
Ҳар гал китоб жавонимдаги қалин яшил китобга кўзим тушганда, хижолатлик ва армон туйғуси қоришиб қалбимдан ўтади. Авваллари бу кечинма мисоли бир пар булут каби эди, йиллар ўтгани сайин оғирлашиб, қуюқлашиб бораётгандай.
1980 йиллар. “Саодат” журнали ходими сифатида хизмат сафари билан республикамиз вилоятларидан бирига бордим. Одатим бўйича китоб дўконига кирдим. Яшил муқовали чиройли китоб диққатимни тортди. Варақладим, Ғарбнинг машҳур файласуфларидан бирининг қаламига мансуб экан, харид қилдим.
Тошкентга қайтгач, ижодкор ва олим қадрдонлар билан бўлган бир суҳбатда сотиб олган китобим ҳақида сўз очдим. Машҳур файласуф Б.Брехтнинг асарларини олганим ҳақидаги гапимдан бизга институтда дарс берган олим, ажойиб инсон, филология фанлари номзоди Асқарали Шаропов домламиз (Мирзо Улуғбек номидаги Фарғона давлат педагогика институти (ҳозир университет)да замонавий ўзбек адабиёти фанидан дарс берганлар)нинг кўзлари чақнаб кетди. Тарқаларканмиз, домламиз китобни ўқиш учун сўради, келтириб бердим. Маълум муддатдан кейин қайтариб олдим-у, лекин қаерда учрашиб қолсак, домламиз ўша китобни бутунлай ўзига беришимни сўрар, эвазига ўзим хоҳлаган бошқа китобларни таклиф қиларди. Лекин менда, очиғи, шундай китобим борлигидан қувончу унинг чиройига ишқибозлик кучли экан. Ўшанда рус тилида чоп этилган бу асарни англаб, тушуниб ўқишга рус тилидан сўз бойлигим етишмасди. Бошқа нарса бўлганда, устозимнинг илтимосини қайтармасдим, аммо китобни бермаслик айб эмас, деган фикр билан ўзимни оқлардим.
Асқарали Шаропов нафақат илм олишимизда, балки юриш-туришимизда ҳам жуда талабчан устозимиз эдилар. Шогирдларга кўп ҳам гапирмасдилар, аммо доим домланинг талабчан нигоҳини ҳис этиб турардик.
Ўн беш йилча аввал устозимиз вафот этди. Ундан адабиётшуносликка оид бир неча асарлар мерос бўлиб қолди. Ҳар гал шу мерос қолган китобларни ўқиганимда, олим домламизда ҳаёт ва унинг акси бўлган бадиий асарлар воқеликларини теран ҳис этиш, фалсафий хулоса чиқариш қобилияти жуда кучли эканини ҳис қиламан. Китоб жавонимни қарийб қирқ йилдан буён “безаб” турган ҳалиги чиройли китобни ёлчитиб ўқиганим ҳам йўқ. “Бизга куюнчаклик, талабчанлик билан дарс берган устозимга нима учун шу китобни чин дилдан тақдим этмадим? Ҳатто сўраганлиги учун миннатдорчилик билан ҳадя қилсам бўларди-ку!” деган хаёл мени қийнайверади. Ва яна... у киши жуда ориятли, андишали одам эди, талабасидан китоб сўраши осон кечмагани аниқ.
Кўпчиликка хизмат қилиши мумкин бўлган бойликни сандиққа қулфлаб, ўзинг ҳам, бошқалар ҳам наф олмагани каби, гўё мевалари ғарқ пишган боғ йўлларини беркитиб ташлаб, Аллоҳ неъматларини ҳеч кимга раво кўрмагандек... хуллас, мен маънавият дунёсининг бир тола нурини уйимга “қамаб” олибман-у, ундан баҳраманд бўлишга интилган қалб йўлини жаҳолатим, енгил-елпи ҳавасим сабабидан тўсибман. Эҳтимол, бу китоб чин эгасининг қўлига етиб борганда, уни тушуниб мушоҳада қиладиган инсоннинг сўзи, фикрлари орқали бошқалар онгу шуурига ҳам билим, зиё тарқалган бўлармиди?..
“Балки фарзандларим, невараю эвараларим қизиқиб ўқир бу китобни”, деб ўйлабман-у, назаримда, китобнинг ҳам умри бордек. Яхши асар ҳар лаҳза, ҳар куни қалбларга нур, эзгулик, маърифат улашиши мумкин. Китоблар умрининг зое кетиши – жамият аъзоларининг ана шу саодатдан бебаҳра қолиши эмасми... буни кеч англадим.
Муҳтарама УЛУҒОВА
Тарих
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ