Муқаддима
Профессор Бегали Қосимов 1980–1990 йилларда ўзини миллат ўлароқ қайта англай бошлаган жамият, илмий жамоатчилик, айниқса талабалар дунёсида жуда машҳур эди. Албатта, бу машҳурлик шунчаки эмас, балки бир умр миллат уйғониши орзуси билан яшаган шахс армонларининг реаллашуви, иккинчи томоннинг эса йиллаб меҳнату машаққат чеккан фидойи олимини таниши билан боғлиқ...
Ўн беш ёшида мактабни битириб, ҳозирги Ўзбекистон миллий университетига ўқишга келган (1958) Бегали Қосимов талабалик давридаёқ миллат дардига чалинган эди. Бу шарафли дард уни сўнгги нафасигача тарк этмади. У миллат фидойиси бўлиб яшади, миллат фидойиси бўлиб вафот этди (2004 йил 25 сентябрь). Илло, миллат дарди билан туғилмаган одам шу дард билан яшаб, шу дард билан вафот этиши мумкин эмас. Қашқадарёнинг узоқ Денов қишлоғида туғилган кунидаёқ озодлик қайғуси ичра иситмалаб ётган миллат руҳи уни йўргаклаб олганки, бу сирни ҳали ҳеч ким, ота-онаси ҳам, унинг ўзи ҳам билмасди. Фақат орадан чорак аср ўтиб, сут билан кирган дард ўзини ошкор қила бошлади. Бу Бегали Қосимов битиклари тимсолида тарих саҳифаларига муҳрланди.
Олимнинг биринчи мақоласи 1964 йили «Сирдарё ҳақиқати» газетасида чиққан. Мақола миллий адабиётимизнинг инқилобий қудрати ҳақида эди. Биринчи рисоласи эса «Мирмуҳсин Шермуҳамедов» деб номланиб, 1967 йили чоп этилган. Шулардан бошлаб Бегали Қосимов юзлаб мақола, рисола, монография, илмий ишлар тўпламини нашр эттирди. Сўнгги китоб ва мақолалари йигирма биринчи юзйилликнинг дастлабки ўн йиллигида ёзилди. Олим битикларининг моҳиятида миллат адабиёти, маънавияти, шонли ўтмиши, бугуни ва истиқболи хусусида сўз боради. Миллат дарди ўзига хос ифода этилади.
Олимнинг шу шарафли дард билан оғришига сабабчи бўлган устози – профессор Ғулом Каримов севимли шогирди ҳақида шундай ёзган эди: «Бегали Қосимов илм-фанимизнинг ривожи учун заҳмат чекаётган олимларимиздан. Ҳеч иккиланмасдан айтиш лозимки, унинг қатор мақолалари, китоблари ноҳақ туҳматга учраган Абдулла Авлоний, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Сиддиқий-Ажзий сингари ХХ аср бошлари адабиётимиз вакиллари ижодининг бу давр адабий-тарихий жараёнида тутган муносиб ўрнини англашимизга хизмат қилди... Б.Қосимовнинг педагоглик фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. Унинг маърузалари ҳамиша сермазмун, қизиқарли ва чуқур мантиққа эга. Талабалар ўртасидаги шуҳрати ва обрў-эътиборининг боиси ҳам шунда».
Энди машҳур Воҳид Абдуллаевнинг эътирофига диққат қаратамиз: «Бегали Қосимов ўзбек инқилобий шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёт қонуниятларини белгилаган кашшоф олим. «Биринчи жаҳон уруши даври ўзбек адабиёти», «Ўзбек адабиёти ва февраль инқилоби» сингари муҳим илмий муаммолар илк бор Б.Қосимов томонидан бир бутун ўзбек шеърияти кўламида тадқиқ этилди. Табиатан анъанавий адабиётдан фарқ қиладиган бу давр шеъриятининг халқ поэтик ижодиёти, хусусан, халқ қўшиқлари, достончилиги билан муштарак жиҳатлари ёритиб берилди. У биринчи бўлиб «мардикорлик шеърияти» атамасини илмий муомалага олиб кирди, манбаларини белгилади, уни қардош халқлар фольклори билан қиёсан тадқиқ этди. ХХ аср бошлари ўзбек-турк адабий алоқаларига урғу берди. Бу давр адабиётини ўрганиш қийин бўлган бир пайтда, Бегали қўрқмасдан, янги номлар, янги адабий далиллар ва манбаларни адабий истеъмолга киритди».
Бу фикрлар Бегали Қосимов элликни қоралаган пайтларда айтилган. Олим ҳақидаги эътирофлар шу билан чегараланмайди. У ҳақда йирик адабиётшунослар, шоиру ёзувчилар, чет эллик мутахассислар салмоқли фикрлар билдиришган. Ва энг муҳими, бу фикру эътирофларнинг барчаси самимий, ҳаққоний эди.
Миллатнинг улуғ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони, Бегали Қосимовнинг дўсти Абдулла Орипов томонидан 1960 йилларда битилган:
Булбул ўгай эрур зоғлар орасида,
Югурик сув ўгай тоғлар орасида.
Муҳаббат дардидан бемор қалблармиз,
Ўгай бўлсак не тонг соғлар орасида...
сатрлари қатидаги «бемор қалблар»дан бири Бегали Қосимов эди десак, ёлғон бўлмайди. Зотан, бу авлод ўз замонасига «ўгай», бунинг сабаби эса қалби уйғоқ бу зотларнинг миллат дарди билан беморлиги эди.
Миллат дарди мансаб-мартаба, салобату ҳашамат, ҳатто соҳа-ю касб танламайди. Одам танлайди. Бу дард минглаб тенгдошлари, соҳадошлари, касбдошлари ичидан Бегали Қосимов ва унинг дўстларини танладики, бу уларнинг қисмат битиги эди...
Қисмат йўли
Бегали Қосимовнинг ҳаёт йўли ўзи мансуб қирқинчи йиллар авлоди биографик йўлидан кўп фарқ қилмайди. Олимнинг укаси Шомурод Қосимовнинг отасидан эшитиб ёзганларига кўра, уларнинг ота аждодлари деҳқончилик ва савдо ишларидан бўш пайтлари бўзчилик касби билан шуғулланган. Шажарадаги катта боболарининг Холбўзчи деган исми ҳам бунга тўла гувоҳлик беради. Шажарадаги иккинчи ота бўғинининг исми Гулмуҳаммад бўлган. Гулмуҳаммад ота деҳқончилик, чорвачилик, бўзчилик ва тижорат билан шуғулланган. Замонасининг тадбиркор бойларидан бўлган. Ўзи ва оиласидан ортиб, қишлоқ одамлари учун уч-тўрт жойда тошқудуқ қаздиргани, ҳовуз ва масжидлар қурдиргани ҳозирга қадар Денов қишлоғи оқсоқоллари томонидан айтиб юрилади. Учинчи ота бўғини Муҳаммад Мурод 1934 йилда вафот этган бўлиб, Бегали Қосимовнинг бобоси, яъни отасининг отаси бўлган. У киши эски мактабда савод чиқарган, илмга қизиққан. Улғайгач савдо билан ҳам шуғулланган. Бегали Қосимовнинг ўз биографиясида ёзишига қараганда тижорат ишлари билан, туя карвонлари сафида Бухоро, Тожикистон, Афғонистонга қатнаб, савдо ишларини юритган.
Муҳаммад Мурод отанинг тўрт қиз, икки ўғли бўлган. Ўғилларнинг биринчиси 1899 йили туғилган бўлиб, исми Абулқосим, иккинчисининг исми Авазбадал. Бу ўғил 1902 йилда туғилган. Бегали Қосимов шажараси биринчи ўғил Абулқосим отадан тарқалган.
Ҳар икки ўғилга қўйилган исмданоқ кўриниб турибдики, Муҳаммад Мурод ота арабий саводли, ислом динидан етарли даражада билимга эга бўлган. Чунки Абулқосим Муҳаммад алайҳиссаломнинг кунияси. Авазбадал исми ҳам анча ноёб ва икки сўзнинг бирикувидан ҳосил бўлган ўзига хос исм. Фақат саводи тўлиқ отагина ўз ўғлига шундай гўзал исм қўйиши мумкин.
Абулқосим ота табъи назм соҳиби, ўтган-кетган воқеаларни жонлантириб сўзлашга моҳир киши бўлган экан. У киши қишлоқ оқсоқоли бўлиши билан бирга, ота-боболари касбини ҳам давом эттирган, савдо ишлари билан Туркистон ва унинг атрофидаги мамлакатларга сафар қилган. Юқоридаги фазилатларнинг ҳаётий омиллари шу бўлса керак. Айни пайтда чет вилоятларга чиқиб ўқиб келиш унчалик ҳам русумга кирмаган бир пайтларда Абулқосим ота Бухородаги агрономлик курсида ўқиб келган. Замонавий хат-саводи яхши бўлгани сабаб қишлоқ фаолларидан бўлган.
Шомурод Қосимов «Ўтмиш ва кечмиш» (Тошкент, «Мусиқа», 2020) номли китобида Абулқосим отанинг 1930 йиллар талотўпида қамалгани ҳақида гапириб, қамоқда ётган пайтида ёзган бир шеърини келтиради:
Қодиро, надур гуноҳим, банди зиндон этдилар,
Бу қадар сабримни гардун ичра пинҳон этдилар.
Нуридийдам йўлида дийдамни гирён этдилар,
Меҳрибонимни бу кун йўлимда сарсон этдилар...
Кўриниб турибдики, шеърни мумтоз адабиёт ва унинг бадиият қоидаларидан хабардор одам ёзган. Унда туҳматга учраб қамалган, яқинларидан жудо этилган мазлум туйғулари акс этган. Абулқосим отанинг шеърлари, ҳикоянавислик маҳорати ҳақида Шомурод Қосимов берган маълумотлар бизга йирик адабиётшунос Бегали Қосимовнинг адабиёт йўлига тасодифан кириб қолмаганидан далолат беради.
Бегали Қосимов, тенгдошлари, туғишганлари ва қариндошларининг шоҳодат беришича, мактабнинг пешқадам ўқувчиларидан бўлган. Ўзига хос ўйчан, жиддий табиати, илмга чанқоқлиги, билимдонлиги боис синфдошлари орасида қадрланган. Қолаверса, 1960 йиллар шароитида пойтахтга, мамлакатнинг биринчи олий ўқув юртига илм истаб бориш, ўн беш ёшда талаба бўлиш осон эмасди. Аждодлар гени, оиладаги муҳит ва тарбия шу тариқа Бегали Қосимов деган йирик шахснинг дунёга келиши, шаклланишини таъмин этган.
Домланинг оғзидан отасининг ўз қўллари билан дутор ясаб, шу дуторда куй ижро этганлари, қадим оҳангларда хиргойи қилганларини эшитганман. Бу жиҳат ҳам домлага аждодлар генидан ўтганини Шомурод Қосимов китобида келтирилган ушбу сўзлардан билиб олиш мумкин: «Қишнинг узоқ кечалари отам сандал атрофида бизларда ҳамон сақланиб келаётган дуторини олиб, нолали оҳанглар таратиб, қалбимизга завқ, шуур киритар эди. Шулар таъсирида бўлса керак, акам (яъни Бегали Қосимов – У.Ж.) рубобда «Муножот», «Гиря»ларни шунақа чалардики, унинг таъсирида янги ижод намуналари пайдо бўла бошлади. Далил сифатида машҳур шоир Абдулла Ориповнинг «Муножот»ни тинглаб» шеъри ёруғлик юзини кўрганининг гувоҳиман. То ҳануз бу шеърни анжуманларда мен ҳам завқ-шавқ билан ўқиб юраман».
Бегали Қосимовнинг болалик ва ўсмирлик йиллари дунёнинг манаман деган буюклари болалигидан қолишмайди. Фарқ шундаки, унинг болалиги ҳақида бошқа буюкларникига ўхшаш ривоятлар тўқилмаган. Домланинг ўзи ва қариндошлари айтиб юрадиган биргина далилни келтираман...
Домла болалик ва ўсмирлик пайтида уч ўлимдан қолган экан. Биринчи ўлимдан қолиши гўдаклик чоғида юз берган. Касалхона, врач, укол, дори деган гаплар анқонинг уруғи бўлган пайтлар. Гўдак Бегали қиш кунларида қаттиқ бетобланиб, нима илми амал қилишмасин фойда бермабди. Ҳамма унинг ўлишига ишонибди. Шунда Абулқосим ота «Нима бўлса бўлди, ўладиган бўлса ёлғончининг шамолини ҳам бир кўриб кетсин» деб гўдакни ташқарига олиб чиқади. Юзини шамолга ўнглаб анча туради. Оллоҳнинг мўъжизаси бўлиб, шу-шу гўдакнинг иситмаси тушади, тузалиб кетади. Иккинчи марта ўсмир Бегали қишлоқдаги чуқур ариққа калла ташлаб, анча вақтгача сув остида кўринмай кетади. Ортма-орт келаётган Абулқосим ота буни кўриб қолади ва кийим-пийими билан ўзини сувга ташлаб олиб чиқади. Ютган сувларини ичидан чиқариб ўзига келтиргач, «бу сенинг иккинчи ўлимдан қолишинг» дейди. Учинчи марта, домланинг айтганига кўра, электр токи уриб ўлишига бир бахя қолган.
Ажабо, Оллоҳ элу халқ учун хизмат қилсин деган бандаларини мана шундай сақлаб қолар экан. Шу уч ўлимдан бирови билан кетганида ўзбек халқи шундай улуғ олимидан жудо бўлар эди. Аммо Оллоҳ бундай бўлишини ирода қилмади. Бегали ака 61 йил яшади. Олтмиш бир йилнинг қирқ йилини халқ хизматига бағишладики, ундан қолган илмий-адабий мерос ҳали кўп йиллар миллат учун хизмат қилади.
Ижод йўли
Ҳазрати Навоий илм ва олим ҳақидаги ҳикматларида унинг уч тоифаси ҳақида сўз юритади. Биринчи тоифа олим илмдан дунёвий фаровонлик, мансаб-мартаба учун фойдаланади. Бу тоифанинг энг тубан даражаси илмни «воситаи жоҳ» этишгача боради. Иккинчи тоифа илмни фақат илм учун қилади. Илмни чуқур ўрганади, олимликнинг юксак мақомлари томон интилади, холос. Ниятига ҳам етади. Аммо ундан бировга фойда етмайди. Учинчи тоифа илмни халқи ва охират учун ўрганади. Касби камолга етганида ундан халқ ва миллат баҳра топади. Ҳазратнинг машҳур:
Одами эрсанг, демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами...
мисралари шу тоифа олимлар ҳақида айтилган.
Бегали Қосимов адабиётшуносликнинг барча йўналишларида иш олиб борди. Аммо у ўзини жадидшунос деб биларди. Илмнинг бошқа соҳаларига даъво қилмасди. Ёзганида эса ҳар қандай йўналиш мутахассисидан зиёд ёзардики, асло кам эмас эди.
Бегали Қосимов илмий меросининг кўлами ва мақоми ҳақида кўп гапириш мумкин. Илмий тил билан айтганда, олимнинг илмий мероси алоҳида тадқиқотларни талаб этади. Бугунга қадар ҳам олим ҳақида қатор хотира, илмий-назарий, бадиий-публицистик мақолалар ёзилган. Кейинги йилларда махсус монографик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бундан кейин ҳам бу каби хайрли ишлар давом этишига шубҳа йўқ.
Мухтасар айтганда, илмий-адабий жамоатчилик профессор Бегали Қосимовни ўзбек мумтоз адабиётининг зукко тадқиқотчиси, шарқ поэтикаси ва матншунослик соҳасининг йирик мутахассиси, хусусан, миллий уйғониш даври ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича ўзига хос адабиётшунослик мактабининг асосчиси сифатида билади. Аммо олимнинг адабий жараён муаммоларига доир нашр этилган ва баъзи нашр эттиришга улгурмаган ишларини ўрганиш унинг замонавий адабиётни ҳам кенг кўламда тадқиқ қилгани, қосимовча теран усулларда таҳлилу талқин этганини кўрсатади.
Унинг битирув ишидан тортиб номзодлик диссертациясигача, ёзган мақола, рисола ва монографияларидан тортиб докторлик тадқиқотигача аниқ мақсад, мантиқий-бадиий таҳлил, миллий-эстетик талқин тамойили етакчилик қилади. Бегали Қосимовнинг фундаментал илмий тадқиқотлари ўзбек адабиётшунослигида мавжуд бўлган катта бўшлиқни тўлдирди. Ўзбек миллий уйғониш адабиёти эса ўзининг илмий кўлами, мустаҳкамлик ва мустақиллик мақомига кўра талқину таҳлил этилган. Олимнинг айни йўналишда ёзилган ишларини тахминан шундай тасниф этиш мумкин:
– ХХ аср ўзбек адабиётининг тамал тоши бўлиб хизмат қилган жадид эстетикаси ўзининг генезиси, умумжаҳон ва миллий асослари негизида яхлит маданий ҳодиса сифатида тақдим этилди;
– миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти рад этиб бўлмас далиллар ва аниқ илмий принцип асосида даврлаштирилди;
– жадид адабиётининг ҳудудий кўлами, таъсир доираси, ижтимоий-маданий аҳамияти белгиланди;
– фақат жадид адабиётига хос бўлган поэтик тизим, бадиий талқин усуллари аниқланди;
– жадид адабиётининг юздан ортиқ вакили илмий жамоатчиликка таништирилди, уларнинг аксарияти махсус тадқиқ этилди;
– саноқсиз қўлёзма, тошбосма асарлар, газета, журнал ва архив ҳужжатлари бу давр адабиётини ўрганишга жалб этилди, нашрга тайёрланди;
– миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти нафақат қардош мамлакатлар, балки Туркия, Франция, Германия, Америка каби илғор мамлакатлар илмий доираларида ҳам муносиб тарзда тарғиб ва ташвиқ этилди.
Шу ишларнинг ўзиёқ бир олим умрини ҳурмат ва шараф ранглари билан безайди. Аммо Бегали Қосимовнинг илмий-ижодий фаолияти бу билан чекланмайди. У мумтоз шоирлар Лутфий, Навоий, Бобур, Машраблар ижодини чуқур билар, нозик таҳлил этар эди. Мумтоз поэтика масалаларига доир оригинал тадқиқотлари бор эди. Бегали Қосимов жаҳон адабиётининг исталган намунасини илмий баҳолай оларди. Жаҳон адабиётшунослиги, адабиётшунослик методологияси муаммоларини теран англардики, буларнинг барчаси унинг асарларида ўз аксини топган.
Хотима
Биз шогирдлар профассор Бегали Қосимовни бетакрор педагог, беназир устоз сифатида билардик. Менимча, домланинг ёзганларидан ёзмаганлари кўпроқ эди. У умри давомида эгаллаган мислсиз илмий потенциалини тўла маънода намоён этишга улгурмади. Домла ўзбек мумтоз адабиёти, жаҳон классиклари, жадид адабиёти билан ёнма-ён яшаб ўтган қадимчилар адабий оламини бафуржа ўрганишни ният қилган эди. Аммо қисмат олдида таслиммиз, ажалга илож йўқ. Таскин шуки, Бегали Қосимов асос солган илмий мактаб олим фаолиятининг хайрли натижаси бўлиб қолади. Бунга тўла асос бор.
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 4-сон.
“Беморлик шарафи” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ