйича пойга ўйнаса керак.

 

“XXI аср” газетаси мухбири Рўзимбой Ҳасаннинг “Ухланг, оқсоқол, ухланг!” мақоласида йил – ўн икки ой мажлислар билан овора бўлиб ўз вазифасини бажаролмай қийналаётган маҳалла раисларининг ҳасрати акс этган (18 август, 33-сон). Тажрибали мухбирнинг кўриб-кузатгани нақ комедия! Мана, эшитинг: туман прокурори фермерларга томчилатиб суғоришни ўргатади, қайсидир ҳуқуқ органидан келган ходим фермерларни йиғиб, ғўза парваришини ўз вақтида ўтказиш, агротехник тадбирларда сусткашликка йўл қўймаслик ҳақида ваъз ўқийди... Руҳиятимиздаги қўрқув шунчаликки, ғўзага қарайман деб мажлисга бормаган фарғоналик фермернинг 10 суткага қамалганини эшитган бошқа вилоятлардаги фермерлар ҳокимликларнинг мажлислар залида яшашга ҳам рози. Муаллиф куюнганича бор: “Президент мажлисбозликка чек қўйиш борасида кўп бора юқори минбарлардан айтди, айрим мажлисбоз амалдорларга танбеҳ берди. Аммо... мажлисбозлик давом этмоқда”.

 

Саида Ибодинованинг “Мактаб автобуслари ташкил қилинадими ёки уч йилдан бери ижро этилмаётган ваъда ҳақида” мақоласи “Oila va tabiat” газетасининг 38-сонида чоп этилган. “Бу ҳақда 2019 йил 2 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида халқ таълими тизимини янада ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилган эди. Халқ таълими мутасаддилари давлат раҳбарининг ҳузурида мана шундай катта ваъда беришган ўшанда. Бу хабар эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар бошланган ва кўпчилик юртдошларимиз бунга ишонмасликларини ҳам яшириб ўтиришмаганди. Мана уч йил вақт ўтди ҳамки, юртимизнинг бирор бир ҳудудида мактаб автобуслари ташкил этилгани ҳақидаги қувонарли хабарга кўзимиз тушгани йўқ. Афсуски, юртдошларимизнинг тахминлари рост бўлиб чиқди”, деб ёзади муаллиф.

 

Қизиқ, давлат раҳбари олдида берилган ваъда нима учун бажарилмайди? Давлат миқёсида авж олган ёлғончилик, мунофиқлик, кўзбўямачиликнинг чеки борми, дея ғазабнок тикилган қора кўзларни матбуот юпата оладими? Сабр косаси сарҳовуздан катта бу халқнинг кун сайин йўқолиб бораётган ишончу эътимодини қайтариш чакана гап эмас, ахир!

 

“Milliy tiklanish” газетасининг 2022 йил 26-сонида Абдуғаффор Омонбоевнинг “Яшнободдан чиққан “наполеон”чилар ким? Ёки нега ўн йилдан бери бир гуруҳ аҳолининг мурожаати инобатга олинмаётгани хусусида” мақоласини ўқиб, халқнинг ҳақли талабини бости-бости қилган кўринмас қўлдан қўрқиб кетдим. Нега десангиз, 2012 йил 11 май куни Вазирлар Маҳкамасидаги селектор йиғилишда Бош вазир томонидан республикадаги 2 596 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари аксариятининг фаолияти қониқарсиз дея таъкидланган. 2012 йил 24 июлида Тошкент шаҳри ҳокими пойтахтда фаолият юритаётган 14 та АЁҚШни ёпиш ҳақида қарор чиқаради. Қарорда бир гуруҳ яшнободликлар эътирозига сабаб бўлаётган шохобча ҳам бор эди. Бироқ... Ўҳ, лаънати кўринмас қўл! Бензиннинг заҳарли бадбўйини то ҳануз ҳидлаб келаётган халқнинг тақдири сенга қолган экан-да?!

 

Абдуғаффор Омонбоевнинг “Зарчопондаги бўз ямоқ ёхуд “Madina-Muxlis Star” МЧЖ раҳбари Аваз Ҳасанов нега бутун бошли туман аҳли норозилигини ярим чақага олмаяпти?” сарлавҳали мақоласида (“Milliy tiklanish”, 2022 йил 14-сон) Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги эски истироҳат боғини обод қилишга киришган тадбиркорнинг ишни ярим йўлда тўхтатиб жуфтакни ростлагани қаламга олинган. Мухбирнинг “Энг асосийси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ажратилган 409 минг АҚШ долларини кейинги тақдири нима бўлди ва бўлади?! Бундан ҳам ёмони, 52 минг нафар оқолтинликнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, аниқроғи, уларни алдаш МЧЖ раҳбариятига нима учун керак бўлиб қолди?” деган саволига жавоб берадиган мард ҳозирча топилмаяпти.

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқуловнинг сирдарёлик содда юртдошларимиз ишончини суиистеъмол қилиб келган яна бир фирибгар – “Карвон савдо сервис” МЧЖ раҳбари Мирзаали Жўраев ҳақидаги “Нонингизни туя қилиб берайми?” мақоласини ўқиб, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган халққа айланиб қолганимизга амин бўлдим (“XXI аср”, 36-сон). Макр мирзаси лафзга ишонадиган одамларни чув тушириб юрганини манфаат йўлида товламачи бошини силаган банк, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билмаган деб ўйлайсизми?

 

Айрим масъуллар назарида халқ – бола. Алдагани бола яхши! “O‘zbekiston ovozi” газетаси Денов тумани Чўнтош маҳалласидаги носоз кўприк ҳақида иккита мақола берган (2022 йил 11 май, 23 ноябрь). Журналист Абдумалик Ҳайдаровнинг Денов туман ҳокимлиги ва “Турон-мега строй” МЧЖ мутасаддилари яна қачонгача халқни алдайди, деган саволига ҳозиргача жавоб йўқ. Мана шунақа материалларни жамлаб ўқиган ўқувчи қонунларни “ўйиндан ташқари ҳолат”га чиқариб қўйган раҳбарлар халқни давлатга қарши қайраш учун ишлармикан, деган шубҳага бориши тайин.

 

“Пулини тўласангиз бўлди, кесаверинг...”

 

Ўтган йили ёзда Тошкентнинг Чилонзор ва Учтепа туманида рўй берган навбатдаги дарахткушлик ижтимоий тармоқларни “портлатди”. Ўшанда 99 туп дарахт – эман ва чинорга зарар етгани ортидан Чилонзор тумани ҳокими ва прокурори ишдан олинган, шаҳар ҳокими ва прокурорига ҳайфсан берилган эди. “Oila va tabiat” газетасининг 36-сонида ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев “Дарахткушлик тўхтамаётганига асосий сабаб нимада?” деган мақоласида шундай ёзади: “Тасаввур қилинг, “уддабурон” тадбиркор пойтахтнинг марказидан 30 сотих жойга ҳокимнинг қарорини чиқартириб, ҳудудни ўраб олган, бу ерда кўп қаватли хонадонлар қуриб сотишни режа қилган. Кутилаётган даромад 50 млрд сўм. Бироқ бу ерда 60 та “бошоғриқ”, яъни 60 та кўп йиллик дарахт бор. Шу жойида плюс-минуслар солиштирилади: мораторий бор, дарахтлар кесилса табиатга 500 миллион сўм зарар ҳисобланади ва компаниянинг қўғирчоқ раҳбарига ЖКнинг 198-моддаси билан иш очилади ва у уч йилгача қамалиб кетиши мумкин. Бироқ бу зарар 3 баробар қилиб, яъни 1,5 млрд қилиб тўланса, ҳеч ким қамалмайди, озодликдан чеклаш ҳам берилмайди, 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари берилиши мумкин. Бўлди, тадбиркорни бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди, киприк қоқмай ўша 60 та дарахтни бир кечада кестириб қўпориб ташлайди... Афсуски, айни пайтда тизим мана шундай ишламоқда”.

 

Кейинги беш-олти йил ичида Тошкентда неча минг дарахт кесилди экан? Пойтахтнинг яшил майдонларини қуритишга ким буйруқ берган? Иссиқ ўлкани соясиз қолдиришдан ким манфаатдор, деган саволлар жуда кўпчиликни ўйлантиряпти. Ижтимоий тармоқлар деярли ҳар куни шу муаммо хусусида бонг уради.

 

“Yoshlar ovozi” мухбири Шаҳруза Сатторова газетанинг 2022 йил 15 октябрь сонида “Тошкент одам яшаб бўлмайдиган шаҳарга айланяпти” деб ёзди. Саида Ибодинованинг “Тошкент чанг шаҳрига айланмоқда...(ми?)” мақоласи пойтахтнинг тобора ифлосланиб бораётган ҳавоси ҳақида (“Oila va tabiat”, 41-сон). Яна шу муаллифнинг “Қоғозларда “экилган” ниҳоллар” (“Oila va tabiat”, 42-сон) мақоласи қон-қонимизга сингиб кетган қўшиб ёзиш, салла деса каллани олиб келиш одатимиздан сўзлайди. Шаҳруза Сатторова “Yoshlar ovozi” газетасининг 21 сентябрдаги сонида “Қачон Тошкентда яшиллик 30 % га етказилади?” дея савол қўйган бўлса, 12 октябрь сонида “Пулини тўласангиз бўлди, кесаверинг дарахтларни...” дея киноя қилади.

 

“Бу йўллар кўп қадим йўллардир...”

 

Саида Ибодинованинг “Мактаб автобуслари ташкил қилинадими ёки уч йилдан бери ижро этилмаётган ваъда ҳақида” мақоласида (“Oila va tabiat” газетаси, 38-сон) “Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўлими Европа давлатларига қараганда 4 баробар кўп”, деган маълумотни келтиради. Мактаб автобуслари хизмати борасида АҚШдан бир аср орқада эканмиз. Мусулмон дунёсида ҳам бу муаммони аллақачон ечган давлатлар бор. Аҳолиси биздан бир неча ўн баробар кам бўлган БААда ўқувчилар мактабга “school bus”ларда қатнайди. “Oila va tabiat” газетаси мухбири Ноилахон Аҳадова “Уч ойда 39 та машъум фалокат... улкан йўқотиш” мақоласида Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистонда жамоат транспортидан фойдаланиш имконига эга бўлмаган ва олис ҳудудда жойлашган аҳоли пунктлари ёки автомобиллар кўп ва серҳаракат бўлган ҳудудлардан ўтиб борадиган ўқувчиларни мактабларга элтиб қўйиш учун махсус автобуслардан фойдаланилиши ҳақида ёзади (2022 йил, 20-сон). Мазкур газетанинг 2022 йил 12-сонида Саида Ибодинованинг “Бу йўллар тирбанд йўллар ва шу тирбанд йўллардаги ўйлар” сарлавҳали миллионлаб инсонлар дардини акс эттирган икки саҳифалик мақоласи эълон қилинган.

 

Газетанинг 13-сонида “Тошкентнинг ноқулай йўллари” сарлавҳаси остида хорижликлар фикри берилган. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлоу “Дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида мен икки томонлама қатнов ўртасидаги бурилиб олишларга дуч келмаганман, бу жуда қўрқинчли. Одамлар жуда тез ҳайдайди ва бунинг учун санкциялар (жазолар) йўқдек кўринади. Яна бир хавфли ҳайдаш, бу нафақат тез, балки ҳайдаш услубидир. Буни ҳам тўғрилаш мумкин”, деса, таниқли урбанист Аркадий Гершман “Тошкентнинг кенг кўчаларини пиёдалар кесиб ўтиши жуда қийин. Шовқинли, энг ёмони, улар авариябоп, одамлар ҳалок бўлмоқда. Кўчалар гўё трасса сифатида қурилган, йўл ҳаракати учун ноқулай ташкиллаштирилган. Пиёдаларнинг светофорсиз ўн полосани кесиб ўтиши – алоҳида мавзу”, дея таъкидлайди. Франциянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Брис Рокфей “Ростини айтсам, машиналар ҳаракати қўрқинчли. Мен рулда ўтирганимда қўрқиб кетаман. Сабаби, қоидалар умуман ишламайди. Сизни ўнг томондан, чап томондан қувиб ўтаверишади. Ҳеч ким бурилиш чироқларини ишлатмайди. Чизиқлар ҳурмат қилинмайди, яъни чизиқлар бўйича юришмайди. Чапга бурилиш, айниқса, жуда қийин. Менимча, бундай йўлларда бахтсиз ҳодисалар кўп бўлади”, дейди тасссуф билан.

 

“Oila va tabiat”нинг 26-сонида Саида Ибодинованинг 31 март куни чоп этилган “Бу йўллар тирбанд йўллар ва шу тирбанд йўллардаги ўйлар” мақоласига таҳририят изоҳи бор. Унда мақолада билдирилган таклифларга уч ой ўтса ҳам, Ўзбекистон Автомобиль йўллари қўмитасидан муносабат билдирилмагани айтиб ўтилган. Менимча, қўмита раҳбарияти ўзбекнинг аёллари тинимсиз туғяпти, бир йилда ўртача 2-2,5 минг одам ўлса нима қипти дея ўйлаган бўлиши мумкин.

 

Газетанинг ўша сонида Элдор Асановнинг “Йўллари максимал даражада қисқартирилган, ҳаёт тинч ва сокин ёхуд пиёдалар манфаати биринчи ўринга қўйилган Европа шаҳарлари” деган мақоласи чоп этилган. Муаллиф йигирма кун давомида Европанинг Брюссель, Гент, Брюгге, Кёльн, Бонн каби шаҳарларини кезиб, одамни ваҳимага соладиган, адаштириб юборадиган кенг йўллар йўқлигини ёзади. “Германияда, Бельгияда, уларга қўшни давлатларда мана шунақа тинч, сокин ҳаёт ҳукмрон. Бунга эришиш учун машиналар ҳаракати радикал тарзда қисқартирилган, йўллар торайтирилиб, одамлар пиёда ёки велосипедда ҳаракатланиши учун қулайлаштирилган. Эндиликда жамоат транспортига катта эътибор берилмоқда. Барча йирик ва ўрта шаҳарларда трамвай йўллари бор”. Ўтган йили йўллар, автомобиллар, ҳайдовчилар ҳақида энг кўп ёзган газета “Oila va tabiat” десам ишонаверинг.

 

“Yoshlar ovozi” газетаси ҳам бу мавзуда Шаҳруза Сатторованинг “Йўлларда яна қанча қурбонлик керак?” мақоласини чоп этган (2022 йил 3 декабрь). Ушбу рақамларга эътибор қилинг: “2021 йили Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафари ёш бола. 2022 йилнинг ўн ойида эса 7 минг 636 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 7 минг 174 нафар фуқаро жароҳатланган ва 1 минг 931 фуқаро ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 226 нафари ёш болалар”.

 

Куни кеча интернетда ўқиб қолдим. 2022 йили 9902 та ЙҲТ рўйхатга олингани, авариялар оқибатида 2 356 киши ҳалок бўлгани, 9 606 нафар юртдошимиз жароҳатлангани ҳақида ёзилган. Бу рақамлар ҳар йили бир катта қишлоқ аҳолиси қирилиб кетаётганини англатади. “Ishonch” газетасида эълон қилинган “Йўллар қачон равон бўлади?” (2022 йил, 11-сон), “Йўлнинг эгаси йўқми?” (2022 йил, 33-сон), “Milliy tiklanish” газетасида чоп этилган “Болалар қонига ташна ҳайдовчилар...” (2022 йил, 25-сон) мақолалари ҳам шу долзабр мавзуда.

 

“XXI аср” газетасининг 40-сонида Норқобил Жалиловнинг “ЙТҲ “Stop”: ҳаёт барибир ширин!” сарлавҳали мақоласи берилган. Бош муҳаррирнинг қуйидаги саволи, аслида, минглаб жабрдийдаларнинг тилидан янграгандек: “ЙТҲ содир этиб, инсонлар ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчиларга тегишли тартибда жазо белгилашда қачонгача инсонпарварлик қиламиз? Оғир фожиали ҳолатда айбдорларни умрбод транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш кераклиги ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш вақти келмадими?”

 

Мулкка номаҳрам меҳр

 

Мусулмон жамиятда оила инқирози ҳақида гапириш уят. Чунки динимизда оиланинг муқаддаслиги жуда кўп уқтирилган. Афсуски, узун-узун орзулар, ҳавойи нафс бу ҳаловат масканини тобора ўз домига тортиб кетяпти.

 

Саида Ибодинованинг “Бузилаётган қўрғон, бўлинаётган болалар. Оилавий ажрашишлар йилдан-йилга ошмоқда, муаммо нимада?” мақоласи ўта ташвишли ҳолдан ҳикоя қилади (“Oila va tabiat”, 2022 йил 23 июнь). Сир эмас, республикамизда оилавий ажралишлар кескин ошиб боряпти. “Kun.uz” сайти тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида оилавий ажримлар сони 2020 йилнинг олти ойига нисбатан 34 фоизга ортган. 2021 йилнинг январь–июнь ойларида республика бўйича 19 407 та ажрим кузатилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврида 12,8 мингта ёки 2019 йилнинг шу даврида 16 мингтани ташкил қилган.

 

“Sangzor.uz” сайти Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Р.Турдибоева ахборотига асосланиб ёзишича, 2022 йилнинг январ–октябрь ойларида 40 200 та оилавий ажрим қайд этилган. Энг кўп ажрашишлар Тошкент шаҳрида рўй бермоқда. Бу бехосият рақамлар жуда даҳшатли манзара – жамият илдизига қурт тушганидан, дарҳол даво чоралари топилмаса, эртага кеч бўлишидан дарак беряпти. Би-Би-Си маълумотига кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси 2018 йили оилаларнинг барбод бўлишига олиб келаётган асосий сабабларни таҳлил қилиб чиқади. Ажралишларга энг кўп сабаб бўлаётган бешта омилга эътибор беринг:

1. Уй-жой масаласи;

2. Ишсизлик;

3. Моддий етишмовчилик;

4. Ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр бўлмасдан оила қуриши;

5. Эр ёки хотиннинг ишлаш учун бошқа мамлакатларга кетиб қолиши.

 

Таниқли адиб Собир Ўнар “Икки мафкура одамлари” мақоласида инсон ва жамият ҳаётида мафкуранинг нечоғлик катта кучга эга эканини далиллаб, “Жамиятга мафкура керак”, деган эди. “Илм, илм, илм” дея такрорлаган адиб хулосаси жуда изтиробли: “Бундан ўттиз йил олдин энг катта ислоҳот мактабдан, ўқиш сифатини яхшилашдан бошланганида нима бўларди? Бугунга келиб қандай натижаларга эришардик? Тасаввур қилинг, ахир! Илмга кўп эътибор қаратилганида салоҳиятли олимлар хорижга кетмас эди. Мактабни, айни шаҳар мактабларини билимли эркак ўқитувчилар ёппасига ташлаб, тирикчилик ташвишига тушиб қолмас эди. Биз илм нуфузи ва салоҳиятини ўз қўлимиз билан йўқотиб юбордик” (“O‘zAS”, 2022 йил 22 июль).

 

Марҳум адиб таъкидлаган илм махзани оилада. Зеро, жадидлар ўтган аср бошидаёқ аёлларни маърифатли қилмасдан миллатни маърифатли қилиш қийин кечиши ҳақида бежиз ёзмаган.

 

“Муаллим ҳақида сўзим ушбудир...”

 

Зилола Мадатованинг “Эркак ўқитувчи: “Фидойилик оила талабларига мос келмаяпти!” сарлавҳали мақоласини ўқиб, устоз Шукур Холмирзаевнинг “Ватанпарварнинг ҳам томоғи бор” деган гапи ёдимга тушди. Мақолада бир неча ўн йиллик муаммо – мактабни эркак ўқитувчилар тарк этгани сабаблари таҳлил этилган. Сир эмас, чорак аср муқаддам Россияга, Кореяга, Қозоғистонга, Тошкентга мардикорчиликка чиқиб кетган эркак ўқитувчиларнинг маълум бир қисми маошлар ошгани учун мактабга қайтди. Бугун Халқ таълими тизимида эркак ўқитувчилар улуши 32 фоизни ташкил этади. Бу кам. Аслида, тескариси бўлиши керак. Зилолахон Туркияда бошланғич синф ўқувчиларига эркак педагоглар дарс бериши, бизда эса нафақат бошланғич синфларда, балки она тили ва адабиёт, аниқ ва табиий фанлардан ҳам эркак муаллимлар камайиб бораётгани ҳақида ёзади (“Ma’rifat”, 2022 йил 22 июнь).

 

Дарвоқе, маош. Ўқитувчи маоши бозордаги нарх-наво олдида жуда арзимас бўлиб қоляпти. Мақолада бу муаммо ҳаётий мисолларда таҳлил этилган. Яна шу муаллифнинг газетанинг 21-сонида босилган “Бизга қай бири керак: бир уюм ҳисоботми ёки билимдон авлод?” мақоласида мактаб таълими тажриба-синов майдони бўлиб қолгани, ўқитувчилар билим беришга эмас, турли жамоат тадбирларига жалб этилаётгани ҳақида фикр юритилади. Бунинг оқибатида мактаблар болаларга ўқув марказларидек самарали билим беролмаяпти.

 

“Ҳумоюн Қувондиқовнинг “Мактабларни ёпиб, “Ёр-ёр” очайлик!” мақоласида “Zo‘r TV” телеканалидаги “Yor-yor”, “Mening yurtim 5” телеканалидаги “Amirxon shou” кўрсатувлари жамиятимиз маънавий қиёфасини бузишга, оммавий савиясизликка, бачканаликка йўл очаётгани қаламга олинган (“Ma’rifat”, 2022 йил 18 май). Ҳумоюннинг “Бизга шунақанги манқуртлар, қуллар керак экан, унда сиз ўқитувчиларнинг мактабларда жон куйдириб, ватанпарварлик, яратувчанлик, инсоний камолот ҳақида куйиб-пишиб дарс ўтишингизнинг нима кераги бор? Балки шунинг учун таълимдаги муаммоларга жиддий эътибор беришмас”, деган сўзлари афкор омма хулосасига ҳамоҳанг. Унинг “Биз мактабда ишламаймиз!” мақоласида ўқитувчилик касбини танлаб, олий ўқув юртини битираётган талабаларнинг мактабга бориш нияти йўқлиги, бозорга чиқишни, дўкон очишни, ҳеч бўлмаганда бир йилча Россияда ишлаб келишни режа қилаётгани ҳақида сўз боради (“Ma’rifat”, 2022 йил, 18-сон).

 

Олтинсойлик муаллим Нормамат Эшонқулов “Таълимга ҳимоя зарур ёхуд ҳокимларнинг хурмача қилиқлари” мақоласида жамиятда муаллимнинг мавқе, ўрни, иззат-ҳурмати ҳали-ҳануз пойгакда қолаётгани ҳақида ёзилган. Самарқанддаги “Noutbuk воқеаси”, Андижондаги “Узр сўратиш” воқеаси ҳокимларнинг мактабга зўравонларча аралашувига бир мисол экани таъкидланади (“Ma’rifat”, 2022 йил 2 март). Газета, шунингдек, “Ўқитувчи робот эмас!” (2022 йил 3 август), “Муаллимнинг дарди ичида” (2022 йил 20 июль), “Таълимга тегманг, яхшилар!” (2022 йил 14 июнь) каби қатор мақолалар бердики, виждони бор одам ўқиса, тинчини йўқотиши аниқ.

 

“Milliy tiklanish” газетаси 36-сонида Маҳбуба Каримованинг “Ўқитувчининг ёқасидан қўлингни торт, номард!” сарлавҳали мақоласида тажрибали устознинг кўзи тўла ёш мактабни тарк этгани изтироб билан ҳикоя қилинади. Тарбиясиз, калтафаҳм ота-оналар ёш муаллимлар у ёқда турсин, ўттиз йиллик тажрибали устозларни ҳам ҳақоратлашни ўзларига одат қилишган.

 

Газетанинг 2022 йил 14 октябрь кунидаги 40-сонида “Устозга муносабат шуми?!” мақоласида Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги 29-умумтаълим мактаби ўқувчисининг “устозга кўтарилаётган қўллари” ҳақида сўз юритилади: “...Бироқ бироздан сўнг тартиббузар яна физика хонасида пайдо бўлади ва устозга мушт ўқталиб, хужум қилади. Синфдаги бошқа ўқувчилар кўмаги билан жанжалга чек қўйилган”. Афсуски, ўқувчиларнинг ўз муаллимларига қўл кўтаришдек ёмон иллат жамиятимизда тобора кучайиб бораётганидан ҳам кўз юма олмаймиз.

 

“Ishonch” газетаси (2022 йил, 11-сон)да эълон қилинган “Дарсликлар ҳар йили қайта чоп этилиши шартми?” мақоласида ҳар йили дарслик нашр этиш бюджет маблағларининг беҳуда соврилишига сабаб бўлиши, халқ таълими ва матбаа тизимида коррупцияга йўл очиши айтиб ўтилган. Газета мавзуни давом эттириб, профессор Бахтиёр Менглиевнинг “Дарслик яратиш – амалда тизимли жараён(ми?)”, Зебо Намозованинг “Яна... дарсликлар муаммоси”, Зуҳра Асадованинг “Титилиб... тикилиб ётган ёхуд бир чоракка ҳам чидамаётган дарсликлар. Бу коррупция эмасми?” каби мақолаларини эълон қилган.

 

Муаммолар гирдобида

 

Тилимизда “гирдоб”га синоним бўлган “ийрим” сўзи ҳам бор. Ижтимоий-иқтисодий муаммолар ийримида қолган юртдошларимиз ҳаёти акс этган мақолалар таҳлили билан сўзимизни давом эттирамиз. Шаҳруза Сатторованинг “Электрда узилишлар бошланди, демак, қиш яқинлашяпти ёхуд кўринганидан-да жиддийроқ муаммо” (“Oila va tabiat”, 2022 йил 24 ноябрь, 46-сон), “Мансурбек Жабборовнинг “Одамларга ваъда эмас, муаммоларга ечим керак” (“Oila va tabiat”, 2022 йил 15 декабрь, 49-сон) мақолаларида газ, электр таъминотида узилишлар бўлаётгани, халқнинг совуқда қийналаётгани қаламга олинган. “Yoshlar ovozi” газетаси ҳам “Электр ва газ муаммосига ечим борми?” дея савол қўяди. Мақола муаллифи Ш.Сатторова “Энергия ресурсларига бой мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери бу масалани ҳал этиб бўлмаётгани ҳақли эътирозларни келтириб чиқармоқда”, деб ёзади (2022 йил 19 ноябрь). Шаҳрузанинг “Yoshlar ovozi” газетасининг 16 ноябрь сонида берилган “Учинчи Ренессанс дегани шуми?” мақоласи шундай бошланади: “Қоронғида пайпаслаб топган пиёлангни тўнкарасан-да, шам ёқасан. Совуқ, чироқ ўчди. Болаларинг дарс қилиши керак, бўлмаса бутун умр шу зимистонда қолиб кетади. Ташқарида эса Учинчи Ренессанс...”

 

Мевали дарахтни кесишга кўзи қиймаган мақола қаҳрамони баҳорда мева ейиш учун ҳам қишдан омон чиқиш керак-ку, дея ўйланади. Кимга дардини ёришни билмайди: “Бирор жойга арз қилай, муаммони ҳал қилсин, бизнинг ҳам одамга ўхшаб яшашга ҳаққимиз бор-ку, дейсан. Лекин яна мум тишлайсан... Чунки ташқарида Учинчи Ренессанс”.

 

“Hurriyat” газетаси 8 декабрь сонида Камолиддин Рўзиматовнинг “Қаҳратон қишнинг қиличи ёхуд эътирозларга қандай жавоб берилмоқда?” мақоласи босилган. Президент шошилинч йиғилиш ўтказган санадан қирқ кун бурун ёзилган мақола ижодкор зиёлилар, дин арбоблари, ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчилари фикр-мулоҳазалари билан бойитилган. Некбинлик билан якунланган мақола вазият ўта қалтис эканидан огоҳ этган эди, аслида.

 

Кейинги пайтларда “сув дипломатияси” деган тушунча тез-тез қулоққа чалиняпти. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий келишувлар негизида сув дипломатияси яққол кўзга ташланади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Сувда хотира бор” мақоласида бугун шивалаб ёғаётган ёмғир томчиларида ўтмиш аждодлар хотираси борлиги, шунинг учун ҳам бу неъматни исроф қилмаслик лозимлиги таъкидланган (“Янги Ўзбекистон”, 2022 йил 1 октябрь). “Oila va tabiat” газетаси мухбири Саида Ибодинованинг “Келажакда Ўзбекистонни катта сув инқирози кутмоқдами?” сарлавҳали мақоласида (2022 йил, 49-сон) республикада ишлаб турган оқова сув тизимларининг аксарият қисми ўтган асрнинг 70-80-йилларида қурилгани, уларнинг аксарияти бугун яроқсиз аҳволга келиб қолгани айтилади.

 

Южин Скайлернинг “Туркистон” китобида ўқиганларим ёдимга тушди. Чор маъмурлари Тошкентни забт этгач, шаҳарнинг рус қисми эҳтиёжи учун янги канал қуришга қарор қилади. Бу иш маҳаллий аҳолидан суғориш санъатини ўрганмаган рус муҳандисига юклатилади: “Анча пул совуриб, улкан дамба кўтаришиб, зовур ҳам қазишди, – деб ёзади америкалик сайёҳ. – Афсуски, ундан бир томчи ҳам сув оқмади ва шу тариқа ишдан воз кечишди”.

 

Қулаб тушаётган кўприклар, сув юрмас ариқлар, денгизга айланаётган йўлларни ўзимизнинг қора кўзлар лойиҳалаштириб, қураётибди-ку?! Пойтахт ва катта шаҳарларда пала-партиш, режасиз, пухта ўйланмаган лойиҳалар асосида қурилиш қилиш урфга айланганига “XXI аср” газетасининг 2022 йил 42-сонидаги “Кўпригингдан айланай!” суратли мақоласи чиройли мисол бўла олади.

 

“XXI аср” газетасининг 2022 йил 11 август сонида “Навоий вилояти ҳокими диққатига!” рукнида “Чўтқарада нима гап? Ёхуд мисли ўгай ҳолига тушган маҳалладан ноанъанавий репортаж” босилган. Даврон Боборавшан Кармана туманининг Навоий шаҳрига туташ бўлган Чўтқарада 5 500 дан ортиқ киши деярли сувсиз, электр токи ва табиий газсиз яшаб келаётгани ҳақида ёзади: “Ҳудудда дорихона, сартарошхона, гўзаллик салони, спорт-соғломлаштириш маскани, банк филиали, транспортларга хизмат кўрсатиш устахонаси, ёшлар учун касб-ҳунарга ўқув-тайёрлов курслари ва бошқа зарур инфратузилмалар умуман мавжуд эмас”.

 

Мазкур нашрнинг 13-сонида Рўзимбой Ҳасаннинг “Буромад ва даромад қачон мутаносиб бўлади?” мақоласида қишлоқ аҳлининг эҳтиёжманд қатламига деҳқончилик қилиб, оиласига қўшимча даромад топиши учун ер ажратиб бериш мавзуси кўтарилган. Хоразмда асосан шўрлаган, партав ерларга эгалик қилаётган камбағал оилаларга асл ҳолатдан бехабар, иссиқ кабинетда ўтирганлар воҳага хос бўлмаган картошка, мош экишни буюраётгани, бечора деҳқон бу экинларни экса харажатини ҳам қоплай олмаслиги мисоллар билан кўрсатиб ўтилган. Хоразмнинг шўрхок ерларига фақат шоли экиш мумкин, аммо раҳбарлар ижарага берилаётган ерларда шоли экишга тақиқ қўйган.

 

Зебо Намозованинг “Тиббиёт бозорга айланмасин ёхуд соҳа ривожига нималар тўсиқ бўлмоқда?” мақоласи (“Ishonch”, 2022 йил 59-сон) халқнинг кундан кун ишончи сўниб бораётган тиббиёт тизими ҳақида. Мақолада тизимдаги ҳаддан ошган хатоликлар, кадрлар тайёрлаш усулини ўзгартириш кераклиги, қоғозбозлик, тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг ўзини ўзи молиявий таъминлаши тиббий таълимни абгор қилаётгани, малака ошириш тизимининг талабга жавоб бермаслиги каби ўта долзарб муаммоларга ечим изланган.

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалиловнинг “Ўзбекистоннинг ташриф қоғози” мақоласида туризм соҳасидаги имкониятлардан оқилона фойдаланмаётганимиз, соҳадаги камчиликлар – автомагистраллар сифатсизлиги, халқаро талабларга жавоб бермаслиги, нокерак жойларда назорат постлари сақланиб қолгани, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, оддий зиёрат маданияти етишмаслиги, ҳожатхоналар йўқлиги ёки талаб даражасида эмаслиги, мезбонларнинг инсоний одоб-ахлоқ бобидаги қусурлари билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага чиқаётгани таҳлил этилган.

 

Султонмурод Олим ҳамма кўрган манзарадан ҳам ўзига хос маъно топа олади. “XXI аср” газетасининг 38-сонида чоп этилган “Жамиятни кимлар орқага тортади?” публицистик мақоласида “Жамият шахсдан меҳнатга лаёқатли ёшга етгунига қадаргина қарздор. Кейин эса инсон жамиятдан қарздор... Молингизни сотиб, жонингизни тикиб бўлса ҳам, меҳнатга лаёқатли фарзандлар тарбияланг! Жамиятни лаёқатсиз кишилар орқага тортади”, дея таъкидлайди.

 

“XXI аср” газетасининг 45-сонида босилган “Пайнетчи хонимга раҳмат ҳам ҳайф” мақоласи бировлар ҳақидан қўрқмай қўйганимизга бир мисол. Товламачилик Яшнобод ИИБга кириб чиқиш дарвозаси ёнгинасида рўй бераётгани нимани англатади? Мулоҳаза қилиб кўринг-чи.

 

Саида Ибодинова “Ёрдам қилинг, болам оч...” Тиланчиликка қачон чек қўйилади?” мақоласи билан ниҳоятда долзарб мавзуни кўтариб чиққан (“Oila va tabiat”, 2022 йил 42-сон). Абдулла Қодирий 1920 йили “Иштирокиюн” газетасида “Тиланчилик ёхуд енгил касб” деган мақола эълон қилган, “Тиланчилик – илм-ҳунарсизлик орқали тарқалатурған бир мараз бўлғанлиқдан табиий бу касал бизим ислом оламинда кўпдир: шу даражада кўпдирки, баъзи ислом мамлакатларинда, ойниқса, бизим Туркистонда бир касб тусини олмишдир”, дея ёзган эди. Саидахон келтирган маълумотларга эътибор қилинг: “2020-2021 йиллар мобайнида республикамиз ҳудудида 47 646 нафар тиланчилик билан шуғулланаётган шахс аниқланган. Аммо уларнинг 1159 нафари – 2,3 фоизигагина маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тиланчиликни касб қилиб олганларнинг урчиб кетишига қонунчиликнинг етарлича ишламаётгани ҳам сабаб бўлмаяптими? Қолган кўпгина жавобгарликлар каби тиланчилик учун белгиланган жазо ҳам қоғозларда қолиб кетмоқда”. Шоир Шуҳрат Азизов “Ўғирланган болалик” мақоласида (“O‘zAS”, 2022 йил 30 декабрь) тиланчилик қилаётган болалар ҳақида ҳикоя қилса, журналист Севара Алижонова “Боқимандалик. Уни касб қилиб олганлар қаердан пайдо бўляпти?” деган саволга жавоб топиш мақсадида иллат илдизига назар ташлайди (“XXI аср”, 3-сон).

 

(Давоми бор.)

 

Олим ТОШБОЕВ, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

филология фанлари номзоди

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//