1865 йилда Венгрия Фанлар академиясининг “Тилшунослик хабарлари” журналида таниқли тилшунос олим Йозеф Буденцнинг “Хива татарчаси” номли мақоласи эълон қилинади. Мақола ўзбек тилининг Хива шевасини ёритишга қаратилган бўлиб, муаллиф мақоланинг аввалида “Хивадаги ўзбек тилидан намуна сифатида турк-татар тилларини ўрганишга қизиқувчилар учун” ёзилганини қайд этади.
Й.Буденц ушбу ишида “татарча” терминини қўллаб, умумий турк тилини назарда тутади. Айтиш жоизки, мазкур тадқиқотни амалга ошириш жараёнида Буденц бирор марта Хоразмда бўлмаган ва халқ ичида юриб, матнлар ёзиб олмаган, шунга кўра, ишни умумий маълумот берувчи ахборот сифатида талқин этиш мумкин. Олим шевага оид материалларни баён қилишда унга яқин ўртоғи А.Вамбери Европага ўзи билан олиб келган шогирди Мулла Исҳоқнинг хизмати катта эканлигини алоҳида таъкидлайди. Манба ва материалларни унинг оғзидан ёзиб олганлигини ҳамда Мулла Исҳоқ томонидан қилинган таржималардан фойдаланганини қайд этади.
Шу ўринда, Мулла Исҳоқ ҳақида икки оғиз сўз. Г.Вамберининг Марказий Осиёга саёҳат қилгани, Хива, Бухоро, Самарқанд каби йирик шаҳарларда бўлгани илм аҳлига маълум. У 1893 йил ноябрь ойида сафарни якунлаб, Ўрта Осиёдан қайтаркан, ўзи билан бирга Хива мадрасаларида таҳсил кўрган Мулла Исҳоқни ҳам олиб кетади. Муқаддас Маккаю Мадинани зиёрат қилишга чиққан Мулла Исҳоқ йўл давомида сафар Арабистонга эмас, Можаристонга, Европага йўналтирганини билиб олади ва шериги ҳамда устози Г.Вамбери билан Истанбул орқали Венгрияга етиб боради. Шундан эътиборан, Мулла Исҳоқнинг кейинги ҳаёти умрининг охиригача Венгрия, Европа билан боғлиқ ҳолда кечди.
Мулла Исҳоқ тез орада венгер тилини, европача яшаш тарзини ўрганиб, Венгрия Фанлар академиясида ишлай бошлайди. Мумтоз шарқ тиллари – араб, форс, ўзбек тилларини яхши билган Мулла Исҳоқ академияда таржималар қилиш билан шуғулланган, шунингдек, шарқ тилларидан ҳам дарс берган. Ўзи билганларини баён қилиб, шарқшунос олимларнинг тадқиқот ишларида кўмаклашган, асосий “манба” вазифасини бажарган.
Венгрияга келган Вамбери шогирди Мулла Исҳоқни энг яқин ўртоғи, олтойшунос олим Йозеф Буденцга топшириб, ўзи Лондонга йўл олади. Осиёлик меҳмон мадраса мударрисига европалик олим Вамбери келгунига қадар кўз-қулоқ бўлиб туради. Шу аснода мазкур мақола ҳам тайёрланади. Мулла Исҳоқнинг Можаристондаги ҳаёти ва илмий фаолияти дунё олимлари нигоҳида бўлиб, ҳозиргача қизғин ўрганиб келинмоқда. Хусусан, Европадаги ўзбек олимининг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида Мелек Чўлак (турк), Бенедек Пере (венгер), Умид Бекмуҳаммадов (ўзбек) тадқиқотлари шулар жумласидан.
“Хива татарчаси” мақоласи қарийб 62 саҳифадан ташкил топган бўлиб, ўзбек тилига оид матнлар ва унга муаллиф томонидан берилган лингвистик маълумотлардан иборат. Мақолага асос бўлган ўзбек тили (Хива шеваси)даги матнлар – халқ оғзаки ижоди намуналари, мақол, топишмоқ, эртак, ҳикоятлар ва можар ҳамда усмонли туркчасидан ўзбекчага қилинган таржималардан иборат.
Қизиғи, XIX аср венгер ҳамжамияти томонидан яхши кутиб олинган мазкур мақоладаги мақолларнинг қиймати ҳозиргача йўқолгани йўқ. Мақоллар муаллиф томонидан 3 қисмга ажратилган ўзбекча матнларнинг биринчиси – “Мақол ва топишмоқлар” (Naql, ojun hikâjet) қисмига киритилган бўлиб, жами 43 та мақолни ўз ичига олади. Олим мақолларни лотин ёзувига асосланган транскрипцияда ва унинг тагидан венгер тилидаги таржимаси билан беради.
Одам оласи ичида, ҳайвон оласи ташида.
Adam alasï ičinde, hejvân alasï tïšïnda.
Эл ўғрисиз бўлмас, тоғ бўрисиз бўлмас.
Iel oγrïsïz bolmas, tau bö:risiz bolmas.
Қозонга яқинлашсанг, қораси юқар, ёмонга яқинлашсанг, балоси юқар.
Qazanγa jantašsañ, qarasï juγar, jamanγa jantašsañ, belâsi juγar.
Ичиб тўймаган ялаб тўймас.
Ičip tojmaγan jalap tojmas.
Онасини кўр, қизини ол, қорасини кўр, бўзини ол.
Inesini kör, qïzïn al; qaresini kör, böjzin al.
Уйимда йўқдир гўжалик, кўнглим истайди хўжалик.
Öjümde joq-tur göčelik, köñlüm istîdé χoǯalïq.
Беақл дўстдан, ақлли душман яхши.
Bi-aqïl dosttan aqïllï dušmân jaχšï-dï.
Очлик нени едирмас, тўқлик нени дедирмас
Ačlïq nini jidirmes, toqluq nini didirmes.
Йиғлаган болага кўкрак тутилар.
Jïγlamaγan balaγa iemček qajda?
Шошилган ишга шайтон қўшилар.
Qïstanγan iške šejtân qošulur.
Қорани ювсанг оқ бўлмас, ёмон ҳар қиз яхши бўлмас.
Qaranï jusañ, aq bolmas, jaman her qïz jaχšï bolmas.
Бўлар одам ўн бешида бош бўлар, бўлмас одам қирққа кирса, ёш бўлар.
Bolur adam on bišinde baš bolur, bolmas adam, qírqqa kirse, jaš bolur.
Бол тутган бармоғини ялар.
Bal tutqan barmaγïnï jalar.
Яхши билан юрсанг, етарсан муродга, ёмон билан юрсанг, қоларсан уятга.
Jaχšï minen jürseñ, jitersen müratqa, jaman minen jürseñ, qalarsïn ujatqa.
Кўп кўрган, кўп билар.
Köp itken, χôb iter.
Узоқда бўлса ҳам йўл яхши, ёмон бўлса ҳам қиз яхши.
Uzak-ta bolsa hem jol jaχši, jaman bolsa hem qïz jaχši.
Йигит деган шўх бўлсин, шўх бўлмаса йўқ бўлсин.
Jigit digen šoq bolsun, šoq bolmasa, joq bolsun.
Яхшилик қил, сувга от, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар.
Jaχšïlïq it, derjaγa tašla: balïq bilir; balïq bilmese, χâlïq bilir.
Тилдан келган ҳам қўлдан келса, ҳамма одам гадо бўлмай, султон бўлар.
Tilden kilgen hem qoldan kilse: heme adam gedâ bolmaj, sultan bolur
Чиқмаган жондан умид кесилмас.
Čïqmaγan ǯândïn ümîd kisilmes.
Даъвогаринг подшо бўлса, арзингни Аллоҳ эшитсин.
Dauageriñ pâtšâ bolsa, arzïñnï allâ išitsin.
От ориқликда, йигит ғарибликда ёмон кўринар.
At arïqlïqta, jigit γarïblïqta jaman körünür.
Садафсиз дур бўлмас, тикансиз гул бўлмас.
Sedepsiz dürr bolmas; tïqansïz gül bolmas.
Икки қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамас.
Iki qočqarnïñ kellesi bir qazanda qajnamas.
Етим бола сақласанг, оғзи-бурнинг қон бўлар,
Етим улоқ сақласанг, оғзи-бурнинг ёғ бўлар.
Jitim bála saqlasañ, aγzï burnuñ qân iter,
Jitim ulaq saqlasañ, aγzï burnuñ jaγ iter.
Кўрпангга қараб оёқ узат.
Körpeñe qarap ajaq uzat.
Нодон билан бир соат суҳбат қилгандан юз йил зиндонда қолган яхши.
Nâdân bilen bir saat söbet itkennen jüz jïl zïndanda qalγan (bolγan) jaχšï
Эт ёғда пишмас, хамир сувда пишмас.
Et jaγda pšmes, χamir sûda pšmes.
Балиқ еган тўқ бўлар, куч-қуввати йўқ бўлар.
Balïq jigen toq bolur, küč quwati joq bolur.
Элёр АЛИМАРДАНОВ,
ТошДЎТАУ таянч докторанти
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ