Бугунги кунда славян тил туркумининг бир тармоғида сўзлашувчи болгар (булғор)лар илк ўрта асрларда Болқон ярим оролининг кунчиқар бўлагида – Қора денгизнинг кунботар қирғоқларида муқимлашди. Деярли бир ярим минг йилдан бери шу ерда истиқомат қиладилар. Дунёга болгар ёки булғор номи билан танилган бу элнинг ўтмиши ўрта осиёлик туркийларга уланиши, Болқон ярим оролида илк туркий давлатни қуриб, Шарқий Европада туркийлар салмоғининг ошишига улуш қўшгани ҳақида ўзбек матбуотида онда-сонда бўлса ҳам маълумотлар ўқиб қоламиз. Бироқ булғорлар сўзлашган тил қандай бўлгани, нега улар ўз тилини унутиб, славян тилига ўтиб кетган деган саволлар кишини иккилантириб қўяди. Бугун ўзларини “болгар” деб атайдиган халқ бу тўғрида нима дейди-ю, келиб чиқиши туркийларга бориб тақалишига қандай қарайди, – бу кўпчиликни қизиқтирса керак.
Юнон, славян, араб, форс ва бошқа тиллардаги ёзма манбалар ва ўзлари ёзиб қолдирган эски битиклардан англашилича, VI–IX юзйилликларда Шарқий Европада – Болқон ярим ороли, Дунай ирмоғи қирғоқлари, Қора денгизнинг шимоли, Шимолий Кавказ ва Волгабўйида яшаган туркийларнинг сезиларли даражада бир-бирига яқинлашади, бундан минг йил олдин туркий тилда сўзлашиб, хон ва беклари ўзларининг туркий исмлари билан довруқ қозонадилар.
IV-V юзйилликларда Олтой – Тангритоғдаги она юртларидан кунботарга йўл олиб, Шарқий Европа тупроқларини эгаллаган хунларнинг бир тармоғи бўлган булғорлар қардошлари аварлар, хазарлар, можор (венгер)лар билан бирга узоқ йиллар турли славян, герман ва румин элатлари билан қўшни бўлиб яшайдилар. Европанинг кунчиқаридаги Дунай ва Днестр, Кубань ва Волгабўйида илк туркий сиёсий уюшмаларни қуриб, туркийларнинг довруғини ёйган Европа Хун империяси (370-469), Авар хоқонлиги (562–823), Хазар хоқонлиги (650–955) ва Венгер (Ўн-ўғур) қироллиги (X–XII юзйил.) каби туркий давлатлардан бири ўлароқ I Булғор қироллиги (632–671) ўзидан кўплаб маданий излар қолдиради.
Туркийлар ва славянлар келишларидан олдин Болқон ярим оролида тили ҳинд-европа тил оиласининг бир тармоғи бўлган фракийлар деб аталувчи элат яшаган. Бундан икки минг йилча олдин – I юзйилликда Рим империяси томонидан босиб олинган фракийлар ўлкасига туркийлар одими V юзйилликнинг биринчи ярмида етади. Хун императори Атилла (434–453) бошчилигидаги қўшинлар, айниқса, булғорларнинг илк ота-боболари бугунги Болгария ўлкасини қўлга киритгач, бу ерда туркий элатларнинг салмоғи ошади. Қубрат-хон (632–665) Буюк Булғор қироллигини тузиб, Болқондаги ўнлаб эл-улусларни қўл остида бирлаштиради, фракийлар юртида туркийлар билан бирга турли славян элатлари ҳам ўрнаша бошлайди. Византия империясининг шимолий тупроқларидан герман ерларигача ёйилган Булғор қироллиги Қубрат-хон вафотидан сўнг унинг 5 та ўғли – Бат-Боён, Қутрағ, Аспарух, Кубер ва Алчек томонидан айри-айри “ўрда”ларга бўлиниб бошқарилади. Улар орасида Аспарух (Ишбара – 640–700 йй.) томонидан қурилган Дунай Булғор давлати (681–1018) бугунги кунда Болгария ўтмишининг энг ёрқин чоғи – “олтин даври” ўлароқ айрича ардоқланади (Болгарияга йўлингиз тушса, биргина Аспарух-хонга аталган ўнлаб ёдгорликларга кўзингиз тушишининг ўзиёқ туркий булғорларнинг ўзларидан қанчалик ёруғ из қолдирганини кўрсатиб туради).
Болгарияда Аспарух-хон учун ўрнатилган ҳайкаллар
(Стрелча, Плиск, Добрич шаҳарлари)
Қубрат-хон ёдгорлиги
Дунай Булғор давлатининг атоқли бошқарувчиси Барс (Борис – 852–889 йй.) Византияга яқинлашиб, христианлик инончини ўз элида ёя бошлагач, бошқарувчи элат – булғорлар ва улар қўл остидаги славянларнинг ўзаро бирлашиш жараёни янада кучаяди ва энг сўнггида славян тили уларнинг ялпи сўзлашув тилига айланади. Булғор туркчаси эса орадан кўп йиллар ўтиб, унутилади. Бу тилнинг бир тармоғи бўлмиш Волга булғорчаси яна юз йиллар яшаб, ўз ўрнини чуваш туркчасига бўшатиб беради.
Булғор тили
Энг эски туркий тил тармоқларидан бири бўлган, кўпинча “Дунай булғорчаси”, “Волга булғорчаси” атамалари остида танилган бу туркий тил ўрта асрларга келиб ўлик тилга айланади. Шарқий Европадаги Дунай дарёси қирғоқларида яшаган бир туркум булғорлар битикларини эски турк-рун ёзувининг бир тармоғида битганлар ва улардан айримлари бизгача етиб келган. “Дунай булғорчаси”, “Волга булғорчаси” атамалари шундан келиб чиққан. Шунингдек, Волга дарёси қирғоқларида, бугунги Татаристоннинг бошкенти Қозон шаҳри теграсида XIII-XIV юзйилликларга оид юзлаб қабртош битиклари бугунги кунгача сақланиб қолган. Дунай булғорчасига тегишли бир неча ўнлаб сўзлар юнон ва славян ёзувларида битилган бўлиб, улар илк ўрта асрларга бориб тақалади. Бундан ташқари, бугунги кунги славян тилли болгар ва уларга қўшни айрим славян тилларида, фин-угор элати венгерчада, Шимолий Кавказдаги черкасларда эски булғорчадан ўтган юзлаб ўзлашма сўзлар учрайди. Айниқса, венгер тилида 500 га яқин булғорча сўз борлиги аниқланган. Кубань булғорлари ва қипчоқларнинг издошлари деб қараладиган қорачой-болқор, қримчак ва қарайим туркчаларида ҳам бир неча ўнлаб эски булғорча сўзларга дуч келинади.
“Булғор” этник атамасининг ўзиёқ уларнинг туркий элат бўлганини кўрсатади. Эски туркча “булғамоқ, аралаштирмоқ, қориштирмоқ” феъли – булға- + äр/эр “эр, киши” қўшимчаси негизида ясалган деб қараладиган “булғор” этник атамаси кўпгина туркий тилларда, айниқса, ўзбек тилида Болқондаги славян тиллиларнинг бир бўлаги учун, шунингдек, Волга бўйининг туркий аҳолиси билан боғлиқ қўлланилган: “булғори” (терининг бир тури), “булғори этик” ва бошқалар. Шу билан бирга, айрим изланувчилар булғор атамасининг келиб чиқиши “Ўзак туркча” ёки “Ўзак ўғур-булғорча” бел / бул “беш (5)” + ўғур “ўғуз (уруғлар бирлашмаси)” сўзларига бориб тақалишини, бел-ўғур атамаси “беш ўғуз (5 та қабила) уюшмаси” англамида эканини илгари сурадилар. Шу ўринда, бел-ўғур – булғор сўзининг ўзиёқ бу элатни туркийларнинг ўғур-булғор тармоғига тегишли деган қарашни кучайтиришини айтиб ўтиш керак.
Шу ўринда, бугунги славян халқларининг энг жанубий тармоғи бўлган, деярли минг йилдан бери Болгария ўлкасининг туб ерликлари бўлган болгар тили булғор тилидан бутунлай бошқачадир. Илк ўрта асрларда Болқон ярим оролига келиб ўрнашган булғор турклари кўп ўтмай ўз қўл остидаги славянларнинг тилида сўзлашишга ўтгач, бу тил муомаладан тўхтади: бугунги кунда “булғор” деган номдан бошқа деярли бирор нарса сақланиб қолмаган. Шундай бўлишига қарамай, айрим изланувчилар Болгария ўлкасининг илк ўрта асрлар тарихини, айрим сўз ва атамаларни булғор турклари билан боғлаб тушунтиришга интиладилар.
Булғор тилининг тўғридан-тўғри издоши бугунги кунда чуваш туркларидир. Қуйида бирмунча тўлақонлироқ кўриб ўтиш учун келтирилган булғорча ва чувашча саноқ сонларининг деярли бир экани буни кўрсатиб турибди: 2 – булғорча эki – чувашча ikkĕ; 3 - weç – vişşĕ; 4 – töet – tăvattă; 5 – biel – pillĕk; 6 – alti – ulttă; 7 – ciyeti – şiççĕ; 8 - sekir – sakkăr; 9 - tohir – tăhhăr; 10 - wan – vunnă.
Милодий бир мингйилликнинг ўрталаридан бошлаб Византия (юнон) ва арман тилли ёзма манбаларда тилга олиниб, ўша чоғлардан XIII-XIV юзйилликларгача бўлган, деярли бир ярим мингйиллик вақт кесимида сўзлашув ва ёзма тил ўлароқ қўлланилган булғор тили ўз ўрнини қипчоқ тилига бўшатиб беради. Шунингдек, бу тилда сўзлашган туркий элатларнинг бир бўлаги бутунлай бошқа тил туркумларида сўзлашувчи славян, фин-угор ва кавказ тилли элатлар орасига сингиб кетади.
Эски хун тилининг бир тармоғи деб қараладиган булғор туркчаси ўғуз, қарлуқ ва қипчоқ туркчаларидан кескин ажралиб туради, бир қараганда уларни тушуниш қийин. Булғорча сўзларни тушуниш учун бу борада анчагина ўқиб-ўрганиш керак бўлади. Бу тилнинг ўзига хос сўзларга эга бўлганлиги, айрим товушларнинг бутунлай бошқача қўлланилиши бошқа туркий эл-улус вакилларига қийинчилик туғдиради. Булғорча ва унга яқин хазар тили билан бошқа туркий элатлар бир-бирини яхши тушуна олмаганликлари ўз даври ёзма манбаларида ҳам ўрин олган, – бошқа-бошқа тиллар деб келтирилган.
Дунай булғорларининг тили
Осиёнинг кунчиқари – Мўғилистон ва Шимолий Хитойдан кунботар томонига йўл олган кўпсонли xун элатларининг бир бўлаги 370–375 йилларда Волга дарёсини кечиб ўтиб, Шимолий Кавказ қир-адирларида ўрнаша бошлайди. Улар Кубань дарёси қирғоқларидаги Алан (эроний), Касог (черкас) каби ерли элатларни бўйсундирадилар. Ғарбий хунларнинг бир тармоғи бўлмиш булғорлар III-IV юзйилликларда Кубань бўйига келиб ўрнашганликлари Византия ёзма манбаларида эслатилади. Византиялик тарихчи Дионис 330 йилларда Кавказ тоғларининг кунгай томонларигача юриш қилган хунлар тўғрисида ёзган бўлиб, айрим изланувчилар уларни булғорлар билан тенглаштирадилар.
Улардан бирмунча кейин – 558 йилда Кавказга кириб келган аварлар эса хунларнинг булғорларга яқин бир тармоғи бўлиб, бу ерда бир муддат яшагандан сўнг булғорлар билан бирга Болқондаги Дунай ўлкасига кўчиб ўтади. 671 йилда Аспарух йўлбошчилигида булғорлар бугунги Болгария ўлкасида ўз бошқарувини ўрнатгач, қўл остидаги славянлар орасида эриб, она тилини йўқотсалар-да, ўз номлари ва айрим этник белгиларини сақлаб қоладилар. Кавказда қолган Кубань булғорлари эса алан ва адиге (черкас) элатлари билан қўшни яшай бошлайдилар. Улар бугунги қорачой-болқор туркларининг илк ота-боболари саналади.
Византия ёзма манбаларида булғорларнинг VII юзйилликкача Қора денгизнинг шимолида – Азов денгизи юқорисидаги қир-адирларда яшаганликлари, бошқарувчиси Қубрат-хон ўлгач, тушкунликка юз тута бошлаганликлари тилга олинади. Қубратхоннинг тунғич ўғли Бат-боён Азов теграсида, иккинчи ўғли Қoтрағ Дон дарёси қирғоғида, учинчи ўғли Аспарух эса Дунай бўйларида булғорларга бошчилик қилади. Азов бўйидаги Бат-боён бошчилигидаги булғорлар юнон (Византия) ва рус йилномаларида “Қора-булғор” атамаси остида эслатилиб, бугунги қорачой-булғорларга уларнинг издошлари деб қаралади.
Илк ўрта асрларда Урал тоғлари теграларидан йўлга чиқиб, Кубань ўлкасига келиб ўрнашган венгерлар узоқ йиллар Шимолий Кавказдаги булғорлар билан қўшни яшайдилар. Маданий томондан анча юқори бўлган булғорлардан венгер тилига кўплаб сўзлар ўтган бўлиб, айрим изланувчилар венгерчадаги туркий сўзлардан 300 та, айримлар эса 500 га яқини ўзлашганини илгари сурадилар. Венгер тилидаги экин-тикинчилик, боғдорчилик ва чорвачилик, шунингдек, бошқарув билан боғлиқ сезиларли бир бўлаги булғорча эканлиги англашилади. Қизиғи шундаки, бу каби ўзлашма сўзларнинг анчагинаси қорачой-болқор туркчаси ва уларга қўшни кавказ ва осетин тилларида сақланиб қолган.
Бунга Кубань булғорчасига тегишли деб қараладиган “ёмғирлик, ёмғирпуш” англамидаги жақу, чақу сўзи бугунги черкас тилида шақу деб қўлланилишини ўрнак ўлароқ кўрсатса бўлади. Бу сўз ўғуз, қарлуқ туркчаларида йақу / йағқу кўринишида бўлгани кузатилади. Шунингдек, эски чоғларда туркий тилларнинг ўғур-булғорчасида дағ ўлароқ ишлатилган “ёғ” (мой) сўзи қипчоқ туркчасининг бир тармоғи бўлмиш қорачой-болқорчада жав бўлса, черкасчада эса дағэ (дағэ) кўринишида учрайди.
-ш ундоши ўрнига -л ундоши ишлатилган ўғур-булғор туркчасининг излари қорачой-болқорча қалақ сўзида сақланган бўлиб, бошқа туркий тилларда бу сўз қашық (қошиқ) кўринишидадир. Черкас тилида “қамиш” англамидаги къамыл сўзига эса ўғур-булғорчадан ўзлашган, деб қаралади.
Шунингдек, Дунай булғорчасига тегишли сўзларнинг айримлари Шарқий Европа ва Византияда яратилган қуйидаги ёзма ёдгорликларда учрайди:
1) VIII юзйилликда славян (эски рус) тилида ёзилган ва изланувчилар томонидан “Булғор хонлари рўйхати” деб аталадиган битикда ўрин олган. Улар Булғор хонларининг исм ва унвонлари, сонлар ва мучал йили билан боғлиқ ҳайвон отларидир.
2) Венгриядан топилган VIII юзйилликка тегишли эски турк-рун ёзувли “Над-Цент Миклош кўммаси (хазинаси)” деб аталувчи олтин буюмлар, IХ юзйилликка бориб тақалувчи юнонча-булғорча битиклар; Олтин идишлар сиртидаги битиклардан намуна келтирамиз: Buyla Jopan düge(r)tögi. Butaul Jopan tagrogi. İçigi tesi “Буйла Чўпон тосни тўлдирди, Бутаул Чўпон (қабрга) тақди (=осди). Ички(лик) тоси”.
3) Ўрта юнонча эски булғор битиктошлари ва Византия ёзма манбаларида учрайдиган киши исмлари ва унвонлар;
4) Дунай булғорчасидан эски христиан славянчасига ўтган айрим ўзлашма сўзлар;
5) Византия ёзма манбаларида тилга олинган киши исмлари ва унвонлар.
Шу ўринда Шарқий Европадан, айниқса, Венгриядан топилаётган эски турк-рун ёзувли битикларнинг тили бугунгача тўлақонли аниқланмаган бўлса-да, кўпчилик тилчилар ушбу битикларнинг Кубань, Дон, Волга, Ўрта Осиё, Жанубий Сибир, Олтой ва Мўғулистондан топилган эски турк битикларига анча-мунча ўхшашликка эгалиги ҳамда V–IX юзйилликларда яратилгани, кўпинча ўғур, авар, булғор, куман каби туркий элатлар билан боғлиқ қабр-қўрғонларда учрашидан келиб чиқиб, уларни туркий тилли ёдгорликлар сирасига киритишларини айтиб ўтиш керак.
№ |
Дунай булғорчаси |
Ўрта туркча |
ўзбекча |
1 |
Kana ~ kanna ~ kane |
Qan |
Хон |
2 |
Sübigi |
*sü-begi / sü-başı |
“қўшин бошлиғи” |
3 |
Boyla; içurgu boyla |
boyla; içräki boyla |
“ички (саройга) тегишли бўйла” |
4 |
Kawhan ~ kaphan~kopan |
Qapğan |
|
5 |
Bayan ~ bayen |
Bayan |
Боён, бой |
6 |
kolovr-os, kuluvr-os |
qulavuz / qulaguz |
Қуловуз, йўлбошчи |
7 |
Tarkan ~ trakan |
Tarqan |
Тархон |
8 |
Bagatur ~ bogatur |
Bağatur |
Баҳодур |
Буюк Булғор қироллиги
Ғайбулла БОБОЁР,
профессор
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ