Отангиз ҳақидаги хотираларингизни айтиб бера оласизми?
– Уларнинг кўпи Журада кечган болалигим билан боғлиқ. Уч-тўрт ёшимда Журадаги Барнхилл боғидан эски бир труба топиб олгандим. Отам жуда кўп сигарет чекар ва қолдиғини каминга отарди. Ўша кун кечки овқатдан сўнг, ўзимча отамга ўхшамоқчи бўлдим. Эски трубани дадам ташлаган сигарет қолдиғи билан тўлдириб, чекишга уриндим. Кейин нима бўлгани сизга аён – қаттиқ хасталаниб қолдим.
Отам 1937 йилнинг апрель ойида Испанияда бўйнидан ўқ еганди, шу сабаб ҳар доим жуда паст оҳангда гапирган бўлса керак. Қандай шўхлик, хархаша қилсам ҳам бақирмас, овозини баландлатмасди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам отамнинг овозини эслай олмайман.
Биз дам олиш кунлари қайиқда оилавий сайрга чиқардик. Кунларнинг бирида тўрт киши денгизда кетаётгандик, тўсатдан муаммога дуч келдик. Қайиқнинг мотори тушиб қолганди. Отам тезда амакиваччам Генрига соҳилга қараб эшкак эшиш кераклигини айтди. Ниҳоят соҳилга чиқиб олдик. Генри ва унинг синглиси Люси қирғоққа тушиб, қайиқни соҳилга тортиб олишмоқчи бўлишди. Мен ўша пайт отамнинг тиззасида ўтирардим, бирдан қайиқ сирғалиб кетиб, ағдарилди. Биз сувга тушиб кетдик. Бир амаллаб, жуда қийналиб қайиқ остидан чиқдик. Биласизки, денгизда исталган бахтсиз ҳодиса тезда фожиага айланиши мумкин. Агар ўшанда чўкиб кетсак, отамнинг фақат «1984» романи бўлар, бошқа асар ёзолмасди.
Сизнингча, Жорж Оруэллнинг энг бебаҳо ғояси нимадан иборат эди?
– Менимча, отамнинг асосий мақсади - фикрини тиниқлаштириш, атрофдаги воқеаларни тушунишга ва таҳлил қилишга уриниш эди. Ҳукумат одамларга ҳақиқатга тўғри келмайдиган лофларни айтишга, далилларни яширишга ҳаракат қилади. Менимча, Жорж Оруэлл айнан шу нарса ҳақида бизни бохабар қилмоқчи бўлган. Буни отамнинг «1984» асарида ҳам сезиш мумкин.
Ҳукумат одамлари ҳамиша сиздан ҳақиқатни беркитишади, уларнинг очиқланмаслигини қатъи назоратга олишади. Фикримча, отам бутун умри давомида шунга қарши курашган. Кўпчилик унинг анти тоталитаризми Сталинга қаршилигини таъкидлайди. Аммо бу мутлақо хато, у Сталин билан боғлиқмас. У – ўз иродасини бўйсундиришга уринаётган ҳар кимга нисбатан эди. Ўз иродасини тобеларига сингдиришга уринган ҳар қандай ҳукумат тоталитаризмдир.
Отангизнинг қайси романи сизга кўпроқ ёқади?
– Албатта, «Молхона» романи. Бу мен ўқиган илк китоб, таъкидлашим жоизки, уни ўқиш ва тушуниш бирмунча осон. Мен «Каталонияга эҳтиром» ва «Уиган кўприги йўли» асарларини ҳам яхши кўраман, бироқ булар роман эмас. Отамнинг барча романлари замирида бир ғоя мужассам – оёқ остида эзилган, хўрланган кичкина одам. Унинг асарлари бироз мураккаб туюлиши мумкин, аммо усталик билан ёзилганига шубҳа йўқ. Ёзувчининг ғояси – кундалик ҳаёт, нима бўлишидан қатъий назар чиркин тузумга қарши тура олган, балки, шу иши учун ҳам хўрланган, эзилган, бироқ доимо чўққига эришишга ҳаракат қилган одамнинг курашидан иборат.
«1984» романининг ҳозирги сиёсат ва жамиятга боғлиқлиги борми?
– Роман бугунги сиёсат учун ҳам долзарб, албатта. Биз кўпинча тўлиқ воқеа нима ҳақда эканини билмаймиз, тасаввур ҳам қилмаймиз. Ҳукумат учун чалкашликлар яратиш ҳамма нарсадан муҳим. Бу улар тарқатган юмшоқ иборалар, ясама шиорларда яққол кўзга ташланади. Буни сезиш учун даҳо бўлиш шарт эмас. Ҳар сафар ҳукумат ва халқ ўртасида низо чиқса, деярли ҳамма «Жорж Оруелл – «1984» дейди. Отам буни шундай бўлсин, деб ёзгани йўқ табиийки, у шунчаки бу фирибгар дунёда воқеалар қандай кечиши ҳақида башорат қилди, бизни машъум жиноятлардан огоҳлантирмоқчи бўлди, ўз эътиқоди бўйича ёзди.
Жорж Оруэлл ҳақидаги энг катта ва нотўғри тушунча нима деб ҳисоблайсиз?
– Биттаси мана: «Унинг ёзганларида юмор йўқ» дейишади. Бу сафсата. Аммо энг катта ва нотўғри тушунча бошқа нарса, яъни одамлар Жорж Оруэллни ўзлари билганича англашидир. Одамлар Оруэллни ўз манфаатлари, ўзларининг сиёсий ғоялари учун хизмат қилдиришга уринишади. Чунки Оруэлл уларга ниқоб вазифасини ўтай олади. Инсонлар ўз нафси, манфаати йўлида «Оруэлл» сўзидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланишади.
Сизнингча, эркинлик нима?
– Эркинлик бу – «2 + 2 = 5» ёки «4» ёҳуд «3» деб айта олишдир.
Сиз учун демократия нима?
– Демократия бу бошқалар эшитишни истамаган нарсани айтиш ҳуқуқига эга бўлишдир.
Жорж Оруеллнинг даҳолигини тасдиқловчи энг ишончли факт нима деб ўйлайсиз?
– Менимча, бу отамнинг фикрлари тиниқ ва ҳақиқатлиги, ёзган асарларининг содда ҳамда ўзига хослиги, шунингдек, атрофида содир бўлаётган воқеаларни кўпчиликдан кўра тезроқ англай олишидир. Дадам дунёда нималар юз бераётгани, ҳукуматнинг кўплаб беўхшов буйруғу қарорлари ва одамларнинг унга муносабатини англай олар, ҳис қиларди. У буларни аниқ кўра оларди. Балки, шунга таяниб Жорж Оруэллни даҳо ҳисоблаш мумкиндир.
Суҳбатингиз учун раҳмат!
– Сизга ҳам раҳмат. Саломат бўлинг!
Ҳафиз АҲМEДОВ суҳбатлашди
Рус тилидан Раҳмат БОБОЖОН таржимаси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ