Лойсувоқ бўлган 100 минг доллар


Сақлаш
22:43 / 25.01.2023 811 1

Тарих шуни тасдиқлайдики, мувозанат бор жойда адолат, адолат бор ерда мувозанат бўлади. Бусиз бўлмайди. Дейлик, Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳонгирлиги ҳақида сўз бораркан, унинг илм-фан ва маданият ҳомийси сифатидаги ўрнини эсдан чиқариш мумкин эмас. Ёки ғазал мулкининг султони Алишер Навоий давлат арбоби сифатида ҳам кўп хайрли ишларнинг бошида турганини яхши биламиз. Яъни бир фаолият ёки сифат ҳақида сўз бораркан, қиймати ва баҳоси у билан тенг бошқа фаолиятни унутиб ё четлаб ўтиб бўлмайди.

 

Буни тарихий шахслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, мумтоз шеъриятда Навоийнинг ўрни қанча баланд бўлса, Бобурнинг мавқеи асло ундан кам эмас. Ёки «Ўткан кунлар»ни ўзбек адабиётидаги биринчи роман сифатида қанча улуғласак, «Кеча ва кундуз»ни ҳам биринчилик бобида зинҳор камситмаймиз. Чунки уларнинг қиймати бир, баҳоси тенгма-тенг.

 

Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида калом илмининг буюк дарғаларидан бири Абул Мўийн ан-Насафий абадий қўним топган манзил жойлашган. Мотуридия таълимотининг фаол тарғиботчиси бўлгани боис бу алломанинг қабри Абу Мансур Мотуридий дафн этилган Самарқандда деб ҳисоблаб келинарди. Тадқиқотлар, ўрганишлар давомида бу улуғ зот қабри Қарши туманида эканлиги маълум бўлди. Сўнг унинг муқаддас динимизни пок сақлаш йўлидаги хизматлари ойдинлаша борди. Натижада англаб етдикки, шундай улуғ аждодимиз бор ва у шундоққина ёнимизда экану, биз буни узоқ йиллар билмай юраверган эканмиз.

 

 

Шунга кўра мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида айтган фикрлари, хусусан, Абул Мўийн ан-Насафий абадий қўним топган манзилни ободонлаштириб, бу ерни катта зиёратгоҳга айлантириш ҳамда бу даргоҳда катта кутубхона ташкил қилиш ҳақидаги кўрсатма воҳа аҳлини, барча юртдошларимизни ниҳоятда қувонтирди. Айни пайтда масканнинг бутун маҳобатини намойиш этувчи ва зиёратчилар учун барча шароитлар ҳозирланди. Аллома мақбараси, янги масжид билан бирга кутубхона, новвойхонаю қассобхона, ҳатто автотураргоҳгача бунёд этилгани элга манзур, кўпга маъқул. Бироқ...

Ўша томонларга ўтган киши яхши билади: Имом Мўийн мажмуасидан 600-700 метр қуйида Хожа Шамсиддин Ҳалвоний мангу қўним топган манзилгоҳ ҳам бор. Хожа Шамсиддин Ҳанафийя таълимотининг минг йиллар бурун Мовароуннаҳр заминида кенг ёйилишида биринчилардан бўлиб хизмат қилган бўлиб, халқ орасида Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний номи билан донг таратган. «Имоми Ҳарамайне» ҳамда «Шамсул-аимма» – ал-Ҳалвонийга берилган унвонлар бўлиб, уларнинг биринчиси эгасининг ўз вақтида муқаддас Каъба ва Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидига имомлик қилганини билдирса, иккинчиси «Имомлар қуёши» мазмунини англатади. Шу таърифларнинг ўзиёқ аллома ўз вақтида қай даражада улуғланганини кўрсатиб турибди. Манбаларга кўра, Шамсиддин Ҳалвоний ас-Сарахсий, «Фахрул ислом» Али Паздавий, Абулюсур ал-Паздавий, аз-Заранжий сингари машҳур олимларнинг устозидир. «Фахрул ислом» Али Паздавий машҳур фиқҳ олими Нажмиддин Умар ан-Насафийга, у киши эса ислом фиқҳшунослиги намояндаси, «Ҳидоя» асари муаллифи Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғинонийга устозлик қилган. Бу ҳам Ҳалвоний илмий салоҳияти нечоғлик юқори бўлганини тасдиқлайди.

 

 

Аммо бу улуғ шахснинг қабри жойлашган ҳудуд бугун ниҳоятда хароб ва қаровсиз ҳолда экани кишини таажжубга солади, ўйлантиради. Ўз даврида оддий пахса ва хом ғиштдан моҳирона тикланган кулоҳи гумбазли мажмуа бугун асл қиёфасини йўқотган. Йиллар ва табиат ҳодисалари, кишиларнинг эътиборсизлиги бинога ўз таъсирини ўтказган. Қолганига ваҳмак ҳам қараб турмаган: сомону ёғоч бор ерни ўйиб кетаверган, қадимий эшик ва иморатнинг майишиб қолгани боиси шундан. Иморат деворлари ёрилиб, анча жойи бузилиб ҳам кетган.

Ваҳоланки бу манзилда тарих мужассам. Ғишт ва сопол қопламалар Х-XII асрларга тааллуқли. Энг эътиборлиси, бу ердаги мақбарада ўзининг тузилиш тарҳи бўйича Қашқадарёдаги энг қадимий қабр мавжуд. Мажмуа гўё боласининг бепарволиги ва лоқайдлиги сабаб чўкиб қолган отани ёдга солади. Ҳазрат Навоий, Беруний каби аждодларимизнинг Афғонистондаги хароб қабрларини телевизорда кўриб, дилимиз қанча эзилганди, ғамга тўлганди? Уларку бошқа давлат, лекин ўзимиздагиларчи? Уларнинг манзилгоҳларини обод қилиб қўйишга бизга нима етишмаяпти? Эътиборми? Ҳафсалами? Рағбатми?

 

 

Аммо айрим мутасаддилар унутган бўлса ҳам, 2013 йил 1 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унда Хожа Шамсиддин Ҳалвоний зиёратгоҳини таъмирлаш учун 100 минг АҚШ доллари ажратилиши ва таъмирлаш ишлари ўша йили ноябрь ойидаёқ тугалланиши кўзда тутилган эди. Мана орадан оз эмас, кўп эмас, 10 йил вақт ўтди. Бироқ мажмуа тикланмади, қарор эса кўпларнинг эсидан чиқиб, ҳужжатлик жойи ҳам қолмади. Тўғри, бир муддат олдин мақбара биноси қад кўтара бошлади, эски бинолар лойсувоқ қилинди, бироқ кейин ҳаммаси яна ўз ҳолича қолиб кетди. Кейинги натижа билан биров қизиқмади. Ҳолбуки Маданият ва туризм вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти отлиқ идора бунга масъул этиб бириктирилган эди...

 

Хуллас, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ажратилиши керак бўлган 100 минг доллар нима қилинди, қаерга сарфланди, буниси бизга қоронғи.

 

Лекин ҳали ҳам вақт кетказмай, зиёратгоҳни тиклашга киришиш керак. Бўлмаса, яқин-орада ундан ном-нишон тополмай қолишимиз аниқ. Лойдан бўлишига қарамасдан бу иморатлар пишиқ-пухта қурилган экан: бемалол ундан нусха олиб, кириш пештоқи, хўжалик хоналари ва бошқа иншоотларни қайта тикласа бўлади. Қолаверса, бир қишлоқдаги икки тарихий мажмуа мутахассис ва сайёҳлар оқимини ҳам кўпайтириши, шубҳасиз.

 

Ҳолбуки ислом оламида Имом Мўийн ан-Насафийнинг хизматлари қанча улкан бўлса, Шамсиддин Ҳалвонийники ҳам ундан зинҳор кам эмас. Демакки, унга бўлган муносабатимиз ҳам шунга яраша улуғвор бўлиши керак. Зиммамиздаги масъулиятни янаям чуқурроқ ҳис этадиган бўлсак, бу зиёратгоҳни ҳам таъмирлаш ва муҳташам манзилга айлантириш учун яна Президент ташаббус ва тавсияларини кутиб туриш ярашмайди. Қайтага ташаббус ўзимиздан чиққудек бўлса, барчага бирдек манфаатли бўлади.

 

Бекзод САЙФИЕВ

1 Изоҳ

Ихтиёр

12:01 / 01.01.1970

Шу абадий қўним топган жой деган сўзни билиб-билмай ишлатиш керакмас менимча. Ҳаммамиз қиёматда қайта тириламизку...

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 51
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10439
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//