Буюк Туркистон орзусида қурилган, большевиклар томонидан қулатилган биринчи миллий демократик давлатимиз – Туркистон Мухториятининг 72 куни


Сақлаш
20:45 / 07.02.2023 899 0

Бундан 105 йил муқаддам Ватанимиз ҳудудида илк демократик, дунёвий, мустақил давлат сифатида Туркистон мухторияти ташкил этилган эди. Миллий давлатчилигимиз тарихида ушбу мухториятнинг алоҳида ўрни бор...

 

Октябрь инқилобидан сўнг

Тарихда «Октябрь инқилоби» номини олган 1917 йил воқеалари Туркистонда ижтимоий-сиёсий ҳаракатларнинг кучайишига сабаб бўлди. Қўқон шаҳрида 1917 йил 26-28 ноябрь кунлари Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойи бўлиб ўтди. Унда демократик мусулмон зиёлилар талаби билан Туркистон аҳолисининг европалик қисми вакиллари ҳам иштирок этди. 27 ноябрь куни эса қабул қилинган Қурултой қарорига асосан: «Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилоби даъват этган халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги иродасини намоён этиб, Туркистонни Федератив Россия Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади». Мазкур давлатнинг эълон қилиниши муносабати билан Қурултой кенгаши қуйидагича баёнот қабул қилади, уни варақалар тарзида аҳоли орасида тарқатади ва матбуотда чоп этади:

 

«Яшасун Туркистион мухторияти!

Туркистон мусулмонларининг дўртунчи фавқулодда қурултойи Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйича буюк Русия инқилоби тарафидан берилган асосларга биноан федерация асосига қурулғон Русия жумҳурияти ила бирликда қолғони ҳолда, Туркистонни бирлик мухториятли, яъни «террирториални автономия» эълон қиладур. Бу мухториятнинг на суратда вужудға қўюлмоғини йиғиладурғон Умумтуркистон халқининг «учредителни собирание»сиға (Туркистон мажлиси мусулмони)га топшурадур.

Шунинг ила баробар Туркистон ўлкасида қаллият ташкил қилғон миллатларнинг ҳуқуқларининг ҳар жиҳатдан сақланилмоғини ҳам тантанали суратда баён этадур. Шаҳри Ҳўқанд, ҳижрия 1332, 25-сафарул-хайр, милодий 1916 йил, 27 ноябрь».

Кўриниб турганидек, Туркистон мухторияти тўла-тўкис мустақил давлат эмасди. Қолаверса, у ҳозирги Ўзбекистон ҳудудини ҳам, минтақадаги бошқа давлатлар ҳудудини ҳам, тўла қамраб олмаган, балки собиқ Қўқон хонлигининг тахминий ҳудуди ўрнида ташкил этилган эди. Мухторият бугунги Ўзбекистоннинг тақрибан 70%, Қирғизистоннинг 90 %, Қозоғистоннинг 15-20%, Тожикистоннинг 35 % ҳудудида ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг жами аҳолиси 5 миллион кишидан ошган. Ҳудудий жиҳатдан Хива хонлиги, Бухоро ва Афғонистон амирликлари, Россиянинг Каспиёрти вилояти (ҳозирги Туркманистон), Хитой Республикаси ва Алаш Мухторияти (ҳозирги Қозоғистон) билан чегарадош эди.

 

Махсус мурожаатнома

Туркистон Мухториятини яратиш ғояси Марказий Осиёдаги ягона ва қудратли, Буюк Туркистонни қуриш йўлидаги илк ва дадил қадам бўлганди. Бу эса большевиклар ҳокимиятининг мақсад ва муддаоларига мутлақо зид эди. Бутунроссия Таъсис съезди чақирилгунга қадар ҳокимият тўла равишда Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ Мажлиси қўлида бўлиши ҳақида қарор қабул қилинди. Муваққат кенгаш аъзоларидан 12 кишилик ҳукумат тузиладиган бўлди. Қурултой жараёнида Туркистон Миллий Мажлиси эса 32 кишидан иборат қилиб сайланди. Мухториятнинг Муваққат ҳукумати таркибига мухториятчилик ҳаракатининг фаол иштирокчилари киритилди. Жумладан, Муҳаммаджон Тинишбоев – Бош вазир, ички ишлар вазири, Ислом Султон Шоаҳмедов (Шагиаҳмедов) – Бош вазир ўринбосари, Мустафо Чўқай – ташқи ишлар вазири, Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев) – ҳарбий вазир, Ҳидоятбек Юрғули (Юрали) Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳри думасининг раис ўринбосари, Абдураҳмон Ўрозаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, Соломон Абрамович Герцфелд – молия вазири этиб тасдиқланди. Муваққат ҳукумат таркибига кириши лозим бўлган яна тўртта ўрин европалик аҳоли вакилларига ажратилди. Ҳукумат аъзолари орасида ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, рус, яҳудий ва бошқа миллат вакилларининг борлиги давлат тузумининг демократик тамойилларга асосланганини яққол исботи эди.

Қурултой тугагач, 1 декабрда Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати аъзолари имзолаган махсус Мурожаатнома эълон қилинди. Унда Туркистондаги барча аҳоли: ирқи, миллати, дини, жинси, ёши ва сиёсий қарашларидан қатъи назар якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъват этилган. Шунингдек, Туркистон Мухторияти ҳукумати – Миллий давлатчиликнинг қарор топишини жўшқин муборакбод этиб, матбуотда таниқли маърифатпарварлар, диний, жамоат ва сиёсат арбоблари бирин-кетин чиқишлар қилишди.

 

«Миллий лайлатул қадримиз»

Мухторият ҳукумати қисқа муддат ичида халқ орасида катта эътибор қозонди. Шунинг учун ҳам маърифатпарвар Фитрат Мухторият эълон қилинган тунни «Миллий лайлатул қадримиз» деб атади. Жадид «Мухторият» номли мақоласида шундай дейди:

«Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопонди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмулди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизга тажавузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остиға олинди – тузимли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар бир буйруғга бўйсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшунтурдик, имонларимизни авраб сақладик: Туркистон мухторияти!».

Чўлпоннинг «Озод турк байрами» шеъри варақа шаклида тарқатилиб, Мухториятнинг мадҳияси сифатида халқ орасида ижро этилди. Унда қуйидаги мисралар бор эди:

Бизлар темир жонлимиз! Шавкатлимиз, шонлимиз!

Номусли, виждонлимиз! Қайнаган турк қонлимиз!

Бўлди кенглик, зўрлик йўқ, Берилди бизга ҳуқуқ!

Тараққийга йўл очуқ! Жаҳолатга йўл ёпуқ!

 

Илк демократик ҳукумат

Туркистон Мухторияти том маънода ҳуқуқий демократик тамойилларга асосланган ҳукумат эди. Унинг декларациясидаги бандлар ҳам шундан далолат беради:

«Ҳар ким ўз фикрини, ҳаёлини сўйламоққа, матбуот ва бошқа воситалар ила нашр ва эълон қилмоққа ихтиёрлидур;

Жамият ёки бир иттифоқ ясамоқ учун ҳеч кимдан рухсат сўрамоққа эҳтиёж йўқдур;

Ҳуррияти виждон том маъносила ижро қилиниб, аҳолидан ҳеч ким дини, мазҳаби ва эътиқоди учун таъқиб ва тазйиқ қилинмас».

Халқ оммасининг қизғин қўллаб-қувватлашидан илҳомланган Мухтор ҳукумат вакиллари жадал фаолият бошладилар. Дастлабки кунлардан бошлаб Миллат мажлиси томонидан тасдиқланган қонунлар эълон қилиниб, янги ҳукумат давлат Конституциясини тайёрлаш учун таниқли ҳуқуқшуносларни жалб этди. Бир нечта ҳукумат газеталари ўзбек, қозоқ ва рус тилларида нашр этила бошланди. Шунингдек, ҳукумат миллий қўшинни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратди. Ҳарбий вазир Убайдулла Хўжаев иштирокида ўтказилган кўрик-парад вақтида аскарлар сони 2000 нафарга етган. Бундан ташқари Қўқонда Эргаш қўрбоши раҳбарлик қилган икки мингга яқин миршаблар ҳам бор эди. Совет ҳокимиятидан фарқли ўлароқ, Туркистон Мухторияти ҳукумати қонуний асосда ташкил этилган эди. Туркистон Мухторияти кенг мусулмонлар оммаси ва демократик кайфиятдаги европалик аҳолининг ваколатини олган эди. Шунинг учун ҳам айтиш мумкинки, Туркистон Мухторияти ўз тақдирини ўзи белгилаган Халқ республикаси эди. Шу боис, 1917 йилнинг 1 декабрида Наманган, 6 декабрида Жалолобод ва Ўш, 13 декабрда Тошкент, ундан кейин Самарқанд ва Каспиёрти вилоятлари (ҳозирги Туркманистон) аҳолиси унга қўшилиш ҳақида қарор қабул қилди. Мухториятчилар эса миллий қўшин ва ғазна ташкил этишга киришди.

 

«Ўликлар шаҳри»

Юқорида айтилганидек, халқ томонидан қўллаб-қувватланган Туркистон Мухторияти большевиклар томонидан маъқулланмади. 1917 йил 13 декабрда Тошкентнинг эски шаҳар аҳолиси «Мухтор Туркистон учун» шиори остида тинч намойиш ўтказдилар. Тошкент шаҳар советидаги большевиклар эса шаҳарда қуролли куч билан тартиб ўрнатишга буйруқ бердилар. Натижада тинч намойиш қатнашчилари ўққа тутилди, 16 киши ҳалок бўлди. 1917 йил 26-30 декабрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари И фавқулодда қурултойининг ҳам асосий масаласи Туркистон мухториятига муносабат масаласи эди. Бутун Туркистон ўлкасидан 200 яқин вакиллар қатнашган ушбу қурултой 30 декабрда Туркистон мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Туркистон ўлкаси Халқ комиссарлари Советига ишончсизлик билдириш ҳақида қабул қилган декларациясида қуйидаги фикрлар бор эди:

«Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети барча аҳоли, айниқса, мусулмонлар хоҳиш-истакларининг ифодачиси эмаслиги;

Туркистон ўлкаси халқлари иродаси икки қурултойда мухторият эълон қилинганида ифодаланганлиги;

Туркистонда ягона ҳукумат органи бутун мусулмонларнинг қурултойида ташкил топган ва мусулмон ишчи, аскар ва деҳқонларнинг қурултойида тўлдирилган Туркистон Мухторияти ҳукумати эканлигини эътиборга олиб, Мусулмон ишчи, деҳқон ва аскарлар қурултойи Туркистон Халқ Комиссарлари Советига ҳокимиятни дарҳол Туркистон Мухторияти ҳукумати ва Миллат Мажлисига топширилсин деб истак билдиради».

 

Қонга ботган ҳуррият

Душманлар ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. 1918 йил 19 январда Тошкентда бошланган Туркистон ўлкаси ишчи, солдат ва деҳқон депутатларининг фавқулодда ИВ съездида Мухторият кескин танқид остига олинди. Ушбу съезд Туркистон Мухторияти ҳукумати ва унинг аъзоларини қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Съезд большевиклар фракциясининг Туркистон Мухторияти тўғрисидаги резолюциясини қабул қилди. Ушбу резолюцияда Туркистон қонуний ҳукумати мунофиқларча «қора гуруҳчилар тўдаси» деб аталди. Бу ҳам етмагандек, бу съезд большевикларнинг тазйиқи остида қонуний кучга эга бўлган, туб ерли аҳоли манфаатларининг ҳимоячиси бўлиб майдонга чиққан ўлкадаги илк демократик ва халқчил ҳукумат – Туркистон Мухторияти устидан шафқатсиз ҳукм чиқарди.

Большевиклар 1918 йил 19 январда Тошкент-Оренбург йўли очилганидан фойдаланиб, Туркистон мухториятига қарши 11 эшелонда 10 минг кишилик қўшин жўнатди. 1918 йил 30 январда Туркистон ХКС Мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Қизил аскарлар – австро-венгриялик ҳарбий асирлар, арман дашноқларидан иборат қурама қўшин Қўқонни ва водийдаги бошқа шаҳарларни талади. Айниқса, 1915 йилги турк-арман тўқнашувларидан аламзада арманларнинг ваҳший тўдалари бегуноҳ Туркистон аҳолиси бошига мислсиз мусибатларни солди. Биргина Фарғона вилоятида 35 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари аҳоли қириб ташланди.

31 январда бошланган жанглар бир неча кун давом этди. Қон тўқилишини олдини олиш мақсадида олиб борилган музокаралар ҳам натижа бермайди. Ўша пайтда мухториятчилар ихтиёрида 2 минг атрофида етарли тажрибага эга бўлмаган аскар бор эди, холос. Шу сабабли Қўқон мудофааси узоқ давом этмади, 1918 йил 15-18 февраль қатлиоми билан уруш тугади. Маҳаллий газеталардан бири ўша кунларда Мухторият пойтахти – Қўқонда юз берган хунрезликларни тасвирлаб, «эндиликда Қўқон ўликлар шаҳридир» деб ёзганди. Шу тариқа 1918 йил 19 февралда Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукумати большевикларинг қонли ҳужумлари натижасида ағдариб ташланди. Ҳукумат бошлиғи Мустафо Чўқай шаҳарни тарк этиб, яширинишга мажбур бўлди. Вазирларнинг айримлари ҳалок бўлди, айримлари қўлга олинди.

 

Орадан 70 йил ўтиб...

Туркистон Мухторияти худди Европадаги Париж коммунаси сингари 72 кунгина яшади, холос. Шунингдек, большевиклар 1917 йилнинг декабрида қозоқ миллий демократлари томонидан Оренбургда ташкил этилган Алаш-Ўрда автономияси ҳукуматини ҳам 1919 йил ёз ойларида шу тахлит барбод қилишди. 1918 йилда Кавказортида тузилган Озарбойжон Демократик Республикасини ҳам салкам икки йилдан сўнг қонга ботирди.

Бекор қилинган Туркистон мухторияти ўрнида Туркистон АССР ташкил қилинди. Кейинчалик Туркистон АССР, Бухоро ХСР ва Хоразм ХСР ўрнида миллий республикалар, жумладан, Ўзбекистон ССР тузилди. Яна 70 йилдан кўпроқ давом этган мустабид Совет ҳукмронлигидан ўтган асрнинг 90 йилларига келиб, мамлакатларимиз тўлиқ мустақилликка эришди. Айни пайтда мустақил туркий давлатлар раҳбарлари ташаббуси билан ташкил қилинган Туркий давлатлар ташкилоти ҳуррият ва бирлик йўлида шаҳид кетган боболаримиз орзуларининг амалдаги рўёби десак хато бўлмас.

Рустам ЖАББОРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10344
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//