
Сунъий онг инсон ҳаётига чуқур кириб бормоқда. Ушбу жараёндан санъат ҳам четда қолмаслиги табиий. Бироқ ўзгаришлар ҳаддан зиёд шиддатли кечмоқдаки, ҳатто айрим тоифа ижод аҳли ваҳимага тушиб қолган.
2018 йили сунъий онг яратган портрет аукционда 350 000 долларга сотилди, бу бошланғич нархдан 35 баравар кўп эди. Шубҳасиз, нархнинг кескин ошишига бир қанча сабаблар бор. Шундай бўлсада, ушбу воқеалар фонида турли фикрлар янграмоқда. Айримлар сунъий онгнинг санъатдаги ролини эътироф этган ҳолда қўллаб-қувватлаётган бўлса, бошқалар турли даражада хавотир билдиришмоқда. Ҳатто қаршилик кампаниялари ҳам бошлаб юборилган.
Расм: «Obvious» гуруҳи ишлаб чиққан сунъий онг томонидан яратилган ва 350 000 долларга сотилган Эдмонд де Белами портрети
Биринчи масала: сунъий онг яратган маҳсулотни «санъат асари» дейиш тўғрими? 40 минг йиллар илгари инсон эстетик эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўша пайтдаги бадиий тафаккури ёрдамида дастлабки суратларни чиза бошлаган ва айнан ушбу қоятош расмлари санъатнинг илк намуналари саналади. Кейинчалик мусиқа, адабиёт, ҳайкалтарошлик каби яна бошқа санъат турлари вужудга келди ва ривожлана борди. Бугун санъат дейилганда кўпинча юқорида санаб ўтилган соҳалар тушунилади, лекин уларнинг барча жиҳатларини бирлаштирганда ҳам санъатга умумий таъриф бериш қийин. Шундай бўлсада, биз мушоҳада этаётган масаланинг ҳозирги реал объекти якунланган ҳаракат оқибати эканлигини ҳисобга олсак, юкимиз бироз енгиллашади. Яъни, ушбу ҳолатда инсоннинг эстетик эҳтиёжини қондириш билан бирга, руҳияти ва онгига маълум даражада кўтаринкилик бахш эта оладиган яратиқларни (қўшиқ, шеър, сурат ва ҳоказо) асар сифатида қабул қилиш мумкин. Бундан келиб чиқадики, сунъий онг қай йўл ва усуллар билан маҳсулот (асар) яратмасин, ботинимизга турли кўринишларда – шакл, оҳанг ва тасвирлар орқали муайян даражада таъсир кўрсатаётган бўлса, уни санъатга алоқадор дея қабул қилмай иложимиз йўқ. Ҳар қалай, ҳозирги давргача бизга намоён бўлган санъат шундай хусусиятларга эга. Демак, сунъий онг томонидан ишлаб чиқилган маҳсулот инсон яратган санъат асарининг вазифасини маълум маънода уддалаши мумкин.
Санъаткор борлиқдаги жараён ва воқеаларнинг ўз руҳидаги эврилишларини асарларида ифода этади. Сунъий онг эса маълум бир алгоритм асосида ишлайди. Базасига киритилган маълумотлардан фойдаланиб, янги «қоришма» маҳсулот ҳосил қилади. Масалан, 350 000 долларлик портретни чизган машина ХIV–ХХ асрлар оралиғида ишланган 15 000 дан ортиқ портрет билан таъминланган. Ушбу маълумотлар сунъий онг қандай турдаги маҳсулот чиқаришга мўлжалланганига қараб танланади. Масалан, мусиқа ёки либослар тўплами. Яратиқ янги бўлиши мумкин, бироқ муаллифнинг ҳиссий аралашуви бўлмайди, ижодий фантазия ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.
Фикрларни умумлаштирсак, сунъий онг яратиқлари санъат асарлари билан бир йўналишда ҳаракат қилади, шу билан бирга улар бадиий ижод маҳсули эмас, такрорий ишланмадир. Шунинг учун биз ҳозирги «санъат асари» тушунчасига асрлар давомида юклаган маъно-моҳиятдан келиб чиқиб, сунъий онг маҳсулини бадиий ижод натижаси – том маънодаги санъат асари деб атолмаймиз.
Юқорида айтилганидек, машина ўзига юкланган (ўргатилган) маълумотлардан фойдаланиб, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, улардан келиб чиқиб сурат чизади, шеър ёзади. Маҳсулот тасвирлар, услубларнинг аралашма такрори, холос. Санъаткорнинг ижодида ҳам ўзидан олдингиларнинг ўрни сезилади, албатта. Ўртадаги фарқ шундаки, инсоннинг бадиий ижодида оригиналлик бор. Бу нарса ижодкор руҳида ташқи таъсир ва ботиний жараёнларнинг мутлақ ўзига хос уйғунлашуви, эркин фантазия ва хусусий танлов натижасида вужудга келади.
Машина ҳеч қачон «Мана менинг шоҳ асарим!» деб айтолмайди. Унинг юқори қийматли маҳсулотлари ҳам тўлалигича тасодифийдир. Сунъий интеллект бўйича мутахассисларнинг фикрига қўшилган тақдиримизда ҳам, яъни машина унга «ўргатилган» асарлардан ҳатто муаллифга қараганда яхшироқ маҳсулот яратганда ҳам, ўзига берилган маълумотлар доираси билан чекланиб қолади. Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, бугунги кундаги энг илғор сунъий интеллект тирик Ҳанс Зиммернинг шу кунгача яратган мусиқаларидан уларнинг барчасидан яхшироқ маҳсулот яратиши мумкин, лекин бастакорнинг янги мусиқалари олдида бу маҳсулот биринчидан тасодифийлиги, иккинчидан аввалги композициялардан фойдаланиб яратилган шунчаки янги версия эканлиги билан одми ва «жонсиз» бўлиб қолаверади.
Ёки сунъий интеллект Ван Гогнинг асарларидан фойдаланиб улардан яхшироқ сурат чиза олар, аммо, мабодо мўъжиза рўй бериб Ван Гогнинг ўзи тирилиб келса, албатта, машина маҳсулотидан кўра юксак бошқа бир сурат ишлаган бўларди. Бунинг сабаби ҳам юқорида тилга олганимиз – руҳ ва бадиий ижоддир. Эркин фантазия ва тасаввурга асосланувчи санъат асарлари шунчаки услублар, деталлар комбинацияси эмас, ҳиссий англашнинг алоҳида ва мустақил йўсини, ижодкор руҳнинг зуҳури, бадиий ифодасидир. Санъаткор ҳатто қайсидир асарини такроран ёки бир неча марта яратса ҳам, барчаси бир-биридан фарқланади, ўзида оригиналликни сақлаб қолади.
Сунъий онгнинг санъатдаги иштирокининг яна бир жиҳатини кўриб чиқсак. Шу пайтгача инсон яратган гўзаллик (санъат асари) ва табиат гўзаллиги солиштириб келинган. Одатда инсон яратган гўзаллик табиатникидан афзалроқ эканлиги таъкидланади. Жумладан, Фридрих Гегел шундай дейди: «Санъат табиий шакллар ранг-баранглигини жилолантирадиган ҳашамдорликни ўзлаштириш билан чекланиб қолмайди, уларни янада теранлаштиради, ижодий фантазия воситаси билан чексизлик кашф этади”. Ушбу ва юқорида келтирилган фикрлардан маълум бўладики, инсон борлиқдаги гўзалликни ўз асарларида шунчаки ташувчи, қайталовчи сифатида ифодаламайди, табиатдан ва ҳатто ўзидан алоҳида бўлган янги моҳият яратади.
Ҳозирги даврга келиб эса бу жараёнга сунъий онг ҳам қўшилди. Бунда машина санъат асарларини қисмларга ажратиб қайта тартиблайди, холос. Гўзаллик табиий ҳолидан бадиий ижод маҳсулига кўчганда юксалади, янада жозибали ва ёқимли шамойилга эришади. Сунъий онг масаласида эса бундай дея олмаймиз. Миқдор ва кўламнинг ўта аниқлиги, (ўз-ўзидан табиийки) чекланганлиги ва ҳатто зарур бўлган ҳиссий иштирокнинг ҳам мавжуд эмаслиги, портрет ишлаб чиқиш учун мўлжалланган машинага санъатнинг бутун тарихи давомида яратилган барча портретлар «ўргатилган» тақдирда ҳам, бунга имконияти етмайдиган инсон фантазиясичалик турфа хилликни, ҳиссий ва шу билан бирга оний индивидуалликни ўз маҳсулотига таъмин қила олмайди. Ҳатто сунъий онгни санъатнинг қайси йўналишига қанчалик аралаша олиши ҳам уни яратувчиси ҳисобланмиш инсонга боғлиқ. Машинанинг ҳайкалтарошлик ва меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа, адабиёт билан ҳосил қилган муносабатлари бир-биридан фарқланади.
Эндиги масала: сунъий онг санъатда инсон ўрнини боса оладими, вақт ўтгач инсоннинг санъат асарлари ўз ўрнини алгоритмлар асосида ишлаб чиқилган маҳсулотларга бўшатиб берадими?
Албатта, йўқ! Бугунги технологиялар санъатда инсон учун фақат ёрдамчи бўлиши, маҳоратини кучайтириши, асарлар яратишда янги ғояларга сабабчи вазифасини бажариши мумкин. Бунга ҳатто техник жиҳатдан ҳам имконият етарли эмас.
Ҳолатга бироз кенгроқ назар ташласак, техника аввалдан инсон ҳаётига кучли таъсир кўрсатиши башорат қилинарди. 1928 йили телевизор ихтиро қилинди, 1950 йиллардан бошлаб телевидение шиддат билан ривожлана борди. Асосан ўтган асрнинг 70 йилларини тасвирлаган «Москва кўзёшларга ишонмайди» фильмидаги суҳбатларнинг бирида шундай диалог бор:
– Телевидение инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юборади. Энди на китоб, на газета, на кино, на театр қолади.
– Ҳарқалай, нимадир қолса керак?
– Телевидение. Фақат телевидение.
Бироқ ҳозирга келиб ҳаммаси – китоб, кино, театр ва қолган барчаси ҳамон мавжуд. Яна бир бошқа мисол, 1997 йили « Deep Blue II» деган суперкомпютер шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни мағлуб этди. Ушбу натижа катта шов-шувларга сабаб бўлди. Инсоният энди нафақат жисмонан, балки ақлий томонлама ҳам технологиялардан орқада қолаётганининг нишонаси эди. Ҳозирга келиб Каспаровни енгган ўша компьютерни мағлуб этоладиган тизимни исталган компьютерга ўрнатиш мумкин. Шундай бўлсада, ҳалигача барча шахмат мусобақалари инсонлар ўртасида ўтказиб келинади, бунга сабаб инсонлар шахматда компьютердан ўтиб кетганида эмас, биз учун шахматда одамга одамнинг рақиблик қилиши жозибалироқ. Шахматдаги турли ҳийлалар, тузоқлар, хатолар каби «жонлилик» биз учун ушбу ўйиннинг мазмунидир.
Ўтган ўнйилликларда электрон китоблар оммалашди – арзон, олиб юриш, сақлаш қулай. Уларни ўқиш учун махсус гаджетлар ҳам яратилди, унда миллионлаб китобларни олиб юришингиз мумкин. Аммо одамзод ҳали ҳам қоғоз китоб ўқишдан, излашдан тўхтамаяпти. Санъатда ҳам худди шундай. Унда жон бор, руҳ бор, туйғу бор. Ҳатто санъатнинг ичида ҳам бу нарса аҳамият касб этади. Компьютер ёрдамида созланган овоз ва яратилган мусиқанинг даражаси жонли овоз ва жонли куй олдида паст баҳоланади. Хонандаларнинг ҳар бир жонли концертида бир қўшиқни янгича айтилиши, тирик оҳанглар ва ҳатто қўшиқ матнида адашиб кетиши ҳам ўзига жалб этади.
Шу ўринда тан олиш ҳам лозим, сунъий онг анча ривожланди. Композициялар, ҳайкаллар, суратлар яратмоқда, ҳатто «DALLE 2» тизими овозли буйруққа асосланиб сурат чизиши мумкин. Бироқ шу ва бошқа прогрессияларга санъатнинг юксалиши сифатида баҳо берилмайди. Бунга илм-фаннинг ривожи, инсон ақли ва имкониятлари яна бир юқори поғонага кўтарилиши деб қаралади.
Машиналар яратган суратлар академизм, реализм, романтизм, импрессионизм, абстракционизм, сюрреализ ва бошқа оқимларга эмас, қандай алгоритмдан фойдаланилганига қараб ёки бошқа техник жиҳатларига қараб ажратилади. Шу сабаб сунъий онг маҳсулоти қандайдир ўзига хос мазмун-моҳияти билан бизни ром этмайди, қойил қолдиради, холос. Футуристик фильмлардаги каби юксак тафаккурли роботлар яратилмагунга қадар ҳозирги машиналар инсоният шу пайтгача шакллантирган санъат сарҳадларидан ошиб ўта олмайди, чунки манба – инсон яратган санъат асарлари бўлиб қолмоқда. Сунъий онг ҳар қанча ривожланмасин, фантазия уларга бегона, яратган «асар»лари эса ҳисдан мосуво.
Мабодо узоқ келажакда роботлар мутлақо мустақил тарзда суратлар, мусиқалар, ҳайкаллар ярата бошлаганда ҳам, бу фаолият санъат деб номланмаслиги керак, катта эҳтимол билан шундай бўлади ҳам. Инсонлар дунёқараши балки ўша пайтга бориб ўзгариб кетар, санъат саноати сунъий онг яратган маҳсулотлар билан тўлдирилар. Лекин инсон яратган асарлар ҳеч қачон ўз қадр-қимматини йўқотмайди. Эҳтимол, инсон қўли билан чизилган, ясалган, басталанган, ёзилган асарларга иштиёқ аристократия ва зиёли қатлам белгиларидан бири бўлиб қолар. Инсоният ҳозиргача тўпланган тажрибага таянсак, шундай хулосага келишимиз мумкин, одамзод қўли ёрдамида яратилган нарсалар энди уларни машиналар ишлаб чиқара бошлаган шароитда янада юксак қадрлана бошлайди.
Жавоҳир ЭРГАШEВ,
Oyina.uz
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ