Бугун туркий оламнинг буюк шоири, алломаси Алишер Навоий таваллуд топган кун. Кун давомида кўпчилигимиз Навоий байтларидан бир мисра бўлса-да ўқиймиз, эслаймиз, ижтимоий тармоқларга жойлаймиз. Республикамиз бўйлаб эса шоир ҳайкаллари пойига гулдасталар қўйилади, тадбирларда зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, арбоблар сўз мулкининг султони ҳақида кўп ва хўп нутқ сўзлашади. Аммо, одатда, бу анжуманлар орасида ич-ичимиздаги гаплар тилга чиқмай қолиб кетади. Oyina.uz бугун Алишер Навоийни чиндан яхши кўриб, тушуниб ўқийдиган ёш ижодкорларнинг даҳога айтишни истаган сўзларини мактуб тарзида бир жойга жамлади.
Саройда яшаб, қандай қилиб бу қадар баланд ва гўзал асарлар битдингиз?
Кўрунг, ғам қатлгоҳида, бало жаллоди қошимда,
Жунун занжири бўйнумда, сиёсат тиғи бошимда.
Охирги пайтлар тилимдан Навоий бобонинг шу байтлари тушмаяпти. Алишер Ғиёсиддинович, айтинг-чи, жунун занжири бўйнингизда, сиёсат тиғи бошингизда эканини ва иккаласи ҳам сизнинг қатлингизга сабаб бўлишини билганингиз ҳолда қандай яшадингиз? Қалбингизни қандай асрадингиз? Қафасда қандай парвоз қилдингиз? Саройда яшаб, қандай қилиб бу қадар баланд ва гўзал асарлар битдингиз?
Мен жуда қаттиқ ҳурмат қилган ва яхши кўрган замондош ёзувчи, олимлар бутун жаҳон адабиётини сув қилиб ичгач, яна барибир сизга қайтишганини, ижодингиз, тафаккур ва тасаввур маҳсулингиз оқар дарё, охири йўқ уммон эканини, дунё адабиёти сиздан бошланиб, сизда тугашини айтишади. Алишер Ғиёсиддинович, сиз қачон ҳаётдаги асосий миссия – вазифанингизни англагансиз ва бу қандай содир бўлган?
Замондош бўлганимда эди… Йўқ, сизга саволлар бермас, халақит қилмасдим, нигоҳингиз, хатти-ҳаракатларингиз ҳаммасини айтарди, деб ўйлайман. Ундан ҳам кўпроғини, табиийки, асарларингиз сўзларди. Авваллари уларни кўп ўқирдим. Масалан, «Хамса»нинг ҳамма достонини ўқиб бўлсам, мўъжиза юз берадигандек шошганман. Лекин фойдасини, таъсирини кам сезгандим. Чунки сизни нега ўқишим кераклиги ҳақидаги саволга реал жавобим йўқ эди.
Энди улғайганим сари англаётганга ўхшайман буларнинг барини, асарларингизга табиий эҳтиёж сезаётгандекман. Энди байтларингизга бутунлай бошқа назар билан қарайман. Олдин тушунуксиз, биздан жуда олис, ҳатто пафосга йўғрилгандек туйилган ғазалларингиз, аслида инсон дарди, инсон ҳақиқати, инсон бўлиш босқичлари эканини илғагандек бўляпман. Сизни ҳеч бир таъмасиз ўқиш керак! «Навоийни ўқидим, уни биламан», деган шуҳратпараст ўй зарра аралашса ҳам юқмаслигини билдим.
Сиз ҳам бир байтингизда «Тарки таъма қилғил, саховул бўлғай», дейсизку. Дарҳақиқат, таъмани тарк этишнинг ўзиёқ саховат эканини билган ва ҳаётига, ижодига кўчирган инсон 582 йилдан кейин ҳам эсланиши, икки дунёда азиз, суюкли, мартабали, юзи ёруғ бўлиши табиий.
Навоий бобо, туғилганингиз учун, туркий тильда кўп ва хўп ёзганингиз учун, даҳолик, буюклик юкини кўтарганингиз учун раҳмат сизга!
Айтганча, мени доим қувонтирадиган, сиз билан боғлайдиган бир асос бор, бу – менинг исмим. «Садди Искандарий» достонингизда замонасининг энг фозила, гўзал, оқила аёли, Искандарнинг суюкли ёрининг исми – Меҳрноз, баъзи ўринларда Нозмеҳр бўлиб келади. Сиз бу исмни айнан шу достон учун тўқиган экансиз. Доим исмимни Навоий қўйган деб фахрланиб юраман ўзимча. Исмим учун алоҳида раҳмат.
Ёзган ҳар бир сўзингиз, эзгу амалларингиз қабрингизга нур бўлиб ёғилсин. Дуойингиздаман.
Меҳриноз АББОСОВА,
шоира
Бу жоду сизга ҳам танишми?
Ҳазратим, даҳри дун водийсида ишқ гулларидан термоқ замони бўғзингизга тиқилган вовайло йиғисидан яралган ёниқ мисраларга сингган оғриқ менга ҳам таниш. Бу бир оғриқ эканки, кеча келгумдир дебон ул сарви гулру келмаганидан кўксинг ёниб кўзларингга тонг отқунича уйқу келмас, лаҳза-лаҳза чиқарсану чекармишсан йўлида интизор, бироқ оғзингга жон келаркану ул шўхи бадхў келмас экан...
Муборак оғриқларни мумтоз кечалар талотўпида бошдан кечирибмиз, кечирармиз ҳали кўп!
Ҳазратим, сизга яқинлашмоқ қалбга яқинлашмоқдир, руҳнинг сернақш иморатини безамоқ, долғали кунлар ёдидан ўчиб масрур ва бедор кечалардан ҳаловат топмоқдир, англаганим сайин юксалдим, юксалганим сайин англадим.
Бу кунлар мени жодулаган. Бу бир жодуки, йўқлик ичинда борлиқ, аросат ичинда йўл, қайғу ичинда шодлик, кўнгил ичинда кўнгил ўстира оларкан.
Ҳазратим, кўнгил қуши йиғламасин... У йиғласа, кўзёши қанотини эзиб қўйгай, эзилган қанотлар парвоз завқини унутгай...
Мактубим битар онда, демоқ истарманки, хаёлда сиз билан юзлашмоқ – ичимга йўл олмоқдир. Асл гавҳар ичкарида ошиён топур. Менга бу ошиён сари йўл кўрсатганингиз учун минг салламно!
Раҳмат БОБОЖОН,
шоир
Сиз мерос этган юкни кўтарадиган елкалар қандай эди?
Номингиз билан аталган кўчалар, бекатлар, шаҳарлар, боғлар оралаб ўтар эканман, биргина Аҳмад Музаҳҳиб ишлаган суратда ҳақиқий Сизни учратиб қоламан. Тасаввуримдаги шоирни! Ўша ҳақирликда бўй кўрсатиб турган донишмандликни топаман ундан. Сўнгра сизга сўзлай бошлайман:
Ошиқ бўлдим, панд берманг, чорам асбобин тузинг,
Ишқ зор этганга зулм этманг, тараҳҳум кўргузинг.
Ошиқ бўлдим... Бизда ошиқликка даво қилган эдик. Бизнинг ошиқлигимиз ўзгача бўлди. Ишқнинг кўҳна либосига ярашмадик, Навоий бобо. Қалбимиз, қайғуларимиз ҳам торайиб кетди. На сиз чеккан улус қайғусига шерик бўлдик, на ўз бошимиздаги қорларга адл туролдик. Тағин сизни такрор-такрор пеш қилгувчилар орасида улғайсакда, сувратингизни қалбан танишимиз кеч содир бўлди. Асли ҳали ҳам сизни қанчалик билишимиз, севишимиз аён эмас. Бобо, сиз мерос этган юкни кўтарадиган елкалар қандай эди? Бу ёғи қандай давом этар. Ҳолимизга куярмисиз?..
Гоҳ ғазалларингиз битилган мўъжаз китобни варақлаб, биз англамаган гўзаллик дунёсига мўралайман. Ҳар мисрадан (аслида уни шарҳлари билан ўқисам ҳам) ҳайратланаман, ҳайратланавераман. Ўша оламдан зарра нур олиб шууримга сингдиришни истайман.
Бугун сизга хат йўллайман дейману, ич-ичимда ёруғ сиймонгиздан ҳаё қиламан, Сўзга муносибликда мумтозлашмаган тафаккуримиздан ийманаман…
Мадина НОРЧАЕВА,
шоира
Дипломингиз борми, Навоий?
…Дипломингиз борми, Навоий? Йў-ўқ, албатта! Табиийки ишингиз ва тайинли тураржойингиз ҳам йўқ. Ишқий ғазаллар ўрнини ижара қайғусида битилган достонлар, дуруст шоир бўлганингиз учунгина давлат ташкилотларида ишловчи ўртамиёна қаламтишлар душманингиз камига. Бир кунда бир овқатланмоқ учун ватан этини еб ётганлар ҳовлисида ўт юласиз, гўнг ташийсиз ва тонгга қадар сўлғин руҳиятда ёзилар шеърлар – замон туфлаб қўйган санъат юзига, адабиёт гўрига ғишт қаланган ахир ва ҳеч кимдир шоирга энг мос синоним...
ЖОНТEМИР,
шоир
Мен чўққига қачон етаман?
Ҳазратим, мен бир иш бошлаб қўйдим. Ўзимча набираларингиздан бирининг ижодини тадқиқ қилиб, рисола ёзмоқчиман. Қайси набирам у, деб сўрасангиз, Матназар Абдулҳаким! Ҳозирча ҳолимиз шу – набираларингиз ҳақида фикр юритиб турамизда. Чунки Сизнинг ижодингиз қуёшга ўхшайди. Унга тик боқиш мушкул вазифа. Аммо бу қуёшнинг нурлари тушган манзилларда унган гуллар, чечаклар ҳақида бирор нарса дейиш мумкин.
Ҳечам тутқич бермайдида қурғур Сўз.
Яқинлашсам, оҳу каби ҳуркир Сўз.
Сиздан қолган бу муқаддас Туркий Сўз.
Ассалом, Ҳазратим, Навоий бобом!
Бу мисраларни ҳайкалингиз пойига борганда айтгандим. Ўзи биз шунақамиз. Ҳайкалингиз пойига боришгагина журъатимиз етади. Аммо қачон, қандай қилиб ўзингизга етиб борамиз бу судралишда? Яна неча йил зарур, яна неча довонлардан ошишимиз керак?..
Тадқиқ этаётганим – Матназар Абдулҳакимнинг бир шеърини ўқиб, чўчиб кетдим. Мана ўша шеър:
Навоийни ўқиб
Минг машаққат билан чиқдим мен,
Қирқ йил чирмашдим бу чўққига.
«Шоирмассан. Тушавер қайтиб!»
Шундай бўлди ҳукм – ўқилган.
Теграмга бир боқдим ютоқиб
Дунё кўриб олмоқ ғамида,
Ерга қайтиб тушмоғим учун
Яна қирқ йил керак… камида.
Шоир ижодингизни юксак чўққига менгзамоқда. Унинг бу чўққига қирқ йил давомида чирмашиб чиқиб олганини, ўзини юпун ҳис қилиб, ўзи ҳақида «шоирмассан» деган хулосага келганини эшитиб, мен бу чўққига қачон етаман деган ўй босди. Ўзимнинг ҳолимга ўзим кулдим. Атрофдагилар ҳайрон. Кейин мана бу мисраларингиз танобимни тортиб, адабга чақирди:
Тарки адабдин бири кулгудурур,
Кулгу адаб таркига белгудурур.
Сизга – юксак чўққига қачон етар эканман деб бетоқатлик қилмаяпманми? Агар бесабрлик қилаётган бўлсам, маъзур тутасиз, Ҳазратим! Ахир айтмабмидингиз:
Кимгаки иш бўлди қаноат фани,
Билки, ани қилди қаноат ғаний.
Сал ҳовурим босилгандай. Ҳар бир ҳикматингиз мағзини чақиб, бир поғона-бир поғона баландлагандайман. Ҳар ҳолда, ўзимга шундай туюляпти. Энг муҳими, мен йўлга чиққанман. Фақат чўққига қачон етаман?! Билмайман…
Кумуш АБДУСАЛОМОВА,
шоира
Қиёматли муҳаббат
Ҳаётингиз давомида қизиқ фактларга кўп бор дуч келавераркансиз. Боғлайман десангиз, воқеаларнинг кети узилмайди, ҳодисалар бир-бирини етаклаб келаверади. Бундан 30 йил илгари Навоий вилоятида дунёга келиб, сизнинг туғилган кунингизда «метрка» олганман. Дадам сизга ҳавас қилиб, Алишер деб исм қўйганлар (зора, шоир бўлса деган умидда). Мактабга борганимда ўртоқларим «Алиш» деб чақиришни бошлашди. Бундан жуда ранжидим. Чиройли исмимни бузиб талаффуз қилишларига чидай олмадим. Ҳамма сизни тўлиқ исмингиз билан, ҳаттоки тахаллусингизни қўшиб зикр қилади. Хотира кечаларингизни ўтказадилар. «Демак, буюк шахс бўлсанггина, исмингни тўлиқ айтишар экан», деган тушунчага келдим ва ўша мақсад сари одимладим. Ҳозир, Худога шукр, «Алиш» эмас, Навоийлик Алишерман. Исмимга тахаллусимни ҳам қўшиб айтишади.
Айтишларича, Самарқанд шаҳрига қилган сафарингиз чоғида Кармана (ҳозирда Навоий вилояти Кармана шаҳри) яқинидаги сардобалардан бирида тўхтаркансиз, ўша атрофдаги қум текисликларига қараб, «Бир кун келиб, бу ерлар обод бўлиб, гўзал бир шаҳар вужудга келади», деган экансиз. Қизиғи шундаки, шу сўзларингиздан қарийб беш юз йил ўтиб, яъни 1958 йили ўша текисликларда шаҳар барпо этилиб, сизнинг шарафингизга номланди. Шундан сўнг мустақил юртимизнинг энг йирик вилояти ҳам айнан сизнинг номингиз билан аталадиган бўлди.
Аммо, мени бошқа бир нарса қизиқтиради. Самарқанд сафари давомида шу ўлкада адашингиз, ёш Алишер бўлишини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз? Унинг отаси сизга муҳаббати туфайли ўғлига исмингизни қўйиши хаёлингизга келганми? Яна бир гап. Шу исмга муносиб бўлиш учун доимо сергак туришга, самимийликни йўқотмасликка, кўпроқ ўқиб, ёзишга интиламан. Бу борада қанчалик ютуқларга эришдим билмайман, лекин бир ривоят коънгилга таскин: кимнидир чин дилдан яхши кўрсанг, қиёматда шу одам билан ёнма-ён бўласан, дейишади. Шундай экан, менинг кўнглим тўқ, сабаби, сизни севамиз ва сизга интиламиз мудом.
Навоийлик АЛИШEР,
шоир
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ