Ўзбек тили расмий мақом олганига 32 йил бўлибдики, ҳали-ҳамон рус тилининг босимидан қутулолмаяпмиз. Қанча қонуну фармону қарорлар чиқмади дейсиз, лекин айрим соҳаларга ўзбек тилининг сўзи ҳануз ўтмаяпти. Хусусан, кундалик эҳтиёжимизга айланган банкларда “иккинчи она тилимиз”ни билмаган инсон ноқулай вазиятга дуч келиши ҳеч гап эмас.
Айни пайтдаги ҳолатни ўрганиш мақсадида “Саноат қурилиш банк”нинг Юнусобод филиалига бордим. Бошланиши чакки эмас! Ариза тўлдириш учун менга ўзбек тилида намуна беришди. Албатта, бу ёқимли ҳолат. Банкнинг сайтига кириб эса… Сайт икки тилда фаолият кўрсатади, лекин мижозлар электрон шартномаларни рус тилида юклаб олишга мажбур. Давлат тилидаги версиясида ҳам русча ҳужжат чиқиб келаверади. Афсуски, бундай ҳолатни деярли барча банк сайтларида кузатиш мумкин.
“Ипотека банк”нинг Меҳнат филиали Сизни русча мулозамат билан қарши олади – Добро пожаловоть! Кейинги қадамда “Курсы валют” пешонангизга урилади. Пластик карточка очиш мақсадида бланка сўрадим. Хайриятки, банк ҳодимлари ўзбекча намуна тақдим этишди. Шунисига ҳам шукр! Ариза ҳам рус тилида бўлганида борми, Москвадан Тошкентга қайтишга авиачипта қидириб қолармидим.
Тобора ўзлигимдан узоқлашиб боряпман. Абай кўчасидаги “Турон банк” ходимлари буни менга чуқурроқ ҳис қилдиришди. Аризанинг ўзбек тилидаги намунаси “ҳозир йўқ”лигини хотиржам айтишди. Тугаб қолмасдан олдин бормиди, ўзи?!
Навбатдаги манзилим – “Давр банк”нинг Юнусобод филиали.
– Омонат қўймоқчиман.
– Марҳамат!
Ҳа, тилингга шакар! Қандай чиройли ифода!.. Хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Қўлимга тутқазилган қоғоздаги русча бижир-бижир ёзувларга қараб кўзим тиниб кетди. Она тилимни билмайдиган банкка пулимни омонат қолдиролмайман, ахир. “Давр банк”да давлат тилининг даври келмабди ҳали.
“Агробанк”нинг бош офисида қандай манзара кутиб турибди бизни? Унақасидан сўрасам ҳам – ўзбекча, бунақасидан сўрасам ҳам – ўзбекча! Сайтидаги электрон нусхаларига қарадим – ўзбекча! Бўлар экан-ку, а! Отангга раҳмат, Агробанк!
Гапнинг иддаллосини айтганда, авваллари бирор банкда она тилимиздаги ҳужжатларни учратсангиз, жазирама саратонда қизил қор ёғиб юборар эди. Ҳозир вазият анча ўзгарганини тан олиш марднинг иши. Лекин юқоридаги каби ҳолатларга ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ниятимиз – банкларимиздаги ўзбекчалашиш чала қолмасин!
Чарос ТУРСУНОВА
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ