Тарихий манбаларда, хусусан, “Темур тузуклари”, Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома”ларида, Ибн Арабшоҳ битикларида Қарши қалъаси ҳақида маълумотлар учрайди. Қолаверса, В.В.Бартольд, М.Е.Массон, Бўрибой Аҳмедов ва бошқа олимлар Қарши қалъаси ҳақида кўплаб далиллар келтиришганки, юрт тарихига бефарқ бўлмаган ҳар қандай киши эътиборини жалб этиши шубҳасиз. Афсуски, бугунги кунда қалъадан фақат ном қолган, холос, – нишоналари йўқ бўлиб кетган.
Хўш, Қарши қалъаси қаерда бўлган ўзи? Қачон ва қандай сабаблар туфайли у заволга юз тутди?
Узоқ йиллардан буён Қарши қалъаси ва унинг бош майдони – Регистон мажмуи тарихи ва тақдири масаласи билан шуғулланиб келаётган олим, тарих фанлари номзоди Қамбар Насриддинов билан қурилган суҳбат шу ҳақда кечди.
– Қарши қалъаси тарихи қайси даврга туташ? Умуман, ушбу қалъа шаҳарсозлик тараққиётида қандай ўрин тутади?
– Аввало, Қарши қадимий Ерқўрғон ва Насаф шаҳарлари вориси эканини таъкидлаш жоиз. Биласиз, Қарши воҳасидаги биринчи шаҳар қадимги Ерқўрғон манзилида милоддан аввалги VIII-VII асрларда шаклланган. Милоддан аввалги VI асрда унинг 35 гектар майдони мудофаа девори билан ўралиб, муҳофаза этилади. Милоддан аввалги II асрда шаҳар иккинчи қатор девор билан ўралган, унинг майдони бу даврда 150 гектарга етган.
Ерқўрғондаги археологик тадқиқотлар қадимий Нахшабда кулоллар, темирчилар маҳаллалари бўлгани, шаҳар марказида ибодатхона, ҳукмдор саройи, даҳма, турар жойлар ўрни ва бошқа асори атиқалар ҳақида хабар беради.
Қарши воҳаси тарихи Бобил (Ироқ), Искандария (Миср), Ереван (Арманистон), Таксила (Покистон) каби шаҳарлар ривожига ўхшаш. Чунончи, VI асрда Турк ҳоқонлиги билан Эрон Сосонийлари ҳарбий иттифоқи томонидан Эфталийларга қарши олиб борилган жангларда Ерқўрғон ёндирилиб, вайрон бўлади. Бу воқеадан сўнг Қарши воҳаси пойтахти Ерқўрғондан 5 километр жануби-ғарбда, Қашқадарёнинг жанубий соҳилида – ҳозирги Шулликтепа ўрнида қайта тикланади. У тарихдан Нахшаб (арабча Насаф) номи билан маълум. Нахшаб XIII асрда Чингизхон босқинида вайрон қилинган. Шундан кейин воҳа маркази учинчи маротаба, ҳозирги Қаршининг эски шаҳар қисми ўрнида қайта тикланади.
Қарши шаҳри тарихи билан бевосита алоқадор яна бир йирик манзил – Заҳҳоки Морон қалъасидир. Қалъа қолдиқлари Қарши темир йўл шоҳбекати яқинида жойлашган. Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳномаси”даги афсонавий шоҳ Заҳҳок номи билан аталган бу қалъа майдони 16 гектардан ортиқ бўлган. Обида ўрнида олиб борилган қазишлар унинг милоддан аввалги I асрларда ҳам мавжуд бўлганини исботлайди.
Академик М.Е.Массон 1965 йилда қадимий Қаршида олиб борган археологик-топографик тадқиқотлари асосида: “Заҳҳоки Морон илк ўрта асрларда Қашқадарё воҳасидаги энг йирик шаҳар-қалъа бўлган”, деган фикрни билдирган.
Археологик тадқиқотлар натижасида IX-X асрларга оид сопол идишларнинг топилиши вайрон бўлган Заҳҳоки Мороннинг ўрта асрларда ҳам маълум даражада ривож топиб, маданий жиҳатдан юксалганини кўрсатади.
Шундай қилиб, Ерқўрғон, Нахшаб ва Қарши шаҳарлари, шунингдек, Заҳҳоки Морон қалъаси воҳа марказий шаҳрининг тараққиёт босқичларини ўзида мужассам этган.
– Одатда, кўпчилик Қарши қалъасини Амир Темур қурдирган деб билади, бироқ бу ҳақда дарсликларда ҳеч нарса дейилмаган...
– Қарши қалъасини улуғ соҳибқирон Амир Темур бунёд этгани ҳақида муаррихлар – Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий “Зафарнома” асарларида батафсил ёзиб қолдиришган. Шарафуддин Али Яздий Қарши қалъаси Соҳибқирон ҳазратларига мурод эшиги бўлган, деб қайд этган.
Низомиддин Шомий 1365 йил баҳоридаги “Лой жанги” воқеалари тасвиридан сўнг “Қиш фаслини Қаршида ўтказди, ўшанда Қарши қўрғонини эгаллаб... Яна ўша йилнинг ўзида қалъани қайта кўтаришга киришиб, охирига етказди”, деб ёзади.
Ноёб қўлёзма – “Амир Темур таржимаи ҳоли”нинг 1835 йилда Набижон Хатиф томонидан форсийдан туркийга ўгирилган таржимасида Соҳибқирон тилидан Қарши қалъаси қурилиши ҳақида қуйидагиларни ўқиш мумкин: “Мен шаҳар (Қарши) атрофида девор қуриш ва мустаҳкамлашга буюрдим: шаҳар ичида кўп чиройли бинолар қурдирдим...”, “Мен ўз баҳодирларимни Қаршини мудофаа қилиш учун жойлаштирдим”.
Мазкур сўзларга эътибор қилсак, бу ерда қалъа деворини таъмирлаш ёки қайта тиклаш ҳақида эмас, балки қалъа қуриш ҳақида аниқ буйруқ берилгани ойдинлашаяпти.
Соҳибқирон Қаршида мустаҳкам қалъа, унинг ичкарисида Одина жомеъ масжиди, Чорсу тижорат мажмуи ва Амир ҳаммоми каби иншоотлар қурдириб, Регистон майдонига асос солган. XVI асрда Абдуллахон II бу иморатларга ҳамнишин равишда мадраса ва сардоба бунёд эттирган. Шу билан Регистон майдони шаклланиши поёнига етган.
Таассуфки, собиқ тузум даврида бошқа кўплаб шаҳарларда юз бергани каби Қаршидаги тарихий обидалар, шу жумладан, Регистон майдони ҳам йўқ қилиб юборилди. Кўплаб масжид ва мадрасалар бузиб ташланди. ХХ аср бошларида Қаршида 20 та мадраса бўлган, ҳозир улардан фақат тўрттаси – Шарофбой, Абдулазизбой, Бекмуродбой ва Қиличбой мадрасалари сақланиб қолган.
Регистон атрофидаги Абдуллахон, Олий, Шермуҳаммад, Нур, Чорибой, Саидқулбой мадрасалари, шунингдек, Чорсу, сардоба, Амир ҳаммоми ҳам йўқ қилинган. Фақат Одина масжидигина ўта пишиқ қурилгани боис омон қолган ва у ҳам 1938 йилда қамоқхонага айлантирилган...
– Сиз санаган тарихий ёдгорликларга қараганда, қалъа катта майдонни эгаллаган. Унинг чегаралари, эгаллаган майдони ҳақида маълумотлар борми?
– Қарши ва унинг қадимий қалъаси ўрни ҳақидаги қарашлар 1999 йилгача икки хил эди. Биринчиси, ҳозирги темир йўл шоҳбекати ёнидаги Заҳҳоки Моронда деб қаровчилар, иккинчиси, эски шаҳар қисмида эканини тасдиқловчилар.
Бу масалага Қаршида 1999 йил апрелида бўлиб ўтган Ватанимиз тарихчи олимларининг илмий анжуманида узил-кесил аниқлик киритилди. Анжуман иштирокчилари далилларга таяниб Қарши қалъаси ўрни унинг эски шаҳар қисмида эканини якдил эътироф этишди.
1965 йилда Қаршида илмий тадқиқотлар олиб борган М.Е.Массон бошлиқ Кеш археологик-топографик экспедицияси (КАТЭ) маълумотларига кўра, Қарши қалъаси деворининг томонлари 630 метрдан бўлган. Бундан кўринадики, қалъа жойлашган ер майдони анча катта бўлиб, салкам 40 гектарни ташкил этган.
Қарши қалъаси девори 9 пахсадан иборат бўлган. Қалъа дастлаб ғиштин девордан қурилган бўлиб, пахса девор кейинроқ, яъни ғиштин девор вайрон қилинганидан сўнг, ўпирилган жойлари қайтадан тикланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, қалъа девори баландлиги 8 метрга яқин. КАТЭ таҳлилларида ёзилишича, девор эни асосда 5,91 метр, устки қисми 3,1 метр бўлган. Деворнинг кунгура шакллари “боллиқ (балиқ) қанот” деб аталиб, душман ҳужумидан мудофаа вазифасини бажарган.
Жаҳон шаҳарсозлик маданиятида балиқ (унинг қанотлари) рамзи, шаклидан фойдаланиш кам учрайди. Маълумки, сув Қарши воҳаси учун азалий муаммо, шу боис балиқ оби ҳаёт рамзи сифатида қадрланган ва бу меъморий иншоотларга ҳам кўчган бўлиши эҳтимол.
Архив маълумотларига таянсак, қалъа деворининг дарвозаларга яқин қисмидаги сирланган ғиштлар қолдиқлари XIX аср 60-йиллари охирларигача сақланган.
– Қалъа девори пишиқ-пухта қурилган бўлса, нега бизнинг кунларгача ундан ҳеч бир нишон сақланиб қолмади?
– Бу саволга жавоб бериш мушкул. Мушкуллиги шундаки, орадан кўп вақт ўтган. Турли сабабларга кўра қалъа девори ва ундаги обидалар деярли изсиз йўқолди. Девор бузилишига қирғинбарот урушлар сабаб бўлса, тарихий обидалар тоталитар тузум давридаги мафкуравий тазйиқлар, эътиборсизлик боис заволга юз тутди.
Шуни ҳам айтиш ўринли, қалъа девори мавжуд вазият тақозосига кўра шошилинч тарзда, яхлит пишиқ ғишт билан эмас, четлари ғиштдан, ўртаси лойдан тикланган. Ҳатто алоҳида тош пойдевори ҳам (ғишт пойдеворини ҳисобга олмаганда) бўлмаган, табиийки, қалъанинг мустаҳкамлиги ҳақидаги гап ортиқча.
Шунга қарамай, қалъа ва бошқа тарихий обидалар сақланиб қолмаганлигида босқинчилик урушлари асосий ўрин тутган, дейиш мумкин.
Жумладан, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асарида Қарши қамали вақтида 30 минг киши қурбон бўлгани келтирилган. Ўз-ўзидан англашиладики, тарихий обидаларга ҳам шикаст етмасдан қолмаган.
XVI аср бошида Эрон қўшини Қарши шаҳри ва Касби қишлоқларига катта қирон солган. Форсларга қарши курашда Қарши қамали вақтида шоир Камолиддин Биноий ҳам ҳалок бўлган.
М.Е.Массоннинг ёзишича, Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг ўғли Ризоқули 1736-1737 йилларда аштархоний Абулфайзхонга қарши қўшин тортиб, Қаршини 2 ой қамал қилади. Босқинчилар тош отадиган манжаниқларни ҳам ишга солиши натижасида қалъа деворларига қаттиқ шикаст етади. Шу вақтда Шаҳрисабз кенагаслари ҳужуми натижасида шимоли-шарқий дарвоза – Тутак ҳам ёниб кетади.
Қарши қалъасининг ўнгланмас даражада вайрон қилиниши XIX аср 60-йиллари охирида чор Россиясининг истилочилик юришлари натижасида юз берди.
– Наҳотки бизнинг кунларгача қалъадан бирор белги қолмаган бўлса?!
– Ўз вақтида Қарши қалъасининг атрофи: эни 9-10 метр; чуқурлиги 2-3 метр келадиган мудофаа иншооти – ҳандақ билан ўралган. Ўтган аср 50-йиллари ўрталарида ҳандақнинг ғарбий қисми янгитдан қазилиб, “Комсомол кўли” номи берилган. Шу ном ва сабаб билан ҳандақнинг ғарбий қисми ҳозирги кунларгача бироз сақланган. 1995-1996 йилларда “Насаф” стадиони қайта қурилиб, таъмирланганда, ҳандақнинг анча қисми кўмилиб кетган.
Абдулазизбой мадрасаси рўпарасида қалъа девори ва ҳандақ қолдиқлари бор эди, бироқ у ҳам меъморий ўзгаришлар сабаб йўқликка юз тутди.
Ҳозирги вақтда Қарши шаҳри Насаф кўчасидаги уй ҳовлисида қалъа деворининг бир бурчаги – тепача (қалъа девори ва пойдевори ўрни) ва каттагина чуқур сақланиб қолган.
Бугун Қарши қалъаси ҳақида фақат тасаввур қилиш мумкин, бироқ Тутак дарвозасининг икки томонида 25 метрдан деворлари, 50 метр ҳандақи, дарвоза тўғрисидаги кўтарма кўприги ва икки ёнида сарбозхонаси билан Регистон майдонини, Чорсу ва Абдуллахон мадрасаси, Гулшан боғи ва кўшкни қайта тиклаш имкони бор. Бу жуда аҳамиятли, катта иш бўлар эди.
Шуни ҳам айтиш ўринли, Ерқўрғон – қадимий Нахшаб харобалари қандай вайрон бўлган бўлса, ўша ҳолда ётибди. Бу ерда кейинги 50 йил мобайнида бир неча марта археологик тадқиқотлар ўтказилган, охирги тадқиқот 1998-1999 йилларда олиб борилган ва Қарши шаҳрининг 2700 йиллик ёши аниқланган. Аммо кейинчалик қазиш ишлар ўша ҳолича қолиб кетган. Ахир очилган обидаларнинг бир қисмини қайта тиклаб, консервация қилиб, энг муҳимларини, масалан, ҳукмдор қасри, ибодатхона, кулоллар ва темирчилар маҳаллалари кабилардан баъзиларини намуна сифатида очиқ музейга айлантириш мумкин-ку?!
Қадимий Насаф ўрнидаги Шулликтепа, Заҳҳоки Морон манзилидаги тадқиқотларни қайта йўлга қўйиб, очилган ёдгорликларни сақлаган ҳолда халқимиз, сайёҳларга тақдим этсак, Қаршини ҳам халқаро туризм даражасидаги шаҳарга айлантириш имкони туғилади.
Бекзод САЙФИЕВ суҳбатлашди.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ