“Бухоро ҳукуматининг ҳурмати олдида совет обрўси ҳеч нарса эмасди” – 17 нафар сафдоши билан отиб ташланган ички ишлар нозири Отаулла Хўжаев


Сақлаш
20:11 / 31.01.2023 991 1

Отаулла Хўжаев 1880 йил Бухоро шаҳрида, йирик қоракўл савдогари Қори Пўлатхўжа хонадонида дунёга келган. У аввал Бухорода эски мактаб ва мадрасада таҳсил олди. 1909 йил “Ёш бухороликлар”нинг “Тарбияи атфол” жамияти томонидан акаси Усмон Хўжаев, Абдурауф Фитрат ва бошқа иқтидорли ёшлар қаторида Туркияга ўқишга йўлланади. Истанбул шаҳрида таълим олиб қайтгач, уларнинг аксари 1913-1914 йилларда Бухоро амирлигида жадид мактаблари очиб, муаллимлик қилади.

 

Отаулла Хўжаев 1915 йил Бухорода мутаассиб диндорларнинг талаби билан 45 кунга зиндонга ҳукм этилган. 1917 йил апрель намойишида Отаулла Хўжаев раҳбарлигида Ҳожи Мирбобо Мирмуҳсинов, Абдураҳим Юсуфзода кабилардан иборат “Ёш бухороликлар” делегацияси қушбеги ҳузурига юборилади. Улар мутааcсиб кучларнинг талаби билан Аркда қабул қилинмасдан зиндонга ташланади. Садриддин Айний, Мирзо Нарзулло, Мирзо Саҳбо каби жадидлар мавжуд тузум тарафдорлари томонидан қўлга олиниб калтакланади. Муваққат ҳукуматининг вакиллари ёрдами билан жадидлар зиндондан озод бўлади.

 

Ота Хўжаев 1918 йил мартда “Колесов воқеаси”дан сўнг муҳожирликка кетиб Самарқандда Раҳмат Рафиқ Абдуллабеков билан биргаликда “Ёш бухороликлар”га раҳбарлик қилади. Тошкентга бориб турк асирлари Али Сомеъбек ва Усмонбеклар билан танишади. Сўл эсерлар партияси билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг йиғинларида иштирок этади.

 

Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил топгач, Ота Хўжаев 1920 йил сентябрида ҳукумат топшириғи билан Қарши вилояти инқилобий қўмитасига раҳбар этиб тайинланади. У воҳада БХР ҳукумати мавқеини тиклаш ҳамда халқ хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида кенг кўламли ишларни амалга оширади. 1921 йил ёзида Туркистон тараққийпарварлари илтимосига биноан Бухорога ташриф буюрган Анвар пошшо бир ҳафтача пойтахтда бўлади. У деярли ҳамма нозирлик ва давлат идораларига бориб, раҳбар ходимлар билан суҳбат қуради. Файзулла Хўжаев ва Абдуқодир Муҳиддиновларнинг хатоларини тушунтириб, кураш услуби хусусида маслаҳатлар беради. Миллий истиқлолчилик ҳаракатини сиёсийлаштириш ғояси ҳам айнан Анвар пошшодан чиққан эди. 1921 йил ёзида БХСР ички ишлар нозири Ота Хўжаев бошчилигидаги Содиқ Муҳаммадиев, Наимжон Ёқубовлардан иборат махсус комиссия Шарқий Бухорога юборилади. Ота Хўжаев 1921 йил 12 август куни Балжувонда қўрбошилар Давлатмандбек, Камолбий ва Қаюм Тўқсаболар билан БХСР ҳукумати номидан музокаралар ўтказади. Икки ўртада сулҳ шартномаси тузилади.

 

Шартномада: “1. Шарқий Бухоро БХРни тан олади ва унинг барча ҳукмларига рози бўлади. 2. Шарқий Бухородан рус армияси чиқарилади. Ўрнига босмачилардан иборат мусулмон армияси тинчликни сақлашга киришади. Бухородаги муқаддас ички ҳаётга четликлар умуман аралашмасун! 3. БХР мустақил, унга руслар аралашмасун! Халқнинг анъанавий турмуш тарзи тўлиқ сақлаб қолинади. Ислом ва шариат муқаддасдир! 4. Тортиб олинган мулк ва хазина, албатта халқникидир. Унинг ҳисобидан халқ хўжалигини тиклашга сарфланади ва бу зарур. 5. Шартнома кучга кириши билан биз исломий Бухоронинг армиясига айланиб қолишимиз керак. 6. Ислом шариати ва анъанавий турмуш сақланиб қолади.” кабилар келтирилади. 7 бандлик Шартномани Атоуллохўжа Пўлодхўжаев билан Давлатмандбий Камолиддинбийлар имзолайди (7-банд қилиб тузувчилар исм-шарифи киритилади).

 

Ота Хўжаев томонидан Давлатмандбек Балжувон, Эшон Султон эса Ғарм вилояти инқилобий қўмитасининг раиси этиб тайинланади. Қўрбошиларнинг вилоят инқилобий қўмита раиси лавозимига тайинланиши аҳоли ўртасида БХР ҳукуматининг таъсирини янада оширади. Бироқ, Марказ мазкур қарорни жуда совуқ қарши олади, чунки бу ҳаракатлар уларнинг ғаразли ниятига мутлоқ қарши ишлар эди. Натижада Ота Хўжаев бошлаган ишларини якунига етказа олмайди, у 1922  йил январь ойида БХРнинг  Москвадаги мухтор вакили этиб тайинланади.

 

Отаулла Хўжаев янги вазифада ҳам зудлик билан ишга киришади. Қисқа вақтда икки давлат ўртасида иқтисодий ва маданий алоқаларни кучайтиришга бел боғлайди. Бухородаги кўплаб истиқболли ёшларни Москва, Санкт-Петербург шаҳарларидаги олий ва ўрта махсус билим юртларига йўллайди. Шунингдек, Германия ва Туркия давлатларига ўқишга жўнатиш, уларни маблағ билан таъминлашда жонбозлик кўрсатади. Унинг имзоси билан Германиянинг Москвадаги ваколатхонасига юборилган расмий хабарлардан бирида: “БХСР ўзининг талабаларини ихтисос илми таҳсил этмак учун Германияга юбормакни орзу қиладур. Ҳозирги вақтда менинг тарафимдан Бухоро халқ маориф назоратидан хат олунди. Мазкур хатда кўрсатиладурким, Германияга юборилатурғон талабаларнинг миқдори 30 нафар белгиланган ва ёшлари 10 ила 15 орасидадур”, дейилган.

 

1922 йил август–ноябрь ойларида БХСР Нозирлар Шўроси раиси вазифасини бажарувчи лавозимида бўлган Ота Хўжаев БХСР ҳукумати бошлиғи Файзулла Хўжаев Германияга сафар қилган пайтда ҳам, Москвада бўлган даврларда ҳам Бухоро ҳукуматини бошқарар эди. У 1923 йилдан ташқи ишлар нозири, Бухоро Компартияси МК котиби каби масъул лавозимларда иш олиб борди. Большевиклар Файзулла Хўжаевнинг даволаниш учун Москвага кетганидан фойдаланиб жадидларни ҳокимиятдан маҳрум қилиш тараддудига тушадилар. Бухоро ҳукумати вакиллари Абдурауф Фитрат, Муинжон Аминов, Саттор Хўжаевлар Отаулла Хўжаев раҳбарлигида большевикларнинг Бухородаги сиёсатини қоралаб, чинакам миллий мустақиллик талаблари билан чиқадилар. Жумладан, ҳукумат ҳузуридаги ҳарбий трибуналларда истиқлол курашчиларини оммавий равишда афв эта бошлайди.

 

Бухоро Халқ Республикаси афв этилганлардан маҳаллий милиция ва ҳарбий қисмларни таркиб топтиришга киришади. Советлар ҳам дарҳол ҳарбий трибуналларнинг большевиклардан иборат алоҳида бўлимларини ташкил этади. Маҳаллий трибуналлар ваколатини йўққа чиқариш, таслим бўлаётган “босмачилар”ни қаттиқ жазолаш, қурол-яроғларини мусодара этиб, минтақадан олиб чиқишга қарор қилади. Шунда нозирлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Отаулла Хўжаев, ҳукумат ижроия кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Муинжон Аминов, халқ хўжалиги кенгаши раисининг ўринбосари Абдурауф Фитрат, Кенгаш ҳайъатининг аъзоси Саттор Хўжаев ва бошқалар большевикларнинг қарорларидан норози эканликларини баён этади. Отаулла Хўжаев акс ҳолда БХСР ҳукумати тўла таркибда истеъфога чиқишини маълум қилади. Россия компартияси марказий қўмитаси котиблари Куйбишев ва Рудзутак Бухорога етиб келадилар. Ота Хўжаев, Муинжон Аминов, Абдурауф Фитрат, Саттор Хўжаев большевиклардан иборат алоҳида бўлим (особый отдел)ни бутунлай тугатиш, ўз ихтиёри билан таслим бўлаётган “босмачилар”га умумий афв эълон қилиш, улардан мусодара қилинган қуролларни Республикада қолдириш, “босмачилар”ни маҳаллий ҳукумат ҳузуридаги трибуналларда суд қилишни қатъий талаб қиладилар. Бухоро Республикасида большевиклар ташаббуси билан Бутун Бухоро қурултойи чақирилиб, Отаулла Хўжаев, Муинжон Аминов, Абдурауф Фитрат, Саттор Хўжаевларга туҳматдан иборат айбловлар қўйилади. Жумладан, Ота Хўжаевга Шарқий Бухорода мухтор вакил бўлган вақтида 500 бош қўйни ўзлаштирган, шахсий уйини давлат материалларидан фойдаланиб таъмирлаган...” каби асоссиз айбномалар қўйилади. Аслида, Марказ Бухорони сиёсий жиҳатдан ўзига тўла бўйсундириш, унинг иқтисодиётини қарам қилиш мақсадида Ўрта Осиё Иқтисодий кенгаши фаолиятига кенг йўл очишга қарор қилган эди. 1923 йил июнда РКП(б)МК Ўрта Осиё бюроси котиби Я.Э.Рудзутакнинг талаби билан Отаулла Хўжаев, Муинжон Аминов, Абдурауф Фитрат, Саттор Хўжаевлар Бухородан бадарға қилинади. Бухорога етиб келган Файзулла Хўжаев маслакдошларига ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмайди.

 

Файзулла Хўжаев Ўзбекистон ССРда ҳукумат бошлиғи бўлиб иш бошлаганидан сўнг Бухоро Республикаси ҳукуматида ишлаган маслакдошларини масъул вазифаларга қўяди. Отаулла Хўжаев ўзини ҳукумат ва сиёсий ҳаётдан узоқ тутади. У 1925 йилдан ЎзССР ногиронлар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида, 1930–1933 йилларда Хоразм округи ва Тожикистон АССРда турли вазифаларда ишлайди. Сўнг Кисловодскдаги “Ўзбекистон санаторияси” директори, 1935-1936 йилларда “Ўзбеклашув” тизимида масъул лавозимда фаолият кўрсатган.

 

1937 йил 17 январь куни Бухоро шаҳар гастроном дўкони мудири бўлган Ота Хўжаев 1921 йилдан “Миллий иттиҳод” аъзоси, қўрбошилар билан яқин алоқада бўлган, 1925 йил Москвадаги хорижий ташкилотлар орқали Туркиядаги акаси Усмон Хўжага олтин юборган каби айбловлар билан ЎзССР ЖКнинг 66-моддасини қўллаб қамоққа олинади. Кўп томлик жиноят ишида Ота Хўжаев томонидан имзолатилган юзлаб варақлардаги сўроқ баённомаларининг асосий қисми, терговчиларнинг босими остида бўлса керак, бир-бирига зид фикрлардан иборат. Бироқ, шунга қарамай, уларнинг ичида жуда муҳим нуқталар ҳам мавжуд, айрим жойларини келтириб ўтишга ҳаракат қиламан.

 

Ота Пўлотович Хўжаев 1937 йил 13 февраль куни сўроқда: “...1920-21 йиллар “Иттиҳод ва тараққий” партияси аъзоси эдим. Биз рус мустамлакачилигига қарши курашдик. БХРнинг ҳақиқий мустақиллигига интилдик, миллий армияга эришмоқчи бўлдик. 1920 йил ноябрда Тошкентдан Мунаввар қори Абдурашидхоновни чақириб олдик. 1921 йил ёзида Бухорога келган Анвар пошшони Раҳмат Рафиқ чойга чақирганида овга кетаяпман, деб Бухородан маxфий чиқиб кетди ва қайтиб келмади. Сўнг босмачиларга бориб қўшилган. Унинг кетидан акам Усмон Хўжаев, Бухоро ЧК раиси Муҳиддин маҳзумлар ҳам босмачилар томонига ўтиб кетди, дейди. 1937 йил 16 февраль куни сўроқда “1921 йил охирларида Файзулла Хўжаев ўз уйида Муинжон Аминжонов, Абдурашид Мукаммилов, Аҳмаджон Абдусаидов, Қори Йўлдош Пўлатов, Мусожон ва Мухторжон Саиджоновлар иштирокида ўтган йиғинда Файзулла Хўжаев ўзининг кураш программасини баён қилган эди. Унда Бухоронинг ҳақиқий суверен мустақиллигига эришиш учун шахснинг даxлсизлигига эришиш; Миллий армияни вужудга келтириш; Мустақил молия ва давлат хазинасига эришиш йўллари кўрсатилган эди. Унда давлат барча ер ва сувга эгалик қилади. Амир ва мамлакатни тарк этган йирик заминдорларнинг эгасиз ер-мулклари давлат тасарруфига олинади. Аммо хусусий ерлар эгаларида қолади. Диний таълим ва диндорлар тўлиқ эркинликка эга бўладилар каби халққа манзур фикрлар илгари сурилган эди. Шундан сўнг қатнашчиларнинг ҳар бирига маҳаллий ҳудудларда ҳокимиятни шакллантириш белгиланди. Унга кўра: Мусожон Саиджоновга Бухоро шаҳри, Муинжон Аминовга Бухоро атроф туманлари; Аҳмаджон Абусаидовга Карманага тегишли туманлар, Қори Йўлдош Пўлатовга Карки ва унинг атроф ҳудудлари, Абдурашид Мукаммиловга Чоржоу вилояти, менга Қарши ва атроф ҳудудлари масъулияти топширилди. Биз ўз таъсир доирамиз орқали ҳудудларда ҳақиқий Бухоро ҳукуматининг ҳокимиятини таъминлашга интилдик. Бироқ, советлар барча тадбирларимизни йўққа чиқарди. Аслида, “Миллий иттиҳод” 1922 йилдаёқ йўқ бўлиб кетган эди. 1925 йил советларнинг ўта сўл сиёсатига қарши “18лар гуруҳи” шаклланганида тўсатдан “Миллий иттиҳод” деган гап қўзғалди. 1929 йил Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбарлигида кўплаб зиёлилар қамоққа олинганида яна “Миллий иттиҳод” масаласи кўтарилиб қолди. 1936 йилга келиб яна “Миллий иттиҳод” деган гаплар ўрчий бошлади. Бу гал Ўзбекистон ҳукуматида “икромовчилар”, “хўжаевчилар” деган гуруҳлар асосида шакллантирилганга ўхшаяпти. Аслида, буларнинг ҳаммаси асоссиз ва фақат бўҳтонга қурилган айбловлар...”, дейди.

 

1937 йил 14–16 март кунлари сўроқда: “...1926 йил Жулқунбой қамалганида Файзулла Хўжаев уни қутқариб олган эди... 1937 йил январида Муинжон Аминжонов қамоққа олинганида “Mени сиқувга олишмоқда, НКВД мени 1000 бор отганида ҳам Файзуллани уларга бериб қўймайман. Файзулла Хўжаевга айтинглар, менинг оиламни ташлаб қўймасин” деган хабарни чиқартирган эди дейди.

 

Ота Хўжаев 1937 йил 17 март куни сўроқда “...1936 йил пахта терими вақти Бухорога келган Файзулла Хўжаев “Инқилоб Бухорони вайрон этди. Мен бунда ўзимни айблайман. Шунинг учун энди миллатни асранг. У яна Бухорони қайта қура олади” деган эди. 1934 йилдан Акмал Икромов билан боғлиқ низоли миш-мишлар бошланди. 1937 йил Муинжон Аминжонов Файзулла Хўжаевга “Сал қатъийроқ бўл”, деганида, у “Эй, тентак. Бу фитналарнинг ортида Сталиннинг ўзи турибди-ку, ҳозир тинчлик керак, қатъийлигим атрофимдагиларга зарар келтириб қўяди...” деб жавоб қайтарганини айтади.

 

Ота Хўжаев 1937 йил 27-28 апрель кунги сўроқларда: “...1922 йил Олимжон Идрисий келганида Файзулла Хўжаевни Германиядан БХРга ёрдам олишга ишонтирган эди. Ўша ишонч асосида кўплаб болалар ўқишга йўлланди. Ўзи ҳам Германияга бориб маълум бир шартномаларга эришиб келган эди. Аммо буларнинг ҳаммаси кейинроқ немислар томонидан рад этилди. Ҳарқалай, кутилган оқибатни келтирмади. Файзулла Хўжаев Москвадан қайтишда: “Миллат русларнинг таъсирига тушиб қолмаслиги зарур. Мен миллатимнинг кучли бўлиши учун ёшларни Европага ўқишга йўлладим. Шунда улар Москванинг қули бўлиб қолмайдилар”, деган эди. Файзулла Хўжаев ҳамиша Ўзбекистонни умуман Ўрта Осиёни мустақил кўришни орзу қилар эди. Ҳар бир учрашувда шу ҳақидаги гап бўлар эди. У ҳар доим “миллатим учун кўкрагим қалқон” дер эди. “Сизлар менинг кадрларимсизлар, етук кадрларсиз миллатнинг келажаги йўқ. Мен сизларни асрайман” дер эди. БХР ҳукуматининг ҳурмати олдида совет ҳукуматининг обрўси ҳеч нарса эмасди. Файзулла Хўжаев келди деса, ўша вақтлар бутун халқ оқиб келар эди...” деб эслайди.

 

1937 йил 11 август куни сўроқда: “...Файзулла Хўжаев жиддий изланишлар асосида Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш режасини ишлаб чиққан эди. Бухоронинг азалий соҳалари ипакчилик ва қоракўлчиликни қайта ривожлантиришга киришди. Жаҳон уруши хавфи орта бориши билан 1935 йилдан яна истиқлол орзуси бош кўтара бошлади. Ф.Хўжаевга нафақат ўзбек, балки қозоқ, қирғиз ва туркман лидерлари ҳам катта ҳурмат билан қарар эди. Файзулла Хўжаев ва Фитратлар саноатни оёққа қўйиш мақсадида Японияга делегациялар юборди, кўплаб илмий журналлар ва китоблар келтирилди...” дейди.

 

1937 йил сентябрь (санаси кўрсатилмаган)да гўёки гастроном дўкони мудири вақтида 62 567 сўмлик камомадга йўл қўйган деб Ота Хўжаев раҳбарлигида 8 кишига нисбатан туҳмат асосида суд ўтказилди. “Айбдорлар” 1937 йил 14 октябрь куни ЎзССР НКВД ҳузуридаги “учлик” қарори билан отувга ҳукм қилинди. Отаулла Хўжаев 1937 йил 25 октябрда БХСРнинг раҳбар арбобларидан 17 нафар сафдоши билан биргаликда Тошкент шаҳрида отиб ташланди.

 

Ватан озодлиги, миллий мустақиллик учун курашни ўзининг олий мақсади деб билган Отаулла Хўжаев 1965 йил 2 декабрда оқланган.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

1 Изоҳ

Oktyabrova Munisa

07:08 / 22.08.2023

Assalomu aleykum. Ha, Xo'jayevlar oilasidan o'z zamonasining eng yetuk, o'qimishli va madaniyatli jamiyat va davlat arboblari yetishib chiqqan. Yuqoridagi maqolada ham Otualla Xo'jayev haqida juda ko'plab ma'lumotlar keltirilgan. Buning uchun muallifga alohida rahmat. Lekin, afsuskiy, bolsheviklarga o'qimishli, aql- zakovat egalaridan ko'ra faqat dala haqida o'ylaydigan oddiy dehqonlar "xavfsizroq" bo'lgan. Ammo bunday tarixiy arboblarni, Fayzulla, Ubaydulla, Otualla Xo'jayev kabi buyuk siymolarni, tarix hech qachon unutmaydi!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//