Горбачёвнинг “шахсий Рафиғи”, Фарғонадаги фожиа, “қайта қуриш” олатасирлари – Ўзбекистонни қисқа вақт бошқарган Рафиқ Нишонов даври қандай эсланади?


Сақлаш
21:49 / 26.01.2023 962 0

Ўзбекистоннинг собиқ Иттифоқ давридаги сўнгги раҳбарларидан бири Рафиқ Нишонов яқинда 96 ёшида вафот этди. У жуда нозик ва зиддиятли даврда қисқа муддат республикани бошқарди. Хўш, “ўзбек иши”, “қайта қуриш” давридаги олатасирлар, Фарғонадаги қулупнай воқеаси ва ҳоказолар бу шахсга қай даражада боғлиқ эди? Oyina.uz Нишоновнинг мамлакат тарихидаги ўрни, у раҳбарлик қилган даврдаги воқеалар хронологиясини ёдга олиб, таҳлил қилади.

 

Комсомолдан республика раҳбарлигигача

 

Рафиқ Нишонов 1926 йил 16 январда Бўстонлиқ туманида туғилган. 1959 йили Тошкент педагогика институтининг кечки бўлимини тугатиб, тарих ўқитувчиси мутахассислигини эгаллаган. Фаолиятини комсомолда бошлаган. 1962 йили Тошкент шаҳар ижроқўми раҳбари, 1963 йилдан бошлаб Ўзбекистон коммунистик партияси марказий кенгаши бюроси аъзоси ва котиби лавозимларида фаолият кўрсатган.

 

1970 йилдан 1978 йилгача СССРнинг Шри-Ланкадаги элчиси (Малдив ороллари билан бирга), сўнгра Иорданияда ишлаган. 1985 йили Ўзбекистон ССР ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган, 1986–1988 йиллари эса Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси сифатида фаолият кўрсатган. Нишонов 1988 йил 12 январдан 1989 йил 23 июнга қадар Ўзбекистон коммунистлари етакчиси, яъни республика раҳбари лавозимида ишлаган. Бош котибга садоқати боис Горбачёвнинг “шахсий Рафиғи” деган лақаб ҳам олган.

 

 

Бу пайтда СССРда “қайта қуриш” авж нуқтасида эди. Болтиқбўйи, Кавказ орти республикалари, ҳатто Россияда ҳам демократик жараёнлар қизғин тусга кириб, мустабид тузумнинг умри тугаб бораётган эди. Аммо шунга қарамасдан, Ўзбекистонда турғунлик давом этар, “ҳамма ишлар рисоладагидек, юрт тинч, халқ фаровон” эди. Аммо марказда “ўзбеклар иши” жаҳонга жар солиниб, бутун бир миллатга қора чапланарди. Москва матбуоти жон-жаҳди билан Ўзбекистонга ҳужум қилар, одамлар эрталабдан киоскаларга навбатга туриб, ўзбеклар ҳақида тўқилган бўҳтон ва уйдирмаларни юрак ҳовучлаб кутарди. Одатда бундай паллада адолатпарвар раҳбар барча масъулиятни ўз зиммасига олиб, мамлакат аҳлини ҳимоя қилиши, ҳеч бўлмаганда, бу туҳматларга чек қўйиши керак. Афсуски, бундай жасорат ҳаммада ҳам топилавермайди.

 

Нишоновнинг аниқ нишони

 

Янги раҳбар “собиқ”нинг устидан мағзава ағдариши шўро даври учун одатий ҳол эди. Р.Нишонов ҳам асосий эътиборни Шароф Рашидов шахси тафтиши ва танқидига қаратди. Хусусан, 1988 йил 30 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон  КП МК IX пленумида 1978 йилдан 1983 йилгача Ўзбекистонда 4,5 миллион тоннадан кўпроқ пахта қўшиб ёзилганию, давлат хазинасидан 4 миллиард сўмга яқин пул ўмарилганини писанда қилади. Бу рақамлар рост-ёлғонлиги анча қоронғи бўлса-да, лекин коммунистлар пешвоси кимни нишонга олаётгани кўриниб турарди.

 

Нишоновнинг 1988 йили бўлиб ўтган Бутуниттифоқ XIX партия конференциясида айтган қуйидаги гаплари эса халқимиз бошини янада хам қилди: “Ўзбекистон халқи сталинча репрессия йилларида шафқатсиз зўравонлик, ҳаддан зиёд қонунбузарлик ва разиллик оқибатларини бевосита ўз бошидан кечирди. Хушомадгўйлик ва макр-ҳийла, кўзбўямачилик эвазига Рашидов каби мукофотпараст арбоб ўнта Ленин ордени ва 2 та Олтин юлдузи олиб, қолаверса, Ленин мукофотига эга бўлиб, тантанавор одимлаган йилларда халқимиз бундан чуқур маънавий жароҳат олди. Рашидовга бу мукофотларни ким берди? Ўз-ўзидан англашиладики, Брежнев ва унинг атрофидаги ҳамтовоқлари. Нима учун беришди? Чунки уларнинг ўзлари ҳам мукофотпараст эдилар”.

 

Орадан 30 йиллар ўтиб, ЎзАга берган интервьюсида Рафиқ Нишонов бутунлай бошқача гапиради: “Шароф Рашидович билан елкама-елка етти йил дўстона руҳда олиб борилган меҳнат фаолиятим самарали кечди. Унинг вафотидан сўнг КПСС МК котибияти босими остида чақирилган Ўзбекистон Компартияси МКнинг июнь пленуми бўлиб ўтди. Минбардан туриб Ўзбекистон КП МК биринчи котиби И.Б.Усмонхўжаев ўзидан аввалги раҳбарни нотўғри бошқарув услуби, пахтачиликдаги ҳолатлар учун қаттиқ танқид қилди. Ўшанда Шароф Рашидовични деярли ҳамма амалдор танқид қилган бўлса керак. Аслида, айб Москвада эканлиги кўпчиликка аён. Брежневнинг ўзи Рашидовни мажбурлаб турган бўлса, у нима қила оларди?!”

 

 

Коммунистлар етакчисининг Ўзкомпартия 1988 йил 30 январь пленумида диний қадриятларга қақшатқич зарба беришга уриниши худди ажал ёқасида турган тузумнинг жон талвасасини эслатади: “Кўпгина коммунистлар, раҳбарлар учун мусулмончиликнинг “ҳаёт ҳикмати” устав, социалистик ахлоқ нормалари талабларидан обрўлироқ бўлиб чиқмоқда. Самарқанд район партия комитетининг собиқ биринчи секретари М.Шерқулов “муқаддас қадамжони” қуриш ва ободонлаштиришда шахсан иштирок этганини, Самарқанд область ижроия комитети раисининг ўринбосари И.Қувондиқов масжид қурилишига ғайри қонуний тарзда анчагина моддий ресурслар ажратганини бошқача изоҳлаш мумкинми?” дейди у важоҳат билан.

 

Ибн Сино кимники?

 

Сир эмаски, қайта қуриш фонида миллий масалалар ўта кескин тус олган, миллатлар ва республикалар ўртасида ҳудудий ва меросий даъволар қўзғалган эди. “Известия” газетасининг 1988 йил 22 апрель сонида берилган Рафиқ Нишонов билан суҳбатда навбатдаги қовун туширилганини кўрамиз.

 

Суҳбат тафсилотларига батафсил тўхталиб ўтирмай, битта иқтибос келтирамиз, холос: “Агар бизнинг кўпмиллатли оиламизда ўз қардошларимизни ҳурмат қилиш тўғрисида гапирадиган бўлсак, у ҳолда ҳақиқатан ҳам буюк тожик олими бўлган Абу Али ибн Синони нима учун ўзимизники деб юрдик?!”

 

Шундоғам миллий масалалар чарсиллаб турган пайтда бундақа иддаолар икки биродар халқ орасига нифоқ солишини Рафиқ Нишонов билмасмиди? Албатта, биларди. Лекин “улуғ оға”ларининг ишончини оқламаса бўлмасди: мамлакат бўйлаб алангаланиб келаётган улкан ёнғинни кучайтириш учун ҳечқурса “пуф”лаб туриши керак эди. Не ажабки, бул мардумнинг номи миллий низолар билан ёнма-ён эсланиши боиси фақат шу воқеа важидан эмас.

 

Фарғонадаги фожиа

 

Рафиқ Нишонов даврида, 1989 йилнинг май-июнь ойларида Фарғонада ўзбеклар ва месхети турклари ўртасида қонли тўқнашувлар содир бўлди. Тошлоқ, Комсомолский қишлоқлари, Марғилон шаҳрида қароқчиларнинг уюшган тўдаси уйларга бостириб кириб, талон-торож қилиб, шафқатсиз қотилликларни амалга ошириб, биноларни ёқиб юборган. 100 дан зиёд одам ҳалок бўлган. Айрим тарихчилар фикрича, Нишоновнинг вазиятдан оператив хабардор эмаслиги ва сиёсий ирода кўрсата олмагани можаро авж олишига сабаб бўлган.

 

 

Ўша пайтда Рафиқ Нишонов Москвада, халқ депутатлари съездида қатнашаётган эди. Горбачёв ундан Фарғона воқеалари хусусида ахборот беришни сўраганида, тартибсизликлар бозорда кучли жанжал – месхети турк ўзбек сотувчиси билан уришиб, бир товоқ қулупнайини ағдариб ташлагани натижасида келиб чиққан, дейди. Раҳбарнинг фожиа оқибатларини юракдан ҳис этиш тугул, ҳатто етарли мулоҳаза қилинмасдан айтган бу гапи нафақат Ўзбекистон аҳли, балки дунё жамоатчилигининг ҳафсаласини пир қилди.

 

Сўзим якунида журналист Шарофиддин Тўлагановнинг Рафиқ Нишонов вафоти муносабати билан ижтимоий тармоқда қолдирган постини келтираман:

 

“Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарларидан бири Рафиқ Нишонов вафот этди. У Швейцария заминига (рафиқаси қабри ёнига) дафн этилди. Аммо бунинг расмий матбуотда ёритилишини кутмагандим. “Халқ сўзи” газетасининг 13 январь сонида “бир гуруҳ дўстлари” номидан таъзия берилибди. Газетага ҳозир кўзим тушди.

 

Совет матбуоти тили бўйича некролог бир нечта гуруҳга бўлинарди. Биринчи гуруҳга КПСС МК, Олий Совет Президиуми, Вазирлар Кенгаши раҳбарлари имзо чекарди. Бу марҳум ҳукумат аҳамиятида эканидан далолат берарди. Иккинчи гуруҳга бир гуруҳ дўстлари дейиларди. Бу эътибордан четда қолгани, аммо хизмати борлигидан далолат эди. Учинчи гуруҳ ҳақида пенсионер фалончи вафоти муносабати билан таъзия билдирамиз дейиларди. Бу марҳум ҳукумат аҳамиятига эга эмаслигини англатарди. 

 

Абдумажид АЗИМОВ,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10349
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//