Дунё катта ўрмон. Умумий маконда умумий ва шахсий чегарани белгилаб олиш муҳим. Чегара унутилган жойда мавҳумлик бошланади. Тафаккур эса аъмол ва қиёфамизни, мақсад ва маслагимизни, уфқимизни равшанлаштириб туради. Илдизини ҳис қилган инсон бугунги манзаралар олдида келажак оғриқларини туйиши тайин. Oyina.uz мухбири шоир Эшқобил Шукур билан умумий макондаги умумий ва шахсий бурчлар ҳақида суҳбат қурди.
– Бозорга борган одам пулига қараб нарса танлайди. Интернет фойдаланувчисида бу қонуният ўзгачароқ. Ахборот уммонига ҳар қандай инсон ҳам ғарқ бўлиши мумкин. Бугунги манзара олдида кўнглингиздан нималар ўтади?
– Мирзо Бедилнинг “Кўринмаган сувга қўлингни ювма” деган мисраси бор. Ҳозир айнан кўринмаган сувга қўл ювиш урф бўлди. Шовқин-сурон кўп, сокин мулоҳаза йўқ. Гап кўп, фикр йўқ. Ҳолбуки, бир вагон гапдан кўра бир чимдим фикр авло. Шунинг учун ўйлаб-нетиб ўтирмай, дуч келган нарсанинг изидан лўкиллаб югуриб кетавериш, ҳовлиқмалик, фаросатсизлик авжга чиқяпти. Эркинлик бошқа, бошбошдоқлик бошқа, фикр бошқа, маҳмаданагарчилик бошқа. Одамнинг дунёга, умуман ҳамма нарсага муносабатини унинг ички маданияти белгилаб беради. Аслан маданиятли одам зулматдан ҳам нур ахтаради, бундан мосуволар эса ҳар нарсадан, жумладан, интернетдан ҳам, иллат, фисқу фужур топади.
ХХ асрда кино дунёни забт эта бошлаганида Ғарб файласуфларидан бири “Кино бизни кўришга ўргатди, лекин қарашдан жудо қилди”, деган эди (ҳолбуки, ўша пайтдаги фильмлар ҳозиргидан кўра анча тузук бўлган). Дарҳақиқат, кўриш ва қараш бошқа-бошқа тушунча. Бир кунда минг-минглаб нарсаларни кўрамиз, лекин шундан бор-йўғи уч-тўрттасига қараймиз. Қарашда дунёқараш, фикр, ички муносабат, ҳатто туйғу иштирок этади, кўришда эса ундай эмас. Дунёнинг машҳур кинокомпаниялари Габриэль Гарсиа Маркесга “Юз йил ёлғизликда” романи асосида бадиий фильм ишланиши учун рухсат маъносидаги биттагина “хўп” сўзи учун миллионлаб доллар ваъда қилишганда адиб, эҳтимол, айни кўриш ва қараш орасидаги тафовутни ҳисобга олиб, “Йўқ!” дегандир.
Қуёшнинг чиқиши ва ботишини, далаларни оппоқ қор қоплаганини, осмонда порлаган юлдузларни одам кўрса-ю, ҳеч нарсани ҳис қилмаса, бу навбатдаги кўрликнинг бир тури эмасми? Аввалги замонда одамларни қарашга эмас, кўришга мослаштирадиган восита битта кино бўлган бўлса, бугун уларнинг ҳисоби йўқ. Ахборот очкўзлиги даврида қараш бутунлай инқироз гирдобига кирди. Бугун қалбий сезги емирилиб боряпти.
Бунинг устига, интернетда саводсизлик, она тилимизга ҳурматсизлик авжга миняпти. Баъзи буюкликка даъвогарларнинг отини тўғри ёзиши амри маҳол. “Youtube”даги бир соату қирқ минутлик кўрсатувнинг сарлавҳасига қаранг: “Интернетни ёғлатган бухоролик қизалоқ оила”. Шўрлик жумла, бечора тил. Ёғлаш билан йиғлашнинг фарқига бормаган одам қандай қилиб журналистлик ё блогерлик қила олади? “Бухоролик қизалоқ оила” деганини айтмайсизми? Интернет қандай йиғлайди ахир? Афсуски, ўзбек интернет сегментида ўзбек тилига бу каби ҳурматсизликлар сон мингта. Аввал ўқиш-ёзишни ўрган-да, кейин ўртага чиқ, оғайни, дейдиган одам йўқ.
“Нима бўпти, шунга ота гўри қозихонами, бадхатлик билан бўлса-да, айтадиган гапини амал-тақал қилиб тушунтирса бўлди-да”, дегувчилар ҳам топилади. Лекин бу ҳол минглаб ёшларнинг савиясини, дидини бузиши ҳақида ўйлашмайди. Шу ўринда бир афсонани эслаб ўтиш жоиз. Урушда қаҳрамон жангчи душмандан енгилади, бу мағлубиятга тақачи унинг оти тақасига битта михни кам ургани сабаб бўлади. Миллий тафаккурда ҳам баъзан битта кичик хато ўша урилмай қолган михдай нохуш оқибатга олиб келиши мумкин.
– Илгари инсонларда андиша деган муҳим парда бўлган. Бошқаларга имкон қадар шу парда ортидан кўринишга ҳаракат қилинган. Атрофни кузата туриб, замондошларимизнинг маънан яланғочлашиб, маънан қашшоқлашиб бораётганига гувоҳ бўлaмиз. Сизга ҳам шундай туюладими?
– Мени андиша туйғуси кўп ўйлантиради. Ҳозир бу туйғунинг отини чаппа қўяётганлар бисёр. Бири “қўрқоқ” деса, бири “ночор”, “ожиз” дейди. Устидан куладиганлар ҳам кўп. Менга андиша энг мазлум туйғу бўлиб кўринади. Унинг ғамгин ҳолатини ҳис этаман. Одамзот андишага ўз синглисига қарагандай авайлаб муносабат қилиши керак. Йўқса, кўп нарсадан жудо бўлади.
Мунчалар маъюссан синглим, Андиша,
Ғамгин кўзларингда маржон-маржон ёш.
Лабларинг пирпираб турар ҳамиша,
Икки жаҳон аро бир жонинг талош.
Шамолдаги шамдай титраб турасан,
Маъсума кўнглингда оташин оҳлар.
Билмам, қай меҳробга бошинг урасан,
Ортингда таъқиблар, олдингда чоҳлар.
Бошқа туйғулар ҳам хатарда қолган. Шунинг учун қуруқлашиш, сохталашиш, маънавий яланғочлашиш кучайиб боряпти. Қадимги xитойликларнинг бир насиҳати бор: “Минг йил соя бўлиб юрма-да, бир кун одам бўл!” Инсонни инсон сифатида тутиб турган куч туйғулардир. Чунки улар ботинимизни худо билан боғлаб туради.
Мен бу ҳақда, яъни туйғулар ҳалокати ҳақида шеър ёзганман. Унда шундай сатрлар бор:
Бу йўллар ястанар мангу кўнгилдай,
Ундан ўтиб борар қанча куз, баҳор.
Борар боши эгик ака-сингилдай,
Маъюс қўл ушлашган Номус билан Ор.
Унда ҳодисалар тошиб боради,
Кимдир жонин берса, кимдир олар жон.
Бу йўлдан қайгадир шошиб боради,
Бир гала ит қувган ҳокисор Виждон.
Қадрдон туйғулар Ҳаё ва Иймон,
Оқибат, Қаноат, Диёнат, Ғурур.
Бу кўҳна йўллардан борурлар қаён,
Ҳар бирин юзида ҳовуч-ҳовуч нур.
Кўриб қолганимда уларни ҳар гал,
Отамни, онамни, болам, синглимни,
Кўргандай бўламан Абад ва Азал
Йўллари устида ҳайрон кўнглимни.
Баъзан, йўқ, баъзан эмас, кўпинча самимийлик билан маҳмаданагарчиликнинг фарқига бормай қоляпмиз. Натижада ким кўп лаққилласа, ўшани ҳаммадан ақлли деб ўйлаяпмиз. Ғавсул Аъзам “Менинг сукутимни англамаган одам сўзимни англамайди”, деб бекорга айтмаган.
– Давлатимиз раҳбарининг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган эътирофи бор. Бугунги маънавиятли инсон деганда кимни тушунасиз, унинг бурчи нималардан иборат?
– Мен бу борада боболарим ва момоларимни эслайман. Бугун ўйлаб қарасам, аслида улар ҳақиқий маънавият тарғиботчилари бўлишган экан. Қойил қоладиган жиҳати шундаки, улар маънавият ҳақида кўп гапирмай, бизга маънавиятни сингдирган, Ватан ҳақида маъруза қилмай, Ватан туйғусини сингдирган. Сувга, Ерга, Элга, ўтмишга, ҳаётга қандай қараш кераклигини, уят ва андиша нима, номус ва ор нима, буларни ўзларининг амаллари, хатти-ҳаракатлари билан аста-секин қон-қонимизга сингдириб борган. Бу донишмандона усул. Бугунги маънавият тарғиботчиси маънавиятни қизил ва қуруқ, бақироқ сўзга айлантириб қўйишдан сақланиши керак. Маънавият унинг ичидаги дарди бўлиши керак. Дардки, боласига васиятдай ўтадиган дард. Дардки, ҳаётининг маъносига айланган дард. Маънавият ҳақида гапирилаётганда уч хил ҳолат кўриниш беряпти: самимийлик, бефарқлик, маҳмаданагарчилик. Ҳамма гап худди шу самимиятда.
Яна бир нарсани айтиб ўтишни истардим. ХХI асрга келиб, ватан ҳақидаги қарашлар ҳам глобаллашяпти, жўнлашяпти. Дарахтларнинг илдизлари ўзлари билан. Одамларнинг илдизлари қабристонда. Ота-боболари, қариндош-уруғлари ётган жойда. Қишлоғим қабристонига зиёратга борганимда ўз илдизларимни ҳис этаман. Бу нарса Ватан тушунчасининг муҳим бир қисмидир. Бугунги кунда урчиб кетаётган “Қаерда яшаш яхши бўлса, маишат яхши бўлса, ўша ер Ватанинг” деган мулоҳаза ҳақида ўйлаганимда шу гаплар кўнглимга келади. Буни замонавий қараш дегувчилар ҳам бор. Йўқ, бу замонавийлик эмас, хоинлик бу!
– “Бобосўз изидан” китобингиз маънавий бисотимизга катта мерос бўлиб қўшилди. Тилимиз қайғуси бўлганки, шу мавзуга қўл ургансиз. Мустақилликка эришганимизга ўттиз йилдан ошди, мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан ўнгланиб олди, лекин бу борада қашшоқлашиб боришимизга нималар сабаб деб ўйлайсиз? Бугун ҳам она тилимиз учун кўнгилдагидек ғамхўрлик қиляпмизми?
– “Бобосўз изидан”, бу – менинг изтиробим. Анча олдинроқ тилимиз ғариблашиб кетаётганини сезганман. Хусусан, ёшлар тили қуруқ ва ҳиссиз ҳолга тушиб, жўнлашиб қолган. На ранг бор, на жозиба? Илгариям айтганман, яна минг марта қайтариб айтишга тайёрман, битта сўз ё мақолнинг яралиши учун минг йиллар керак бўлган, уни йўқотиш учун эса ҳозир ўн йил кифоя қилади. Танангизга бир ўйлаб кўринг, бир неча минг йиллар давомида йиғилган хазиналарни бир неча ўн йилда бой бериш... бу нима дегани? Минглаб қадимий сўз ва ибораларни жимгина гўрга тиқиб кетаверамизми? Она тили учун кураш бу – миллат учун кураш, Ватан учун курашдир. Она тилининг ҳолати қандай бўлса, халқнинг ҳам, Ватаннинг ҳам ҳоли шундай бўлади.
Ғарб таъсири ўзаро суҳбатларимизга ҳам шиддат билан кириб келди. Буни биргина мисол билан кўрсатиб ўтишим мумкин. Масалан, чет эл киноларида, китобларида фавқулодда ҳолатда ҳам, бўлар-бўлмас вақтда ҳам, ҳатто қоқилиб кетганда ҳам “Жин урсин” иборасини қўллайдилар. Бизда эса бундай вақтларда одатда “Ё, Худо!” дейишади. Муҳим фарқимизни кўрсатадиган ҳолат бу! Аммо кейинги пайтлари кундалик муомаламизда кино ва сериаллар таъсирида “жин урсин” ибораси жуда фаоллашиб кетди. Аждодларимиз баъзи ибораларни ирим қилиб тилга олишмаган. Лекин шу иримда ҳам маданият ва ният бўлганини пайқаш қийин эмас. Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин.
– Адабиёт майдонида кўпдан бери фавқулодда ҳолат олдидаги жимлик ҳукм сураётгандай, аммо ҳеч нарса “содир” бўлмаяпти. Ўқувчининг диди ўсиб кетдими ёки чинакам ҳайратлантирувчи асарлар яратилмаяптими?
– Ўқилмаяпти. Яхши китоблар ёзиляпти, ўқилмаяпти. Ўқилмагандан кейин дурдона ҳам очилмайди. Бизнинг ёшлигимизда билмасвойлар ҳам ўқирди. Бунинг устига, интернет дидсизликни кучайтириб юборди. Тилла билан тезакнинг фарқига бормайдиган одамлар урчиб кетяпти. Хоҳлаган одам хоҳлаган тутуриқсиз нарсасини шеър деб, ҳикоя, роман деб эълон қилаверади. Натижада савиясиз чапаквозлар кўпаяди ва улар Абдулла Орипов билан жўқивойнинг фарқига боролмайди. Иккисини битта шоҳсупада деб билиш фаросатнинг уйи куйгани эмасми? Катта адабиётнинг пайдо бўлиши учун катта ўқувчилар ҳам керак.
– Адабиётга катта овоз билан кириб келган истеъдодлар кейинчалик ой ботгандек дунёга сингиб кетяпти. Йўлнинг охиригача боришга уларга нима халал беряпти ёки устоз ижодкорлар бажарган қайси шартларни уддалолмаяпти?
– Энг қийини шу – йўлнинг охиригача бориш. 1980-йилларда биз 50 дан ортиқ ижодкор ёшлар ҳайқириб майдонга кириб келганмиз. Бугун қарасанг, 4-5 киши қолибди. Пушкин айтганидай: “Ҳар хил йўллар билан кетдик биз бу ҳаётда”. Умр бўйи давом этадиган жараён бу. Ҳар кун ишга бориб ишлаб келишдай фақат ақлнинг ўзи билан битадиган иш эмас. Кўнгил ва муҳаббат билан боғлиқ жараён. Истеъдоднинг жони – муҳаббатдир!
– Барча санъат турлари битта илдизга – фольклорга бориб бирлашади. Халқ оғзаки ижодининг бугунги қадри, ўрни Сизни қониқтирадими? Фольклорсиз ҳаёт нималардан маҳрум бўлади?
– Сув уч хил шаклда: суюқ, буғ ва муз кўринишида намоён бўлади. Уч хил ҳолатида ҳам гўзалдир. Менимча, бунга сабаб сувнинг моҳияти гўзаллигидир. Ҳамма нарсада моҳият гўзал бўлдими, бас, ҳар қандай тарзда гўзал бўлади. Райҳоннинг ҳатто ўлиги ҳам, чириги ҳам хушбўй, чунки у жаннати деб ёзганимда айни шуни назарда тутганман.
Халқ оғзаки ижоди ҳам шу сувга ўхшайди. Ҳамиша, ҳар қандай ҳолатда моҳияти гўзал. Фольклорсиз ҳаёт илдизсиз дарахтдай гап. Буни биргина алла мисолида кўришимиз мумкин. Бешикда сингдирилган алла одамга тобутига қадар руҳан ҳамроҳлик қилади.
– Атрофдаги муаммо, оғриқлар ижодкорнинг қалбини уйғотиб туради. Бугунги қалам аҳлининг аъмоли нималар бўлиши керак?
Ҳамманинг кўзи тошга айланганда ҳам, шоирнинг кўзида ёш туради. Бу менинг кейинги йилларда келган хулосаларимдан бири. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Сиз айтаётган аъмоллар ўша кўздаги ёш билан, дард ва изтироб, инсон ва дунё муаммолари билан боғлиқ. Румий айтганидай: “Дард бўлмаса, Исо туғилмас эди”. Суҳбатимизни Бедил билан бошладик, Бедил билан тугатайлик. Мирзо Бедил ёзган: “Буғдойдан сўрадим: Нега ҳамиша кўзинг юмуқ? Буғдой деди: Не қилайки, кўзимни очсам, қошимда тегирмон кўринса...” Бу ҳикмат мени мудом ўйлантиради. Дунёнинг ўзи шу-да! Мен айни дақиқаларда юмуқ кўзлар ва уларнинг қаршисида турган буюк тегирмонни тасаввур қиляпман.
Наргиза ОДИНАЕВА,
Оyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Абдулбоқий
12:01 / 01.01.1970
Эшқобил акага, Наргизахонга катта раҳмат. Жудаям куюнчаклик билан айтилган фикрлар учун. Танишгач, қоғоз вариант қилиб, самолётдан тарқатиш керак, деган фикррга келдим. Эллик кишига жўнатдим. Уч кундан кейин икки киши муносабат билдирди... Шоиримизнинг умрлари узоқ бўлсин.