Михаил ШОЛОХОВ
Таниқли рус ёзувчиси Михаил Шолохов 1965 йили Нобель мукофотига лойиқ деб топилган. Ёзувчи мукофот пулинининг кўп миқдорини дунё бўйлаб сайру саёҳат учун сарфлайди.
“Отам 1941 йили олган Сталин мукофотининг пулини Мудофаа фондига ўтказган бўлса, Ленин мукофотининг пулини ўзи ўқиган мактабнинг таъмири учун ишлатган. Нобель мукофотининг пулини эса ўзи учун сарф қилди. Отам ўша пулга бизга, ўз болаларига, Европа давлатлари ва Японияни кўрсатди. Биз уловда Англияни, Франсияни, Италияни бошдан-оёқ сайр қилдик”, дея ёзади ўз хотираларида Шолоховнинг қизи Светлана.
***
Иван БУНИН
Бу мукофотга 1933 йили лойиқ кўрилган рус ёзувчиси Иван Бунин оиласининг яқин дўсти Зинаида Шаховская ўз эсдаликларида шундай ёзган:
“Франсияга қайтган Иван Алексеевич пулини дабдабали маросимлар ўтказиш, муҳожирларга ёқиш учун байрамлар ташкиллаштиришга сариқ чақасигача сарф қила бошлайди. Ниҳоят, энг сўнгги маблағини ҳам “хайрихоҳ одамлар”нинг маслаҳати билан “фойдали иш”га тикади ва пулларнинг қолгани ҳам ҳавога соврилади”.
***
Дарио ФО
1997 йили Нобель мукофотига лойиқ деб топилган италиялик машҳур драматург Дарио Фо олган пул мукофотини қайсидир “бизнес”га тикади. Натижада пушаймондан бошқа “даромад” кўрмайди.
***
Рене Франсуа Арман Сулли-Прудом
1901 йилги, адабиёт йўналишининг илк нобелчиси, франсуз шоири Сулли-Прудом ўз пулларига номини абадийлаштириш мақсадида “Сулли-Прудом шеърият мукофоти”ни таъсис қилади.
Бироқ мукофотнинг умри қисқа бўлган – бор-йўғи 6 йил. Шоир оламдан ўтганидан сўнг эса фонд бутунлай ёпиб юборилган.
***
Габриел Гарсия МАРКЕС
Колумбия ёзувчиси Габриел Гарсия Маркес 1982 йили олган Нобель мукофоти пулига “Колумбия адабиёти” номи остида журнал ташкил этади. Бу журнал ҳозирда ҳам ёзувчининг ўз ўлкаси ва Мексикада нашр қилинмоқда.
***
Имре КАРТЕС
2002 йилнинг Нобель мукофоти соҳиби, можор ёзувчиси Имре Картес олган мукофот ҳаққини умр йўлдошига топширган.
“Аёлим мен билан йўқсил ва ночор ҳаёт кечирган йиллари учун унга истаган нарсасини сотиб олишга рухсат бердим. Истаса кийим-кечак, истаса зеб-зийнат харид қилсин”, деганди ёзувчи газетага берган суҳбатларининг бирида.
***
Александр СОЛЖЕНИЦИН
1970 йили Нобель мукофоти билан тақдирган рус ёзувчиси Александр Солженицин мукофот пулига АҚШнинг Вермонт штатидан катта ҳовли сотиб олган. Бу ҳовли икки уйдан иборат эди. Ёзувчи уйларнинг биридан ишхона сифатида фойдаланган бўлса, яна бирида турмуш ўртоғи, қайнонаси ва уч ўғли истиқомат қиларди.
***
Ўрхон ПОМУҚ
2006 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган туркиялик ёзувчи Ўрхон Помуқ мукофот пулининг бир қисмини “Масумият музейи” романи асосида Истанбулда ўзи ташкил қилган музей биносини сотиб олиш, музей дизайни ва экспонатлари учун сарфлаган.
Тўпловчи ва таржимон:
Раҳмат БОБОЖОН
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ