Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат.
– Хуршид ака, аввало маънавият тушунчасига лўнда изоҳ берсангиз.
– Маънавият тушунчасига «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да яхши изоҳ берилган. Ундаги «барча ахлоқий нарсалар, хусусиятлар», шунингдек, «инсониятнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, диний, ахлоқий ва шу каби тасаввурлари ва тушунчалари мажмуи» деган сўзлар маънавиятнинг мағзини, моҳиятини, қалбини англатади. Оддийгина ва тўғри изоҳ, лекин бу оддийликни тўла идрок этиш, тушунтириш жуда мураккаб. Шу сабабдан ҳам маънавият тушунчасига тўла-тўкис, лўнда изоҳ беришга даъво қилолмайман. Тушунчанинг яна кўплаб жиҳатлари назардан четда қолиб кетаётгандек туюлаверади. Умуман, маънавият ва унинг тарғиботи борасидаги қарашларим ўзгачароқ, имкон бўлса шу ҳақдаги мулоҳазаларимни бир бошдан баён қилсам.
– Марҳамат.
– Маънавият аниқ фан эмас, унинг чек-чегараси йўқ, инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади. Уни изоҳловчи таъриф ва тавсифлар бир чеккадан рўйхатга олинса, саноқнинг охирига етиб бўлмайди. Қўлга ушлаб кўрсатиш мумкин бўлган буюм эмас-да! Чамамда, маънавият тушунчасининг мураккаблиги, салмоғи, жозибаси, мўъжизаси ҳам шунда бўлса ажабмас.
Тасаввур қилишга уриниб кўрайлик: маънавият – инсон ҳаётининг ҳар бир дақиқасида, ҳар лаҳзасида кўзга ташланади. Бошқача айтсак, инсон тафаккурида, ҳаётида маънавий унсурлар, мезонлар «иштирок этмаган» лаҳзанинг, ҳолатнинг ўзи йўқ.
Фикримизга янаям аниқлик киритиб олайлик.
Инсон тийнатидаги барча фазилатлар, масалан, маданият, маърифат, одоб, инсоф, диёнат, адолат ва ҳоказолар ўзича ҳали маънавият эмас, балки пировардида маънавият уммонини вужудга келтирувчи ирмоқлардир. Бамисоли тоғдан жилдираб оқиб тушаётган жилғалардир. Улар вужудга келади, шаклланади, сайқал топади, тобланади ва шундан сўнггина онгу шууримизнинг олий қаватларида бунёд бўлган-бўлаётган маънавият кошонасига олиб чиқувчи пиллапоя вазифасини ўтайди. Инсон тийнатидаги ҳар қандай фазилатнинг ўқ томири унинг ўша қўрғонидан куч олади.
Энди, банда борки, хом сут эмган-да, иттифоқо қандайдир иллат-кароҳатга йўл қўйди дейлик, дарҳол уни маънавиятсизликда айблашга одатланганмиз. Йўқ, пича ошиқмайлик. Бу бизнинг маънавиятга бўлган ҳозирги ёндашувимиз нуқтаи назаридан тўғри, менимча эса ҳамма айб, сабаб юқорида мен айтган ирмоқларда! Чунончи, интизомсизликда, инсофсизликда, фаросатсизликда, уқувсизликда ва ҳоказо.
Тушунтира олдимми? Айтмоқчиманки, маънавият – тасаввур қилиб бўлмас даражадаги юксак тушунча!
Яна маънавиятнинг манзил-маскани ботинда – қалбимиз, шууримизда, шу билан бир вақтда маънавият – инсон ҳаётининг зоҳирини ўзи яшаб турган ён-веридан тортиб ҳў-ў глобал миқёсларга довур қамраб олувчи қудратли куч.
Яна «маънавият» сўзи якка ишлатилмаслиги бежиз эмас, кўпинча у «маънавият ва маърифат», «маънавият ва маданият» дея жуфтликда тилга олинади. Сабаби, маънавият ботиндан зоҳирга чиққан заҳоти маърифат отининг жиловини қўлга олади, яъни ёқилган чироқ сингари нур соча бошлайди, атрофдагиларга таъсир ўтказа бошлайди. Маърифат улашади. Бундай ҳолат табиий равишда кечади. Маърифати тўкис инсон дунёни, одамларни, жамиятда юз бераётган воқеаларни ана ўша қўрғони мезонларига таянган ҳолда кузатади, баҳолайди ва истаса-истамаса мудом атрофидагиларга, дунёга сайқал бераётган бўлади. Маънавиятнинг замиридаги буюк, ҳаётбахш ва боқий гуманизм ана шунда!
Яна маънавият қалбимиздаги илоҳий туйғу сифатида жамики ҳаракатларимизни бошқарувчи, йўналтирувчи йўлчи юлдуздир!..
Маънавият мавзусига дахлдор барча қарашлар у ёки бу маънода мазкур таъриф-тавсифлар теварагида айланади.
– Кечирасиз, Хуршид ака, суҳбатимиз бошланишидан бирмунча мураккаблашиб кетгандай туюлмаяптими? Биз маънавиятнинг аввало оммабоп тушунча эканлигидан келиб чиқсакми деган фикрда эдик.
– Нима демоқчиман? Бугун мамлакатимизда маънавият соҳасига берилаётган эътиборнинг асл мақсадини теран тушунишимиз керак. Қаламкашми, сиёсатчими, санъатнинг атрофида юрган кишими, аввало бу табаррук тушунча моҳиятини яхши билиши зарур. На ахлоқ, на одоб, на билим ва истеъдод жиҳатдан ўзи талабга жавоб бермасдан оддий халққа маънавиятдан сабоқ бериб бўлмайди. Халқнинг орасида шундай улуғ одамлар борки, улар кимнинг кимлигини жуда яхши билади. Чўлпон «Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб халқ ичига борайлик» деганди. Ҳақиқий маънодаги маънавият қаерда эканини донишманд шоир айтиб қўйган.
Дўппини олиб қўяйлик-да, ушбу нуқтаи назар хусусида бош қотирайлик.
Такрорлашга изн берсангиз, маънавият қўрғонининг ўзак-ўзагини ташкил этган маданият, маърифат, ахлоқ, тарбия, инсоф, интизом сингари жамики фазилатлар тушунча ва тутум сифатида ҳаммабоп. Барча фазилатлар, юксак туйғуларнинг мажмуаси бўлмиш маънавият эса ўзининг бор мураккаблиги билан – хос тушунча. Хос тафаккур ва хос турмуш тарзи. Қиёс учун айтсак, қадимдан Шарқда эъзозлаб келинадиган «комил инсон» мақоми, тушунчаси бор-ку, шунга яқин!
Ана энди савол туғилади: комиллик мақоми нечоғли оммалашган? Нечоғли кишиларимизнинг тафаккур ва турмуш тарзига айланган?
Ҳеч ким аниқ жавоб беролмайди.
– Янада мураккаблашяпмиз...
– Мураккаблашаётганимизни пайқаганингиз учун раҳмат. Маънавият, маънавий тарбия мавзусида озмунча гапирмаяпмиз, ёзмаяпмиз, уларнинг ҳеч бирини истисно қилмаймиз, лекин, менимча, бу борадаги катта камчилигимиз маънавиятни жўнлаштираётганимизда, маънавиятдек юксак тушунчани омма тафаккури даражасидагина талқин қилиш билан чекланиб қолаётганимизда деб биламан. Шунинг учун бу масалада мезонни баланд олиш ва оммани шу мезон сари ундаш керак.
– Сиз туманда ёки ҳозирги кунда мактабларда ташкил этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимида ишласангиз қандай услубни йўлга қўйган бўлардингиз? Умуман маънавият вакилини қандай тасаввур қиласиз?
– Аввало юртимизда маънавият борасидаги ишларимиз мутлақо бошқача босқичларга кўтарила бораётганини эътироф этмоғимиз керак. Ташкилий ишлар, кадрлар муаммоси, моддий қўллов кўзга ташланиб турибди. Конкрет айтсам, Президентимиз олға сурган беш ташаббусни халқимиз орасида оммалаштиришга бор кучимни сарфлаган бўлардим. Эътибор берайлик:
– мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишни ошириш;
– жисмоний чиниқиш ва спорт билан шуғулланишни турмуш тарзига айлантириш;
– компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш;
– китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда аёлларни иш билан таъминлаш.
Соддагина тушунтиришни истасак, соғлиқ, бадиий дид, китобхонлик, янги ахборот технологиялари борасидаги малака бўлмай туриб маънавий дунёнинг комиллигини тасаввур қилиш қийин.
Шулардан келиб чиқиб, ёшларга ўта оддий тушунчаларни уқтириш, уларнинг элементар ахлоқ, интизом меъёрларини ўзлаштириши ниҳоятда улкан аҳамиятга эга деб ўйлайман. Маънавият сари ташланадиган илк одимлар ушбу тушунча ва меъёрлардан бошланади. Улар бамисоли маънавият алифболари! Ҳарф танимаган одамга «Ўткан кунлар» ёки «Уруш ва тинчлик» романини ўқи дейиш беҳуда.
Яна айрим мулоҳазаларни айтсам.
Она тилимиздаги олам-олам сўзларнинг маъносини англашни ўргатиш жуда зарур вазифаларимиздан деб ҳисоблайман. Асрлар мобайнида олтин ёмбига айланган шу қадар қимматли сўзларимиз борки, улар муомаладан чиқиб кетаяпти. Унутилмоқда. Сўз унутилдими, унинг маъноси ҳам унутилади. Бу унутилган маъно билан бирйўла тийнатимиздаги одамийлик туйғулари унутилди демакдир.
Кичик бир мисол келтирай. Ўрни келганда балоғат ёшига тўлаётган йигит-қизларимизни «Андиша, истиҳола, лабз, субут, нафсоният, ҳиммат сўзларининг маъносини биласизларми?» деб саволга тутаман.
Саволга тўлиқ ва атрофлича, қониқарли жавоб йўқ ҳисоби. Бундан мазкур сўзлар ифодалаётган ажиб ва тиллога топилмас туйғулар унутилиб бормоқда деган хулоса чиқмайдими?!
Ўзбек халқи қандай халқ, қандай миллат деган саволга хорижликлар орасида фақат меҳмондўст эмас, балки андишали, истиҳолали, лабзли, субутли, серҳиммат, нафсониятли, вақтни қадрловчи халқ, миллат деган таърифлар тарқалишини жуда орзу қиламан.
Шунингдек:
ёшларимизда муомала маданиятини шакллантириш;
фавқулодда вазиятларда ўзлигини йўқотмаслик;
овқатланиш одоби;
ҳуснихат;
нотиқлик санъати;
баҳс маданияти ва танқидга муроса...
Майдалашиб кетгандек туюлмадими?
Майдалашдик, лекин ана шу майдалашувлар босқичини босиб ўтмаган одам маънавият осмонига кўтарилолмайди. Булар – бамисоли маънавият осмонида чарақлаган юлдузлар.
Маънавият вакилига мутлақо осон тутмайман, лекин у мажбур, у ўз ҳаракатлари билан комил инсонни тарбиялашга ўзини буткул бағишламоғи даркор. Бунинг учун эса аввало ўзи тарбияланган бўлмоғи шарт.
– «Халқимизнинг жуда бой маънавий мероси бор!». Бу гапни доим ишлатамиз. Бу чин гап аслида. Аммо бу мерос асли нималардан иборат, уни биз бугун қандай истифода этаяпмиз? Бу жараёндан қониқасизми?
– Бу гапда муболаға йўқ. Маънавий мерос борасида бизга бас келадиган халқ бўлмаса керак дунёда! У истифода этилмоқда, яъни тарихий манбалар ўрганилмоқда, нашр этилаяпти. Бироқ турли замонларда юксак маънавий мерос намуналари ўлароқ яратилган манбаларга қайта ҳаёт бахш этиш учун ўша улуғ муаллифлар даражасига кўтарила олган тадқиқотчилар кўпайиши ҳам зарур экан-да! Яъни ҳозирги маънавий даража қадимги маънавий даража юксаклигига кўтарилмоғи керак!
Беруний, Ибн Сино, Термизийлар... Яссавий, Навоий, жадидлар аждодимиз деб кўксимизга уриш кўчадаги ёқалашувда чоғи келмай уйидан акаси ё отасини чақириб чиққан болакайнинг аҳволига ўхшаб кетади. Хўш, ўзинг нимага ярайсан? Қўлингдан бирор иш келадими?!
Маънавий мерос баҳоли қудрат ўрганилмоқда, ҳаётга қайтарилмоқда деяпмиз, бундай ишларимиз таҳсинга лойиқ. Лекин масаланинг бошқа муҳим жиҳати бор: ўша қимматли меросни ҳаётимизга етарлича татбиқ эта олмоқдамизми?
Юқорида айтилган гапимизга қайтишга тўғри келади: маънавият хос тафаккур эгалари кўтарила оладиган юксаклик бўлганидек, шу ўринда сиз ва биз куюниб айтаётган маънавий мерос ҳам хос кишиларгагина мансубдир. Улар омманинг қувваи ҳофизаси учун кўп жиҳатдан оғирлик қилади. Мутахассисларнинг айтишича, қадимги маънавий меросимиз ичида ҳозирги замон учун асқотадиган чоралар тоғ-тоғ бўлиб уйилиб ётибди. Фақат уларни топиш, аниқлаш ва ҳаётга татбиқ этиш зарур, холос.
– Халқимиз сизни аввало катта ёзувчи деб билади. Ёзувчининг битганлари барча учун захира, қувват манбаи. Демак, ёзувчи биринчи ўриндаги маънавиятчи экан-да...
– Ҳамон адабиётнинг бирламчи вазифаси, миссияси адаб экан, қалам аҳли замон ва замондошлар адаби учун масъул ҳисобланади. Адабиётнинг ўрни мен юқорида тасвирлашга ҳаракат қилганим юксак маънавиятнинг ёнбошида, таркибида. Катта истеъдод билан яратилган асарлар инсон ва дунёнинг мутлақо кутилмаган жиҳатларини кутилмаган оҳанглар, тимсоллар орқали кашф этиши билан маънавияти юксак шахсларни кашф этади, тарбиялайди, улуғлайди. Шу билан бирга бадиий асарлар ҳам хилма-хил тоифаларга бўлинади: энг оддий, жўн тоифа вакилларидан тортиб, сара-хос китобхонларнинг маънавий қарашларига озуқа бера оладиганлари бўлади.
Бир сўз билан айтганда, бадиий ижод маънавиятнинг қадрдони, маслакдоши, кўмакчисидир. Бадиий асар башарият тафаккурини янги поғоналарга олиб чиқишга қодир.
– Миллий ғурур тушунчасини бугун айримлар кибр билан адаштираётганга ўхшайди. Бу тушунча ор-номус тушунчаси билан боғлиқ эмасми?
– Ғурур – инсоннинг кўрки, миллатнинг ҳам кўрки, кибр алоҳида шахс учун ҳам, миллат учун ҳам бирдек улкан иллатдир! Фақат бу икки туйғу орасидаги девор ниҳоятда шаффоф. Ҳар икки туйғуни талқин этишдаги қийинчиликлар шунинг оқибати. Одам феълини талай фазилатлар безаган бўлиши мумкин, лекин бир мисқол кибр барчасини чиппакка чиқаради. Нафсониятни, ғурурни эҳтиётламаслик аввало ўзини ўзи ҳақорат қилиш, сўнг бошқаларнинг ҳақоратлашига йўл қўйиш дегандек гап. Заррача кибр табиий офат янглиғ маънавият кошонасини поймол этади.
Улкан мақсадлар билан яшаётган жамият учун соғлом ғурур бугун ғоятда зарур туйғу! Шахс, миллат, халқ, жамият ва давлат ғурури занжир ҳалқалари янглиғ бир-бирига чатишиб-чирмашиб кетмоғи керак аслида. Афсуски, ушбу олтин занжирни мустаҳкамлаш хусусида етарлича қайғураётганимиз йўқ. Ваҳоланки, ўзбек халқининг тийнатида сақланиб келаётган маънавий қадриятлар курраи заминдаги ҳар қандай халқ, миллат маънавиятини ҳар жиҳатдан бойитишга муносибдир!
– Хуршид ака, ўзбекнинг феъли, ютуғи-ю нуқсони, умуман, миллий менталитети яхлит акс этадиган илмий асосга эга асарга эҳтиёж бордек туюлади. Сиз қандай қарайсиз бу фикрга?
– Нимасини айтасиз! Муаммонинг муаммоси бу!
Халқимиз, тилимиз, юртимиз тарихида қанчадан-қанча жавобсиз саволлар қалашиб ётган бўлса, миллат сифатидаги феълимиз, унинг ютуғи-ю нуқсонлари сарҳисоб қилинган эмас.
Менталитет ўзича мураккаб тушунча. Унинг мезонларини аниқлаш ҳам мушкул. Мен бир ўринда «миллатдошларимизнинг, миллатнинг сифат кўрсаткичлари» деган иборани тилга олгандим. Қулоққа оғир ботмасин, ҳар қандай нарса, буюмнинг сифат даражаси бор, нега шахсники, миллатники бўлмасин? Борингки, шартли равишда масалани шундай қўйиш мумкин. Муҳими, натижа чиқади, хулоса чиқади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 19 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маънавият тарғиботида замонавий технологияларнинг муҳимлиги, ижтимоий-маънавий муҳитнинг илмий таҳлилини кучайтириш зарурлиги, афсуски, соҳада таҳлилчи ва экспертларимиз жуда камлигига алоҳида тўхталгани бежиз эмас. Бир сўз билан айтганда, соҳадаги барча ишларимиз илмий асосга қурилмоғи керак. Шундагина мавзумизга доир қарашлар, мулоҳазалар, таклифлар, ҳаракатлар ғайриилмий, тасодифий ёндашувлар даражасига тушиб кетмайди.
Американинг Сан-Франциско шаҳридаги Калифорния университети маданият ва туйғулар лабораторияси мутахассислари салмоқли ва ғоятда қизиқарли тадқиқотлар ўтказишади. Биз нима учун миллий туйғуларни ўрганмаслигимиз керак? Туйғулар тарихи, маъноси, тобланиши миллат тарихи, миллатнинг ажралмас бойлиги демакдир!.. Миллий менталитетни ҳам илмий, ҳам амалий ўрганиш марказлари ташкил этилмоғи керак.
Кейинги пайтларда китоб кўп чоп этилмоқда. Исталган мавзуда китоб топиш қийин эмас. Лекин фундаментал ва залворли мавзуларга бағишланганлари жуда оз. Дунё, одамзот қай томонларга ошиқмоқда? Нима сабабдан инсоният бу қадар беҳаловот, серташвиш бўлиб кетаяпти? Эрта ё индин башариятни нималар кутмоқда?.. Ўрганилиши керак бўлган мавзулар қалашиб ётибди. Муҳими, мана шундай фундаментал асарлар яратишга қодир адибларимиз, мутахассисларимиз, олимларимиз бор, мен бунга ишонаман. Фақат шу тоифа асарлар қадрланадиган муҳит етишмаётганга ўхшайди.
Китоб ҳақида сўз очилди, бир қўшимча қилай: маънавият соҳасидаги хизматчи бўлсам, мактаб ўқувчилари, қолаверса, олий ўқув юрти талабалари атоқли шахсларнинг (соҳасидан, қайси халққа мансублигидан қатъи назар) таржимаи ҳоли ҳикоя қилинган китобларни ўқишларини, тасвирга олинган фильмларни томоша қилишларини йўлга қўйган бўлур эдим.
– Ўзбекнинг, умуман халқимизнинг феълига бегона бўлган ишлар ҳам содир бўлиб турибди. Маиший ҳаётимизда ҳам, ташқи дунёмизда ҳам буни кўриш мумкин. Маънавият ва қадриятларга, анъаналарга таҳдидлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу борада нима ишлар қилиш зарур деб ҳисоблайсиз?
– Кейинги беш-олти йилда мамлакатимизда ислоҳ қилинмаган бирорта соҳа қолмади. Мана шундай муҳитда кўзланган ишларнинг муваффақияти биринчи навбатда халқимизнинг қўлловига боғлиқ бўлади албатта. Бутун жамият миқёсидаги ўзгаришлар одамлардан мутлақо ўзгача қарашлар, қадриятларни ниҳоятда зийраклик билан англаб етишни талаб қилмоқда.
Айрим масъул шахсларнинг кирдикорларини таҳлил қилиб кўрайлик, уларнинг бари илмсизлик, ахлоқсизлик, нафсни тия билмаслик, фаросатсизлик, дидсизлик, калондимоғлик ва умуман маданиятсизликнинг оқибати эканлигини кўриш, билиш қийин эмас. Демак, салоҳиятли, зуваласи тоза, яъни маънавияти бутун раҳбарлар тайёрлаш борасидаги муаммоларимиз қаерлардадир пусиб ётибди, биз эса уларни ё кўрмаяпмиз, ё кўришни истамаяпмиз!
Таассуфлар бўлсинким, дунё қалқиб турибди, муносабатлар таранглашмоқда. Инсоният тарихида ҳеч қачон замон ҳозиргидек қалтис тус олмаган бўлса керак! Биз жонимизни койитиб қайғураётган маънавият сиёсий, ижтимоий, молиявий ва ҳоказо глобал манфаатлар рўпарасида ожизланиб-ёлғизланиб қолаётгандек. Аслида эса мутлақо ундай эмас, миллий маънавият тирик организмдаги ҳаётбахш иммунитет янглиғ курашувчандир, тийракдир, унинг олдида ҳар қандай ҳаваслар, манфаатлар ўткинчи ва омонатдир!
– Халқнинг якдиллиги ҳамма нарсадан муҳим ва долзарб бўлиб турган бир пайтда...
– Худди шундай: ҳозир ватанимиз равнақи, фаровонлиги, бошланган ишларнинг самарасини кўриш учун ҳам халқимизнинг якдиллиги ниҳоятда зарур. Бугунги вазият халқимизни ҳар қачонгидан кўра жипсликка, бир ёқадан бош чиқаришга ундамоқда. Бу борада ҳам маънавият йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди.
Суҳбатни Шодмонқул САЛОМ ёзиб олди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 4-сон.
“Миллатнинг сифат кўрсаткичи” суҳбати
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ