“Ат-туҳфа”: китоб бўйича олимлар баҳси нега 8 асрдан буён тугамади?


Сақлаш
23:00 / 15.02.2023 1262 0

 

“Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия” асари закий боболаримиздан бизгача етиб келган қутлуғ бир меросдир. Китоб номи арабий ёзувида  التحفة الزكية في اللغة التركية‎  шаклида  берилган ва ўзбек тилига “Туркий тил ҳақида ноёб туҳфа” шаклида таржима қилинган.

 

Бу ноёб туҳфа XIV асрда Мисрда ёзилган бўлиб, уни ёзган муаллифнинг исми маълум эмас. Асар қўлёзмасининг бизгача етиб келган ягона нусхаси ҳозирги кунда Истанбулдаги Боязид кутубхонасида сақланади. Қўлёзма 91 варақ 182 бетдан иборат,  ҳар бир бетда 7 та сўзга шарҳ берилган ва улар 13 та қаторга жойлаштирилган.

 

Асар кириш,  3000 та сўзлик луғат ва грамматикага оид алоҳида бобдан таркиб топган. Луғадаши ва грамматика қисмида берилган асосий сўзлар мамлуклар даврида шаклланган қипчоқ тилига оид. Ундаги қипчоқча сўзлар қизил рангли, арабча сўзлар қора рангли сиёҳда ёзилган.

 

“Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия”да туркман, татар, қарлуқ тиллари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган бўлса-да, асосий сўзлар  мамлук-қипчоқ тилига оид. Муаллиф бу ҳақда шундай ёзади: “Мен бу асарда қипчоқ тилига асосландим. Чунки энг кўп қўлланиладиган (илғор) тил қипчоқ тилидир. Туркман тилини бу ишда баён қилмадим. Фақат зарурат бўлгандагина кўрсатдим” (Аттуҳфатуз закияту фил луғатит туркия [Туркий тил (қипчоқ тили) ҳақида ноёб туҳфа]. Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М.Муталлибов, – Тошкент: Фан, 1968. – Б. 4). Шунингдек, муаллиф асарда Абу Ҳайён Ғарнатийнинг (1256–1344) қипчоқ тили ҳақидаги “Китобул идрок лилисан ал-атрок”  асаридан ҳам фойдаланганини айтиб ўтган.

 

“Ат-туҳфа” мамлук-қипчоқ тилида ёзилган. Мамлук-қипчоқ тили туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига киради. Бу тил XIII–XV асрларда Миср ва Сурияда султонлар ва давлат хизматчилари, савдогарлар сўзлашадиган ўзаро мулоқот тили – лингва франкага айланган (Лингва франка (итал. lingua franca “франклар тили”) – кишилар ўртасидаги  мулоқот учун тизимли равишда ишлатиладиган (ўз она тилидан бошқа) тил ёки диалект. Араблар ва турклар бу тилни “Лисан ал-ифранг” деб аташган.). Бу тилни қипчоқ-ўғуз, Олтин Ўрда тили, Миср мамлуклари тили, қипчоқ адабий тили каби номлар билан ҳам аташган. Аммо, барибир бу тил тилшуносликда мамлук-қипчоқ тили номи билан аталиб келинади.

 

Боязит кутубхонасида сақланаётган қўлёзмани 1940 йилда биринчи бўлиб венгер олими Тибор Халаши-Кун тадқиқ қилган. 1945 йилда туркиялик профессор Бесим Аталай уни турк тилига таржима қилган. 1967 йилда уни яҳудий динидаги туркий халқ – қараим миллати вакили Александр Дубинский ўрганган. 1968 йилда эса Солиҳ Муталлибов асарни ўзбек тилига таржима қилган. Юқорида исми зикр этилган, Солиҳ Муталлибовдан бошқа барча олимларда “Туҳфа”даги сўзларни ўз тили доирасида таҳлил қилиш кўзга ташланади ва уларнинг ҳаммаси асардан ўз тили учун нимадир ўзлаштиришга ҳаракат қилган.

 

Н.Баскаков ҳам ўзининг “Туркий тилларнинг тарихий-типологик фонологияси” номли асарида мамлук-қипчоқ тилини ғарбий қипчоқ тиллари, аниқроғи қумиқ, қараим, қиримтатар, қорачой ва балқар тилларига ўхшаш деб топган.  Адҳам Тенишев эса унинг шимолий қипчоқ тиллари, хусусан татар ва бошқирд тилларига яқинлигини айтган. Бу икки олимда ҳам негадир туҳфани ўзиники қилишга бўлган интилиш кўзга ташланади. Чунки Николай Баскаков асли Олтин Ўрда бекларининг авлодидан бўлса-да, туркологияга қизиқиши Қораденгиз бўйида шаклланган. Адҳам Тенишев эса татар миллатига мансуб.  Шунинг учун ҳам ноёб туҳфанинг ўрганилишида кўплаб баҳсталаб масалалар юзага келган. Ҳар бир шахс, предмет ёки воқеликни, умуман олганда объектни ўрганишда субъект муҳим ўрин тутади. Шундай экан олимларнинг баҳсларидаги “кўрпани ўзига тортиш”ни тўғри тушуниш мумкин. Аслида эса мамлук-қипчоқлари тили, хусусан “Ат-туҳфа” тили ҳам қипчоқ ва ўғуз диалектларининг синтезидан иборатдир.

 

“Ат-туҳфа” луғати ҳозирги кундаги қайси тилга яқинлиги доимо баҳсталаб мавзу бўлиб келган. Айримлар уни ўғуз тилига, бошқалари қипчоқ тилига яқин деб топишган. Т.Халаши-Кун (Halasi-Kun Т. Die mameluk-kiptschakischen Sprachstudien und die Handschriften in Stambul // Korosi Csoma Archivum. – Bedapest, 1940. – Bd. 3. – Th. 1 – S. 80–83). мамлук-қипчоқ тилидаги ёдгорликлардаги сўзларни диалектларга кўра уч гуруҳга ажратган: 1) соф қипчоқ сўзлари; 2) соф ўғиз сўзлар 3) қипчоқ-ўғуз аралаш сўзлар. Шу ўринда, асарнинг ўрганилиши тарихига назар солсак, муаммо бирмунча ойдинлашади.

 

Шарқий Африка ва Ғарбий Осиё мамлакатларининг тарихини ўрганиш шуни  кўрсатадики, ўғуз турклари бу ерга анча аввалроқ кириб борган. Бу даврда қипчоқ тили Европанинг  шимолий-ғарбий томонида кўпроқ тарқалган. Қипчоқ тилининг бу ҳудудларга кириб келиши мамлуклар даврида кучайган ва  тез орада койне (Койне́ (юнонча: Κοινὴ Ἑλληνική “умумэътироф этилган юнон тили”, ёки  κοινὴ διάλεκτος, “умумий диалект”) –  юнон тилининг постклассик антик даврда пайдо бўлган ва халқаро муомалада бўлган шакли.) даражасига етган. Бунинг асосий сабабларидан бири асли қипчоқлардан бўлган Султон Бейбарс ва Олтин Ўрда хони Беркехон ўртасида тузилган  иттифоқ бўлиши мумкин. Чунки 1258  йилда Боғдод фатҳ этилганидан кейин Хулагухон билан Беркехон орасига совуқлик тушади ва хон ўз қўшинларига ортга, Қипчоқ юртига қайтишга, қайтишнинг имкони бўлмаса Мисрга кетишга амр қилади. Беркехон чингизийлар орасида биринчи бўлиб исломни қабул қилади ва Олтин Ўрдадада мадраса очиш учун энг илмга чанқоқ йигитларни Мисрга ўқишга юборади. Шу тариқа Мисрнинг қўшинларидаги ҳарбийлар орасида ҳам,  мадрасаларда ўқийдиган талабалар орасида ҳам қипчоқ турклари кўпая бошлайди. М.Улақов ва А.Чеченовнинг “Туркий тиллардаги ёзма ёдгорликлар замонавий қорачой-бoлқoр тили тарихини ўрганиш манбаси сифатида” номли китобида келтирилишича, Миср ҳукмдорлари қипчоқлар бўлгани учун қипчоқ тилининг нуфузи тобора ортиб борган. Бу эса ўз-ўзидан араблар ва турклар, хусусан амалдорлар ҳам бир-бирларини тушуниши учун луғатлар тузиш эҳтиёжини юзага келтирган. Натижада араб тилидаги китоблар туркчага, туркча китоблар арабчага таржима қилина бошланган. Шу тариқа, араб-қипчоқ граматикаси ва глоссарийлари юзага келган (Улаков М.З., Чеченов А.А. Письменные памятники тюркских языков как источник истории современного карачаево-балкарского языка (спецкурс). – Нальчик: Издательство КБНЦ РАН, 2001. – 52 с.).   Тез орада Миср ва унга тобе ҳудудларда ўғуз тили билан қоришган синкретистик қипчоқ тили умумий мулоқот тилига айланган. “Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия” асари ўша даврнинг мевасидир.

 

Ҳозирги кунда асарни ўрганиш Туркия, Озарбойжон, Эрон Озарбойжони, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда яхши йўлга қўйилган. Филология йўналишида таълим олаётган талабаларга  “Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия” асаридан фойдаланиш бўйича алоҳида курслар ҳам ташкил қилинган. Мисол учун Табризда тартиб этилган turuz.com сайтини (https://turuz.com/page/title/about-turuz) кўздан кечирсангиз, нафақат “Ат-туҳфа”, балки қипчоқ тилига оид бошқа манбаларни ҳам топишингиз мумкин. Аммо, Ўзбекистонда бу борада сусткашлик кўзга ташланади. Асарнинг Солиҳ Муталлибов томонидан таржима қилинган варианти бугунги кунда ўзбек ўқувчилари учун ягона манба бўлиб турибди. Солиҳ Муталлибов асарни ўзбек тилига таржима қилиш билан бирга уни семантик таҳлил ҳам қилган. Граматикаси ва фонетикасига ўзбек адабий тили меъёрлари доирасида тушунтиришлар бериб ўтган. Аммо таржимада ҳам, шарҳларда ҳам айрим камчиликлар кўзга ташланади. Бунда С.Муталлибовнинг қипчоқ тилида сўзлашувчи информантлардан фойдаланмагани кўзга ташланади.

 

“Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия” шундай бир манбаки, ундан ўзбек тилининг қипчоқ ва ўғуз лаҳжаларидаги сўзларни қиёсий таҳлил қилиш ва семантикасини шакллантиришда унумли фойдаланиш мумкин. Инчунин, ўзбек қипчоқ лаҳжасида қўлланиладиган, аммо маъноси унутилган кўп сўзлар асарда берилган. Мисол учун, қиңир(ёмон ниятли), қилчир(ғилай), кашал(сочи тўкилган), тамақсав(очкўз), таз(кал), сангирав(гап тушунмайдиган), шолақ(бузуқ), улкар(ҳулкар), овурчуқ(чарх), шишшак(икки ёшли қўчқор), кешак(икки ёшли туя), учмақ(жаннат), тамуқ(ғ)(дўзах), жарма(пўсти тозаланган буғдой), бурч(қарз), ару(тоза), бутақ(дарахт шохи), қўқитмоқ(титмоқ), муйуз(шох) (Аттуҳфатуз закияту фил луғатит туркия [Туркий тил (қипчоқ тили) ҳақида ноёб туҳфа]. Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М.Муталлибов, – Тошкент: Фан, 1968. – 280-б.) каби сўзлар қипчоқ тилларида  қўлланилади, аммо айримларининг маънолари унутилган.

 

Асардаги айрим сўзларда ч ўрнига шипилловчи ш ҳарфи, шипилловчи ш ўрнига  сирғалувчи с товуши қўлланилганини ҳам кўриш мумкин. Бундан кўринадики, мамлук-қипчоқ тилининг шаклланишида нафақат Олтин Ўрда қипчоқ тилининг, балки қипчоқ-нўғай шеваларининг ҳам таъсири бўлган. Шашти(сочли), қашабарди(қочаверди), шуриди, шешек(чечак), қонши(қўшни), кашти(кечди), шағир(чағир), бурш(бурч-қарз) каби сўзлар қозоқ, қорақалпоқ ва нўғай тилларини эсга солади. Шунинг учун Қозоғистонда “Ат-туҳфа” қозоқ тилининг асосий тарихий манбаси ўлароқ ўрганилади. Биргина Назим Конкабаева диссертациясида “Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия” 1152 сўз таҳлил қилинган (Конкабаева Н.Н. “Ат-Тухфа аз-закия фи әл-луғат ат-түркийа” ескерткішіне тарихилингвистикалық интерпретация. “6D021200 – Түркітану” мамандығы бойынша PhD философия докторы дәрежесін алу үшін дайындалған диссертация. https://www.kaznu.kz/content/files/pages/folder17928/Аңдатпа%20Конкабаева%20Н.Н..pdf).

 

Ўзбекистонда эса бундай тадқиқотлар кўзга ташланмайди. Қолаверса, ўзбек тилидаги таржимада ҳам бир нечта хатоликлар кузатилади. Жумладан, ҳамзалик бўлимида келтирилган кичи сўзи  киши деб таржима қилинган. Аслида эса киши катта одам кичи кичик одамни билдирган. Ўзбек адабий тилидаги кичик сўзи қипчоқ лаҳжасида кичи шаклида талаффуз қилинади.

 

Тамақсав сўзи қипчоқ тилида одамнинг оч қолгани, сувсав чанқаганини билдиради. Аммо таржимада тамақсавнинг таржимаси очкўз  деб берилган. Айрим шеваларда тамақсав очкўз маъносида ишлатилган бўлиши мумкин, аммо унинг бу сўз тамоқ ва сав(соғ) сўзларининг бирикмаси эканига ҳам эътибор қаратиш керак. Қипчоқ  тилида очкўз маъносида жутуқи лексемаси ҳам ишлатилади.

 

Сангирав сўзи қипчоқ тилида яхши эшитмайдиган ёки гап тушунмайдиган маъносида қўлланилади. Аммо таржимада оддийгина кар деб берилган. Ўзбек  қипчоқ лаҳжасида сангиравнинг яна бир ангирав шакли ҳам анграйиб турадиган, англамайдиган киши маъносида фаол қўлланилади.

 

Айни бўлимдаги кўса лексемасига шарҳ ёзилмаган. Қипчоқ тилида кўса сўзи соқолсиз ёки сийрак соқолли маъносида қўлланилади. Шунингдек, айни ном билан аталдиган қипчоқ уруғи ҳам бор.

 

Ейиладиган овқатлар бўлимида эса қурут лексемаси қуритилган қатиқ, аниқ таъриф берилган бўлса-да, қўшимча равишда  “...бунинг пишлоқ маъноси ҳам бор” деб қўшимча қилинган. Аслида эса пишлоқ бошқа таом тури ҳисобланади.

 

Ўтган замон феъли бўлимида суқланди сўзи ҳавасланди деб изоҳланган. Аслида эса туркий тилда суқ кинна маъносида ишлатилади (Бировнинг суқи кирди). Шунингдек, бирон кишига тикилиб ёки шаҳват назари билан қараш ҳам суқланиш дейилади. Айни бўлимда яна иккита сўз берилган: суртуди, суртунди. Бу сўзлар қипчоқ лаҳжасида артиш, артиниш маъносида ишлатилади, аммо таржимада қашиди, қашинди деб изоҳланган.

 

“Туҳфа”да аввал ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида қўлланилган, аммо форс тилининг таъсирида муомаладан чиқиб кетган сўзлар ҳам бор. Мисол учун жумуртқа(юмуртқа) сўзи барча туркий тилларда қўлланилади. Аммо ўзбек тилида унинг ўрнига форсча тухум варианти ишлатилади.

 

Туркий тилларда пиёз сўған деб аталади ва бу луғатда берилган. Аммо ўзбек тилида форс тилидаги пиёз қабул қилинган.

 

Туҳфанинг отлар бўлимида тарвузнинг архаик варианти – қарпуз номи келтирилган. Тарвузнинг қарпуз аталиши туркий тиллар тийнатига мос келади. Маълумки, туркий тилда қа ўзагидан ясалган сўзлар уч хил маънода келади: идиш, қоп, қопқоқ (эшик). Қарпуз, қавун, қавақ каби полиз экинлари ўз-ўзига идиш бўла олади.  Шунинг учун ушбу вариантни тўғри деб қабул қилиш мумкин.

 

“Ат-туҳфа”нинг қисқача таҳлили шуни кўрсатадики, бу асар янгича руҳ билан қайтадан тадқиқ қилиниши керак. Тадқиқ қилинганда ҳам ўзбек тили қипчоқ шеваларидаги сўзлар билан тарихий-қиёсий таҳлил қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

“Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия”нинг Солиҳ Муталлибов томонидан таржима қилиниши ўз даври учун муҳим ҳодиса бўлганини инкор этиб бўлмайди. Хусусан, таржимон “Қисқача кириш ва графикага доир маълумотлар” бобида араб ёзувининг хусусиятлари, алифбодаги араб тилида мавжуд бўлмаган, қипчоқ тилида мавжуд товушларнинг қўлланилишига доир тавсифларни профессионал даражада етказа олган. Шунингдек, “Маърифа ва накра боб”ида грамматик қоидаларнинг таърифланиши, араб тилидаги аниқлик артиклларидан қипчоқ тилларини табдиллашда фойдаланиш бўйича муҳим маълумотларни замонавий тилда тушунтириб бера олган. Арабча ҳарфларида ёзилган сўзларнинг кирил алифбосига ўтказилишида ҳам хатолик кўзга ташланмайди. Сўзнинг грамматик туркумлари, сўз шакллари, сўзларнинг гaп таркибида ўзаро бирикиш йўллари тўғри баён қилинган. Мисол учун, янги ўзбек тилидаги аффикслар араб тилида “исми фоил қўшимчаси” дейилганини ўқувчи қийинчиликсиз тушуниб олади.

 

Аммо, луғат қисмидаги шарҳларда анчагина камчиликлар кўзга ташланади. Нафсиламбирини айтганда, луғатлар билан ишлашнинг ўзига яраша заҳматлари бор. Ҳар битта сўзни алоҳида таҳлил қилиш, таърифу тавсифини бериш осон иш эмас. Шунинг учун луғатлар билан ишлашда муаллифлик жамолари ишлаши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Бугунги кунда ўзбек тилининг луғат бойлигини ошириш энг долзарб вазифага айланган. Инчунин, луғатсиз тилни ривожлантириш мумкин эмас. Луғатлар эса аниқ манбалардан йиғилади. Шундай экан, луғат бойлигимизни оширишда улуғларимиз қолдирган мерослардан манба сифатида фойдаланиш ўринли бўлади. Қолаверса, замонавий луғатимизнинг таркибида ўз қатлам сўзларнинг сони ҳам ачинарли даражада кам. “Ат-туҳфатуз закийя фий луғатит туркия” ўз қатлам сўзларни қайта тиклаш имконини беради.

 

Анвар БЎРОНОВ

                             

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//