Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатво маркази бош мутахассиси Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов жавоб берди.
– Ҳозирги кунда шиллиққурт билан даволаш усуллари ривожланмоқда. Ушбу муолажа ножўя таъсири йўқлиги, асоратсизлиги, оддийлиги, табиийлиги билан ажралиб туради. Айтинг-чи, динимизда шиллиққурт билан даволаниш мумкинми? Ҳозир ғарб давлатларида шиллиққуртдан капсулали дори ҳам ишлаб чиқарилган. Уни ичиш мумкинми?
– Шиллиққурт – қуруқликда яшайдиган қориноёқли ўпкали ҳашаротлар турига мансуб бўлиб, фанда унинг мингга яқин тури маълум. Танаси чувалчанг ёки цилиндр шаклида бўлади (Ўзбекистон миллий энциклопедияси).
Мутахассисларнинг таъкидлашича, шиллиққурт муолажаси икки хил бўлади:
шиллиққуртдан тайёрланган капсулали дорини истеъмол қилиш орқали даволаниш;
шиллиққуртдан зулук каби сўлаги билан даволаниш ёхуд шиллиққурт экстрактли кремни терига суртиш.
Ушбу икки турдаги муолажаларнинг шаръий ҳукми бир-биридан фарқ қилади.
1. Шиллиққуртдан тайёрланган капсулали дорини истеъмол қилиш шариатимизга кўра жоиз эмас. Чунки шиллиққурт ҳашоратлардан саналади. Ҳашоратларнинг истеъмоли ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларига кўра ҳаромдир. Бу ҳақида ҳанафий мазҳабимизнинг уламоларидан Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ бундай деган:
«Калтакесак, ари, тошбақа ва барча ҳашаротлар нопок нарсалардан саналгани сабабли уларни истеъмол қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло: «У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...» (Аъроф сурасининг 157-оятидан) деган» («ал-Баҳрур-роиқ»,17-жузнинг 116-бети).
Шариатимизга кўра, умумий ҳолатда ҳаром нарсалардан даволаниш ман қилинган. Хусусан, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳаромдан тўғридан-тўғри шифо ниятида фойдаланиш асло жоиз эмас» деган. Зеро, Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг бир жорияси касал бўлиб қолганда, унга шаробни дори сифатида бермоқчи бўладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло шифонгизни сизларга ҳаром қилган нарсаларга жойлаштирган эмас» деб марҳамат қилган (Имом Абдурраззоқ, Имом Табароний, Имом Байҳақий, Имом Таҳовий ривоят қилишган).
Фатво китобларимизда «Касалликка ҳаромдан бошқа шифо топилмаган тақдирда ҳозиқ табиб кафил бўлиб, ҳаромдан тайёрланган ё ҳаром нарса аралашган дори шифо бўлишига кўрсатма берса, зарурат бўлгани боис ҳаромни истеъмол қилиш жоиз» дейилган.
Аллома ибн Обиддин раҳимаҳуллоҳ «Киши қаттиқ очлик ё чанқоқлик сабабли ўлиб қолиши мумкин бўлган вақтда ўлмагудек миқдорда ўлимтикни ейиши ёки ҳаром ичимликни ичишига рухсат борлигидан келиб чиқиб, шифо ниятида ноиложликдан истеъмол қилинадиган ҳаром доридан ҳаромлик соқит бўлиши келиб чиқади» деган («Раддул-мухтор», 1-жилднинг 365-бети).
«Зоҳирия» китобида эса ҳаром билан даволаниш жоиз бўлиши (яъни гуноҳ бўлмаслиги) учун ўша дорида шифо борлиги ва бошқа даво йўқлиги тажрибадан маълум бўлиши кераклиги айтилган.
Ҳозиқ табиб деганда ўз ишига маҳоратли, ўз юртида тан олинган, муайян тажрибага эга, бугунги кун тили билан айтганда, олий тоифали шифокор кўзда тутилади. Шунингдек, у шаръий ҳукмлар ва амалларни ошкора инкор қилувчи бўлмаслиги керак. Шариатда ҳаром дейилган нарсаларни охирги чора сифатида ишлатиш лозимлигини яхши англамоғи даркор. Акс ҳолда ҳалол нарса бўлса ҳам ҳаромни тавсия қилиши мумкин.
2. Шиллиққурт сўлаги билан даволаниш ёки шиллиққурт экстрактли кремни терига суртиш орқали муолажа олиш шаръан жоиз. Чунки бунда ҳаромни истеъмол қилиш йўқ. Шунинг учун ҳам уламолар зулук каби ҳашоратлар орқали муолажа олишга рухсат беришган. Валлоҳу аълам.
* * *
– Баъзан болалар бемор бўлиб қолса ёши катта инсонлар силаб қўядиган кишиларнинг олдига бориб, нон билан силатиб келишади. Шу иш тўғрими?
– Киши бундай чоғларда Қуръони каримдаги махсус оятларни ўқиб, боласига дам солиши ёки дам солдириши мақсадга мувофиқ бўлади. Нон ё бошқа нарса билан силайдиганларнинг олдига бормаслик керак. Валлоҳу аълам.
* * *
– Отам яқинда жарроҳлик амалиётига киришидан олдин назр қилдим, яъни, иншоаллоҳ, жарроҳлик амалиётидан шифо топиб чиқса, битта мол сўйиб эҳсон қиламан деб Аллоҳга ваъда бердим. Энди шу назр қилинган гўштдан менинг ўзим ҳам есам бўладими?
– Кўзлаган мақсади ҳосил бўлса, назрни адо этиш вожиб бўлади.
Қурбонликдан бошқа ниятда, масалан, «фалон ҳожатим раво бўлса, жонлиқ сўяман (дардга даво топилиши, мушкулотнинг ариши, сафардагиларнинг эсон-омон қайтиб келиши ва ҳоказо)» деган ниятда жонлиқ сўйиб, назр қилинганда сўйилган жонлиқнинг гўштини садақа олишга ҳақли бўлганларга улашиб бериш вожиб бўлади. Бунда назр соҳиби ва унинг аҳли назр қилинган жонлиқнинг гўштидан ейиши ҳалол бўлмайди.
* * *
– Динимизда вегетарианликнинг ҳукми қандай?
– «Вегетарианлик» сўзи лотинчадан олинган бўлиб, «ўсимликка оид» деган мазмунни билдиради. Бунда овқатланганда гўштни чеклаб, асосан мева ва сабзавотларни тановул қилиш назарда тутилади. Шу зайлда овқатланувчилар вегетарианлар дейилади. Вегетарианлар муайян маҳсулотларни истеъмол қилишни чегаралаш даражасига кўра бир неча тоифага бўлинади. Уларнинг энг ашаддийлари ҳар қандай гўштни, шунингдек сут, тухум ва мойни истеъмол қилишдан бош тортади.
Бинобарин, инсон ўз таъби ва табиатидан келиб чиқиб гўшт ё ҳайвондан олинган маҳсулотларни емаслиги ёки ейишни хоҳламаслиги мумкин, бу унинг ихтиёри. Лекин бунда қуйидаги жиҳатларга эътибор бериши лозим:
1. Гўшт, сут ва тухум каби Аллоҳ инсонларга ҳалол қилган маҳсулотларни ҳаром деб эътиқод қилмаслиги даркор. Чунки Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром деб эътиқод қилиш кишининг иймонига путур етказади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди» (Моида сурасининг 87-ояти).
2. Вегетариан Аллоҳ таолога бошқалардан кўра севимлироқ бўлади деб эътиқод қилмаслиги лозим. Зеро, динимизда вегетарианлик билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхшиси, энг тақводори ва Аллоҳга энг яқини бўлган ва у зот гўшт, сут ва асал истеъмол қилган. Ҳатто баъзи саҳобалар гўшт ейишдан тийилиб, буни ибодат санашганида, буни хато деб эълон қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Баъзи саҳобалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан у зотнинг сир ибодатлари ҳақида сўради. Сўнгра уни оз санадилар. Улардан бири «Мен доимо кечаси билан намоз ўқиб чиқаман энди» деди. Иккинчиси «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман» деди. Учинчиси эса «Мен аёллардан четда бўламан, ҳеч уйланмайман, гўшт емайман» деди. Бошқа бири «Аёлларга уйланмайман» деди. Яна бири «Кўрпамда ухламайман» деди. Бу нарса пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида у зот «Одамларга нима бўлдики, бундай, бундай дейдилар?! Лекин мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, ухлайман ва бедор ҳам бўламан, гўшт ҳам ейман. Аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас» деди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Хуллас, гўштни ёқтирмагани ёки руҳий ҳолат туфайли (масалан, чорва сўйилаётганини кўрган одам гўштдан воз кечгани каби) гўшт емайдиган киши билан уни ўзига ҳаром қилиб олган ё шуни ибодат деб биладиган кишининг ўртасида катта фарқ бор. Вегетарианликка динимизнинг муносабати ҳам шунга кўрадир.
* * *
– Ислом дини тутқаноқ хасталиги ҳақида нима дейди?
– Бу саволга аввало тиббий томондан ёндашиш лозим. Аммо Қуръони карим оятларининг шифо ва раҳмат экани Қуръонда баён қилинган. Шундай экан, тиббий муолажалар билан бир вақтда Қуръон ўқиш орқали ҳам шифо излаш тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.
* * *
– Қўрққанда юрак тушиши бор нарсами, бу ҳолда нима қилса бўлади?
– Динимизда юрак тушиши ёки юрак кўтариш деган нарса йўқ. Бу тиббиётга тааллуқли масала. Бу хусусда мутахассис шифокорларга мурожаат қилиш керак, юракка қувват бўладиган маҳсулотлардан истеъмол қилиш лозим.
Шундай бўлса-да, беморларга Қуръон оятларини ўқиб дам солиш бор. Бундай беморни мутахассисларга кўрсатиш билан бир қаторда унга дам солиш ҳам тез орада шифо топишига сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 4-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ