Раҳима аяни маҳаллада ҳамма яхши танийди, номини ҳурмат билан тилга олади. Ая оддий ўзбек аёли. У бирор оламшумул кашфиёт қилгани ё қаҳрамонлик қилгани йўқ. Фақат уч қизни оқ ювиб, оқ тараб ўстирди. Ўша замонларда қиз болани ўқитиш уят деб ҳисоблаган қишлоқдошларининг таъналарига эътибор қилмай, уч қизини шаҳарда ўқитди. Қавм-қариндош, қайинбўйинлари билан талашиб-тортишиб, баъзилари билан юзкўрмас бўлиб кетишгача бориб, қиз бола ҳам илм олишга, олий маълумотли бўлишга ҳаққи бор деган қарашни шакллантирди. Ёлғиз келинини ҳам ўқитиб, невараларини ўзи боқди. Ўқиган қизнинг нафақат оиласига, балки жамиятга ҳам фойдаси тегишини исботлади. Бугун унинг қизларига ҳамма ҳавас қилади, қизларим, набираларим шуларга ўхшасин дейди.
Раҳима аянинг турмуш ўртоғи қирқ тўрт ёшида бехосдан оламдан ўтиб қолди ва у тўрт фарзанди билан бева қолди. Соппа-соғ юрган одамнинг бир кечада бошим оғрияпти деганча бошини кўтаролмай қолгани унга армон бўлди, бу яқин атрофда бирор духтир ёки касалхона бўлмагани, эрига биринчи ёрдам кўрсатилмагани туфайли қирқ ёшида чирқираб қолаверди. Балки шунинг таъсирими, тўнғичи Наргизани духтирликка ўқитаман дея бел боғлади. Отаси вафот этгач, қаттиққўл амакилари қизларни совчи келиши билан узатиб юбормоқчи бўлишди. Шунда бор кучи билан қаршилик қилган онаизор қўшни қишлоққа акалариникига кўчиб кетиб яшашгача борди, аммо шаштидан қайтмади. Қаршиликларга қарамай аянинг уч қизи: Наргиза, Раъно ва Нилуфар бирин-кетин талаба бўлди. Катта қизи Наргиза мактабни олтин медалга битириб, Самарқанд тиббиёт институтига имтиҳонсиз қабул қилинди. Ая кундузи касалхонада санитар бўлиб ишлаб, кечаси чопон тикиб сотиб қизларининг йўлкираси, еб-ичишини амаллаб турди. У қийинчиликлар ҳам ортда қолди. Ҳозир қизларнинг бири қўли енгил шифокор, бошқаси инглиз тили ўқитувчиси, кенжаси докторантурада ўқияпти. Бир пайтлар она-болаларни қоралаган, давраларга қўшмай қўйган, ўқиган қизларни энди эр олармиди деганлар тилини тишлаб қолди. Айниқса, шифокор қизи Наргизага иши тушмаган, эшигини тақиллатиб бормаган қишлоқдоши бўлмаса керак, барининг дуосини олади. Энг муҳими, қиз бола ҳам ўқиши керак экан деган қараш пайдо бўлди. Гапирганларнинг ўзи ҳозир набираларини Раъно муаллимга инглиз тилини ўрганишга беришаяпти, қишлоқда ўқиган қизларнинг сони йилдан йилга ошиб бораяпти...
Бизда қиз болага олий маълумот керакми, қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди, шунча ўқитганинг билан узатиб юборсанг роҳатини бошқалар кўради деган қараш ҳалиям учраб туради. Юртимизда шундай туманлар борки, бутун бошли мактабдан битирувчилар орасида талайгина қизлар олий ўқув юртига кириш у ёқда турсин, ҳатто ҳужжат топширмаган бўлади. Битирувчи синф қизларининг кўпчилиги аллақачон унаштирилган ва тезроқ мактабни битириб узатилиши ҳақида ўйлайди. Афсуски, келажаги, олий маълумот олиб ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши, севган касби бўлишини орзу ҳам қилмайди. Ҳаёт фақат ялтир-юлтур сарполар билан узатилиш, тилло-ю тангаларга ботиб тўйма-тўй, маросимма-маросим тоғора кўтариб юришдан иборатдек гўё. Эрта узатилаётган ўша қизларнинг оналаридан бирига нега бунча эрта узатаяпсиз, қўлида ҳунари йўқ, бирор касбнинг бошини тутмаган, эртага ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, ҳеч бўлмаганда ўқиса болаларини саводли қилиб тарбиялайди-ку десам, ўқитишга пулимиз йўқ дейди. Лекин қизи учун йиққан сарпо-ю тилла тақинчоқлар, олди-бердиларини ҳисобласангиз, бир эмас уч-тўртта қизни ўқитишга етадиган пул сафрланган. Ҳайрон қоласан, бу латта-путталарни қачонгача кияди, ётиб ейишга тоғ ҳам чидамайди-ку ёки бир умр унинг таъминотини бўйнингизга оласизми? Ваҳоланки, онанинг ўзи бир йилда бир шифокор кўригига бормайди, саломатлигига етарлича эътибор бермайди. Бирор марта туман ошиб бир жойга саёҳат қилгани йўқ, аммо қизи, куёви, қуда-андаси учун бор-будини сарфлайди. Майли, лекин шу қизлар ҳаётга, оила қуришга, она бўлишга ҳар томонлама тайёр деб ўйлайсизми? Афсуски йўқ!
Мастура Валиева, психолог:
«Қабулимга оиласи бузилаётган келинларни олиб келишади. Гаплашиб кўрсангиз ёшгина келин, аммо ҳамма нарсадан тўйган, депрессия ҳолатида. Тарихини суриштирсам кўпчилиги жуда эрта турмушга чиққан, мактабни битирибоқ узатилган. Ҳали оила нима, турмуш нима, аёллик, келинлик, оналик вазифалари, масъулияти нималардан иборатлигини билмайди. Қандай вазиятда қандай иш тутиш, муомала, кўнгилни олишга нўноқ. Ахир у ҳали ота-онаси бағрида ўйнаб юрган эркин қуш эди, мактабни битирганиданоқ дарров бегона уй, бегона муҳитга узатворишган, ҳали дугоналари ўйнаб-кулиб юришганда у ҳар бир қадами таҳлил қилинадиган бошқа мамлакатга тушиб қолди. Бундай пайтда янги хонадондагилар уни тўғри тушуниб, секинлик билан йўл-йўриқ кўрсатишса-ку хўп-хўп, лекин ҳар бир ҳаракатидан мукаммаллик талаб қилаверишса ёш ниҳолга дарз кетади, руҳий босим кучайиб, баъзи ёш келинларимиз депрессияга тушиб қолишлари ҳеч гап эмас. Шундай мижозларимиз билан ишлаш жараёнида кўпроқ ўзини ривожлантириши, ёқтирган машғулоти билан шуғулланиши, қайсидир ҳунарни ўрганиши учун имкон бериб, шу билан бирга янги дўст, уни тинглайдиган янги даврага яқинлаштирамиз ва натижа тезда яхши томонга ўзгаради. Қизимизда ўзига ишонч, ҳаётга қизиқиш пайдо бўлади ва яширин қобилиятлари очилиб, кўзлари порлай бошлайди. Юзига қизиллик югуради. Ота-оналарга маслаҳатим: қизларингизни ўқитиб бир касбнинг эгаси бўлишини таъминланг, тўғри, ҳамма ҳам яхши ўқишга қобилиятли бўлмаслиги мумкин, лекин ҳунар ўргатишингиз мумкин-ку? Тикувчликми, дизайнерликми, ошпазликми ёки яна қанча ҳунарлар бор. Қизингизнинг пулга эҳтиёжи бўлмас, лекин ҳеч бўлмаса ўзи яхши кўрган машғулоти, ўзи учун қизиқ бўлган мавзуси бўлади. Эртага бундай аёллар турмуш ўртоғи учун ҳам қизиқарли аёл, фарзандлари учун қизиқарли она бўлади.
Бир неча йил олдин бир зиёли она ҳузуримга келди. «Ўғлимни бир амаллаб битта қиздан совутишим керак, у қиз бозорда савдо қилади, ўғлимга мос эмас» деди. Чунки ўғли нуфузли уиверситетда ўқиган, магистратурани хорижда ўқиб келган, интеллекти баланд, келажаги порлоқ мутахассис. Қиз эса ҳеч қаерда ўқимаган, бозорда кўриб қолиб ёқтирибди. Йигитнинг оиласи ўқимишли, зиёли оила, улар учун икки хил: ўқиган ва ўқимаган одам бор. Худди яхши ва ёмон дегандек. «Опа, балки яхши қиздир, келса тарбиялаб оларсиз» десам, «гаплашиб кўрдим, тарбиялай олишимга кўзим етмайди, умуман унга бизнинг муҳит бегона» деди. Онани ҳам тушунишга ҳаракат қиламан, «Мен оиламизнинг, авлодларимизнинг келажагини ўқимаган бир қизга ишонолмайман» дейди. Ёлғиз ўғлини ва давомчиларини фаҳм-фаросати, интеллекти баланд бўлган, ҳар томонлама мукаммал қизга ишониб топширмоқчи. Узоқ уринишларидан кейин она асл ҳақиқатни ўғлига уқтира олибди ва бошқа – ўзи орзу қилгандек қизга уйлантирибди. Ҳозир оиланинг икки боласи бор, бахтли ҳаёт кечиришади, кейин ўғли ҳам онасига тўғри танлов учун раҳмат дебди».
2018 йилнинг бошида Жаҳон банки таълим ва гендер масалаларига бағишланган қизиқарли ҳисоботлардан бирини эълон қилди, у «Бой берилган имкониятлар: қизларни ўқитмаганлик учун тўланадиган катта товон» («Миссед Оппортунитиес: Тҳе Ҳигҳ Cост оф Нот Едуcатинг Гирлс») деб аталади.
Ҳисоботда қизиқарли фактлар келтирилади:
· Глобал миқёсда ҳар ўн қиз боланинг тўққиз нафари бошланғич таълим, тўртдан учтаси эса ўрта таълим (тахминан 9 йил) олади. Кам даромадли мамлакатларда қизларнинг учдан икки қисми бошланғич мактабда ўқийди, фақат ҳар уч қиздан бири ўрта мактабнинг қуйи босқичини (тугалланмаган ўрта таълим) тугатади.
· Ўрта мактабни тугатаётган қизларнинг тайёргарлиги яхши, кўпинча бошқалардан соғлом бўлади, ҳаётда муваффақиятга эришади, болалари касалликка кам чалинади, ўлим кам хавф туғдиради, аксарияти бахтли турмуш кечиради. Бундан ташқари, ўрта маълумот олган қизларнинг катта ёшлилар сифатида меҳнат бозорида қатнашиш эҳтимоли катта, баланд ижтимоий мақомга эга бўлади, шунингдек, уй муҳитида ва жамиятда қарорлар қабул қила олади.
· Иш ҳақи ва ҳаёт даражаси: агар дунёда ҳар бир қиз ўн икки йиллик сифатли таълим олганида эди, жаҳонда аёллар умр бўйи оладиган маош ҳозирги 15 триллион АҚШ долларидан 30 триллион долларга етар эди. Бошланғич таълим олган аёллар умуман маълумоти йўқ аёлларга нисбатан 14–20 фоиз кўпроқ пул топади, ўрта маълумотлилари эса деярли икки баробар ортиқ маош олади.
· Эрта никоҳ ва эрта туғиш: қизларнинг умумий ўрта таълим олиши эрта никоҳга (18 ёшгача никоҳдан ўтиш) барҳам бериши мумкин ва аёлларнинг эрта туғиш хавфини (18 ёшгача биринчи фарзандли бўлиш) 75 фоиз камайтиради.
· Қарор қабул қилиш: қиз болалар учун умумий ўрта таълим оилада қарор қабул қилишга қодир аёллар улушини 10 фоиз кўпайтиришга кўмаклашиши мумкин.
· Ижтимоий капитал ва муассасалар: қизлар учун умумий ўрта таълим уларнинг ижтимоий ҳаётга аралашувини кучайтиради, ўзларига зарур бўлган ишончли дўстлар орттириш имконини беради.
· Олий таълим олган аёллар фоизининг ошиши эса мамлакатнинг иқтисодий аҳволидан тортиб яшаш тарзи, умумий саводхонлик яхшиланиши ва ривожланишга жуда катта таъсир кўрсатади.
Марказий Осиёда аҳвол қандай?
Ушбу тадқиқот Марказий Осиёда қизларнинг таълимдан маҳрум этилишининг аниқ сабаблари ва таҳлилини қамраб олмаса-да, шу мавзудаги бошқа бир қанча тадқиқотлар қизларни таълим олишдан маҳрум этишнинг ўта хавфли тамойили мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан, ЮНИСЕФ ва БМТнинг Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказган тадқиқотларига кўра қиз болаларни бошланғич таълим билан қамраб олиш деярли 100 фоиз (95–98 фоиз) бўлгани ҳолда ўрта мактабни 65–75 фоиз қизлар битириб чиқади, айрим узоқ қишлоқларда эса бу кўрсаткич 50 фоиздан ҳам кам.
· Аксарият эркаклар иш излаб бошқа мамлакатларга кетаётгани сабабли аҳолининг қолаётган қисми, айниқса қизлар мутлақо саводсиз, тайёрланмаган ҳолда, меҳнат бозорида ҳеч қандай кўникмасиз қолиб кетмоқда. Бу ҳам етмагандай, эрта оила қургани учун кўп фарзанд туғиб, уларни тарбиялаш ва қорнини тўйдиришга қурби етмаяпти. Бу бутун бошли авлодлар ривожланиши учун қулай шароит йўқлиги сабаб уларнинг маргиналлашуви ва қашшоқлигига олиб келмоқда.
· Масалан, БМТнинг «Таълим индекси»га (таълимнинг ўрта ва кутилаётган йилларини баҳолаш) кўра Тожикистон 187 та мамлакат орасида таълим кўрсаткичлари бўйича 133-ўринни эгаллайди, бу Мустақил давлатлар ҳамдўстилигидаги энг паст кўрсаткичдир (Қирғизистон 125-ўринда, Туркманистон 103-ўринда, Ўзбекистон 116-ўринда, Қозоғистон 70-ўринда экан).
· Ўқиш соҳасида ўғил болалар билан қизлар ўртасидаги гендер тафовути ортиб бораётгани алоҳида ташвиш уйғотади. Тожикистонда бошланғич ва ўрта таълим олиш мажбурийлигига қарамай, камбағал оилаларнинг фарзандлари, айниқса қизлар кўпинча 9 йиллик ўқишни битирмасдан бурун мактабга бормай қўяди. ЮНЕСКО маълумотларида айтилишича, тафовутлар 5-синфдан бошлаб сезила бошлайди, ўша пайтда қизларнинг тахминан 10 фоизи мактабга бормай қўяди, ўғил болаларнинг ушбу кўрсаткичи эса 2 фоизга тенг бўлади. Гарчи бу ҳар жойда ҳар хил бўлса-да, айни тафовут ўрта мактабнинг юқори босқичида (16 ёшдан бошлаб) ортиб оради, қизларнинг 48 фоизи ва ўғил болаларнинг 30 фоизи мактабга қатнамай қўяди.
Ўзбекистонда қизларнинг олий таълим олишига етарли шароит борми?
Албатта, қизларимизнинг ҳар томонлама етук, илмли, дунёқараши кенг бўлиб вояга етиши учун ҳамма шароит бор. Уларнинг олий маълумот олиши учун бир қанча қарор ва фармонлар қабул қилинган. Ўзбекистон президентининг 2021 йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш, шунингдек, аёлларга қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида олий таълим муассасаларига танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш тартибини такомиллаштириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаш мақсадида ҳукуматнинг қарори ва шу қарор асосида низом ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Натижада 2000 нафар қиз алоҳида грант асосида институт ва университетларга қабул қилинди, яна 1800 нафарига ўқиш пули тўлаб берилди. Оқибатда 2021 йилда ўқишга кирган талабаларнинг 60 фоизини қизлар ташкил этди (2016 йилда бу кўрсаткич 38 фоиз бўлган). Шунингдек, айни пайтда аёлларимизнинг улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги олий таълим муассасаларида қизларнинг улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизга етказилади. Бунинг учун ҳар йили қизларнинг талаба бўлишига квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун ажратилади.
Янги ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртлари, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.
Таълим тизимида қизлар учун яна бир қатор имкониятлар:
– янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пули тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (23 минг қизга 200 миллиард сўм);
– ҳар йили 60 нафар қиз нуфузли хорижий университетларга ўқишга юборилади;
– ҳар бир вилоятда камбағал оила вакиллари, отасиз ё онасиз 150 нафар қизнинг (жами 2100 нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади;
– ёш боласи бор талаба-аёлларга масофавий ўқишга шароит яратилади;
– докторантурада аёллар учун ҳар йили камида 300 та ўрин ажратилади.
Жадвалдан ҳам кўриниб турибдики, йилдан йилга ўқийдиган қизларнинг фоизи ошиб борган.
Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизи Одина Муҳаммад Содиқнинг Ливия ва Мисрда илм олиб қайтган қория, устоз сифатида исломда қизларнинг илм олиши тўғрисида берган интервюсидан лавҳа:
– Қиз болалар таълими хусусида гапирадиган бўлсак, уларни албатта ўқитиш шарт. Чунки ўғил болалар каби улар ҳам Аллоҳнинг бандаси, жамиятдаги бир шахс. Улар жамиятнинг ажралмас қисми, шунинг учун ҳам таълим олишга ҳақли. Шариатда аёлларнинг ҳам бурч ва масъулияти бор. Бунинг учун улар жавобгар ҳисобланади. Ҳар бир инсоннинг ўрганишга, атрофдагилар билан мулоқотга киришиш учун илмга эҳтиёжи бор. Шариат – илм дини ҳисобланади. Шунинг учун ҳам илк нозил бўлган ояти карима «иқро» сўзи билан бошланади, яъни «ўқи» дейилган.
Ўз ҳаётимиздан мисол келтирадиган бўлсак, жумладан, падари бузрукворимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари биз – қизларига ҳеч қачон илм олишдан кўра рўзғор ишлари билан банд бўлиш кераклигини тарғиб қилмас, ҳар нарсанинг аввалида илм туришини таъкидлар эди. Ўқишимизга катта эътибор қаратиб, биздан буни қаттиқ талаб ҳам қиларди. Қачон илм билан машғуллигимизни билса, хурсанд бўлар эди. Биз ҳам уни хурсанд қилишни ният қилсак, илмда яхши натижаларга эришиш орқали кўнглига йўл топардик. Отамизнинг аёллар илмига бўлган рағбатини уларга берадиган таърифидан сезар эдик. Бирор аёл учун мақтов келтирмоқчи бўлса, «У ўқиган, илмли аёл» дер эди. Агар қайсидир аёлдан норозилигини ифодаламоқчи бўлса «Ҳа, ўқимаган-да» дер эди. У кишининг наздидаги ўлчов – ўқиш эди. Кимдир бир пора Қуръонни ўрганиб, ўзининг фарз амалларини мукаммал билса, беш вақт намозини, рўза аҳкомларини ўрганиб олган бўлса, у катта неъматни қўлга киритибди дер эди. Нафақат диний, дунёвий билимларни ўрганиш ҳам аёллар учун жоизлигини айтар эди. Ўз ишининг устаси бўлган, тил билган билимли аёллар ҳақида мақтов билан гапирар эди. Аллоҳни таниган инсонлар, дин қайғусида бўладиган олимлар албатта қизларини ўқитишга катта эътибор беришган.
Сайёра Сойипова, Австриянинг Кремс университети 2-босқич талабаси:
– Оилада учта опа-сингилмиз. Онамнинг касби – ўқитувчи. Болалигимиздан ҳаммамизнинг илм олишимизга ота-онам жиддий эътибор беришган. Қайси соҳадан кетишимиз, қайси касб эгаси бўлишимизни ўзимизга қўйиб беришган, чунки отам одам касб танлашда адашмаслиги, юрагига қулоқ солиши шарт, эртага ўзинг севмаган ишни бажаришинг сени бахтсиз қилмаслиги керак деган. Мен туризм соҳасини танлаганман, ҳозир шу мутахассислик бўйича таҳсил олаяпман. Инсон касбини севсагина ўз ишининг устаси бўла олади ва ўзига ҳам, бошқаларга ҳам керак бўлади. Иккита хорижий тилда гаплаша оламан, лекин менинг соҳам учун беш-олтита тилни билиш зарар қилмайди. Шунинг учун янги ўқув йилидан бошлаб яна иккита хорижий тилни ўрганмоқчиман. Магистратурани хорижда ўқиб келмоқчиман. Менинг режаларимни ота-онам қўллаб-қувватлайди. Биласиз, бизнинг ўзбекчиликда қиз бола мактабни битирдими, совчи кела бошлайди. Худога шукур, ота-онам менинг ўқишимни, илмли бўлишимни исташгани учун совчиларга рад жавобини берворишади. Қизиғи, совчиларнинг орасида «Узатаверинг, ўқишини ўзимиз ҳал қиламиз, қийналмайди, гаплашамиз...» дейдиганлари ҳам чиқиб қолади. Шунда онам ҳайрон бўлиб, «Гаплашиб ҳал қилса ўқишга киришдан мақсад нима, ўқиб яхши мутахассис бўлиши учун ҳамма дарсларга тўлиқ қатнашиши, ўз вақтида ўзлаштириши керак-ку» деса куладиганлари ҳам топилади. Бизда баъзи университетларда ҳали ҳам оилали талабаларнинг ўқишга номига келиб кетиши, семестрларнинг «гаплашилиши» оддий ҳол шекилли-да.
Хулоса ўрнида
Буюк инсоннинг ортида буюк аёл туради дейишади. Дунё танийдиган инсонларни катта кашфиётларга, улуғ ишларга илҳомлантирадиган, қўллайдиган оналари бўлганини тарихдан яхши биламиз.
Имом Бухорий ҳазратларининг ёшлигида кўзи кўрмай қолганда онаси жуда қаттиқ изтиробга тушади ва йиғлаб-йиғлаб, чин дилдан худога илтижо қилиб, боласининг кўзи очилишини сўрайди. Узоқ тоат-ибодатдан сўнг тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўради ва у киши «ўғлингнинг кўзи очилади» деган хушхабарни етказади. Она уйқудан туриб қараса ўғли яна кўра бошлайди. Отасидан эрта етим қолган Имом Бухорий ҳазратлари доимо ақлли, зукко, тақводор онаси билан бирга бўлади. Ҳажга ҳам онаси ва акалари билан бирга бориб, ўша ерда қолиб, илм билан шуғулланади.
Дмитрий Менделеев оиладаги 17-фарзанд бўлиб дунёга келади. У туғилгач, отаси кўздан қолиб депрессияга тушиб қолган ва рўзғор ташвиши-ю фарзандлар тарбияси онаси Мария Дмитриеванинг зиммасига ўтади. Кенжатой Дмитрий доим онаси билан бирга юради. Ўқимишли, зиёли Мария ўғлига тўрт ёшида ўқишни ўргатади ва кейинги кашфиётлари, илм билан шуғулланиши учун ҳам жуда катта туртки беради. Менделеев нимаики қилса онасини хурсанд қилиш учун қилаётганини айтган.
Стив Жобснинг онаси – Клара Жобс ўсмир ёшдаги Стивга «Сен ҳеч кимга ўхшамаган ноёб қобилиятли, алоҳида одамсан, сенга ишонаман, ҳали катта ишларни қиласан» дея мотивация берган. Стив уйнинг гаражида ўз ишини бошлаганида онаси телефон қўнғироқларига жавоб бериб администраторлик қилиб ёрдам берган. Қайсидир файласуфнинг «Бизга буюк оналарни беринг, сизга буюк даҳоларни берамиз» деган афоризми жуда машҳур. Дарҳақиқат, миллатни юксалтирмоқчи бўлсак, бўлажак оналарни, қизларимизни билимли, тафаккури кенг қилиб тарбиялашимиз шарт.
Шаҳноза РОФИЕВА
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 3-сон.
“Ўқиган ва ўқимаган” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ