Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига
Омон Матжон ўзбек шеърияти хазинасига жавҳарлар – бир олам жавоҳир сўзлар тақдим этди. Шеърларидан тириклик нафаси келади ва улар ҳаётийлиги билан эсда қолади. Бу дунё қизиқ. Одам жисман маҳв бўлиб, боқий дунёга кетса ҳам, унинг ўлмайдиган, умрибоқий сўзлари қолади. Ижодкорнинг бахту иқболи ҳам шу.
Ҳали ҳануз эслайман, ХХ асрнинг 80-йилларида “Гаплашадиган вақтлар” шеърий қиссаси шуҳрат топди. Аниқ сана: 1986 йил 17 декабрь куни “Гаплашадиган вақтлар” – қўнғир муқовали ихчам китоб ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультети талабалари ҳузурида муаллиф иштирокида муҳокама бўлган эди. Китобнинг ич муқовасидаги қайдим шундай. Биринчи курс талабаси эдим. Дарвоқе, “гаплашадиган вақтлар” – бу жуда муҳим бир бирикма-тушунча. Қачон гаплашамиз? Галашишга имкон борми? Одамзод шошқин ва аҳли шуаро тошқин келади. Қачон бемалол ва сокин бир вазиятда гаплашиш мумкин? Баҳарнав, бу оламни тарк этган, Аллоҳнинг даргоҳига етган оддий инсон билан гаплашиш қийин. Биласиз. Аммо шоирлар, ёзувчилар – ижод аҳли билан ҳамиша гаплашиш мумкин. Унинг китобларини қўлга олган маҳали “гаплашадиган вақтлар” учун имкон пайдо бўлади. Дилбар, лирик гурунглар бошланади беихтиёр...
Дарҳақиқат, бугун Омон Матжон билан шеърлари орқали гаплашамиз. Унинг дардини, қалбини, ўгитлари ва ҳикматларини англаймиз ва беихтиёр шоирни ўзимизнинг ёнимизда ҳис этамиз. Тирик сўз мерос қолдирган шоир ўлмайди. Сўзи амалига уйғун яхши шоирларининг юрак сўзлари боқий.
Омон Матжон исми ўзбек шеърияти муҳибларига ярим асрдан кўпроқ муддат давомида йўлдош бўлди. Унингча: “Шеърият – ҳамманинг ўзи, ўзлиги”дир. Бу шоир номни қанчадан-қанча шеърпарастлар қалбига нақшланди. Яхши инсон, тўғрисўз ва виждонли шоир унутилмайди.
Агар Омон Матжон шеърлари баҳайбат ва ўткир кўзга ўхшатилса, бу кўз оламга Хоразм деган вужуд даричасидан қараётгандек бўлади. Шоир қадим Хоразмни “башар тарихида мангу хазина” деб билади.
“Эй, сирли диёр, Хоразм,
Эй нурли шиор, Хоразм.
Неча эврилган тарихнинг
Сенда расми бор, Хоразм...
Жаҳон алжабиринда номинг
Ҳар дафъа такрор Хоразм...”.
Омон Матжон шеърияти деган тушунча донишманд Хоразм тупроғининг маънавий-шеърий об-ҳавосини жуда кенг миқёсда намоён этиши билан индивидуал мазмун касб этади. Ҳар қандай давр ва даврада бу шоирнинг борлиги “эсар Жайҳун шамоллари” дегандек барчанинг қалбига эл-юртининг хушҳаволарини олиб киради.
Агар бадиий дунё адабиёти улкан ва бепоён уммонга ўхшатилса, Омон Матжон бу уммонга она дарё – Аму орқали келиб қуйилаётгандек бўлади. Шоирнинг “Амударё – мангу муҳаббат, Амударё – абадий ҳижрон”, деган мисралари бор. Қўшмисра ортида катта бир халқ ривояти яширинган. Муҳаббат ва ҳижрон жуфтлигини англаш, дарё ва қумлоқ рамзлари моҳиятини тушуниш учун “Амударё изтироби”ни англамоқ керак.
Омон Матжоннинг ҳайбат билан, сокинлик билан, ора-орада эркаланиб, имо-ишораларини ҳаяжонига улаб шеър ўқишдаги кайфияти Амударёнинг қирғоқларига урилиб, тўлиб оққан паллаларини эсга солади. Амударёдан шоирга илҳом берадиган хотира оқади.
“Олисдаги ёр васли бир-бир эсингга тушса,
Ошиқлар ечолмаган бир сир эсингга тушса,
Қирқ йил дарёда оққан Тоҳир эсингга тушса,
Санам деб Ғариб кечган вафони кўрмоқ бўлсанг,
Бор Аму бўйларига, боргин, дўстгинам”.
Шеърнинг охирги мисрасига урғу бериш Омон Матжон шеъриятига ҳам хос. Агар кимнинг ёдига Хоразм тушса, бу элни ташналаниб соғинса, айни юртнинг кўрки, таровати, санъат аҳли, нозу неъматлари эсига тушса, Омон Матжон шеърияти булоғидан бир қултум ичиб чўлини қондириши мумкин.
Омон Матжон файласуф шоир ўлароқ шеърлари мағзига ҳикмат жойлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, мўмин киши уни қаерда топса ҳам олади”, деб айтганлар. Ҳикмат ижодкорнинг фаҳми, фаросати, идроки, тафаккур тарзини кўрсатади. “Ёлғоннинг тахтдаги юз йил даврони, Ҳақиқат айтилган бир дамча йўқдир”. “Нафс, бу – абадий қулликнинг боши...” Бу ҳикматлар мақол китобларидан олинган иқтибослар эмас, бу ҳикматлар шоирнинг ўз адабий идроки билан англаган ҳаёт ҳиқиқатларидир. Шоирнинг қўшиқ бўлиб куйланган шеърлари ҳам кўп.
“Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.
Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.
Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг.
Умр – йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиш кўп,
Унутиш, айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг, ўша келишларинг…”
Омон Матжоннинг бу шеъридан бирор қисмини олиб, парчалашдан тийилдим. Изтиробли, ишқли, соғинчли, маънили, ҳикматли ҳар бир мисра бир неча ўн йилки, ҳали ҳамон улкан ҳофизлар овозида қулоғимиз остида жаранглаб турибди. Шеър бизнинг ёшлик хотираларимиз билан эгиз. Қўшиққа айланган мисралар ҳали-ҳамон юракни ўртайди; алланимадир – балки моддийлашган соғинчли бир туйғу томоққа келиб таққа тиқилгандек бўлади. Ҳар ўқилганида оламшумул ҳаётий ҳикматларга тўла шеър ширин, мавжли ва гўзал хотираларни элакдан ўтказади.
Гарчанд Омон Матжон шеърлари ўқилиши – ижросида хоразмча оҳанг етакчилик қилса ҳам, шеърларида шева сўзларига ортиқча ўрин бергани йўқ. Ҳолбуки, у хоразмликларнинг тили, кўнгли ва дилининг чинакам билимдони эди. Омон Матжон шеърияти хоразмча сўзлар онда-сонда, адабий тил ҳазми кўтарган миқдорда, меъёрида учрайди. Шеърда шундай бир вазиятлар бўладики, айнан ўша мисрада Омон Матжон атай ва ёки шеърнинг техник талабларига кўра қўллаган хоразмча сўз узукка қўйилган биллур кўздек ёнади.
“Созчи тамбурни тузди,
Дулдул арқонни узди.
Дагиш қирғоқни бузди.
Дарёга ким еткизди
Нера боражагимни!?”
Бу “ҳазил лапар”дан парча: инжа ва нафис. “Дагиш” – дарё қирғоғига тегиб, ўпириб кетадиган шиддатли оқим. Академик Матёқуб Қўшжоновнинг ҳаёт йўлидаги шундай беаёв оқим тўлқини борасида ҳикоя қилган хотира китобига зукко сўзшунос Маҳмуд Саъдий “Дагиш” деб ном қўйиб берганидан хабарим бор. Узр, гапим чалғимасин – у бошқа мавзу. “Нера” сўзи – не ерга, қаерга маъносида. “Боражагим” – тушунарли. Бир сидра назар ташлаганимда, Омон Матжоннинг “гурвак” (қовун нави), “чуғул” (чақимчи), “дов” (навбат), “қислиқди” (сиқилди), “ёзғит” (манглайдаги битик маъносида) каби қатор сўзларига дуч келдим.
Омон Матжон сўз устида суҳбатлар қурарди. Тўғриси, мактаб ўқувчилик йилларимда ойинаи жаҳон орқали кўриб таниганим Омон Матжон ўша палладаги кўрсатувда ҳам сўз ҳақида сўз юритмоқда эди. Эслайман: у “бўгат” деган сўздан гапирар эди. Изоҳли луғатлардан ўрин олмаган хоразмча “бўгат”нинг маъноси шуки, ариқ-солмалардаги сувни тўсиб қўядиган лой ёки шох-шабба аралаш тўсиқ. Улкан ёп-арналарга қурилган катта тўғонга ҳам “бўгат”ни қўллаш мумкин. Сўзнинг кўчма маъноси ҳам бор, шўро замонида ижодий эрксизлик масаласида, дейлик, шундай “айрим мавзулар олдига бўгат босилган эди” тарзида бемалол қўлласа бўлади. Ҳа, дарвоқе, сўз очмаслик керак бўлган мавзулардан Омон Матжонлар авлоди йўлини топиб сўз очди. Сўз олдига қўйилган сунъий бўгатларни ўзларининг тошқин сўзлари – маҳоратлари билан қирқ парчин қилди. Ўша авлод тарихий ҳодисалар ва халқ ривоятлари воситасида ўзликдан сабоқ беришди... Омон Матжоннинг “Ҳаққуш қичқириғи” туркумидаги оғиздан-оғизга кўчиб, айтиб юриладиган ривоятлар, афсоналар, ҳақиқатлар – буларни кўпчилик билар эди. Аммо йўлини топиб, фақат Омон Матжонгина ўзига хос йўсинда уларни шеърияти таркибига жойлади. Шоирнинг бор ҳақиқатни, ўз миллий-маънавий қадрияларини англаши ва уларни шеърий мисралари қабатига жойлаши – бу бебаҳо фазилат.
“Мен воҳа ўғлиман, талабим – кенглик,
Эркин ҳаволарда тўқийман шеърлар.
Бор бўл, маъно қадар ёрқин бўлган сўз,
Бор бўл, уфқ оша йўллар ва ерлар!”
Омон Матжон яқин тарихдаги қалтис замонларда ҳам ўзлигини таниган ва ўзилигини танитган шоир сиёқида шуҳрат топди. “Мен қандай муҳитда ким билан бўлмай, Руҳим доим уйғоқ ва йўлга тайёр”, деб ёзди у.
Омон Матжон гоҳида ҳаётнинг шундай митти бир парчасини – арзимасдек кўринган воқеликни шеърга солади ва ундан катта бир ҳаётий-фалсафий хулосалар чиқаради.
“Дарахтларнинг хулқи ғалати,
Майна қилар қуёшни улар:
Ёзда роса иссиқ кийиниб,
Қишда эса... яланғоч турар”.
Шеър шу тўрт қатордан иборат. Бундай ғалати хулқни, ўзаро тескари пропорционал ҳолатни шоирларнинг ҳайрат кўзлари кўради, холос. Омон Матжоннинг лирик меросида сюжетли шеърлар бор. Қойилмақом қилиб ёзилган бундай шеърларга ҳам шоир ижодининг нақши, безаги сифатида қараш ўринли.
Омон Матжон барпо этган шеърият боғининг тотли мевалари бор. Айниқса, олма. Олма – покиза муҳаббат рамзи.
“Ўртамизда биргина олма –
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма –
Балки ғам у ё балки севинч.
Ўртамизда биргина олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил...”
Инсон қалбидаги руҳоний ҳислар ҳамиша ораста, тоза, пок бўлмоғи керак. Чунки “нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана”. Инчунун, маънавий-руҳий кайфияти юксак одамнинг юрагидаги бебаҳо муҳаббат туйғуси “ҳаё туғёни”дан қизаради. Ишқ – ичдаги шодлик қайғуси. Ишқ-муҳаббат ўз кўрку жамолини иффат ва ҳаё либосига ўраб, азал-азалдан “соғинч рамзи”га дўниб келади.
Омон Матжоннинг лирик қаҳрамони ўз ишқи иқроридан ийманади, тортинади. “Мен ишқимни айтолмасам ўзингга”, деганича у қалб сирини булутларга, тоғларга, дарёларга сўзлайди. Ошиқ дарди табиат унсурлари жонланади. Фурсат пойлаб ошиқ ўз дардини “Вижир-вижир қалдирғочга айтади”. Бу ҳам ошиқ-шоирнинг кўнгил асрорини айтиш усули, албатта. Ёри эса “ғунчадек қисиниб”, иффат пардаси ортида туриб: “Анавилар бор-да, ўшалар...” дейди ва гапини охиригача айтишдан адашади ёки айта олмайди ийманиб.
Омон Матжон шеърий мисралари гоҳида Хоразм “Лазги”сидек дилбар ва ўйноқи.
“Боқиб ҳар ён ўйноли
Қочсин ёмон, ўйноли,
Замон-замон ўйноли,
Омон-омон, ўйноли!”
Шеър оҳанги хоразмча кўйга мос – шитобли, шўх ва у ҳеч сездирмасдан жонсиз вужудга жон киргизади гўё. Мудроқ ҳужайраларни уйғотади. Яна бир хусусият, Омон Матжон шеърларида ора-орада ўз исмини тажнис ўлароқ сездириб-сездирмай қўллаб ўтади. “Дамлар шиквасига учма, омон бўл”, “Тили омон бўлса ўлмайди миллат” дегандек, ёки “Тонгнинг тиниқ дурларини тун чангалидан омон олиб чиққанимдан – покман, омонман...” каби анча ўринларда сезилади. Ва бу шеърий санъат ўқувчига завқ беради.
“Дўсту ёр, юрт омонми, Омон, сен ҳам омон бўл,
Эл ҳама яхши бўлса, майли, сен бир ёмон бўл,
Лекин сен нур томон бўл, сен адолат томон бўл,
Кўнглинг бирдир – агарчи ошноси турли-турли,
Умринг шундан гўзалдир, навоси турли-турли”.
Шоир кўплаб шеърларида ўзбекнинг фахри бўлган бухорийлар, самарқандийлар, шошийлар, фарғонийларни эсга олади. Баъзан шоир Хоразм алломалари, миноралари, қадим ғиштлари ва асрий тарихни сўзлаб турган Хива борлиғига, унинг “Ичон” билан “Дишон” қалъаси устига маъно юклайди:
“Азалий беомон бир ҳукмдир бу:
Одам – Дишон қалъа, орзуси – Ичон!
Оз яшаб кўп мушкул кўрса ҳамки у,
Руҳин қолдирмоғи мумкиндир омон.
Мен бугун Хивада виқорли турган
Асрий ёдгорлардан туяркан маъни,
Дедим: умр ҳикматин бобонгдан ўрган,
Асрамоқни ўрган Ичон қалъани!”
Агар адабиёт олами кўзимизга яшил маъво бўлиб кўринса, бу оғочликлар орасидан Омон Матжон шеърларини образ ўлароқ безайдиган муҳташам гужумларни ҳеч қийналмасдан топиш мумкин. Шоир бир ўринда: “Қорақумда нур ийиб, жазира тўқир офтоб, Воҳа кенгликларида гужумлар битар китоб”, деб гужумларни котибга айлантиради. Бошқа бир шеърида “ёз оловидан, қиш совуғидан” қайғуга тушган қушлар бахти учун “чўнг гужумлик”ни кўриб қувонади.
Кичик бир хотира: 2012 йили баҳори эди. ЎзМУ ўзбек филологияси факультетида Омон Матжон билан учрашув бўлди. Айнан мана шу аудиторияда чорак аср муқаддам “Гаплашадиган вақтлар” китоби тақдимоти бўлганини, у палла биз талаба ўлганимизни эслатсам, Омон Матжон ўзида йўқ шондланиб, “шишган”дек эрка қилиқлар қилиб талабаларни кулдирди. Кейин “Дийдор азиз” китобидан шеърлар ўқиди. Йиғинда профессор Умарали Норматов домла қатнашди: “Омон Матжон ижодида фақат замонаси, ўз юрти воқеа-ҳодисалари, тенгдошлари дарду ташвишлари изҳори – ифодаси билан чекланмайди; кечмиш, тарихий сиймолар тасвири ҳам ижодида салмоқли ўрин тутади. Омон – жаҳонгашта шоир, унинг сафар таассуротлари асосида битилган туркум шеърлари ҳам мавжуд”. Шундан кейин Омон Матжон 80-йиллардаги хориж сафаридан гап очди. Эслади. Чет элдаги битта дўкон эгаси келган сайёҳларга дунё харитани кўрсатиб, ундан ўз юртини топиб, унга игна санчиш “маросим”ини ўтказар экан. Шоир ўша паллада шундай ҳам юртининг юраги поракада бўлиб ётганини мезбонга эслатиб, Ўзбекистонни харитадан кўрсатиб, игна санчиш “маросими”дан ҳақли равишда бош тортибди. Шоирнинг айни қилмишидан ғурурлангани сезилади. Шу муносабат билан:
“...Юртимнинг қалбини бир бор кўрсайдинг,
Найзалар ўрнини, минглаб битмаган.
Доро, Искандарлар тиғ урган унга,
Энди мен санчишим гўё етмаган...”, дея яхши бир узун шеър ўқиди...
Дил рангини гулларга пойлаган – улашган шоир “Дилимнинг рангини гул билса бўлди, Менинг кимлигимни эл билса бўлди”, дейди. Унинг салобатли, мағрур ва рубобий шеърий сўзи “фазлу камоли”нинг овози ўлароқ ҳар доим ўз мухлисларини безовта қилади:
“Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Котибу давру рақам аввалгиларға ўхшамас.
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,
Кўнглим ичра дарду ғам аввалгиларға ўхшамас,
Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға ўхшамас...”
Тўғриси, Омон Матжон ва унинг овози, шеър ўқиш услуби, сўзи ва, умуман, ўзи “аввалгиларға ўхшамас” – ўзича бир олам.
Бу ардоқли шоир, табиийки, кейингиларга ҳам ўхшамас...
Зеро, Омон Матжоннинг истеъдодли ижодкор сифатидаги адабий шахсияти, сиймоси, адабий мероси шундай “ўхшамасликлари” билан шарафли, қадрли ва муҳимдир.
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори,
Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети профессори.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ