
Демократия – халқ ҳокимияти, халқнинг давлат бошқарувидаги иштироки. У эркинлик тушунчаси билан ҳамоҳанг яшайди ва эркинлик тоифаларини ўзида намоён этиб, шахснинг озод ҳаётини таъминлаш тамойиллари амалда бўлишини тақозо этади. Бу ижтимоий тушунчалар инсон омилисиз амалга ошмайди. Уларни ҳаракатга келтириш, жамиятда намоён этиш учун ҳам инсон иштирок этади. Бу жараёнда инсон омили бирламчи бўлиб, мазкур тушунчалар унинг манфаатларига хизмат қилишга қаратилади.
Демократия ижтимоий-сиёсий жараён ҳамдир, уни амалга оширишнинг ўзига хос механизмлари мавжуд. У инсондаги эрк туйғуларини амалда намоён эта олишга имконият яратади. Бу имконият шахс ва жамият ўртасидаги меъёр тоифаларига мос келиши зарур.
Ҳуррият ва демократия тушунчалари ўртасидаги ижтимоий мувозанат сақланса, у ўзаро манфаатларга, жамиятда тараққиёт босқичларининг мутаносиб ривожига хизмат қилади.
Бугун биз жамиятимизда бу каби ҳодисага қандай муносабатдамиз, ижтимоий меъёрларга амал қиляпмизми, давлат томонидан тақдим этилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланяпмизми?
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган маъмурий ислоҳотларни мустақилликни қўлга киритганимиздан кейингилари билан солиштирсак, уларга холисона баҳо бера олсак, юртимиз тараққиёти, фуқаролик жамиятини барпо қилиш борасида салмоқли қадам ташланганинг гувоҳи бўламиз. Президентимиз илгари сураётган барча ташаббуслар, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий соҳадаги лойиҳалар халқимиз истаги, талаб ва эҳтиёжларига, фикр-мулоҳазаларига, сиёсий иродасига асосланган ҳолда ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Кейинги вақтларда жамиятимизда муайян ижтимоий жараён кузатилмоқда. Танқид келажак меваси, дея бир ёқлама ёндашувга асосланиб иш юритиш тобора кўпайиб бормоқда. Давлат бошқаруви органларини, жамиятимиздаги ўзгаришларни, жараёнларни танқид қилиш, баъзи ҳолларда бўрттириш ҳолатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Танқид қилишдан мақсад нима? Муаммоларни бартараф этишми ёки омма диққат-эътиборини тортиб, аудиторияни кенгайтиришми?
Бундай ёндашувлар бугунги кунга қадар қўлга киритилган ютуқлар, эришилган натижаларга ва келажакдаги мақсадларимизга мутаносибми? Тўғри, адолат мезонига мос танқидлар йўқ эмас. Аксарият ҳолатларда эса оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда миллий менталитетга тўғри келмайдиган, фуқароларни чалғитадиган, инсон таъбини хира қиладиган, ислоҳотларга ишончсизлик кайфиятини юзага келтиришга қаратилган хабарларни тарқатиш, кундалик ҳаётда учрайдиган маиший муаммолар, ижтимоий ҳаётдаги камчиликларни дастак қилиб, бўрттириб, тирикчилик манбаига айлантириб олганлар ҳам, афсуски, кўпайиб бормоқда.
Ўтган йиллар давомида Президентнинг халқ қабулхоналари, ҳукумат идоралари, вазирликлар ва давлат бошқарувининг бошқа органлари меъёрий ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этадиган портал, шунингдек, жамоатчилик онлайн платформалари ташкил қилиниши, сўз ва фикр эркинлиги ҳуқуқий кафолатланиши билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз учун ўз талаб ва истакларини билдириш, соҳа масъулларига етказиш, уларни ҳал қилиш учун реал ижтимоий платформа, имконият майдонига айланди.
Бу имкониятлардан қандай мақсадларда фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг сиёсий позицияси ва дунёқараши билан боғлиқ бўлгани ҳолда, мамлакатда кечаётган ислоҳотларга беписанд қараш, ундан сунъий равишда камчиликлар топиш ва уни бўрттириб кўрсатиш каби ҳаракатлар ортида гўёки бошқа манфаатлар яширингандек туюлади. Демократик эркинликлар фақат салбий манзараларни кўрсатиш ва ёритишдан иборатми? Агар шундай бўлса, бу адолат мезонларига қанчалик мос келади?
Ўзбеклар дунёга буюк тарихи, маънавияти, маърифати, маданияти билан ўрнак халқ. «Оиладаги вазиятни қўшни билмасин» ёки «турмушдаги муаммоларни дастак қилиш йигит кишининг иши эмас», дейди доно халқимиз. Оиладаги келишмовчиликларни дастурхон қилаверсак, балки қўни-қўшни тўғри тушунар, агар мунтазам давом этсачи, унда қандай фикр туғилади?
Ватан ҳам оила каби муқаддас даргоҳ. Биз оиламиздаги воқеликни очиқлашдан тўхтаб, ўз камчилик ва тафаккуримиз қусурларини таҳлил қилишни бошлашимиз, юртимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорликни ҳис этишимиз лозим. Ваҳоланки, давлатимиз томонидан жамоатчилик фикри жиддий инобатга олинаётгани, кўплаб қарор ва ҳужжатлар шу асосда шакллантирилаётгани айни ҳақиқат. Фақат бу ҳақиқатни кўра билиш керак.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасидан ҳам англашимиз мумкинки, ислоҳотлардан мақсад — инсонга эътибор. 2023 йилнинг номланишида ҳам теран маъно мужассам.
Яна бир йирик ижтимоий масала — таълим тизимини ислоҳ қилиш. Шу боис, Президентимизнинг «Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир», дея таъкидлаши ҳам жамиятимиздаги долзарб жараёнларга ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон тараққиётининг 2023 йилдаги устувор йўналишларидан яна бири — ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтилиши. Ушбу масала ҳам жамоатчилик томонидан кўп бора эътибор қаратилган, баъзи жиҳатлари жиддий танқид остига олинган эди. Айнан шу жиҳатдан Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони жамиятимиз олдида турган долзарб муаммоларга самарали ечим беради, дея таъкидлаш ўринли бўлади.
2023 йилдаги устувор йўналишлардан яна бири — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида «Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда», дея ижтимоий тармоқларда акс садо берган фуқароларнинг муаммолари, мурожаатларига эътибор қаратиш зарурияти ҳақида сўзлаган эди. Бу каби мисоллар, давлат бошқаруви органлари томонидан жамоатчилик фикр-мулоҳазалари тингланаётган, амалиётга татбиқ этилаётган бир пайтда айрим тоифалар, хусусан, баъзи блогер ва оммавий ахборот воситалари томонидан ноўрин танқидий ёндашув халқ ва давлат ўртасидаги муносабатларга, халқнинг давлатга ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу ўринда бунга тарихимиздаги айрим мисолларни келтиришни ўринли деб ўйлаймиз.
XIX аср ўрталарида Ўрта Осиёга келган «илмий тадқиқот экспедициялари» жамият ва халқнинг турмуш тарзини ўрганган. Ушбу «кузатиш»лар натижасида Ўрта Осиё халқлари ҳақидаги барча маълумотлар, камчиликлар, давлат бошқарувининг ожиз жиҳатлари, давлат ва жамият муносабатлари ўрганилиб, ўлка ҳақида махсус харита ишлаб чиқади. Харитада минтақа аҳолиси, айниқса, зиёлилари орасида ички зиддият мавжудлиги, аҳоли тўқ яшаши, аммо кайфиятида ношукрлик, юрт тақдирига беписандлик, худбинлик иллатлари зоҳирлиги, миллий адоват ва этник зиддиятлар таранглиги, аҳолининг аксарият қисмида тирикчилик ғами, илм-маърифат, юрт тараққиётига лоқайдлик, бепарволик мавжудлиги ҳамда мутаассиблик кайфиятига берилган аҳоли қатлами Ҳақ олдидаги фарзи қолиб, ҳалқуми олдидаги бурчига кўпроқ эрк берганидан ўлкани истило қилиш учун етарли имкониятлар борлиги ҳақида хулоса берилганди. Афсуски, бу хулосалар ҳиссиётлар эмас, балки тарихий манбалар асосида шакллантирилди ва уларни яна давом эттириш мумкин. Оқибатда хорижлик кузатувчилар Ўрта Осиёни истило қилиш, янада парчалаш, бойликларини ўзлаштириш, диний эътиқодидан узоқлаштириш, миллат аслиятини йўқ қилиш имконияти мавжуд, деган хулосага келган. Бу эса ўз натижасини узоқ куттирмади.
XIX аср охири — XX аср бошларида тарих саҳнасига чиққан жадидчилик ҳаракати жамият ҳаётида ўзгаришлар ясаш орқали инсонни илм-маърифатга ошно қилиш мақсадида янги ғоялар ишлаб чиққан, мустамлакачиликка қарши кураш мазкур ҳаракатнинг бош ғояси эди. Ўрта Осиё жадидлари етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон ўлкаси халқларини илм-маърифатга даъват этар экан: «Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар! Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур, яхши тарбияланган қалб ва виждон ҳеч қачон эгасини шарманда қилиб қўймайди», деганди.
Жадид маърифатпарварлари Ўрта Осиё истило қилинишининг асосий сабаблари сифатида жамиятда миллий бирдамлик йўқлиги, маърифат таназзули, яъни замонавий илм-фанга эътибор сустлиги, муаммо ва камчиликларга бир ёқлама ёндашув, фикрий тарқоқлик, уюшқоқлик етишмаслиги, кундалик турмуш муаммоларига ўралашиб қолишни кўради. Улар миллат тараққиётини жаҳолатда эмас, илму маърифатда, тарқоқликда эмас, миллий бирдамликда кўриб, муаммоларни достон қилиш билан иш битмаслиги, аксинча, ечимига доир аниқ асосланган илмий ёндашувлар зарурлигини таъкидлаган эди.
Ҳаётга, юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларга, бунёдкорликка, юрт эгасининг зиммасида улкан масъулият тургани ўлароқ, давлат ҳокимияти тизими бошқарув эмас, балки хизмат кўрсатувчи идора сифатида шакллантирилгани, халқни рози қилиш билан Ҳақ ризосига эришиш давлат сиёсатининг бош мақсадига айланганига соғлом нигоҳ билан назар солиш вақти келди. Зеро, қадимги юнон донишманди Платон қуйидаги насиҳатни айтади: «Подшоҳга, унинг қонунларига бўйсунмаслик — ақлсизлик. Ақлсизлик эса таназзулга олиб боради». Унинг насиҳатини оқил киши англаб олиши қийин эмас. Давлатимиз раҳбари «Янги Ўзбекистон стратегияси» китобини минг йиллардан буён яшаб келаётган «Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас», деган ибора билан бошлагани ҳам бугунги куннинг ҳикматларидан биридир.
Ислоҳотлар маъмурий, иқтисодий, сиёсий бўладими, муайян даврий босқичларда ўтказилиши зарур бўлган эҳтиёждир. Давлатнинг бош вазифаси халққа хизмат қилиш экан, ҳар бир фуқаро, миллат, халқ ва жамият эҳтиёжлари юксалиб, инсоний талаблари ортиб бораверади. Бу эса, ўз навбатида, жамият давлат олдига қўяётган талабларга параллель равишда жавоб беришни, ҳамоҳанг сиёсат юритишни тақозо этади. Агар давлат жамият, халқ онги ва идрокида юзага келаётган ўзгаришларни, тенденцияларни ҳисобга олмаса, ўртада бўшлиқ пайдо бўлади. Айни пайтда буни кузатиб турган қўштирноқ ичидаги «дўстларимиз» бу вазиятдан унумли фойдаланиш имконини қўлдан бой бермаслик ҳаракатига тушади.
Бу ҳолатда янги ислоҳотлар ўтказилиши табиий. Натижада жамиятда барқарорлик ва мувозанат юзага келади. Мувозанат эса тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик кафолатидир. Давлатимиз раҳбари мана шундай бўшлиқнинг олдини олиш мақсадида жамият ҳаётида юзага келган эҳтиёжларга жавобан давлат бошқарувида янги маъмурий ислоҳотларни ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад ихчам ва самарали давлат бошқаруви тизимига ўтишдир. Давлатимиз раҳбари бу йилги Мурожаатномасида маъмурий ислоҳотлар ҳақида сўзлар экан, олдинлари эътибордан четда қолиб, «йўқ бўлиб кетиш» арафасида бўлган соҳаларни «оёққа турғизиш» учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга эҳтиёж мавжудлигини айтиб ўтган эди.
Эҳтиёжларга монанд ташкил қилинган вазирлик ва идоралар ўша давр учун мўлжалланган ислоҳотларни бажарди. Қуйидаги мисоллар фикримизни тасдиқлайди. Фарзандларимизнинг мактабгача таълимга қамрови 2016 йилда 10 фоизга ҳам етмас эди. 2022 йилда 60 фоиздан ошди. Ёшларимизнинг олий таълимга қамрови 8-9 фоиздан ортмаган. 2022 йилда 40 фоизга яқинлашди. Ҳар бир ёшга олий таълим муассасасига киришга берилаётган имконият — келажакка киритилган инвестиция. Бу инвестиция тез орада Ўзбекистон тараққиётининг янги имкониятлари эшигини очиб беради.
Ёки «маҳаллабай» ишлаш тизими яратилиши, давлат хизматлари марказлари орқали фуқароларнинг қатор сунъий бюрократик тўсиқлардан халос этилиши, давлат-хусусий шериклик соҳаларида эришилган катта натижалар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бу соҳага давлат томонидан киритилган сармоя жуда катта эди, аммо биз уларни тез унутдик.
Шундай экан, бир нарсани англашимиз керакки, юртимизда бошланган бу ислоҳотлар ва янгиланишлар ортга қайтмас тус олди. Аҳолининг фаоллиги, замонавий технология ва касб-ҳунарга интилиши ортиб бораётгани ортидан иқтисодиётда кундан-кунга янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда. Шу билан бирга, бу борада хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида «қўл бошқаруви»дан — аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани ҳам ҳақиқатдир.
Яна бир мулоҳаза. Биз ислоҳотлар жараёнида давлатимиз раҳбарига таянч бўлишимиз, ташаббусларни дахлдорлик билан теран англашимиз бугунги замон талабига айланмоқда. Жамиятимизда кузатилаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда Президентимизга елкадош бўлиш ҳамда барча тизимдаги раҳбарлардан жасорат ва масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Бизга берилган имконият ҳамма халқларда ҳам мавжуд эмас. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темурдек саркарда ва Соҳибқирон боболаримиз, Имом Бухорий, Замахшарий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Навоий, Бобур каби алломаларни бошқа юртларда учратмайсиз. Аммо уларни ўзига тааллуқли дея қанча давлатлар тарихни ўзгартиришга уринмоқда. Чунки улар ҳам миллат бўлишни, улар билан ҳисоблашишларини, ҳурмат қилишларини хоҳлайди. Қанча ҳаракат қилмасинлар, тарихий мансубликни ўзгартиришнинг иложи йўқ.
Хўш, янги маъмурий ислоҳотлар халққа, жамиятга нима беради? Шу хусусида баъзи қарашларимизни қисқача баён этсак.
Биринчидан, Президент ташаббуси билан илгари сурилган концепция «инсон — жамият — давлат» тамойилини амалга ошириш механизми вазифасини бажаради. Концепция ўз сиёсий аҳамиятига кўра, давлатнинг шахс олдидаги масъулиятини кучайтиради ва «халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» тамойили амалда самаралироқ натижа беришига хизмат қилади.
Иккинчидан, маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга татбиқ этиш орқали давлат бюджетида катта маблағ иқтисод қилинади ва улар ижтимоий соҳага йўналтирилади. Натижада жойларда, чекка ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, соғлиқни сақлаш муассасалари бунёд этилади, янги иш ўринлари яратилади. 2023 йил учун белгиланган «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» Давлат дастуридаги вазифаларни самарали амалга ошириш имконияти янада ошади.
Учинчидан, ҳақиқат қиёсий таҳлилда кўринади. Ижтимоий соҳа ходимларининг 3-4 йил олдинги фаолиятини ҳозиргиси билан солиштириб бўлмайди. Ҳашар, кўча тозалаш, пахта мавсумини ҳамма билади, ҳамма эшитган. Аслида сифатли таълим таназзулининг асослари шулардир. Бугун эса ўқитувчи ўқитувчилик, шифокор шифокорлик вазифасига қайтди. Бироқ бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди. Нега бу ҳақда — Президентимиз томонидан адолат тикланиб, фарзандларимиз манфаати йўлидаги энг катта қадам ташлангани ҳақида кўп ҳам индамаймиз?
Тўртинчидан, эркак ўқитувчиларнинг мактабларга қайтиши, иш ҳақининг мунтазам оширилиб борилиши, уларни соҳасидан ташқари ишларга жалб қилишдек худбин сиёсатга нуқта қўйилиши биз кутган кунлар эмасмиди!
Бешинчидан, ислоҳотларимизнинг бош марказида инсон, унинг қадри, шаъни ва муносиб турмуш тарзи учун етарлича шарт-шароит яратиш муҳимлиги турибди. Юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар ўлароқ, қўлга киритилган қатор ютуқ ва натижаларимиз дунё эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу дунё миқёсидаги Ўзбекистон имижи юксалишига замин яратмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “...инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган бундай ислоҳотларимиз буюк Алишер Навоий бобомизнинг битта кўнгли ўксик одамни хурсанд қилиш — Каъбани обод этиш билан баробар, деган теран маъноли сўзларига, меҳр-оқибат, саховат ва олижаноблик каби фазилатларни доимо қадрлаб, улуғлаб яшайдиган халқимизнинг орзу-интилишларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир», деган эътирофида улкан маъно мужассам. Зеро, юксак инсоний фазилатларга эга халқимиз ҳамиша давлат ва Конституция ҳимоясида экани бизни улуғ мақсадлар сари чорлаб туради. Бу, ўз навбатида, биздан теран фикрлашни тақозо этади.
Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, сиёсий фанлар доктори
Янги Ўзбекистон газетаси. 2023 йил, 20-сон
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ