Давлат Ризаев 1903 йил Янги Урганчда боғбон оиласида туғилган. У 13 ёшигача отаси Риза бува ва онаси Саломат аялар бағрида бўлади, эски мактабда таҳсил олади. Шундан сўнг Янги Урганчнинг давлатманд савдогарларидан Матёқуб Қултага шогирд тушиб ишга ёлланади. У иш билан бир вақтда янги усулда дарс берадиган ўқитувчига қатнаб, рус тилини ҳам ўрганади.
Давлат Ризаев 1918–1920 йиллар Жунаидхон ёрдамида Янги Урганчга ҳоким бўлди, Маматбийнинг маҳрами мақомида хизмат қилди ва ўзининг рус тилини билиши, интилувчанлиги билан тезда кўпчиликка танилди. Хивада хонлик тузуми ағдарилгач, 1920 йил март ойидан, 5 ой давомида, у Хивадаги интернатда тарбиячи бўлиб ишлайди. Сўнг бошқа тенгдошлари қатори 1920-1921 йиллари Оренбургдаги татар муаллимлар институтида ўқийди. Бироқ, иқтисодий қийинчиликлар туфайли ўқишни якунлай олмади. Тошкент шаҳрига қайтиб 6 ойлик совет партия мактабида таҳсил олади. Д.Ризаев бу вақтда тараққийпарвар ёшлардан бири сифатида турли газеталарга мақолалар ҳам ёзиб турган. Хоразмга қайтгач, 1921 йилнинг сўнггида Хоразм компартиясига кирди ва 1921 йил ноябрдан Хивада маориф нозирлигида умумий бўлим мудири ва 1922 йилдан Хоразм Халқ Республикаси Маориф халқ комиссарлигининг молия бўлими бошлиғи лавозимларида ишлади. Айни вақтда Хоразмда ягона бўлган мактаб интернатнинг ҳам раҳбари эди.
Д.Ризаев 1923 йил Хоразм комсомол ташкилоти марказқўмига ташкилий бўлим мудири, сўнг Хоразм Халқ Республикаси комсомол қўмитаси биринчи котиби этиб сайланади. 1923 йил сентябргача ХХР МИК президиуми аъзоси сифатида мамлакатни ҳар тарафлама ривожлантириш, жумладан, иқтисодий мустақилликка интилиш, маорифни тараққий эттириш йўлида тинимсиз меҳнат қилди. У ўлкада халқ хўжалигини тиклаш ишида қисқа вақтда катта муваффақиятларни қўлга киритади. Д.Ризаев мазкур хизматлари учун Хоразм Халқ Республикаси ҳукумати томонидан “Меҳнат байроғи” ордени билан тақдирланади.
Д.Ризаев 1923-1924 йиллар давомида Хоразм Маориф халқ комиссари вазифасида иш олиб борди. 1924 йил январь ойида Хивага Жунаидхон ҳужум қилади. Бу ҳужумнинг асл сабаби Хоразм халқининг совет иқтисодий сиёсатига қаршилиги эди. Жунаидхон ҳужумдан аввал Хива ва бошқа ҳудудлардаги оқсоқолларга хат билан мурожаат этган ва уларнинг розилиги билан ўз ҳаракатини бошлаган эди. Шундай бир мураккаб шароитда совет ҳукумати Жунаидхонга қарши курашга эл орасида, айниқса ёшлар ўртасида обрўси юқори бўлган Д.Ризаевни жалб этади. У дастлаб, Янги Урганч ва Хонқага, февраль ойидан Иляли, Тошовуз ва Қорақум ҳудудларида инқилобий қўмита раиси сифатида иш олиб борди. 1924 йил май ойигача ҳудудларда аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганади ва аҳолини тинчлантиришга эришади. Д.Ризаевнинг бу тадбиркорлиги Хоразм Халқ Республикаси ҳукумати томонидан “Қизил байроқ” орденига муносиб кўрилади. Бироқ, шу даврда советлар давлатининг Маркази “миллий чегараланиш сиёсати” ўтказиш баҳонаси билан Хоразм Халқ Республикасини тугатиш мақсадида очиқ иш бошлаган эди.
Д.Ризаев ХХСР компартияси биринчи котиби Қаландар Одинаев, иккинчи котиби Исҳоқ Хонсуваров, Ички ишлар халқ комиссари Маткарим Абдусаломов, Хоразм давлат сиёсий бошқармаси бошлиғи Матёқуб Атажонов (ГПУ)лар билан бу ҳаракатга қарши жиддий курашга киришадилар. Ҳатто, Д.Ризаев 1924 йил ёзида Хоразм ХСР МИҚ раиси Султон қори Жуманиёзов билан Москвага бориб, СССР Ташқи ишлар халқ комиссари Чичерин билан учрашади. Уларни Чичерин кечаси соат 12:00 ўз кабинетида қабул қилади (Афтидан Чичерин бошқа илож тополмаган – муаллиф). Султон қори ва Давлат Ризаевлар ундан Хоразмнинг давлат мустақиллигини сақлаб қолишда ёрдам беришини сўрайдилар ва аввалги имзоланган шартномаларига амал қилишларини талаб қилади.
Табиийки, совет давлати учун унинг шартномалари бу вақтдан ютиш учун ёхуд шунга ўхшаш ғаразли мақсадлар асосида вақтинчалик алдов чорасидан бошқа ҳеч нарса эмасди. Энди вазият ўзгарган, Чичерин ҳам бошқалари қатори аввалги ваъдаларни аллақачон унутиб юборган эди. У советлар ҳукуматининг лафзи бўлган шартномалар ҳақида эшитишни ҳам истамади. Фақат “... мустақилликни сақлаб қолиш ўзларингга боғлиқ” дейиш билангина чекланди.
Султон қори ва Давлат Ризаев зудлик билан Хоразмга қайтадилар ва Тошҳовуз шаҳрида мазкур масала юзасидан съезд чақиради. Унда барча халқ вакилларининг диққатини миллий давлат чегараланиши масаласига қаратадилар. Съезд вакилларидан оқсоқоллар, диндорлар, айниқса, барча ҳудудлардан чақирилган ишчи меҳнаткашлардан иборат гуруҳлар тузилиб, уларнинг номидан съезд қарорини қабул қиладилар. Унда Хоразм ХСРнинг мустақиллигини сақлаб қолиш сўралади. Улар Марказдан юборилган вакил Бройда билан ҳам бир неча марта музокаралар олиб боради. Бройдага Хоразм ХСРни сақлаб қолиш учун хусусан, Фарғона водийси билан тилидаги, урф-одатларидаги фарқлари, ўлканинг иқтисодий жиҳатдан алоҳидалиги масалаларини асос қилиб кўрсатади. 1924 йил августда бу масалани ўрганиш учун Хоразмга Москвадан Куйбишев келади. Сентябрь ойида эса Хоразмда ташкил этилган махсус гуруҳ Москвада Сталин билан шу мавзуда суҳбат ўтказдилар. Бироқ, оқибат шу бўлдики, барча Хоразм ҳукумати раҳбарлари ХХСРнинг тугатилишига рози бўлишга “кўндирилди”.
Хоразм ХСР мустақиллиги оташин курашчиси Д.Ризаев 1924 йил ноябрь ойида Бутуниттифоқ компартияси Ўрта Осиё бюроси қарори билан ЎзССР Маориф халқ комиссари ўринбосари вазифасига тайинланади. Шунингдек, ЎзССР МИК ва ХКС аъзолигига сайланади (ЎзР МДА, Фонд 34., оп., 1., д. 2375. л. 1.). У ЎзССР КП (б) МҚ тарғибот-ташвиқот бўлими мудири Усмонхон Эшонхўжаев билан бирга республикада миллий таълим тизимини шакллантириш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширади. Унга бир пайтда “Маориф ва ўқитувчи” журналининг муҳаррирлиги вазифаси ҳам юклатилади. Давлат Ризаев “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 1925 йилда чоп этилган 12 та сонига ва 1926 йилдаги 1–4 сонларига масъул муҳаррир бўлди. Журналнинг 1925 йил 1 март – илк сонида унинг “Навбатдаги вазифаларимиз ва муаллимлар” мақоласи чоп этилган. Мақолада янги Ўзбекистон жамиятини тараққиёт сари бошлаш ва унинг халқ хўжалигини жадал йўлга солишда муаллимларнинг ўрнига алоҳида тўхталиб ўтади. Қишлоқ аҳолисининг асосий қисми саводсиз бўлганлиги учун давлат билан деҳқонлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни йўлга қўйишда муаллимлар иштирок этиши лозимлигига урғу беради. Айниқса, жамиятни замонавий босқичга кўтариш учун ўрта асрчилик турмуш анъаналарига чек қўйиш, аҳоли ўртасида саводсизликни бутунлай тугатиш лозим дейди. Бу йўлда жамоатчилик ёрдамида мактабдан ташқари курслар очиш, қизил чойхоналарда китоб ва газеталарни тарғиб этишга чақиради (Қаранг: Ризаев Давлат. Навбатдаги вазифалар ва муаллимлар // Маориф ва ўқитувчи” 1925 йил, март. № 1.).
“Учинчи жабҳани битиришга кучли ҳаракат бошлансин” деб номланган мақоласида “Ўзбекистонда мавжуд бўлган 2958 та билим уйида 173746 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бу эса Ўзбекистон аҳолисининг 4% и, яъни ўқиш ёшидаги болаларнинг фақат 12-13% и демакдир. 850000 бола мактабларда ўқишдан маҳрум. Бу 171,22 минг км2лик Ўзбекистоннинг ҳар 117 км2га бир мактаб тўғри келади дегани” дейди. Юқоридаги мисоллари асосида у янги Ўзбекистон ҳукумати учун халқ маорифи масаласи нақадар муҳим муаммо эканлигига омманинг эътиборини қаратади. Д.Ризаев Ўзбекистоннинг 10 йиллик байрамига аҳолининг 100% саводхонлигига эришишни режалаштирилаётгани ҳамда Ўзбекистон маданияти ва маорифи ишчиларининг 1-қурултойида зиёли-муаллимларнинг ғайрати орқасида саводсизликни тугатишга келишилганлигини маълум қилади (Қаранг: Ризаев Давлат. Учинчи жабҳани битиришга кучли ҳаракат бошлансин // Маориф ва ўқитувчи. 1926 йил. № 2.).
Журналнинг 1926 йил 3-сонида чоп этилган “Фаолият билан киришилсин” мақоласида эса юқоридаги фикрларини давом эттириб, Ўзбекистонда 10 йилда саводсизликни тугатиш масаласи фавқулодда жуда оғир вазифа эканлигига тўхталади. Шу йилнинг ўзида муаллимлар армиясини тайёрлаб бориш мақсадида ёзги таътилда 2000 нафар муаллим учун тайёрлов курси очилгани, яна қишлоқ ёшларидан 450 нафарига қисқа муддатли курслар очилганидан хабар беради. “...Бу ишимизга кўпчилик “кўр”лар қаршилик билдирмоқдалар. Тўғри, ўқитувчиларимиз қишлоқларда қишнинг совуғида оғир шароитли мактабларда меҳнат қилдилар. Бироқ, ёзда дам олмай яна ишлаётган бу маориф аскарлари эртага мактабларига янада катта илм билан қайтадилар. Улар энди ўқувчиларнинг барча саволларига қийналмасдан тўғри жавоб бериб, малакали меҳнат қиладилар ва уларнинг шогирдлари келажакда етук кадрлар бўлиб миллатимиз равнақига хизмат этадилар” дейди (Қаранг: Ризаев Давлат. Фаолият билан киришилсин // Маориф ва ўқитувчи. 1926 йил. № 3.).
1926 йилнинг август ойида Д.Ризаевни тўсатдан ишдан олишиб, уни ўқиш учун Москвага йўллайдилар. Д.Ризаев Хоразм ХСР КП(б) собиқ котиби Карим Болтаев, ЎзССР КП(б) собиқ биринчи котиби Рустам Исломов, Усмонхон Эшонхўжаев, Нишонбек Мавлонбеков, Иброҳим Эшонхўжаев каби ўша вақтда Ўзбекистоннинг энг илғор йигитлари билан бирга таълим олади.
Д.Ризаев 1926–1929 йиллар давомида Москвада Свердлов номидаги комуниверситетда ўқийди. 1929 йил Хоразмга келганида партия конференциясида иштирок этади. Иштирокчилар уни бир овоздан Хоразм округ партия қўмитасига котиб лавозимига сайлайдилар. У мазкур масъулиятли лавозимда ўқишни якунлай олмади ва фақат 1930 йил май ойида бу ишдан озод этилганидан сўнг яна ўқишни якунлаш учун Москвага қайтади. Д.Ризаев 1932 йил февраль ойида ўқишни тугатиб келади ва ВКП(б) Ўрта Осиё бюроси томонидан Норин туман партия қўмитасига котиб вазифасига тайинланади.
Давлат Ризаев 1933 йил 1 августдан Самарқанд шаҳар партия қўмитаси котиби, 1934 йил май ойидан ЎзССР КП(б) МҚ нинг партия назорат ва ваколат комиссияси ўринбосари лавозимига тайинланади. 1937 йил 29 апрелдан эса Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитасининг котиби вазифасида фаолият олиб борди. У Қорақалпоғистонда халқ хўжалигини изга солишда ишни биринчи бўлиб кадрлар соҳасидан бошлади. Воҳадаги аҳволнинг ниҳоятда аянчли ҳолга келиб қолганига чидай олмади. Айниқса, НКВД ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини тийиб қўйишга интилди. Бироқ, бу иш осон кечмади...
Д.Ризаев 1937 йил 24 июлда А.Икромов номига хат йўллаб, икки ойлик раҳбарлиги даврида ўзи дуч келган муаммолар ҳақида баён қилади. Унда НКВД ходимлари томонидан кўплаб хўжалик соҳаларининг билимдонлари фақат кўрсатмалар асосида ишдан олиниб, партиядан ўчирилиши натижасида хўжаликлар умуман кадрсиз қолганлигини, жумладан, масъул лавозимларнинг 80% иш ўрни бўш эканлигини ёзади (Бабашев Шарип. Қарақалпағстан Республикасы тарихындағи сиясий қурбанлар. Нукус “Қарақалпоғистон”. 2003. 173 б.). Бироқ, бу пайтда А.Икромовнинг ўзи ҳам қийин аҳволда қолган эди. Хат эгасига етиб борганми-йўқми, бу номаълум. Аммо, шуниси аниқки, юборилган нома Д.Ризаевнинг бошига етди: 1937 йил 28 июль куниёқ у ҳеч бир асоссиз ишдан олинди ва уни зудлик билан қамоққа олиш чораларини излай бошладилар.
1937 йил 3 август куни ЎзССР ИИХК Загвоздин 4-бўлим терговчилари Агабеков ва Леоновлар томонидан тайёрланган қарорни имзолади. Унда Д.Ризаевга аксилинқилобий ташкилот аъзоси деб айб қўйилди. 1937 йил 3 августнинг ўзида ордер олиниб, 4 август куни Тошкент шаҳри, Оққўрғон кўчаси 25-уйда тинтув ўтказилди. Унинг “Маузер” қуроли, паспорти, орденлари, ҳужжатлари, бор нарсаси хатлаб олиб кетилди. Эндигина 35 ёшни қарши олган Давлат Ризаев ортидан хотини Хадича (30 ёш) ва қизлари Искра (11 ёш), Роза (6 ёш), Феруза (2 ёш)лар қон йиғлаб кузатиб қолдилар.
Унинг анкетасидан маълум бўлишича бу пайтда отаси Риза бува (72 ёш), онаси Саодат ая ва укаси Ражаб (27 ёш)лар Урганчда яшаганлар.
Агабековнинг 1937 йил 21 август куни имзолаган қарорида Д.Ризаевга ҳеч бир жўяли асосларсиз 1926 йил Москвада У.Эшонхўжаев, М.Мўминовлар билан троцкийчи гуруҳга аъзо бўлган деб топилиб, ЎзССР ЖКнинг 66-1, 67 моддалари ҳам қўлланади.
1937 йил 4 август санаси билан ўз айбларини тўлиқ тан олган ҳолда Д.Ризаевни СССР ИИХК “темир нарком” Ежов номига ариза ёзишга мажбурлашади. У аризасида ўзига қўйилаётган айбловларнинг барчаси қуруқ туҳмат эканлигини, 1926-1927 йилларда Москвада ўзи ижарага олган уйида хотини билан яшаганини ва троцкийчи гуруҳлар ҳақида ҳеч қачон эшитмаганини ёзади. Қорақалпоғистонда эса 1937 йил 27 апрелдан 28 июлгача ишлагани, фаолиятида жиноят у ёқда турсин, бирорта жиддий хато ҳам топа олишларига ишонмаслигини таъкидлайди.
1937 йил 22 август куни ўтказилган сўроқда ундан ЎзССР МҚ қишлоқ хўжалиги бўлимида котиба бўлган Валентина Артунянц билан алоқалари, у билан сиёсий мавзуда суҳбатлашган, суҳбатлашмаганигача суриштирадилар.
1937 йил 25 август куни сўроқда Д.Ризаевдан оила аъзолари, хотини ҳақида сўрадилар. Бироқ, сўроқлардан уни айбдор қиладиган бирор арзирли баҳона топа олмагач, унинг ўтмишини суриштира бошлайди. Д.Ризаев “Мен ҳеч қачон аксилинқилобчи бўлмаганман. Аммо, Хоразмнинг мустақиллиги учун курашганман ва буни ҳеч бир вақт жиноят бўлган деб ўйламайман” дейди. Шундан сўнг Москвадаги талабалик даврига тўхталиб, “У ерда ҳеч қандай троцкийчи ташкилот бўлмаган. Фақат 1927 йил Москвада Ўзбекистоннинг доимий вакили бўлган Акбар Исломовнинг уйида бўлган бир ошхўрликда бу пайтда “Красная профессура” институтида ўқиётган Усмонхон Эшонхўжаев А.Икромовга қарши “сен Ўзбекистонни “қизил колония”га айлантирдинг” деб танқид қилган эди. Бироқ, ўтирган А.Исломов, К.Болтаев, Ҳ.Тожиевлар Усмонхоннинг фикрига қўшилмаган эдилар”, дейди. Шундан сўнг савол Д.Ризаевнинг уйида тинтув вақтида топилган Жунаидхоннинг Хива оқсоқолларига мурожаатига келади. “Тўғри у менда эди. Аммо, мен уни кейинроқ “1924 йил воқеалари” деган эсдалик китоб ёзишим учун манба сифатида олиб қўйган эдим”, дейди.
Москвада Д.Ризаевнинг хонадонига собиқ Хива хони ўғли Бобожон Асфандиёровнинг боргани, ҳатто, 1930-1931 йилларда босмачиларга қурол сотиб қўлга тушган милиция ходимлари Мадалиев ва Бобожоновлар ҳақида ҳам саволлар берилади. Бу ҳолат эса Д.Ризаевнинг орқасидан аллақачон доимий кузатув белгиланганлигини исботлайди. У ўзининг ҳеч қачон аксилинқилобий ҳаракатда бўлмаганини таъкидлаб, хотини ва фарзандларига хайрлашув хатини йўллайди.
1937 йил 28 август куни ўтказилган сўроқда унинг собиқ Хоразм ҳукумати аъзолари Отамахсум, Бекжон Раҳмон, Матюсуф Девон, Жуманиёз Султонмуродов, Назир Шоликоров, Полвонниёз ҳожи Юсуповлар билан алоқалари ҳақида сўрайдилар. 1924 йилда Бекжон Раҳмон ХХСРда Д.Ризаевнинг ўринбосари бўлган ва 1925-1926 йиллар эса Д.Ризаев ЎзССР Маориф халқ комиссари бўлганида Самарқандга унинг уйига Бекжон Раҳмон 2-3 марта келиб, меҳмон бўлган эди. Аммо, “мен унинг уй қуриши учун қурилиш материаллари юбормаганман” дейди. Шунингдек, собиқ Хоразм Ташқи ишлар нозири Жуманиёз Аллақулов ва унинг укаси Иброҳим Аллақуловлар ҳақида гапиради.
1937 йил 2 сентябрь куни сўроқда Мўмин Усмонов ҳақида гапириб беради. Ўтказган шунча сўроқлари давомида ундан бирорта жиддий камчилик топа олмаган терговчилар энди янада қатъийроқ йўлларга ўта бошлайди. Д.Ризаев бунга қарши ўз норозилигини билдириб, мен ҳеч қачон ҳеч кимга қарши кўрсатма бермайман, деб НКВД ходимларини ноқонуний ҳаракатлари учун ҳақорат қилади.
1937 йил 5 сентябрь куни Агабеков “ўзини ёмон тутди” деган баҳона билан Д.Ризаевни 5 кун карцерга буюради. 1937 йил 15 сентябрь куни сўроқ давомида у аввалдан тайёрлаб қўйилган, яъни А.Икромовдан бошлаб 39 кишининг номи келтирилган рўйхатни имзолашга мажбур этилади. Бироқ, унга ҳам ўз муносабатини киритиб, “рўйхатдагилар ҳеч қачон аксилинқилобчи бўлган эмас, балки ҳақиқий дўстлар эдилар” деб ёзиб қўяди.
Давлат Ризаев иши бўйича гувоҳ сифатида, аввало, 1937 йил 10 август куни унинг турмуш ўртоғи ЎзССР умумий овқатларниш иттифоқи раиси Хадича Бекмуҳаммедова (1907) чақирилди. У “1926–1932 йилларда Москвада эрим билан бирга яшадим. Паловхўрликларда Карим Болтаев ҳам келарди. Бироқ, улар ҳеч аксилинқилобий мавзуларда гаплашмаганлар” дейди.
1937 йил 22 август куни сўроққа тортилган Валентина Артунянц Д.Ризаев билан ўзаро таниш бўлгани ва унинг ҳеч бир аксилинқилобий ҳаракатини сезмаганини қаттиқ туриб ҳимоя қилади.
1937 йил 23 август куни сўроқда Карим Болтаев ҳам Давлат Ризаев билан 1922 йилдан таниш бўлгани ва сўнг Москвада бирга ўқиганини, аммо унинг ҳеч қачон аксилинқилобий жиноятга қўл урмаслигига ишонишини айтади.
Давлат Ризаев турманинг азоб-уқубатлари ва адолатсизликка чидай олмай ўз жонига қасд қилади. Тиббий хулоса натижаларига кўра, у 1937 йил 30 сентябрь куни тонг соат 4:25 да ўзини темир трубага ташлаб умуртқасини синдиради ва бир сутка оғир ҳолда ётиб, 1 октябрь куни вафот этади. 1937 йил 14 октябрь куни Антонов, Агабековларнинг сўрови асосида Леонов унинг ишини тўхтатади ва архивга юборади. Бироқ, унинг иши ўз жонига қасд қилиши билан якун топмади. Аксинча, энди уни янада даҳшатлироқ бўҳтонлар билан бадном этишга киришадилар. Жумладан, 1937 йил 17 август куни Маткарим Абдусаломов (1898) номидан Д.Ризаевнинг Мулла Бекжон, Салай Баққолов, Иброҳим Аллакулов, Бобожон Асфандиёров каби “аксилинқилобий унсур”ларни қўллаб-қувватлагани, 1937 йил 21 августда Мадраҳим Рўзметов (1906) унинг собиқ бойлар Бекжонов Дурди қори, Искандаров Салайларни партиядан ўчирилишига қарши туриб, уларни партияда сақлаб қолгани акс этган “жиноятлари” қайд этилди ва ишга тикилди.
1956 йил 13 апрелда Д.Ризаевнинг қизи Учқун (Искра) Давлатовнанинг Урганчдан Ўзбекистоннинг раҳбари Ш.Рашидов номига ёзган аризаси асосида унинг иши қайта кўриб чиқишга тортилди. 1956 йил 13 апрелда Искра Давлатовна Ш.Рашидов номига ариза йўллайди: “Отамни 1939 йил 10 йилга қамалган деган хабар беришдилар. 1955 йил ёзсам, 1955 йил декабрда 41–45 йилларда вафот этган мазмунида мужмал жавоб бердилар. Умуман, унинг гуноҳи нима эди. Фарзандларининг энг каттаси мен 10 ёшда, кичиги 2 ойлик эди. Онам ҳам партиядан ҳайдалган. Уни оқлаш керак” Урганч ш., Госбанкдан.
1957 йил 13 июнь куни сўроқда Насриддин Хўжаев (1896): “... мен 1927-1928 йилларда Москвадаги иқтисодиёт институтида ўқиб юрганда Д.Ризаев билан танишган эдим. 1937 йил ЎзССР НКВДси масъул ходимлари Матвеев ва Агабековлар мени ТожССР санъат ишлари бошқармаси бошлиғи ва профсоюз раиси сифатида Тошкентга чақиришиб, кўп бўҳтонлар ёзилган қоғозларга мажбуран имзо чектириб олдилар. Мен Душанбега боргач, ТожССР КП МҚнинг биринчи котибига бўлган воқеаларни айтиб ариза ёздим ва юқоридаги сохта кўрсатмаларнинг барчасини рад этдим. 1938 йил НКВД мени ҳам қамоққа олди ва ўша кўрсатмаларнинг барчаси рост эканини айтасан, деб мажбурлашдилар. Мен эса рад этдим...” дейди.
1957 йил 14 июньь мустабид тузум қатағон сиёсати қурбонларидан бири Муҳиддин Турсунхўжаевнинг хотини Зуҳра Турсунхўжаева (1908) Д.Ризаев ҳақида берилган саволга: “Давлат Ризаев ҳам худди менинг эримга ўхшаган ҳақиқий инсон эди. Бизнинг улар билан оилавий борди-келдимиз ҳам бор эди. Хотини Хадичахон ҳам ажойиб инсон эди. Биз бир марта Ессентукида дам олишда ҳам бирга бўлганмиз. Уларнинг давлат ва халқ олдида бирор айби бўлган деб ўйламайман. Д.Ризаев ҳалол, меҳнаткаш ва ватанпарвар инсон эди” дейди. Умуман, қайта сўроқлар давомида Д.Ризаевни билган инсонларнинг барчаси у ҳақида фақат ижобий фикрларни билдирадилар. Д.Ризаев 1957 йил 26 июнда Туркистон ҳарбий округи прокуратураси томонидан вафотидан сўнг оқланди.
Қуёшли Хоразм заминида туғилиб улғайган Давлат Ризаев мустабид тузум жаллодлари исканжасида қолди ва бошқа беайб ватандошларига туҳмат қилишдан кўра ўзини ҳалок этишни танлади. Унинг қисқа, атиги 35 йиллик ҳаёт йўли халқ равнақи, мамлакат фаровонлиги йўлидаги тинимсиз курашлар остида ўтди. Д.Ризаевнинг “Маориф ва ўқитувчи” журналидаги мақолалари, оташин маърузалари таълим тизимини ривожлантириш йўлидаги изланишлари ўта сермазмун. Қорақалпоғистонда қисқа вақтда халқ хўжалигини тиклаш йўлида олиб борган фаолияти ҳам диққатга сазовор. У Ватан, миллат йўлида ҳалок бўлган деган улуғ шарафга лойиқ зотлардан биридир. Д.Ризаевнинг илмий, ижодий мероси, мазкур шахсдаги ирода ва жасорат барчага ўрнак ва намуна. Бугун истиқлол замони шундай инсонларни улуғлаш ва хотирасини абадийлаштириш давридир.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ